Кунтуғди хоқон ўзғурмишга иккинчи мактуб юборишини айтади PDF Босма E-mail

Давот-қоғоз сўраб, қалам ҳам олди,

Дилда бор гапларин мактубга солди.

Худо номи билан сўзин бошлади,

Яратган, яйратган, кечирган деди.

Деди: Минг сано у қодир Тангрига,

Вожиб амри ҳар бир тўғри-эгрига.

Ягона покиза, поку беғубор,

Қилар борни йўқу ҳар не йўқни бор.

Тафаккур-кўнглинг ҳам унга баста қил,

Тилингу дилинг ҳам пок, пайваста қил.


Не тиласа, минг бир тилаги раво,

Деса нени “Бўлгин!” Шу он муҳайё.

Барча жонзот ризқи мўл диёрида,

Ҳаёту мамот ҳам ихтиёрида.

Қадрсизлик ундан, ундан ҳам қадр,

Кичикни ҳам айлар гоҳ сардор-садр.

Тилаган тилагин бирор билар йўқ,

Қодир фармонларин бекор қилар йўқ.

Севимли Набийга ҳам салом минг бир,

Мўмин аҳли учун раҳнамо кабир.

Чаҳорёрларга ҳам минг ҳамду сано,

Саломим ҳам етказ минг бир, Раббано!

Ният билан эзгу минг салом ҳам бот

Юборарман сенга, эй баркамол зот.

Йўлларман яна бир мактубим ҳамон,

Юрибсанми тану жонинг соғ-омон?

Юбордим қардошинг тез қошингга мен,

Тилагим қошимга келсанг бир бор сен.

Ўзинг хоҳламадинг бу ён келмакни,

Ҳузуримга келиб, юзим кўрмакни.


Жавоб ҳам йўллабсан номамга ўзинг,

Қариндошинг баён этди ҳар сўзинг.

Ўқидим мактубинг, уқдим сўзинг бот,

Сўзим эшит, олиб қочма ўзинг бот.

Шакардан ширинроқ сўз айтдим сенга,

Оғудан аччиқроқ жавобинг менга.

Эшитгил яна бу каломим ҳам бот,

Жо айла кўнглингга, эй бағри кенг зот:

Зоҳидликни қилдинг касб аввалбошда,

Хилватнишин кечар умринг тоғ-тошда.

Овоза билан бу довруқли отинг,

Сарбаланд элу юрт ичра ҳам зотинг.

Тоат-ибодатинг бир отинг учун,

Қисматдан зўр бериб юз бурмоқ нечун?

Ибодатдан улус гар топса хабар,

Савобидан нишон йўқ - зеру забар.

Тоату ибодат аъло пинҳоний,

Элу юрт кўзидан холи, ниҳоний.

Худо севган қули эл ичра пинҳон,

Ҳеч ким билмас cевган қулин ҳеч қачон.


У қул ҳам билмас ҳеч кимлигин, аслин,

Душманми ёки дўст Тангрига наслин.

Эл қатори қишлоқ ичра жой қилгин,

Пинҳон тоат қилиб, халққа қўшилгин.

Ҳалол мол-мулк билан не зор муҳтожни,

Едир ҳам кийинтир оч-яланғочни.

Ҳалол молу дунё топган ҳар одам,

Икки олам ичра бахтли бегумон.

Эй, бизлардан олиб қочган ўзини

Эшитгайсан асли улуғ сўзини:

Давлатли бўлар эл ичра бор яхши,

Икки оламнинг ҳам бўлар у нақши.

Бойлик топиб баҳра олмаса алъо,

Бор бойлиги бўлар бошига бало.

Улусга наф келтир, эй доною мард,

Улусга наф берар мардлар ичра фард.

Сени аҳли мўмин фойдаси учун,

Даъват қилдим бу ён, эй зоҳид, нечун:

Бу ён келиб эл-юрт корига яра,

Ҳеч нафи йўқ мурда - тириклар аро.


Бекор худбин айтар кўп даъво-сўзлар,

Ҳақиқий мард фақат эл нафин кўзлар.

Қўли очиқ ҳотам эмас дер ваҳий,

Жонию бор-будин ҳам бергай сахий.

Ўзин зинҳор четга олмас меҳрибон,

Ёру дўсти учун фидо айлар жон.

Барчадан зиёда ҳам мукаррам ким?

Агар билсанг, баён айла, эй ҳаким.

Азиз инсон деган унвон ким олар,

Азиз инсон - улус дардин даволар.

Покизаю эзгу ҳам илми бисёр,

Назар сол бу сўзга, фаҳм айла ҳушёр.

Айтган ҳар каломим агар бўлса рост,

Кел бу ён, не даркор бенаф хоҳиш-хост.

Узун айтилган сўз мисли арзон бўз,

Заковатли киши айтар лўнда сўз.

Кифоя бу сўзлар, ортиқ сўзлама,

Билимни пеш қилиб, нафинг кўзлама.

Яна қандай бўлса қолган ҳар сўзим,

Қардошинг етказар, сўзладим ўзим.


Тугатди мактубни, ҳам қаттиқ тугди,

Қаламин ҳам ювиб, хатни қуритди.

Номага муҳр ҳам босди оҳиста,

Узатди у, олди Ўгдулмиш аста.


Ўгдулмишга такрор таъкидлар хоқон,

Барчасин батафсил айлагин баён.

Минг бир чора топиб югур мисли ел,

Шаҳар, қишлоқ ичра уни олиб кел.

Тилаги не бўлса бу ерга келиб,

Берайин барчасин чорасин қилиб.


Албатта, деб туриб чиқди Ўгдулмиш,

Уйига отланди, бошида ташвиш.

Ниҳоят уйига келди у кириб,

Еди, ичди, ётди қанча ўй суриб.

Офтоб ботди, ўтиб яна бир сана,

Олам узра қилар зулмат тантана.

Қорайди қузғундай бағри кенг осмон,

Оламни қоплади тийра зимистон.

Тўшак тўшаб ётди, ўйлади узун,

Пишитди қардошга айтар ҳар сўзин.


Бошин қўйган билан уйғонди неча,

Кўмирдан ҳам ҳатто қоп-қора кеча.

Кўзидан ниҳоят уйқуси ўчди,

Оламни мунаввар, оппоқ тонг қучди.

Қуёш балқиб, ердан кўтарди бошин,

Йўғирди нур билан олам кўз-қошин.

Ювинди, ўқиди номози бомдод,

Дуо қилди тилаб мададу имдод.

Ўғлон кўмак берди, минди отини,

Равон бўлди йўқлаб қардош зотини.

Етди қариндошин уйига олис,

Отдан тушди уйдан нарида холис.


Яқинлашиб қоқди эшикни аста,

Қариндоши чиқиб келди оҳиста.

Ниҳоят иккиси саломлашдилар,

Саломлаша туриб омонлашдилар.

Ўзғурмиш бошлади йўл қўлин тутиб,

Аста жойлашди сўнг тўр томон ўтиб.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Деди: Эй қардошим, бу заҳмат нечун,

Яна қайтиб келдинг қай мақсад учун?


Қатъий айтдим сўзим, эшитдинг уни,

Нечун азоб билан қийнайсан мени?

Насиҳатин тингла ширинзабонни,

Синов билан билар яхши-ёмонни:

Синаш учун одам бир бор кўрса бас,

Севар-севмасин бир оғиз сўрса бас.

Мис билан олтинни фарқлай олмаса,

Олиб озгина сир тошин[1] сурса бас.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Жавобан Ўгдулмиш деди: Эй қардош,

Ғазабланма мендан, ортиқ отма тош.

Хоқон фармонида доим мулозим,

Барча амрин адо этиши лозим.

Султонга етказдим мактубинг-сўзинг,

Батафсил етказдим не десанг ўзинг.

Ҳузурингга мактуб билан кузатди,

Дея аста унга хатни узатди.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Ўзғирмиш оҳиста мактубни олди,

Ўқидию оғир бир ўйга толди.

Деди: Эй қариндош, бу яна не ҳол,

Бунча қаттиқ тушди пайимга алҳол?



[1] Сир тоши – мис билан олтинни ажратишда қадимда сир тошидан фойдаланилган. Нотаниш кимсанинг сўзлари ҳам сир тоши вазифасини бажариши, яъни сўзларидаги мантиқдан унинг кимлигини билиш мумкин, демоқчи шоир.