Ўгдулмиш ўзғурмишга бекларга хизмат қилмоқ қонун-қоидаларини айтади PDF Босма E-mail

Асли икки турли хизматкор киши,

Хизмат билан равнақ топар ҳар иши.

Бири ёшлигидан хизматга кирар,

Улғайиб қай бири ҳар ишни қилар.

Улус аро икки зирва ҳам сара,

Ёшликдан иш бошлаш беназир, қара.

Сенга бу кун тилаб чидаму тўзим,

Бошлайин ёшликдан аввало сўзим.

Камтарона калом фойдаю барор,

Ишонч билан топар ҳар кимса қарор.

Пухта бўлай десанг, пухта қил сўзинг,

Бутун бўлай десанг, бутун қил ўзинг.

Хизмат қилай деган пухта беташвиш,

Маъқул ёш пайтида бошлагани иш.

Ҳар низомдан йўриқ билан хабардор,

Юриш-туриш, хулқи ҳам пок-беғубор.

Саҳар туриб, чаққон қилса хизматин,

Камтаринлик билан билса иззатин.

Югуриб ҳам елиб ҳар ишин қилса,

Кўз-қулоқ одобин ҳам яхши билса.


Ўзингдан катталар хизматин қилсанг,

Не соз сўзлаш, тинглаш одобин билсанг.

Кичик гар бу янглиғ бажарар ҳар иш,

Бегин ҳар ишини қилар беташвиш.

Одоб билан кириб бекнинг қошига,

Етказар муждалар улусбошига.

Кичик ходим то бу мақомга етгай,

Бегин кўнглин барча ҳадик тарк этгай.

Хизматчи ақлли ва бўлса ҳушёр,

Ҳукмдорга ёқиб, бўлар бахтиёр.

Жўмард, жасур бўлар ўқчи ё ёйчи,

Хулқи аъло муҳр босар тамғачи.

Феъли покизаю гўзал чиройи,

Соқий бўлар ҳар бек учун киройи.

Ёзув-ҳисоб билса, хазинабон соз,

Заковатли бўлса, саркотиб мумтоз.

Булар қай биттаси гар этса насиб,

Севиниб бажаргай ишин муносиб.

Нелар дер, эшитгил, хизмат қилувчи,

Хизмат билан минг бир инъом олувчи:


Рўбарў бўлсанг гар бек билан ўзинг,

Таъзим бажо айлаб, кўтарма юзинг.

Аъло хулқ-атвору йўл-йўриқ билан,

Тилу дилинг ҳам рост, пинҳон тут сўзинг.

Хизмат билан одам бўлар бахтиёр,

Хизмат билан топар қанча дўсту ёр.

Яхшилик истасанг холис хизмат қил,

Холисликни иззат калити деб бил.

Қошига чорласа сени шаҳриёр,

Кўзинг ердан узмай тинглагин ҳушёр.

Қўлинг қовуштириб, мулойим ранг-рўй,

Сўл қўлинг устига ўнг қўлингни қўй.

Ўнг оёғинг билан кир таъзим қилиб,

Калом-фармойишин ҳам тингла билиб.

Баён айла арзинг тўғри тутиб қўл,

Оҳиста тиз букиб, хотиржам ҳам бўл.

Қиё боқма зинҳор ўнг билан чапга,

Ҳаё билан диққат қил сўзу гапга.

Сўраса сўз сендан, фақат рост сўзла,

Амрин пухта адо айлашни кўзла.


Шароб ичма, юрма беҳуда, бекор,

Яқинлашма ёмон, ёвузга зинҳор.

Эшитмагандек бўл қай калом-сўзни,

Баъзида кўрмаган ҳисобла кўзни.

Яхши хизмат қилса агар ёш киши,

Зиёда иқболи, юришар иши.

Кимдир олар хайлу хайлбоши ишин,

Ким қилар от узра элнинг юмушин.

Кимдир лашкарбоши, қай бири ҳожиб,

Қай бир олимга бош котиблик вожиб.

Шу асно гар хизмат қилса ҳар бир эр,

Орзулар ушалиб, бўлар мисли шер.

Қай бири мисоли Афлотун ҳаким,

Кимдир юксак унвон олар ҳаттоким.

Кимдир ишончли бек, кимдир лочин бек,

Кимдир мард бек, кимдир шавкатли чин бек.

Кимгадир суюрғол хизматкор қули,

Зиёда тақдирлаш минг битта йўли.

Бу мансаблар бири насиб этган зот,

Мансаби зиёда кўтарилмас бот.


Лавозимин юксак қилса агар бек,

Мансабдор иш қилган кўнгулдагидек.

Хизматчи хизматда топса эътибор,

Қадри ортиб, бек ҳам топади барор.

Ўз вазифасига қилса хиёнат,

Зарур кўрар бек ҳам, соҳиб диёнат.

Ғоят яхши айтган доно мулозим:

Нолойиққа бериб бўлмас лавозим.

Яна яхши айтар тафаккур-нақл:

Қўл берма нодонга, соҳиби ақл.

Эришса мансабга ақлсиз киши,

Эл бошига бало, зарар ҳар иши.

Билимсизга мансаб берилса хира,

Бекка садоқатли бўлмайди сира.

Ақлсиз кимса гар мансабга мингай,

Ҳатто ўз оғасин бошини егай.

Бек хизматчи илмин билиши лозим,

Билимига лойиқ бергай лавозим.

Билиш керак нега қодир мулозим,

Сўнгра уни ишга тайинлаш лозим.


Хизматкор зарур бек учун жонкуяр,

Содиқ, жонкуярни бек сийлаб, суяр.

Нелар дер, эшитгил, соҳиби низом,

Низом билан сақлар тартиб-интизом:

Агар қул бўлса ҳам эл-улус нори,

Лавозим берган шоҳ-бек хизматкори.

Кичик бўлса ҳамки бек унинг оти,

Зиёд хизматчидан ҳам афзал зоти.

Аё, беклар сийлаб, улуғ бўлган эр,

Ўзинг эр билсанг гар бегингни бил шер.

Ўчакишиб бўлма беклар билан тенг,

Сира ғийбат қилма, кўнглинг қилгин кенг.

Улар бахту давлат, дасти забардаст,

Оловдай куйдирар ногоҳ қилса қасд.

Замон соҳиблари, омон бўлсин жон

Десанг, улар билан келиш ҳар қачон.

Ғоят яхши айтмиш синаб билмиш эр,

Холис хизмат билан азиз бўлмиш эр:

Беклар кулиб боқса шодлиги фузун,

Севинма бунга ҳеч, инонма узун.


Лавозиминг билан мағрурланма ҳеч,

Ғазабланса ногоҳ, бек қаҳри афзун.

Кичигу шавкатли, улуғ баҳодир,

Ҳамиша хизматда, хизматга қодир.

Сира қилма беклар ишида хато,

Қоидага амал айла бехато.

Сени яқин тутса гар беклар ҳар дам,

Ҳамиша тўғри юр, тўғри қўй қадам.

Баланд қадрим дея ҳаддингдан ошма,

Беклар жазоси ҳам бисёр, ҳеч шошма.

Беомон оташу об хатар гоҳи,

Гоҳида кулдирса, йиғлатар гоҳи.

Бу учта ашёдан сақлан ҳар қачон,

Ёнар ўт, оқар сув - улардан нишон.

Беклар бамисоли забардаст арслон,

Агар топсанг кўнглин, мулойим чунон.

Ногоҳ қаҳри келса, кесар бошинг ҳам,

Қонинг ичиб, пора қилар лошинг ҳам.

Ғазабланса, бекка йўлама яқин,

Қаҳрин сочар йўқса бамисли чақин.


Сўраганда сўзла, чақирганда бор,

Саломат даврон сур, топиб эътибор.

Эшитган гапларинг олма тилингга,

Кўрганларинг пинҳон жойла дилингга.

Нелар дер, эшитгил, ўзин тутар эр,

Хизматин жону дил билан ўтар эр:

Кириб тур деса бек, бу лутфу карам,

Чиқиб тур деса гар маломат-алам.

Ҳар томон солма кўз, ўзинг ҳам тутгин,

Вазмину собит мард азиз-мукаррам.

Ўзингни уч ишдан сақла баимкон,

Бири – сўзламагин дағал ҳеч қачон.

Яна бирин ёлғон, бирин суқлик бил,

Бу уч иш охирин завол-йўқлик бил.

Ўзгаларни ғийбат қилмагин бевақт,

Тўғри гапни айтгин ҳамиша, ҳар вақт.

Ўзинг ҳар жиҳатдан тутгин тоза-пок,

Поклик билан беклик, айлагин идрок.

Сарой аҳли билан иноғу аҳил,

Ҳурмат қилса қай зот сен ҳам ҳурмат қил.

Қўлинг солинтириб кирма гердайиб,

Қўл ушлаб кириш ҳам нуқсону айб.

Аъёнлар ичра бил ўрнинг-мақоминг,

Феълингни кенг қилсанг, раво ҳар коминг.

Қиқирлаб ҳайқирмас ҳеч оқил киши,

Одамлар ичида бу пасткаш иши.

Ёйилиб, ёнбошинг билан ётмагил,

Қаҳ-қаҳлаб бор овоз билан кулмагил.

Унутма ўзинг ҳеч, аслинг ёдда тут,

Унутсанг ўзлигинг, кетар бахту қут.

Ўзингдан улуғлар сўзин сўзлама,

Лекин сара сўзинг сира гизлама.

Холисона сўзлаб ёруғ қил юзинг,

Эзгу бўлгай айтар ҳар калом-сўзинг.

Сарой ичра қўйма қадам бўлиб маст,

Шаробпараст каби бўлмас сира паст.

Қилгай бу уч шартга бехато амал,

Кетар боши йўқса, қолиб беамал.

Биринчи сир сақла неки деса бек,

Уни асрагайсан жону танингдек.


Иккинчидан, элга ҳеч қилма баён,

Ўзин асраганга ҳеч етмас зиён.

Учинчи – тўғри тут саройда ўзинг,

Номатлуб ҳар нега тушмагай кўзинг.

Уч ишдан бирини ким қилса агар,

Қанча улуғ бўлса ҳам боши кетар.

Муқаррар ҳар амал ҳадиси ўзга,

Токи содир бўлмас, кўринмас кўзга.

Агар тўрда бўлсанг, ким келса кириб,

Эъзозлаб қарши ол ўрнингдан туриб.

Беклар савол берса гар сенга қачон,

Сира чўзмай жавоб бергайсан шу он.

Эшитса, билганинг тез айла баён,

Тўхтат сўзинг, етар, дегани ҳамон.

Агар ошга беклар чақирса сени,

Одоб билан егин ош, ўрган буни.

Таомни ўнг қўлинг билан егайсан,

Энг аввало Тангри отин дегайсан.

Ўзгалар ошидан сира ҳам олма,

Олдингда не бўлса, ўшандан қолма.


Пичоқ тортиб сўнгак кемирма зинҳор,

Бўлар-бўлмас сўзлаб, кекирма зинҳор.

Таомни очкўздай ютоқиб ютма,

Сатангдай илтифот, хушомад кутма.

Тотингин тўқ бўлсанг ҳам қилиб ҳиммат,

Беклар обу ошин бил ғоят қиммат.

Саховат билан ҳар ишга урсанг қўл,

Омад ёру ризқу рўзинг мудом мўл.

Сидқидилдан қилсанг ҳар битта ишни,

Бахтинг бут, билмайсан ғаму ташвишни.

Ғоят яхши айтмиш олим диловар,

Амал қилган кўрар наф минг баробар:

Бирон муҳим юмуш этсалар ато,

Билим, режа билан қилгин бехато.

Фармойиш амри гар айласа насиб,

Сахий ҳам ҳушёр бўл унга муносиб.

Қабила, воҳалар олсанг гар қўлга,

Феълу атворинг ҳам сол тўғри йўлга.

Насиб этса сенга вазирлик иши,

Сиёсати комил, бўл оқил киши.


Бекга маслаҳатгўй бўлсанг ёнма-ён,

Ҳалол йўл кўрсатгин янглишгани он.

Бўлса гар кўк айиқ[1] амалу тахтинг,

Ўзинг асра, кулиб боқар боз бахтинг.

Улусга, лашкарга бош бўлсанг ўзинг,

Ҳалолу тўғри бўл ҳам ўткир кўзинг.

Ўзинг ҳожиб эрсанг, пора олмагин,

Етим, тул ва қашшоқ сўзин тинглагин[2].

Саройда бўлсанг гар сен хазинабон,

Ишончли бўлгайсан ҳам ширинзабон.

Нозиму саркотиб бўлсанг тут эсинг:

Сиринг қаттиқ сақла, чиқарма мисинг.

Булар мартабали аҳли лавозим,

Булардан ўзгалар оддий мулозим.

Яна бисёр неча турли ишчилар,

Тўшакчи, лочиндор, ошпаз-ошчилар.

Бундай хизматлардан гар турсанг йироқ,

Роҳати оз, бисёр заҳмати бироқ.

Тиласанг эл ичра гар қадру қиммат,

Эъзозла барчани қилиб минг ҳиммат.


Улуғни улуғла, аё бағри бут,

Келар сенга давлат, улуғлигу қут.

Бежиз эмас доно қария сўзи,

Амал қилган ҳар зот мунаввар кўзи:

Каттани ҳурматлаш муқаддас одат,

Таъзим билан ростла қошида қомат.

Ҳар кичик улуғни эъзозласа гар,

Улуғдан кичик ҳам топар саодат.


Ўгдулмиш хулоса қилиб дер: Мана

Кечар бек хизмати шундай ҳар сана.

Каломим эшитдинг, ҳамон ўргандинг,

Хизмат асрорларин батафсил билдинг.

Бек хизматин шундай қилмоқлик даркор,

Холис хизмат билан бахт-саодат ёр.

Нафи бисёр ишни пухта билгайсан,

Билиб пухта сўнгра амал қилгайсан.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Ўзғурмиш миннатдор деди: Минг раҳмат,

Нелардан сўз очдинг чекиб минг заҳмат.

Яна бир саволим бор рости сенга,

Яна баён айла бирма-бир менга.


Камина бўлсам гар бекка мулозим,

Ҳар кун даргоҳига боришим лозим.

Не бир йўриқларин билай, қадрдон,

Бусиз кечмас банда куни ҳеч қачон.

Лашкар билан бирга бўлишим керак,

Уларга муносиб яшашим керак.

Буни ҳам айтиб бер менга сен бугун,

Токи ҳеч қолмагай муаммо-тугун.



[1] Кўк айиқ – туркманларда бошлиқларга бериладиган унвон.

[2] Бу байт филология фанлари номзоди Қаюм Каримов табдилида берилди.