Ўгдулмиш ўзғурмиш билан иккинчи бор мунозара қилмоғини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш жавобан деди: Қулоқ сол,

Каломим барчасин тинглаб, билиб ол.

Султон сенга фақат яхшилик тилар,

Ўзи ҳам яхшилик сари интилар.

Ибодат қилишнинг бунда, адбатта,

Фойдасин биларсан кичик ё катта.

Шаҳар-қишлоқ ичра бор айтганларим,

Не бахту саодат, эй мард жигарим.

Ёвуз эмас бунча ҳам дунёда қут,

Зиёда қут билан инсон бағри бут.

Дунёдан кечган ҳар зот зоҳид бўлар,

Кимнинг ҳам бу билан, айт, кўнгли тўлар?

Ёвуз деса бўлмас бу дунё молин,

Ўнгласа ўзин ҳам улус аҳволин.

Ғоят яхши айтмиш сахийлар боши,

Ўқигил уни сен, эй эзгу киши:

Барча яхшиликка раво бу дунё,

Барча дардга шаксиз даво бу дунё.

Ақл топар кимлар мол-мулк билан мўл,

Барча эзгуликка ҳам узатар қўл.


Давлат билан тилак тиласа банда,

Самога юксалар, азиз чаманда.

Тилагинг ҳаж бўлса, керак мулк-товар,

Азизлик истасанг ҳам шулар берар.

Моли бўлмаса эр олиб-беришга,

Қўли қисқа бўлар ҳар эзгу ишга.

Кўнгил узма сира бу бахт-иқболдан,

Ибрат олгин дардга дармон мақолдан:

Мўмин ибодатга зиёд берилмас,

Ибодатин нодон каби пеш қилмас.

Тоат билан топмас Тангрини қули,

Нозик ҳатто қилдан ибодат йўли.

Неча минг зот қилиб ҳам йиллаб тоат,

Йўқотган ҳақ йўлин энг сўнгги соат.

Тоат-ибодатдан йироқ минг бир қул,

Сўнгги лаҳза топар Ҳақ йўлин маъқул.

Биларман, Тангрининг меҳри бегумон

Тоату ибодат ичра намоён.

Асил тоатни то ҳеч билиб бўлмас,

Қай бирин афзал деб эъзозларсан, бас!


Истасанг тоатдан бахту саодат,

Менинг айтганларим ҳам қилгил одат.

Нелар сўзламадим ахир мен сенга,

Асли шундаймасми, ўзинг айт менга?

Насиҳат-пандимдан олиб андоза,

Амал қил сўзимга, эй кўнгли тоза.

Ҳавасга қул бўлма, эй оқил инсон,

Улус билан даврон сургин беармон.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Жавобан Ўзғурмиш дер: Эй қардошим,

Эзиб бағрим, оғу қилдинг-ку ошим!

Айтган сўзинг ҳиммат билан тингладим,

Дейлик, Хоқон учун хизмат бошладим.

Хизмат талаб қилар қонун-қоида,

Қоидасиз ишдан асло йўқ фойда.

Қай бир банда билмас равон юришни,

Хизмат фарзин, барбод қилар ҳар ишни.

Нелар дер, эшитгин, хизмат билувчи,

Бошидан ўтказган, баён қилувчи:

Беклар хизматин гар истасанг ўзинг,

Тилу дилинг тўғри, пухта қил сўзинг.


Хизмат қоидаю одатин ўрган,

Пухта билсанг фақат бутун ризқ-рўзинг.

Йироқ тушдим элу юртдан мен бу ён,

На сўзим мосу, на қоида аён.

Султон ишин қандай қиларман пишиқ?

Ёпилган мен учун бу барча эшик.

Бунчалар, айт, сен не учун зўрлайсан,

Хоқон хизматин қил, дея хўрлайсан.

Ўгдулмиш ҳам айтар: Ҳаққоний сўзим

Эгри дема сира ҳам, ёруғ юзим.

Айни ҳолинг манзур Хоқон кабирга,

Керак бўлса ўлдир, йўқса юр бирга.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўзғурмиш рад этиб деди: О, бу сўз

Сира манзур эмас менга, қаро кўз.

Муносибми бизлар учун, эй қардош,

Қонун-қоидани билмай довдираш.

Элу юртни обод қилиш, бошқариш,

Фақат беклар адо айлар мушкул иш.

Элу юрт яшнатиш хон-беклар иши,

Расамади билан бажарар киши.


Ғолибона сурар бу жабҳада от,

Заковату ақл идрок қўш қанот.

Ғоят яхши айтган элнинг раҳбари,

Билимли, оқилу доно сарвари:

Жаҳонгирлик учун заковат керак,

Эл бошқариш учун журъат, довюрак.

Халқни мардонавор идора қилсин,

Раҳбарлик илмин ҳам мукаммал билсин.

Шу зайил оширар бек шавкат, кучин,

Душман бошин янчар, олар ўз ўчин.

Биз агар яратсак низом-қоида,

Ярашарми ҳам бор қандай наф-фойда?

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш насиҳат қилар: Эй, қардош,

Оғир эмас бу иш, бўлса бас бардош.

Қоида-тартибни сен мендан сўра,

Сенга ўргатишга тайёрман, жўра.

Киши ўрганар ҳар билмас низомин,

Билиб сўнгра қўлга киритар комин.

Билиб сўзлар азал ҳар оқил киши,

Амал қилмас унга норасо иши:


Илму фанни барча аста ўрганар,

Сўз қадрин билганча узоқ ўртанар.

Доно бўлар заҳмат билан минг битта,

Билим билан битмас иш битар, унар.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш ҳамжиҳат деди: То сенинг

Тилагинг шу, бундай ўйим йўқ менинг.

Султон ҳузурига бор, дерсан мени,

Кечар не асно бу хизмат, айт, қани?

Жо бўлса кўнглимга, сўзинг тинглайин,

Кўниксам гар, майли, уни англайин.

Қоида-низомин ҳам қилгин баён,

Мен учун ҳам бироз то бўлгай аён.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш маъқуллаб деди: Ҳа, мана,

Ниҳоят сўзладинг сен оқилона.

Ниҳоят тарк айлаб бемаъни йўлинг,

Тафаккур ганжига узатдинг қўлинг.

Самимий айтайин эшитгин, тингна,

Кўзларинг очилар, ҳар пандим англа.

Агар ўрганишга чоғлансанг ўзни,

Сира ёлғон айтма, рост сўзла сўзни.