Ўгдулмиш саройдаги хизматчилар билан қандай муомала қилишни айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш самимий деди: Ҳа, бу ҳам,

Бағоят зарур, эй қардошим, айтсам.

Баён айлай, фақат диққат қилгайсан,

Бу иш асрорин ҳам тугал билгайсан.

Уларсиз ўтмагай кунинг ҳеч қачон,

Бирин қариндош бил, бирин қадрдон.

Сарой аҳли билан бўлгин дилнавоз,

Борди-келди қилиб, чиқишганинг соз.

Сарой аҳлин қадру қимматин билгин,

Меҳмони бўлгину меҳмон ҳам қилгин.

Сарой хизматини бажарган дилдан,

Тинглагин, нелар дер боз сидқидилдан:


Яхшилик истасанг бекдан ораста,

Сарой аҳли билан бўлгин пайваста.

Улуғлик топайин десанг гар узун,

Сипоҳийлар кўнглин топгайсан фузун.

Сени беклар қанча қилсалар эъзоз,

Сипоҳлар билан ҳам қил орангни соз.

Асли уч хил сарой ичра бор киши,

Улар билан битар ҳар мўмин иши.

Бири сендан балки хизматда катта,

Кабирлар хизмати шараф, албатта.

Улуғла уларни, қадрла сўзин,

Эъзозлар сени ҳам ёритиб юзин.

Тасанно сўзи рост донишманд шерга,

Донишманд сўзин ҳеч урмагин ерга:

Кичикка улуғлик улуғдан етар,

Улуғга ёндошган ҳар йўғи битар.

Улуғлар сўзига амал қил мудом,

Улуғ сўзин тутган бахт қушин тутар.

Улуғлар бахт-иқбол, тиласанг иқбол,

Хизмат қил, топарсан саодат ҳалол.


Яна бири тенгу тўшинг, эй қардош,

Йироқлашсанг - ёву, дўст бўлсанг – кўз-қош.

Жўрангу тенг-тўшинг булар, бағри кенг,

Муносабат қилгин муносибу тенг.

Яна бири сендан навқирон-кичик,

Шулар билан ҳар не аччиғу чучик.

Хизмат қилса, сийла, гуноҳ қилса ур,

Беҳуда-бўш қўйма, ишин айтиб тур.

Кичик тенгинг эмас, талаб қил ўзинг,

Ҳазил қилма зинҳор, айтма ҳар сўзинг.

Биродар, дўст-ёринг бўлгай зиёда,

Дўсту ёри бисёр бахтли дунёда.

Ғаним қилма сира бегона-ётни,

Дўзах қилма қасддан жаннат ҳаётни.

Ғаним оз бўлса ҳам зиёни бисёр,

Ғанимдан наф бор деб айтмас ҳеч ҳушёр.

Нелар дер, эшитгил, ҳушёр беозор,

Ёвлари минг бора етказган озор:

Биргина душман ҳам офати минг бир,

Бисёр дўст-ёринг ҳам оз деб қил таъбир.


Ғанимдан наф топмас бирон-бир одам,

Топар оқил фақат қўллаб юз тадбир.

Не қилса сенга гар дўсту қўлдошинг,

Ўшандай ёндошгин, севинсин эшинг.

Тенг-тўш билан дўстлик айла ихтиёр,

Унутма, тенг – тенги билан бахтиёр.

Ёмон кимсага ҳеч бера кўрма қўл,

Ёмонлик қиларсан қолиб тўғри йўл.

Шаънингга тушмасин десанг агар доғ,

Ёмонга қўшилма, бўлма дўст-ўртоқ.

Жумла жонзот, кўрдим, ўз асли билан,

Башар, йилқи, қуш, қурт ўз насли билан.

Нелар дер, эшитгил, элу юрт боши,

Яхши-ёмон ичра кексайган ёши:

Чуғурчуқни кўрдим, чуғурлаб учар,

Ўзи каби қора жуфтин ҳам қучар.

Сира оққуш билан қовушмас юғоқ[1],

Қорақуш оққушдан ҳамиша йироқ.

Учар қуш ҳам ҳатто танлар эшини,

Одамсан, ажратгин дўст-ёр кишини.


Икки турли бўлар яқинлик иши,

Дўстлашар шу мақсад билан ҳар киши.

Худо номи билан дўст тутинар ким,

Буни орзу қилар ҳокиму ҳаким.

Яна ким дўст излар ахтариб барор,

Бу дўстлик омонат, бўлмас барқарор.

Худо йўлига дўст тутинсанг ўзинг,

Содиқ бўл дўстингга, ширин қил сўзинг.

Нафин кутма шитоб баякбор мўл-кўл,

Савобин берар Ҳақ у дунёда мўл.

Агар дунё учун бўлса дўст-ўртоқ,

Унинг баҳридан кеч, ўтганинг соз тоқ.

Нелар дер, эшитгил, дўст тутинган эр,

Дўст фойда-зарарин синаб билган эр:

Дўстинг фойда-зарар билан синаб, бил,

Бу ишда ҳушёр бўл, гар бўлсанг оқил.

Дўстинг кўнглин билай десанг гар ўзинг,

Ғазабин келтириб, тунд айла юзинг.

Севиш-севмаслигин гар десанг билай,

Севимли ашёсин сўрамоқ қулай.


Икки синовдан ҳам ўтса гар яхши,

Уни десанг бўлар дўсту ёр нақши.

Ғийбатчи бадфеълдан юр мудом нари,

Забони куйдирар олов сингари.

Ғийбатчи билан ҳар фисқ-фасод там-там,

Ғийбатчи бошин кес, эй жўмард ҳотам.

Тамагир билан ҳам ҳамдам бўлма ҳеч,

Ғаним бўлар у ҳам эртами ё кеч.

Бирон-бир тамаси бўлса гар уни,

Атагай сени у ака ё ини.

Муродга етмаса, ўгиргай юзин,

Бамисли бегона-ёт билар ўзин.

Дўсту ёр, биродар тутингин холис,

Холис дўст-ёр билан даврон сур олис.

Дўсту ёр, биродар мисли сув-ҳаво,

Қувончингга шерик, дардингга даво.

Олай десанг дўсту ёр кўнглин ўзинг,

Бағринг кенг очгину бергин нон-тузинг.

Ширин сўз, ош-нонинг билан, эй инсон,

Жами мушкулинг ҳал, ҳамиша осон.


Бежиз даъват қилмас билиму таълим,

Даъватга амал қил, эй хулқи салим:

Ёру дўст кўнглин ол нону туз билан,

Баҳам кўр об-ошинг ширин сўз билан.

Ширин сўз, обу ош фидоси ҳар ким,

Даврон сур беармон ёруғ юз билан.

Икки турли ғаним-душман ҳам бадном,

Ғаним ҳар қадамга тикар минг бир дом.

Бири кофир ғаним худо бехабар,

Худо бехабардан ҳар дам минг хатар.

Яна бир ғанимлик наф-зарар учун,

Олишга уринар зўр бериб ўчин.

Кофир билан қаттиқ қилиш керак жанг,

Фидо қилмасанг жон, ҳолинг бўлар танг.

Зарур фойда учун бўлса агар ёв,

Бериб бор-будинг ҳам, ярашгин дарров.

Ғаним кўнглин топган айлагай мойил,

Хотири жам бўлиб ёв хавфи зойил.

Ғайрат қил, ёвинг ҳам яқин қил, қардош,

Токи бағринг бутун, омон бўлгай бош.

 

Фойда йўқ, ҳар қандай ғанимликдан кеч,

Нафи йўқ ҳар ишга қўлинг урма ҳеч.

Ёру дўстинг қилма ғаниму ғаддор,

Дучор минг балога ҳар душмани бор.

Бағрикенг билан ҳам бўлмасанг яқин,

Кун келар, куйдирар бамисли чақин.

Дўст бўлиш учун гар истасанг сара,

Саралар ҳам бўлар икки хил, қара.

Бири улус ичра минг бора яхши,

Қўлингдан чиқарма уни, эл нақши.

Бири андишали, художўй насли,

Одамийлик қилар ҳар бобда асли.

Булар билан бўлсанг яқин қадрдон,

Тайёр сен учун ҳар ишга ҳар қачон.

Содиқ дўсту ёри бўлмаган киши,

Қора ҳар қилмиши, бемаъни иши.

Қорадан йироқ юр, эй асли тоза,

Яхши ҳеч ёмондан олмас андоза.

Қулоқ тут донишманд сўзига теран,

Амал қилар унга тушунган эран:


Ёмонга қўшилма, эй эзгу киши,

Заҳарлар сени ҳам чаёндай ниши.

Бедавога яқин йўлама зинҳор,

Касри уриб, товон тўлама зинҳор.

Ёмонга ёндошган саломат бўлмас,

“Ёмон!” деган номдай маломат бўлмас.

Жуда ҳам кўп кўрдим яхши кишини,

Ёмонга қўшилиб бузган ишини.

Ёмонга қўшилсанг, айтайин сенга,

Канадай ёпишар атайин сенга.

Азиз зотлар бўлиб ёмонга улфат,

Бошига ёғилди йўқ жойдан кулфат.

Беклар қароргоҳин дегайлар сарой,

Сарой қасдма-қасд минг мухолифга бой.

Ҳасаду хусумат саройда бисёр,

Ҳасадга ҳамиша уруш-жанжал ёр.

Ҳасад қилар ҳатто кабир забардаст,

Сувдан олиб ўтга солар қасдма-қасд.

Яна ҳасад қилар тенг-тўшинг бутун,

Омадинг кўролмай кунинг қилар тун.


Сарой зиддиятлар макони бўлар,

Икки қасдлашганнинг биттаси ўлар.

Ғайрат қил сен энди, бўл доно, оқил,

Ҳасадгўй бўлма ҳеч, кўнглинг тўғри қил.

Ҳасад бедаво дард каби касофат,

Ҳасаду хусумат жон учун офат.

Худо амри билан гарчи ҳар иш,

Ҳасадгўй қилмишин ҳеч қўймас эмиш.

Ҳасад-хусуматдан не наф кишига,

Ҳасадгўй йўлиқар нафрат нишига.

Баимкон барчага яхшилик қилгин,

Яхши наф берар ҳар яхши иш, билгин.

Севинса қай бир зот яйрагин сен ҳам,

Ғаму ҳасратда ҳам ҳамдард бўл, ҳамдам.

Отинг эзгу бўлар, қимматинг ошар,

Висолинг истаб эл қошингга шошар.

Ғаним орттирма ҳеч ғайрат қил, қардош,

Бисёр бўлгани соз дўсту қариндош.

Бирон кимса ногоҳ бўлса гар ғаним,

Хатар олдини ол тез, эй туққаним.


Нелар дер, ёв билан қасдлашган мард эр,

Душманин бартараф этган жўмард шер:

Бефарқ бўлма ғафлат босиб ҳеч қачон,

Ҳозирла минг тузоқ ёвга беомон.

Синама ёвни ҳеч, хатар бил катта,

Таёқ билан келса, тут темир қалқон.

Эъзозлаб дўст-ёринг баимкон, қўзим,

Уларни авайла, унутма сўзим.

Дўстинг ғаним бўлса жонингга азоб,

Ё молу мулкингга қасд қилар тезоб.

Ботину зоҳиринг дўст-ёринг билар,

Сиринг билар, ё Раб, ҳар ишни қилар.

Тиласа бор молу ҳолинг талагай,

Тиласа жонингга оташ қалагай.

Ўзингни не асно, кузатсанг ўзинг,

Кузатгай шу асно дўст ёринг - кўзинг.

Осон дўстлик, асраш мураккаб аммо,

Осон ёвлашиш, тил топиш муаммо.

Душманинг бўлса гар асра тану жон,

Душмани бор омон қолиши гумон.


Икки бедавога бўлма мубтало,

Бошинг узра ёғар йўқса минг бало.

Биттаси – ғийбатчи, чақимчи бўлар,

Бири – тама билан юрагинг тилар.

Яна майхўр билан қилма муроса,

Вафо қилмас, бағринг қон қилар роса.

Молпараст кимсага бермагин кўнгил,

Ғанимга дўнар наф топмаса, билгил.

Аҳил-иноқ бўлай десанг гар ўзинг,

Аяма дўст-ёрдан ҳеч ширин сўзинг.

Десанг даврон сурай саодат билан,

Ҳасад қилмай яша хуш одат билан.

Ётни ҳам солайин десанг йўлингга,

Дуру олтин сочиб, олгин қўлингга.

Яқиндан олислай десанг гар ўзинг,

Берма не сўраса, қўпол қил сўзинг.

Сурай давру даврон десанг соғ-омон,

Сахий бўл, едир нон-намак баимкон.

Барчани ром айлай десанг гар ўзинг,

Тилу дилинг бирдай, ширин қил сўзинг.


Десанг топай қадру қиммат гар узун,

Эъзозла ҳар зотни, эй фазли афзун.

Тугал бой бўлайин десанг басавлат,

Қаноатли бўлсанг, сеники давлат.

Шараф топай десанг эл ичра ўзинг,

Феълу хулқинг аъло, очиқ тут юзинг.

Бу янглиғ бўлар, бас, одамзот асли,

Одамийлик билан бор одам насли.

Одам аслин билмак тиласанг ногоҳ,

Феълига назар сол, бўларсан огоҳ.

Соз айтмиш бу байтлар соҳиби ғоят,

Шоҳона шеъру байт бамисли оят:

Киши аслин билай десанг гар дарров,

Назар сол тилу дил, феълига бирров.

Феъли созу тилу дили ҳам равон,

Тоза насли учун шубҳасиз гаров.

Тубандан йироқ юр, эй тоза асли,

Тўкар бор обрўйинг ҳар пасткаш насли.

Нелар дер, эшитгил, саришта холис,

Фаросат-фаҳмли, пасткашдан олис:


Олис бўл тубандан, у - юрт куяси,

Тенглашма сира ҳам - жанжал уяси.

Жоҳил қавми билан ҳам бўлма яқин,

Куни келса билмас яқинлик ҳақин.

Сиру асроринг ҳар кимга қилма фош,

Сиринг фош бўлса гар, баъзан ёрар бош.

Яқинлик тиласанг сен мудом фузун,

Холисона яша тамасиз узун.

Десанг қадр топгай ҳар калом-сўзинг,

Фақат ўз пайтида рост сўзла ўзинг.

Ёруғ бўлсин юзим десанг ҳар қачон,

Ҳалол бўл, ҳаётинг тинчу фаровон.

Узоқ қолай десанг ўзинг ҳам сўзинг,

Қўлинг қисқа қилсанг, хотиржам ўзинг.

Бообрў бўлайин десанг ҳамиша,

Сира ёлғон айтма, қилгин андиша.

Қай бир ерда давлат ростласа гар қад,

Муносиб бўл унга, эй фазли беҳад.

Муроса қил, давлат бало бошингга,

Ўчакишсанг оғу қўшар ошингга.


Ҳеч кимни маломат қилмагин зимдан,

Гинаю кудурат қилма ҳеч кимдан.

Қўполлик қилсанг ҳар ким кўнгли қолар,

Қасосу қасдин ҳам кун келиб олар.

Улуғларга қарши ҳеч иш кўзлама,

Жавоб жоиз ерда дағал сўзлама.

Улуғни қадрла, у билан давлат,

Сенга ҳам улуғлик келар басавлат.

Ёру дўстинг билан келиш-бориш қил,

Серғайрат, қўшилгин, олиш-бериш қил.

Эъзозла астойдил қадрласа ким,

Агар акси бўлса, сен ҳам турма жим.

Муносиб ҳар кимга ният кўзлагин,

Ширин сўзласалар, ширин сўзлагин.

Барча яхшиларга бўл яхши киши,

Ёмонга муносиб ёмон қилмиши.

Ғоят яхши айтмиш низомшунос эр,

Низом билан элни маъмур этган шер:

“Сиз!” деганни арзир сен ҳам сизласанг,

Яна ҳам мулойим сўзлар сўзласанг.


Қоядан қолишма аксу садода,

Сени сен дегай гар уни сенласанг!


Аҳли сипоҳ билан шундай келишиш,

Амал қилсанг бунга, равон мушкул иш.

Ривоят қилдим мен, эшитдинг ўзинг,

Жо айла кўнглингга, чўзма ҳеч сўзинг.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Ўзғурмиш эъзозлаб деди: Эй комил,

Эшитдим ҳар сўзинг, мен учун омил.

Яна бундан бўлак бор битта сўзим,

Уни ҳам айтиб бер, эй кўркли юзим.

Бу айём гар овул - кент ичра кириб,

Қўшилсам ногаҳон эл ичра юриб.

Авом тавру тарзин айлагил баён,

Бу сирру асрор ҳам бўлгай, бас, аён.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш таъкидлаб деди: Ҳа, бу ҳам,

Керак сенга, эй, мен учун муҳтарам.

Ғоят зарур мавзу айтдинг сен менга,

Эшит, тез жавобин берай мен сенга.



[1] Юғоқ – қора сув қуши.