Ўгдулмиш ўзғурмишга дунё воситасида охиратни қўлга киритишни айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш афтода деди: Ҳолим танг,

Сўзларинг эшитиб, бўлдим ҳангу манг.

Сен ҳам сўзларимга қулоқ солгайсан,

Асил моҳиятин билиб олгайсан.

Ҳожати йўқ дунё ҳолин изоҳин,

Сира аччиқ қилма ҳаётинг роҳин.

Зўриқиб қилма кенг бу дунёни тор,

Гуноҳкор қулга ҳам Худо лутфи бор.

Қаҳри беомон гар зиёда раҳми,

Кетар лутфи билан гуноҳлар захми.


Азобидан сақлан, тила раҳматин,

Тоат қил, оқлагин бандалик отин.

Олам эли кечиб шаҳру қишлоқдан,

Ногаҳон жой олса тоғу тошлоқдан,

Бузулгай бу олам қолиб қуп-қуруқ,

Башардан қолмас ҳеч зурриёд-уруғ.

Яна бани башар дунёга толиб,

Югурса куну тун ҳирсият ғолиб,

Тоатсиз истаса молу мулк - тамуғ,

Яна қолмас асло жаннат ҳам қуруқ.

Аҳли жаҳон учун бор икки макон,

Бири жаннат, бири дўзах беомон.

Худо берди бизга икки кўз-қулоқ,

Бири дунё, бири уқбога муштоқ.

Қўл ҳам берди бир жуфт, син солиб кузат,

Бирин дунё, бирин уқбога узат.

Оёқ берди икки бандага нечун?

Бири дунё, бири охират учун.

Яна яхши айтмиш соҳиб каромат:

Ғофил бўлма, етар бошингга офат.


Парвардигор лутфи ҳар икки очун,

Бирин топсанг, бирин истагин фузун.

Эй банда, эсинг йиғ, бедор бўл доим,

Гуноҳ қилма зинҳор, ҳушёр бўл доим.

Яралган бандалар учун беминнат,

Даҳшатли дўзаху бетимсол жаннат.

Башар аҳлин Худо аввалдан билиб,

Яратган бағоят ҳожатманд қилиб.

Эгнига кийим ва ҳар он обу ош

Ғоят зарур нафси учун, қариндош.

Ҳалол дунё насиб этса, алқисса,

Ғарибларга холис улашса ҳисса.

Емишу мулк учун аксар эл иши,

Тушов кишига мулк-емиш ташвиши.

Худодан қўрқ, имон шартларин бузма,

Худонинг лутфидан ҳам умид узма.

Азалдан шу асно бандалик йўли,

Адашма йўлингдан бисёр ўнг-сўли.

Ғоят яхши айтмиш билим берар эр,

Билимсизга панду сабоқ берар шер:


Умид-андишадан боғла сен қанот,

Умид-андишадан топарсан нажот.

Худо фарзи билан ўта ҳар қарзинг,

Насиб этгай жаннат роҳати, эй зот!

Умиду қўрқувдан ким узмас қўлин,

Топар аввал-охир саодат йўлин.

Гуноҳим бисёр деб тош каби қотма,

Тоатим бисёр деб гуноҳга ботма.

Тоат қил, бандалик негизи тоат,

Жумла аҳли башар қилгай ибодат.

Беқадр қилма ҳеч Худо фармонин,

Тополмайсан йўқса дардинг дармонин.

Бисёр тоатинг ҳам кам деб зикр қил,

Оз гуноҳларинг ҳам кўп деб фикр қил.

Кишилар ёмони ўзинг бил, ўзинг,

Не бахт, эзгу бўлса ўзинг ҳам сўзинг.


Билган барча илмим бамисли оят,

Каломим дастур қил, сенга мос ғоят.

Агар олмасанг сен бу айтганларим,

Ўзим қайтиб олай, жўмард, жигарим.


Узун гапдан вале сира йўқ фойда,

Каломим тугатгум, хуллас, шу жойда.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш оҳиста ушлади бошин,

Чуқур ўйга толди уйганча қошин.

Деди: Хижолатман гар айтсам сенга,

Жонинг куйиб, дилдан сўзладинг менга.

Яхшилик тилаб сен ёниб сўзадинг,

Худо бандам дегай, нафим кўзладинг.

Бу ишни бағоят ўйладим теран,

Лекин фойдаси йўқ каби, эй эран.

Хоҳламас бу ишни кўнглим ҳеч, ишон,

Ҳадик-хавотирим хатардан нишон.

Донишманд насиҳат қилар бизга бот,

Севган-севилганга кўнгли очиқ зот:

Қай бир ишни қилмоқ истасанг ўзинг,

Аввал кўнглинг билан кенгаш қил сўзинг.

Кишилар фикрин бил, унутма бироқ

Кўнглинг хоҳламаса, ўзинг тут йироқ.

Барчадан меҳрибон ўзингга ўзинг,

Кўнглинг хоҳламаса, бас қил иш, сўзинг.


Кўнглинг гар чопмаса, ҳар қандай аъмол,

Фойдаси йўқ, фақат ташвишу малол.

Тусамас ҳеч кўнглим, бор гапни айтдим.

Шу боис ошиғич бу сўздан қайтдим.

Кечирим сўрайман, тутгайсан маъзур,

Мени ҳам тушунгил, эй элга манзур.

Не даркор шоҳ учун озурда жоним,

На ҳулқим, на аъмол, на шуҳрат-шоним.

Ўзим хилват истаб келганман бу ён,

Яна нечун қайтиб борайин у ён.

Худо тоатига пайваста ўзим,

Кишига қул бўлмам, бас, тамом сўзим.

Мени топшир Тангри қўлига холис,

Дуо қилай сени эрта-кеч олис.

Кўришгай дединг, сен бизларни чиндан,

Қистама, интилиб борайин дилдан.

Чекай майли заҳмат, сен дориломон,

Шоҳу улус ишин қилгайсан осон.

Нелар дер, эшитгил, меҳрибон киши,

Яқинлик толиби, манзур ҳар иши:


Хотиржам ҳам ҳушёр бўлса гар инсон,

Дарду ғам, тилаклар тадбири осон.

Одам орзуларин мавжида юриб,

Ниятига етар, қолмас ҳеч ҳориб.

Орзу-ниятига талпинса агар,

Ярим йўлда қолмас, етар муқаррар.

Содиқ ошиқ сўзи бағоят яхши,

Вафо ичра машҳур, аҳли ишқ нақши:

Кўнгил яқин бўлса, йироқ ҳам яқин,

Вафо қароргоҳи кўнгилга боққин.

Машриқдан Мағрибга бир нафаслик йўл,

Адо этса дилдан яқинлик ҳақин.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Жавоб дер Ўгдулмиш: Менинг ҳам сўзим,

Эшитгил, эшитдим сўзларинг ўзим.

Мақсадинг шу бўлса, ўртанма зинҳор,

Мажбур этмам, бағринг ўртама зинҳор.

Сўзим тамом, вале ёлғиз ўтинчим,

Султонга мактуб ёз, таъмин эт тинчим.

Нома битди Хоқон сенга пурмаъно,

Жавоб ёзиш керак унга, эй доно.


Жавоб бер, ниҳоят етди қайтар пайт,

Сўзинг бўлса, пухта ўйлаб сўнгра айт.

Сўзлагил бир йўла мактубинг ҳам ёз,

Хоқон ҳузурига элтай, эй ҳамроз.