Ўзғурмиш хоқонга мактуб ёзиб беришини айтади PDF Босма E-mail

Ўзғурмиш жавоб дер: Аё, муҳтарам,

Агар зарур десанг, битай мактуб ҳам.


Давот, қоғоз сўраб, қаламин олди,

Дилида бор гапни мактубга солди.

Худо номи билан сўзин бошлади,

Яратган, яйратган, кечирган деди.


Шаънингга минг ҳамду сано тилимда,

Туман мингдан ортиқ сано дилимда.

Яратди қўнғир ер, яшил кўк, кун, ой,

Зулмат билан зиё, фақир ҳамда бой

Яратди беадад мавжудоту жон,

Берар ризқу рўзин барчасин равон.

Яратди ҳар икки оламни Кабир,

Яккаю ягона - сира йўқ таъбир.

Саволга ҳожат йўқ якка-ягона,

Ўзидан ўзгага бўлгин бегона.


Улуғдан ҳам улуғ Оллоҳ бегумон,

Қодиру Жалолу Раҳиму Раҳмон.

Заминни наинки зимистон қилди,

Офтон нури билан нурафшон қилди.

Яратди беадад аҳли оламни,

Сарбаланд айлади не бир одамни.

Яшил кўк яратди, сарбаланд тийнат,

Юлдуз, ой, кун билан бахш этди зийнат.

Қуйида кулранг ер билан зилол об,

Юқори шаббода билан оташ-тоб.

Эш айлаб қуруқ-ҳўл, иссиқ-совуқни,

Мўл қилиб берди у эл юртга ризқни.

Раво Парвардигор тилаган тилак,

Соҳиби қудратга ҳомий не керак!

Хоҳласа - бемаъни топар саодат,

Хоҳласа хор-забун қилган ибодат.

Тилаган тилаги бўлар “Бўл!” деса,

Юритар фармонин қилмай муроса.

Расули акрамга ҳам салом минг бир,

Аҳли мўмин учун раҳнамо кабир.


Мактуб битдим шоҳга дуо пайваста,

Минг бир саломим ҳам етказ, ораста.

Хоқон ёрлақамиш йўллаб нома-сўз,

Ўқидим мактубин, равшан тортди кўз.

Насиҳат-панд билан ҳар ёрлиқ қиммат,

Камина учун бу беназир ҳиммат.

Ваъда қилмиш айлаб яна эҳтиром,

Эъзозу эҳтиром, минг сархил таом.

Уларни орзулаб бор аҳли одам,

Минг бир умид билан кезарлар олам.

Хизматсиз гар насиб этса бу шараф,

Топсам ҳам шарафдан фақат фойда-наф,

Ва лекин йўқ эмас тамоман зиён,

Оламни тарк этсам, бўлар намоён.

Бири ҳеч хизматим йўқлиги - жафо,

Ҳам катта-кичикка бўлмаган вафо.

Иқтидорим ҳам йўқ, билмам қоида,

Қоидани билмас ходим бефойда.

Кутмасман ҳеч вафо, дунё бевафо,

Бевафога қилдим мен аввал жафо.


Худога сиғиндим, билмай маломат,

Дину иймоним Ҳақ қилгай саломат.

Таому кийимга ҳарис эмасман,

Зиёда насиба ғамин емасман.

Обу ош, кийим ва кечакни лозим,

Ҳамиша етказар Яратган азим.

Яратди, меҳрибон то ҳамон Раҳмон,

Яна ёрлақагай, эй шоҳу султон.

Сенга дунё берди, шонинг овоза,

Наҳот менга бермас, эй насли тоза.

Барча яхши-ёмон, кам-кўст, давлатим,

Худодан биларман, эй басавлатим.

Ибодат қиларман эртаю кеч бот,

Одам учун тоат ягона нажот.

Сенинг ҳузурингу қошингга бориб

Нетарман ҳаётим тугал бой бериб.

Ахир Худога ҳар иккимиз банда,

Баравар бандамиз ҳаёт чаманда.

Ярашмас қулга қул сиғинса зинҳор,

Сиғинса қулга қул, кетар номус-ор.


Эртаю кеч холис тоат-ибодат,

Зоҳид учун азал юксак саодат.

Ғоят яхши ҳикмат айтмиш озода,

Эшитгил сен уни, эй асилзода:

Сиғинма беқарор бандага зинҳор,

Бандага сиғиниш банда учун ор.

Тоат-ибодатинг қилма ҳеч канда,

Дариғ тутмас лутфин ҳеч Парвардигор.

Эй султон, ўтинчим сендан тўрт ҳожат,

Сени дуо қилай, бўлгай ижобат.

Мангу ҳаёт бахш эт мангу шодумон,

Ҳамиша бўлайин ёш ва навқирон.

Алам, хасталиксиз ҳаёт қил тортиқ,

Бойитгил, ғариб ҳам қилма ҳеч ортиқ.

Бажарсанг тўрт шартим, азиз билайин,

Ширин жоним бериб, қулинг бўлайин.

Бажарсанг тилагим, соҳиби жаҳон,

Қулинг бўлиб, қўлинг тутай бегумон.

Бу ишлар муаммо бўлса гар сенга,

Мендан афзаллигинг борми, айт менга?


Егулик-ичгулик, бор энгил-бошим,

Яна берар қодир Тангри қўлдошим.

Эъзоз, қадрсизлик Худо амрида,

Ҳаёту мамот ҳам ихтиёрида.

Буни ҳақ билганлар закоси теран,

Бўларми ўзгача, эй сарвар, эран.

Мени бир Худойим асраганидек,

Гумон асрамоғинг, аё асли бек.

Сени асрашим шарт камина доим,

Мени ахир мудом асрар Худойим.

Ўзинг тўймагунча менга тегмас ош,

Мени тўйдирар У, ўзи емас ош.

Баёнга ҳожатга йўқ, ўртансам ўзим,

Тилим тебранмасдан англар ҳар сўзим.

На бек, на қул бўлар кўксимга қалқон,

Зўравон зулмидан сақлайди Раҳмон.

Кечирмайсан ногоҳ бир гуноҳ қилсам,

Кечиргай минг гуноҳ қилсам ҳам Эгам.

Нелар дер, эшитгил, гуноҳкор қули,

Дилин бор асрорин сўзлар оқили:


Аё меҳрибону вафоли Эгам,

Ўзингдан ўзга Ҳақ топмадим ҳеч ҳам.

Ногоҳ муҳтож бўлсам, ҳожатманд ўзинг,

Ночор бандаларга қўш қанот сўзинг.

Дардимга шифосан, ғам чексам – севинч,

Ҳасратда таянчу ҳаётбахш илинж.

Қувончим, овинчим, севинчим қутлуғ,

Севинчинг ичида бисёр, эй Улуғ!

Не ғам гар зиёда қилдим мен гуноҳ,

Минг чандон зиёда лутфинг, эй Оллоҳ!

Кечир бор гуноҳим Раҳиму Раҳмон,

Қийнама ҳеч мени, эй меҳри уммон!

Гарчи гуноҳим кўп, ҳимматинг бисёр,

Бисёр ҳиммат билан қимматинг бисёр.

Азоб берсанг агар раво сен учун,

Авфу этсанг агар даво мен учун.

Сени мен парвона Оллоҳим дедим,

Яккаю ягона Оллоҳим дедим.

Ғофилман, ғофиллик азоби жоним,

Ҳамон бандам дейсан, эй меҳрибоним.


Шириндан ҳам ширин омонат бу жон,

Билмасман ҳеч сирин – омонат бу жон.

Хоқон-ай, омонат дунё тез ўтар,

Тириклик ой-куни тугар ҳам йитар.

Инониб ўйламоқ не даркор узун,

Беҳуда меҳрингни бериш ҳам фузун.

Отанг кетди, тенгу туш, оға-ини,

Онанг кетди, ўғил-қизлар ҳам қани?

Ўлганларни кўрдинг, кентарсан сен ҳам,

Ҳамма ётган гўрда ётарсан сен ҳам.

Ғофил бўлма, хоқон, ҳушёр бўл минбаъд,

Ўзингдан яхши ном қолдир то абад.

Беҳуда кетган гар ўтган ҳар кунинг,

Беҳуда ўтказма келар кун-тунинг.

Ўтар кунлар ичра ол зарурий ком,

Тайёр бўл энг сўнгги дам учун мудом.

Бу ҳолни кўрганда менинг бу ўзим,

Ярагай не учун султонга сўзим?

Жаҳондан кўнглимни уздим жафоли,

Бор меҳрим Тангрига бердим вафоли.


Мени ўз ҳолимга қўйгай Хоқон, бас,

Дуо қилай такрор бунда басма-бас.

Мендан сенга фойда тегмоғи гумон,

Ўзингга ўзинг наф бергин, эй хоқон.

Тарк этдим оламни, сен ҳам тарк қилгин,

Аҳли олам мадад бермайди, билгин.

Бундан буён фақат қилиб ибодат,

Тангридан тиларман мангу саодат.

Бари бисёр, суймас ортиғин иқим,

Даҳри дун аслида туроб бир сиқим.

Умрим ўтди-кетди ел каби учиб,

Нечун дод солмай, айт, армонни қучиб?!

Бутун энгил-бошим, мудом қорним тўқ,

Таъмагир очундан ҳеч талабим йўқ.

Қорни тўқ, эгни бут қаноатли зот,

Ўзини бахтиёр ҳисоблайди бот.

Ғоят ҳақ тақдирга рози бўлмиш эр,

Розилик туфайли бағри тўлмиш эр:

Ошу об десам гар ош билан об мўл,

Кияман десам бўз, шойи, кимхоб мўл.


То тирик зиёда ғоят ризқ-рўзим,

Зиёд айлар Тангрим тоат бўлса мўл.

Фойда топай деб гар чорласа султон,

Зиёда наф берар заковат-ирфон.

Эл-юрт ишин қилсин деса эрта-кеч,

Рости бу ишга мен ярамайман ҳеч.

Агар аъмол учун зарур бўлса эр,

Қариндошим қилар ишинг мисли шер.

Мен ғарибни иззат қилсанг гар чандон,

Бағрингни кенг қилгин, эй одил хоқон.

Агар бўлай десанг мангу бахтиёр,

Тавба тазарруни қилгин ихтиёр.

Жаҳонда довруқли минг турли эран,

Хоқон атрофида ҳозир минг туман.

Султонга мендан ҳеч фойда тегмагай,

Бефойда иш қилсам, ҳеч татимагай.

Маъзур тут, минг узр сўрайман сендан,

Холи қўй, вале ҳеч ранжима мендан.

Яна кечган бўлса бу ерда не сўз,

Қариндошим билар, айтар сўзма-сўз.

 

Тугатди каломин, мактуб ҳам тайёр,

Узатди, олди тез қардоши ҳушёр.


Деди: Ёздим барча тилагу сўзим,

Тилим баёни ҳам аён, эй кўзим.

Тилинг билан сўзла, эшитгай малик,

Мени тинч қўйгай, бас, тўлғамай илик.

Элчи калом билан келтирар жавоб,

Жавобим етказгил, қил бисёр савоб.

Нелар дер, эшитгил, Учўрду хони,

Улусга фармон бу эзгу армони:

Зиён йўқ элчига сўзласа равон,

Вазифасин дилдан бажарса ҳамон.

Яна ҳам зиёда Хоқон сўзламиш,

Сўз айтса элчини ранжитма, демиш.

Ўлим йўқ элчига, муқаррар билинг,

Эшитган сўзни чин етказгай тилинг.

Омилкор ҳар элчи ўртада омил,

Жони омон, айтса ҳар сўзни комил.

Каломин сўзласа элчи бехато,

Муносиб бергайсан инъому ато.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби


Ўгдулмиш бемалол деди: Ҳар сўзинг

Эшитдим, неки сўз сўзладинг ўзинг.

Ихлос билан битдинг мактубга жавоб,

Шитоб етказиб мен, топайин савоб.

Ва лекин гумоним бор, эй ягона,

Султон сени қилмас сира бегона.

Яна юбормаса, қошингга султон,

Сени такрор чорлар соҳиби замон.

Бормасанг интизор кутар у сени,

Яна ҳузурингга жўнатар мени.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш жавобан дер: Эй қардошим,

Бу гапларни айтиб, қотирма бошим.

Ўзим ҳеч бормасман зинҳор у ёққа,

Ўзинг қийнаб сен ҳам келма бу ёққа.

Тилаб топилмасни тиламоқ ёмон,

Ножоиз сўзталаб тубан бегумон.

Нелар дер, эшитгил, билими бисёр,

Ёмону яхшини саралар ҳушёр:

Берилмасни сўраб сира паст кетма,

Топилмасни тилаб бошингга етма.


Санқима дуч келган жойда беҳуда,

Беҳуда саргардон кучинг сарф этма.


Яна дер Ўзғурмиш: Етар, энди бас,

Қайта келишни ҳеч қилмагил ҳавас.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш турдию деди: Бор сўзим

Тугатдим, қошингдан кетай тез ўзим.


Қардошига яна ҳам, кўр, Ўгдулмиш,

Барчасин сўзлади не уқиб-билмиш.

Отида Ўгдулмиш тез ортга қайтиб,

Келиб тушди уйга шукрона айтиб.

Офтоб инди, замин қаърига кетди,

Само саҳни сувсар рангин касб этди.

Очун тортди юзга кўмирдай бўёқ,

Кўрар кўз юмилди, ухлади уйғоқ.

Тўшак тўшатдию Ўгдулмиш ётди,

Ўтиб тун, кетидан яна тонг отди.

Машриқ узра балқди боз ўтдек ёлин,

Саҳни жаҳон гўё бетимсол келин.

Юксалиб самога маржон қалқони,

Жаҳон юзи мисли марварид кони.

 

Сарой томон борди қаноат билан,

Хоқонга кўринди ижозат билан.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Сўз очди Ўзғурмиш бобида Хоқон,

Деди: Баён айла сўзинг, нуктадон.

Не сўзлар айтилди, не бўлди ишинг,

Тилагинг не бўлди, келарми эшинг.


Ўгдулмиш мактубни узатди туриб,

Султон олди, очди, ўқиди кўриб.

Юзи ёнди, гангиб, чуқур тин олди,

Ненидир кутгандай хаёлга толди.

Деди: Қариндошинг кескин сўзламиш,

Ҳақиқатни фақат ёлғиз кўзламиш.

Қай бир зот айтса ҳам оғир тўғри сўз,

Ипагим ўрнига юборибди бўз.

Баён эт не деган бўлса гар сенга,

Эшитганинг сўзлаб бергайсан менга.

Ўгдулмишнинг хоқонга жавоби

Барчасин султонга айлади баён,

Бирма-бир суҳбатни ҳам қилди аён.


Деди: Суҳбатимиз кечди тобида,

Бамисли беллашдик ҳикмат бобида.


Ҳар сўзимга қарши қўйди минг бир сўз,

Яна сўзга тутсам, қаттиқ юмди кўз.

Қанча ундасам ҳам бу ён келмади,

Қатъий сўзласам ҳам, кўнгил бермади.


Эшитди сўзларин султон хотиржам,

Ҳар сўзида минг бир ҳикмат жамулжам.

Яна орзулади, қўмсади кўнгил,

Кўнгил орзиқишин азоби жон бил.

Бағоят маънили сўз айтган ҳаким:

Тилагин топмаса, қул бўлар ҳар ким.

Хону султон кўнгил, банди қул-башар,

Хону султонига ҳар қул эргашар.

Умид билан ёлғиз кўнгил ҳеч тўймас,

Тилагин то топмас, асло тинч қўймас.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Яна айтди Хоқон: Аё, Ўгдулмиш,

Қардошинг ҳақиқий донишманд эмиш.

Кошки эшитмасам дано сўзларин,

Феъли атворию хислатин барин.

Эшитдим то дилга жо этдим уни,

Ғайрат қил, тилакка етказгил мени.


Элим ичра қилсам орзую ҳавас,

Етиша олмасам чакки бўлар, бас.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш бош эгиб деди: Эй Хоқон,

Топилмас сен каби ҳеч соҳибқирон.

Қайтишда мен унга айтдим шундай сўз,

Султон йўллар яна, йўлимга тут кўз.

Агар ишонтириб айтсам мен сени,

То олиб бормасам қўймас ҳеч мени.

Узил-кесил айтди яна келма деб,

Бориш истагим йўқ, зулм қилма деб.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Султон айтди: Уқдим, эшитдим сўзинг,

Ва лекин ўринсиз, яна бор ўзинг.

Англаб бўлмас сира тилакни тилаб,

Топиб бўлмас асло кўнгил орзулаб.

Мамлакат сарвари, элу юртга бош,

Сўзи ерда қолса, чидарми бардош?

Асил эзгуликдан бегумон нишон,

Тилаган тилакка етса гар инсон.

Кўнгил нимагадир бўлса гар ташна,

Ягона давоси қилмоқлик ошна.


Яна ҳам бу орзу менга бўлди дард,

Даво топмасанг гар олиб кетар фард.

Эътибор бериб боз бу байтни ўқи,

Унинг маъносин уқ, эй кўнглим тўқи:

Ҳар дард турфа даво, дармони бисёр,

Шифожўй Синою Луқмони бисёр.

Орзу-умид чорлаб, қилса беором,

Қасд қилганга чора, имкони бисёр.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш яна дер: Эй соҳиби тахт,

Оламда ҳар мушкул минг чораси нақд.

Хоқон тинчу омон бўлса бас бизга,

Фидо минг битта қул жони ҳам сизга.

Султонга бу сўзни айладим аён,

Нафи йўқ йиғлаб ҳам бўлсанг пушаймон.

Нелар дер, эшитгил, донишманд нодир,

Сўзинг сўзлагил сен, жўмард баҳодир.

Тилинг сўзламаса, сўздан кўп фойда,

Минг ташвиш ноўрин сўзлаган жойда.

Сўзинг сўзламасанг, сенга бўлар қул,

Агар сўзласанг сен, сени қилар қул.


Сўзинг ўйлаб сўзла, ўйла, шошилма,

Шошилиб сўзлаб сўнг пушаймон қилма.

Ўзғурмиш айлади мени ғоят лол,

Чақирсам ҳам келмас, бу қандайин ҳол?

Хоқондан ҳам кўра мен унга зорман,

Минг битта мададга зор-интизорман.

Тилагим ёндошиб улуғ-кабирга,

Қўлни қўлга бериб, тер тўксам бирга.

Қанча ўтинмайин келишин сўраб,

Рози бўлмади ҳеч оёғин тираб.

Яна зарур десанг борайин ўзим,

Неки даркор бўлса, айтайин сўзим.

Султон яна мактуб айлагай тайёр,

Ўқиб ҳам ишонгай менга у ҳушёр.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон дер: Бир мактуб қилдим ҳавола,

Менга жавоб берди мисли ёш бола.

Нечун яна мактуб ёзишим лозим,

Мактубга муҳтожми сендай мулозим?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш ёлвориб деди: Эй Хоқон,

Яна битта мактуб зарур бегумон.


Элчи бўлса ҳамки донишманд ҳаким,

Номасиз минг сўзга, айт, ишонар ким?

Тушунган зот учун ҳар далил - тумор,

Ҳақ далил қошида минг ҳийла ночор.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Агар шуни истасанг,

Битай мактуб сира қўймай қистасанг.

Битигни битайин, вале бу нома,

Шунчаки бир мактуб, унга инонма.

Неки лозим бўлса, тил билан сўзла,

Қошимга бошлаб кел, дил билан сўзла!