Ўзғурмиш Ўгдулмишга дунё айбларини айтади PDF Босма E-mail

Ўзғурмиш ҳам хитоб қилар: Мен ўзим

Сўзингни эшитдим, эшит бу сўзим.

Даҳри дун ром этмиш, бас, аён менга,

Фазилат туюлар бор айби сенга.

Бежиз эмас бу ҳол, қодир ишқ ғайби,

Фазилат мисоли азиз ёр айби.

Севимли даҳри дун айби баробар,

Фазилат туюлар сенга, диловар!

Нелар дер, эшитгил, ҳар шайдо киши:

- Роҳат ошиқ учун ҳатто ёр ниши.

Севимли нишони ҳамиша аён,

Севимли айби ҳам хислат бегумон.

Жаҳонни севганинг шу нишонаси,

Жаннатдай кўринар вайрон хонаси.

Сен неча алқайсан дунёни тинмай,

Баён айлай минг бир айбин эринмай.

Одам гуноҳ қилгач жазосин олди,

Қиёматгача Ер – зиндонда қолди.


Омонат дунёга қўйма ҳеч меҳр,

Боғи Жинон ичра бор нажот-сеҳр.

Одам Ато қилгач жаннатда гуноҳ,

Тавба учун ерга туширди Оллоҳ.

Шайтонни шод этар қаҳри Тангрининг,

Дардига дармондир заҳри Тангрининг.

Худо бандам деса гар содиқ қулин,

Молу мулк бермайин кенг қилар йўлин.

Ғаразли даҳри дун ҳар мукофоти,

Худодан айирар ҳам дин офати.

Такаббурлик, кибр бадавлат иши,

Холис йўқсил билан қалб навозиши.

Қай телба Тангрилик даъвосин қилар,

Нафсин чоҳи ичра итдай йиқилар.

Келар дунёга ҳар инсон ялангтўш,

Молу мулк не даркор, кетар қўли бўш.

Омонат дунёда беш кунлик меҳмон,

Ҳожат йўқ ғурурга сира, эй нодон!

Биларсан, тириклик тугаши тайин,

Тирик жон заволга яқин кун сайин.


Эшик очар дунё, яна бир дарча,

Ажал дарчасига кирар халқ барча.

Меҳмонсан беш кунлик, омонат очун,

Омонат очун деб жон чекиш нечун?

Бевафо даҳри дун эврилар ҳар кез,

Неки берганларин қайтиб олар тез.

Ҳаёт бериб, етар банда бошига,

Яна ўзгаларни чорлар қошига.

Ажратмас сира ҳам шоҳми ё гадо,

Яхши-ёмон демай айлагай адо.

Кўланка десам гар уни ярашар,

Эгашсанг қочару, қочсанг эргашар.

Қиларман бу байтни билиб овоза,

Теран моҳияти, эй кўнгли тоза:

Ким чопса ортидан бу дунё қочар,

Агар қочсанг, сенга бағринг кенг очар.

Диёнат-динга ёв даҳри дун моли,

Баҳридан кеч бўлмай десанг гар ночор.

Хиром айласа ҳам мисли келинчак,

Сира даҳри дунга бўлма илинчак.


Бериб кўнгил сўнгра қилма ҳеч аттанг,

Ёқангга чанг солиб, ҳолинг қилар танг.

Жафокаш, бевафо таг-теги билан,

Яшамас уч ой ҳам ўз беги билан.

Бериб кўнгил кимки бўлар мубтало,

Солар боши узра дунё минг бало.

Ва лекин бебаҳо ҳаёт ҳар куни,

Беҳуда совурмас оқил ҳеч уни.

Ҳаёт жумла эзгу ишларга қодир,

Беҳуда совурма ҳеч, эй баҳодир!

Азал гардун ичра фақат уч хил жом:

Ҳалолу шубҳали, сўнгиси ҳаром!

Қувонтириб аввал, сўнг мангу сурар,

Ҳаловат бахш этар, сўнг итдай ҳурар.

Ҳалол ҳисоби бор, ҳаром азоби,

Огоҳ бўл, беомон шубҳали оби.

Севинч билан сийлаб семиртирса гоҳ,

Жон олар ғам билан мисли золим шоҳ.

Қувончин тубида минг алам доғи,

Аламга пайваста алқов-ардоғи.


Боши неъмат бўлса, охири заҳмат,

Боши заҳмат бўлса, охири неъмат.

Доно дер: Бўлма ҳеч гардунга улфат,

Ёғар улфат бўлсанг бошингга кулфат.

Бисёр давлат билан қашшоқсан асли,

Ҳақиқий бадавлат камбағал насли.

Бедаволарга ҳам феълинг қил майин,

Олар у дунёда жазосин тайин.

Тўзигай термачлаб ғамлаганларинг,

Сочилгай жамулжам жамлаганларинг.

Йироқлашиб борар дунё кун-бакун,

Вале яқинлашар кун-бакун якун.

Фоний дунё ўтар мисли қисқа тун,

Шитоб етар боқий дунё бус-бутун.

Оқил кўнгил бермас неки сарсари,

Донолар юзланар мангулик сари.

Ўлимни билувчи яйратмас ўзин,

Ўлимни кўрувчи овутмас ўзин.

Сайёҳ йўл-йўлакай ҳеч уй солдирмас,

Ким кўчса, уйида ҳеч не қолдирмас.


Работ, карвонсарой бу дунё тузоқ,

Тузоқ ичра ҳеч ким севинмас узоқ.

Азоби жон билгил гардун гуфторин,

Эвурар барча эл тарзу рафторин.

Бадал айлар молин авлиё шоҳид,

Дунёни тарк этар бадар ҳар зоҳид.

Кўринмас гардун минг найранги сенга,

Вале минг найранги ҳам аён менга.

Ғофил даҳри дунда ҳар банда ўзи,

Маҳлиё ғофиллар басир қалб кўзи.

Қулоқ тут, нелар дер, шоирлар боши,

Дунёга бегона, метин бардоши:

Донни домга тикиб пойлайди овчи,

Дунё ғамза билан дилни овловчи

Ғофил ҳамда очкўз бўлсанг бесабр,

Тузоққа тушиб сен тортасан жабр.

Бани башар яктан аҳил ва иноқ,

Фароғатда минг йил яйраса қувноқ,

Не фойда, бирма-бир ютар ер қаъри,

То қиёмат армон ҳаёт минбари.

Кечирган ҳаётинг гўё туш-сароб,

Берарсан ҳар ишинг учун сен жавоб.

Фойда йўқ ўшал кун қанча чекма оҳ,

Аъмолингга ҳар йил, ой, кун ҳам гувоҳ.

Роҳати дунёнинг уч жиҳатда жам,

Учовин роҳати эмас юздан кам.

Биринчиси нозу неъматлар асли,

Иккинчиси хотин зотининг васли.

Учинчиси соғлиқ, фаровон ҳаёт,

Ҳаёт ичар соғлиқ бебаҳо баёт.

Шу уч неъмат одам аҳлин маст қилар,

Сармасту ҳам яна забардаст қилар.

Еб-ичиш ҳам роҳат азал бегумон,

Ва лекин бунинг ҳам ҳисоби ёмон.

Уч бармоқ топгани нафснинг домига,

Ундан ортиғи-чи - қорин комига.

Бузилар сингмаса ошинг мижоз ҳам,

Дард ёпишар мижоз бузилгани дам.

Хасталик аслида ўлим хавфи, кўр,

Чорасиз ҳар банда чангалида зўр.


Ёр васли ҳам тотли, берсанг эътибор,

Ва лекин унинг ҳам ўз заҳмати бор.

Яна бири ўғил-қизлар ташвиши,

Ўғил-қиз ташвишин заҳарли ниши.

Соҳиби заковат сўзига инон:

Хотин ҳам ўғил-қиз каби олар жон.

Роҳатга пайваста гарчи васли ёр,

Айшу ишратнинг ҳам машаққати бор.

Висолнинг заҳмати, доғи ҳам бўлар,

Асал бор ҳар жойда оғу ҳам бўлар.

Гардун ҳаловати ғоят аломат,

Азоб асли, нечун қилмай маломат.

Ҳаёт шароб тутар, сўнг ажал жомин,

Равшан кунимизга зулмат тун зомин.

Ҳаловати дунё айни уч унсур,

Жавобин эшитгин, эй хулқи мансур.

Олам роҳатию ҳирсу ҳавас ёв,

Беаёв домида ҳар отлиқ-яёв.

Яна диёнатга қилмоқ хиёнат,

Офатидан асра, Соҳиб диёнат!


Беомон ҳирс-ҳавас ҳар ишга қодир,

Не тонг, минг адоват айласа содир.

Худо зикри билан йитар балолар,

Дунёга боқмасанг, сендан ҳам қолар.

Нетиб ҳам даф бўлгай ҳавас-нафс ҳирси,

Фақат ўлганингдан кейин йўқолар.

Доно сўзи панду насиҳат қанди,

Мезон бўлгай аҳли донишманд панди:

Ҳавас-ҳирсим гоҳи оғу ошатар,

Гоҳида яйратар, гоҳ қон қақшатар.

Ҳою-ҳавас билан ҳеч оромим йўқ,

Гоҳида оч-наҳор, гоҳи қорним тўқ.

Бир умидга етсам, ўзгаси чиқар,

Оромим ўғирлаб, юрагим сиқар.

Менинг бу ёвга бас келишим гумон,

Ҳавас-ҳирсим ўзинг жиловла, Раҳмон!

Беомон нафсу ҳирс иймонинг йўнар,

Ногаҳон семирса, ёвузга дўнар.

Айғирга эт битиб қутурган ҳамон,

Эгасини ташлаб қочар бегумон.


Ҳовлиқар ҳавас-ҳирс бамисли този,

Семирса, соҳибин қилар норози.

Қорин тўйгач, овга ярамас, ётар,

Чорасиз соҳибин энсаси қотар.

Ҳавас-ҳирс боладай бебош эрта-кеч,

Қорни тўйгач қочар, тутқич бермас ҳеч.

Агар қонса ҳирсинг, дарди бедаво,

Амрин раво этмак, билгил, нораво.

Тириклик муддатин фақат уч кун бил,

Уч кундан ортиғин сароб-пуч кун бил.

Бири эртанги кун, бири ўтган тун,

Эртага етмоғи гумон айни кун.

Ҳаёт саҳни узра, қатъий айтсам сўз,

Зиёда муҳлатга зинҳор тикма кўз.

Юрагида ҳар зот ишқ ўти ёнар,

Висол майи билан бир муддат қонар.

Эрлик оташи ҳам ҳар йўсин ўчгай,

Хоҳи кўркли, хоҳи кўрксизни қучгай.

Нафсинг қонар қорин тўйган ҳар жойда,

Қорин тўйгач, ортиб қолгани фойда.


Неъмат ортар қорни тўйгач инсоннинг,

Тўқ учун фарқи йўқ ҳалвою ноннинг.

Шакар-ҳалво еган қилар тантана,

Ва лекин қорни оч саҳарда яна.

Нелар дер, эшитгил, бир ғариб ўзи,

Ғарибки қалби бой, тўқ икки кўзи:

Нозу неъмат еган, эй сен беармон,

Кепагу тариқдан топдим мен дармон.

Тўйиб иккимиз ҳам ётдик кечаси,

Умримиз шу асно ўтар бегумон.

Молу мулк йиғсанг ҳам бир кун ўларсан,

Мендан ҳам сен буни яхши биларсан.

Вафотидан кейин камбағалу бой,

Қора ер қаъридан бир хил олар жой.

Омонат дунёга берилма зинҳор,

Омонат меҳмонсан, керилма зинҳор!

Молу дунё дейсан ҳасратда қолиб,

Сенга эса ўлим ҳар лаҳза толиб.

Ҳаловат ортидан югурар отинг,

Ажал аста-аста қирқар қанотинг.


Тирик жон кун келиб гул каби сўлар,

Ва лекин билмас ҳеч қайси кун ўлар.

Йигит муртин силар, азалий бу ҳол,

Оқарса дегай кун келиб соч-соқол.

Соқол-соч оқлиги завол, қўймас соғ,

Ажалга бас келмас ҳеч тадбир, яроғ.

Ўзинг ўтга урма бу дунё учун,

Ўзингни зўр бериб куйдирмоқ нечун?!

Дунё моли уммон суви каби шўр,

Ичиб, қонаман деб ўйлар фақат ғўр.

Қуруқ қумга менгзар одамзот ўзи,

Уммон оби билан ҳам тўлмас кўзи.

Гардун ҳоли, эй дўст, мисли сароб,

Ортидан чопганлар хору зор, хароб.

Ким кечиб нафсидан қилса ибодат,

Кўринмас ёвга у қилмас иноят[1].

Ҳавасу ҳирсингга эгма ҳеч бўйин,

Қувончи – ғам-алам, матлаби – ўйин.

Кечирган ҳар кунинг келмагай қайтиб,

Келар кунларинг ҳам бўлмас ҳеч айтиб.


Ҳар лаҳза-дақиқанг ғанимат деб бил,

Охиратинг ўйла, тез ибодат қил.

Барча тубанликдан холи ботир, шер,

Қулоқ тут, нелар дер эҳтиёткор эр:

Кечирдинг кечаги ўтган тунинг ҳам,

Насиб қилса ўтар ушбу кунинг ҳам.

Тутқич бермас сира шитоб замона,

Сира фойда бермас фарёд-унинг ҳам!

Кўпдан танҳо ўзим яшайман ёлғиз,

Ҳою-ҳавас нафсдан ўгирманман юз.

Шаҳар-қишлоқ сари чорлагайсан бот,

Холи айлар ҳирсу ҳавасдан қай зот?!

Ҳавасу ҳирс каби бўлмас ғаддор ёв,

Молу мулк ҳам қилар минг бир ғўрни ов.

Ҳирсингга бош берма, жўмард бўл теран,

Ҳавас-ҳирс қулига дўнма, эй эран!

Ҳавас бўйнин узиб, тутган ўзини,

Солиҳ аҳли ашъор тингла сўзини:

Нафсингга қул бўлма, эй хислатга бой,

Йўқса имон кетиб, холинг бўлар вой.


Билимли деб бўлмас ҳеч бундай зотни,

Ҳавасманд тўрт томон сурса гар отни.

Эгнидан ҳеч ечмас нафс жандасини,

Ақлли деб бўлмас нафс бандасини.

Ҳавас-ҳирс амрига ҳар нафас дохил,

Осий банда каби бўлмас ҳеч жоҳил.

Фаҳмсиз ҳар ношуд мурда, эй қардош,

Ҳавас-ҳирс қошида эгар такрор бош.


Тарозига солиб шоир арзини,

Теран англа маккор гардун тарзини.



[1] Бу байт Эмин Усмон таржимасида берилди.