Ўзғурмиш Ўгдулмиш билан мунозара қилишини айтади PDF Босма E-mail

Ўзғурмиш оҳиста деди: Ҳар сўзинг

Эшитдим, сўзим ҳам эшитгил ўзинг.

Оқибатинг учун Худо бехато,

Баракаю эзгу ном этгай ато.

Била олмадим ҳеч бошқа каломинг,

Пайсалга солмасдан айта қол коминг.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби


Ўгдулмиш дер: Васлинг дилда доғ бўлди,

Сени кўриб яна кўнглим чоғ бўлди.

Киши тилагида бўлса барқарор,

Машаққат нелигин билмагай зинҳор.

Нелар дер, эшитгил, синаган оқил,

Сўзин маъносин уқ, қалбингга жо қил:

Қай бир ишда бўлса орзу-умид ёр,

Шитобу шиддатни қилгай ихтиёр.

Йироқ ҳам яқин ҳар орзуманд учун,

Бахтиёр айлагай ногоҳ васли ёр.

Яна дер Ўгдулмиш: Мен ушбу сўзим

Тилимдан дардингда қўймасман ўзим.

Овул-кент тарк этдинг, яқинларинг ҳам,

Ёру қадрдон йўқ дардингга малҳам.

Машаққат, заҳматинг фузундан-фузун,

Яланғочу очсан, ҳасратинг узун.

Қариндош-уруғлар сенга қайғурар,

Юраги дардингда безовта урар.

Ожиздан ҳам ожиз ҳар ёлғиз инсон,

Ўзинг ёлғиз ҳасрат чекарсан ҳамон.


Ғам билан хотиржам ёта олмадим,

Алам-қайғуга ҳеч бас келолмадим.

Фақат сен учунми ибодат, азоб

Фақат сен учунми минг бир изтироб?

Нечун бунча заҳмат чекарсан ўзинг,

Очиғин айт, билай мен барча сўзинг.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш жавобан деди: О, бу сўз

Маъқул, вале сен ҳам тингла, қора кўз.

Меҳру мурувватдан сўзинг нишона,

Қариндош - қариндош учун парвона.

Қариндош қайғусин емай қариндош,

Бегона сира ҳам бўлмас кўзу қош.

Қавму қариндошдан ўзим айрилиб,

Не учун турибман бу ерга келиб?

Тоатим нуқсонин англадим аён,

Каминага афзал кўринди бу ён.

Келдим бу ён излаб комил саодат,

Худога қилай деб ёлғиз ибодат.

Даҳри дун ишига бош қўшган киши,

Хизмат қилса қолар охират иши.


Улус хизматидан токи узилмас,

Тоату ибодат тарҳи тузилмас.

Юз ўгириб ҳирсу нафс, қабоҳатдан,

Фароғат топилар сўнгра тоатдан.

Нелар дер эшитгил, ҳар оқил киши:

Ҳавас билан бўлмас бутун дин иши.

Ҳавасу нафс ғаним каттадан-катта,

Мўминни ҳам йўлдан урар, албатта.

Ҳавасга ким бўйин берар, қул бўлар,

Тану жон роҳати мени қул қилар.

Ҳавасга бош берма, ҳар мўминга хос,

Тану жон орзусин билим билан бос.

Холис ният билан қишлоқ-кент қолиб,

Сиғиндим бу ерга оғир юк олиб.

Улуссиз бу хилват сари зўр рағбат,

Беҳуда гапириб, қилмасман ғийбат.

Қадрдон қардошим, ёлғиз дема ҳеч,

Худо фикру зикри ҳамроҳ эрта-кеч.

Қариндош-уруғдан гарчи мен йироқ,

Уларга зарарим тегмас ҳеч бироқ.


Улус кўнгли нозик, мушкул шод этиш,

Ногоҳ кўнгли қолса, беомон ташвиш.

Улусга бўлмаса гар мендан фойда,

Зиён ҳам кўрмагай ҳеч ким ҳеч жойда.

Зиёну заруру яхшию ёмон,

Худо фармонида, сенга ҳам аён.

Арши аълодан то зах замин қаъри,

Умид билан такбир айтарлар бари.

Неки бор эл ичра, гар қилсам баён,

Зиёну зарар, на сен учун аён.

Дейсан: Не наф берар ибодат иши?

Бахт топар ибодат билан қул киши.

Қул оти қул учун, айлагай одат

Тоғу тошлар ичра мудом ибодат.

Ижобат қилса ҳам, қилмаса ҳам бот,

Ибодатин тилга олмагай ҳеч зот.

Якка-ёлғизликдан ҳеч бир зиён йўқ,

Тану жон ҳирсидан халос, кўнгим тўқ.

Аҳли шеър сўзларин дастур қилиб ол,

Сувратга боқма кўп, сийратга син сол:


Оқил бўлсанг агар ёлғиз яшагин,

Беминнат ёлғизлик ошин ошагин.

Тоат қилса зоҳид ёлғиз беармон,

Айт, бундан кимгадир етарми зиён.

Жамоат таърифин келтирдинг, қардош,

Ёру дўст топ дединг мисли кўзу қош.

Сен келгандан буён токи ушбу кун,

Тоат-ибодатсиз ҳолим танг бутун.

Биргина сен билан бўлганим учун,

Кўп зиён кўрдим мен, бу зуғум нечун?

Улус билан бўлсам қилиб ҳафсала,

Тоат-ибодатим - мушкул масала.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўзғурмиш сўз олиб деди: Ҳар сўзинг

Эшиттим, ўгирма сен ҳам ҳеч юзинг.

Сўзингу каломинг бегумон, эй дўст,

Ва лекин аслида бу ёлғон, эй дўст.

Улусга наф бергай ҳар тирик одам,

Тирик тутиб отин, алқагай эл ҳам.

Тирикликдан, айтгил, не мурод-мақсуд,

Киши топмаса гар бирон фойда-суд.


Хотин олгай, кўргай ўғил-қиз қатор,

Бефарзандлик, ахир, ҳар эр учун ор.

Нелар дер эшитгил, пухта ҳар иши,

Ўғил-қизи билан барҳаёт киши:

Бефарзанд сўнгги он бўлар пушаймон,

Дегай: ўғил-қизсиз бўлма, эй инсон!

Отадан қолса гар ўғил ва қизи,

То абад барҳаёт, ўчмас ҳеч изи.

Бефарзанд бандада мангу от бўлмас,

Бадар кетса, ўрнин босар зот бўлмас.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш мардона деди: Сўзинг ҳақ,

Яна бир фикр бор вале муҳаққақ.

Оқил ўғил-қизинг, шубҳасиз, бахтинг,

То рўзи қиёмат сарбаланд тахтинг.

Агар ношуд чиқса, ерга қаратар,

Ўзинг ўлсанг, тезда сени унутар.

Бошингга ёғдирар ғаним қарғишин,

Сўкар ёт-бегона, боз қайраб тишин.

Қай ўғил-қиз ғаним, минг бир миннати,

Ғанимсиз ҳаётнинг юксак қиммати.


Ёғийдан не янглиғ ёруғлик чиқар,

Ёғий номи ҳам зарб, юрагинг сиқар.

Таълим берар ҳикмат-панди шарофат:

Ўғил-қиз дардидай йўқ асло офат.

Далолат бунга ҳам донишманд сўзи,

Назар солсанг, тўғри сўзлаган ўзи:

Болам деб заҳматинг зиёда, эсиз,

Заҳматинг қадрлар қайда ўғил-қиз?

Сабил қолар ҳаром-хариш йиққанинг,

Сен - забун, муродга етар у ҳаргиз.

Денгизчи мисоли хотин олган зот,

Кема денгиз ичра сузиб борар бот.

Ўғил-қиз туғилса, кема ғарқ бўлар,

Кема синса, сувда ким тирик қолар?

Отасин қадрлаш - ўғил-қиз иши,

Ўғил-қиз отасин оғу емиши.

Ўғил-қиз отадан ёкейин яйрамас,

Отаси-онасин отин атамас.

Оила бу янглиғ қиларми вафо?

Қилиғи ёвузу қилмиши жафо.


Ўғил-қиз отаси минг заҳмат кўрар,

Минг бир заҳмат юкин филдай кўтарар.

Дўсту биродар ҳам дединг тутунгин,

Соз бу ҳам, заҳматин лекин тушунгин.

Ғоят аъло айтмиш донишманд жўмард:

Киши кўнгли гулдай, эҳтиётлаш шарт.

Кўнгил нозик жуда мисоли шиша,

Баногоҳ синмасин, асра ҳамиша.

Агар асрамасанг шам каби сўнар,

Иссиқда эрир тез, совуқда тўнар.

Дўстинг кўнгли қолса, пинҳона ёв у,

Жонинг учун ғаним офат-олов у.

Ғаним боис ҳар зот роҳатдан жудо,

Ғаним қилмишидан асрагай Худо.

Кичик бўлса ҳам ёв чорасин қилгин,

Кичик дема, ғоят катта деб билгин.

Фил учун чивин ҳам душман беомон,

Гангитар филни ҳам чаққани замон.

Нелар дер эшитгил, ёви бор киши,

Бошин оқартирган ғаним ташвиши:


Кичик душманим деб алданма узун,

Нечун қўрқайин деб қувонма фузун.

Ёвинг бўлса агар ғофил бўлма ҳеч,

Ёғийга ёғий бўл, мавзунга мавзун.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўзғурмиш жавобан аста жуфтлаб лаб,

Деди: Сўзим эшит, дилга ол жойлаб.

Яратди Худо бу жаҳонни билиб,

Обу ош ҳам берди ҳалол-пок қилиб.

Яхши дўсту ёрга қўшилса киши,

Дўсту ёри каби яхши ҳар иши.

Киши нафи бўлса кишига қўшил,

Кишига фойдани киши нафи бил.

Якка-ёлғиз юрар эл-юрт носози,

Кишига наф бермас, эй улус сози.

Улусга нафи йўқ ўсал чалажон,

Эл-юртга наф келтир, эй дўст, ҳар қачон!

Кўпайса ҳар киши дўсту қўлдоши,

Жо-бажо ҳар иши, сарбаланд боши.

Олам бағрида ҳам етар тилакка,

Охират истаса, қувват билакка.


Алам чексанг, фидо айлар ўзини,

Севинсанг, ёритар яйраб кўзини.

Фазилатинг ошкор айлаб оширар,

Барча нуқсонинг ҳар кўздан яширар.

Уруш-жанг азоби ҳар билак-белга,

Фазилат-нуқсонинг фош этар элга.

То жанг бўлмай ҳар бир жўмард мардлиги,

Билинмас шавкату наслин фардлиги.

Қай зот фазилати бўлса гар бисёр,

Не ажаб, орттирса минг ғаним-ағёр.

Холис хислатлари кимнинг зиёда,

Ғаним-ёв жамики отли-пиёда.

Холис зот ғаними бисёр ҳар ерда,

Ёвузга ёғий йўқ, ёвуз эр - мурда.

Ғаними зиёда зотга, назар қил,

Барчадан фазлининг ортиқлигин бил.

Ёғий билан жангда эр ном қозонар,

Ёвсиз киши оти чўзилиб ётар.

Нелар дер, эшит, мард, шижоатли эр,

Шижоатли ҳар эр омади ёр шер:


Нечун эр бўлар, айт, минг эр душмани,

Шаънига айтса ҳам бўҳтон бемаъни?

Бўри қайрилиб ҳам қарамас итга,

Чикора минг бир ит минг бор ҳургани.

Зарарим ҳеч кимга йўқ дединг ёлғиз,

Беҳуда очмасман дединг ҳеч оғиз.

Киши бўлмагач, бас, ким тинглар сўзинг,

Кишилар бағрида бўлмасанг ўзинг!

Асил марду майдон элу юрт аро,

Олий мақом бўлса, қилмай можаро.

Дағал сўзга майин жавоби дилсўз,

Дағал сўзласалар, ширин айтса сўз.

Улусга ҳамдард бор оқилу ҳаким,

Жафо қилсалар ҳам вафо қилса жим.

Унутса кин-нафрат, ўчнинг ғуборин,

Тилида сўзласа дилида борин.

Нелар дер, эшитгин, инсон инсони,

Комил аъмол билан сарбаланд шони:

Офат азал кўнгил ниҳол-нахлига,

Дағал сўзлама ҳеч одам аҳлига.


Алқа сўкса сени қай зот марази,

Тубан у, бўлгин сен улус сараси.

Жафо қилганга ҳам қил фақат вафо,

Вафо жўмард қилар, номардлар - жафо.

Ўгирса сендан юз яқин дўсту ёр,

Улардан сен зинҳор кечма, эй ҳушёр.

Агар зулм қилса сенга қай золим,

Кечиргил, шундай дер аҳли дин, олим.

Жория, қулга ҳам бағринг кенг қилиб,

Рози қил барчасин ўз қадринг билиб.

Жўмард аҳли мардлик йўриғин тутиб,

Юрар сабр билан ўлимин кутиб.

Ёлғизлик домида хилватда фузун,

Не давлат топарсан, эй фазли афзун?

Роҳат, орзу, неъмат бегона мубҳам,

Кумуш, гавҳар, олтин, топмадинг мис ҳам.

Сарой, қаср, ер-сув кирмас тушингга,

Ўғил-қиз, от, зийнат ёқмас хушингга.

Ҳотамдай қўлинг ҳам очиқ эмас ҳеч,

Кошки кўзинг очсанг эртами ё кеч.

 

Йўқотдинг бор будинг, қисматинг тахир,

Қай телба зоҳид деб атади ахир?

Қаноатли кўпдан кечиб озига,

Зоҳидлик қилолса, яхши ўзига.

Улус армонига зоҳид етишар,

Бардош билан фақат бу неъмат пишар.

Бағрида бўлса ҳам гар минг бир орзу,

Кечар барчасидан жўмардларча у.

Едирса, ичирса, ғарибни қўллаб,

Худога сиғинса, муножот йўллаб.

Дунё кулиб боқса, кўнгил қўймаса,

Юзин ўгирса ҳам ғамга йўймаса.

Худо ёр, қадамда минг омад кутса,

Ўзини тилда ҳам, дилда бир тутса.

Бу сўзим исботлар ҳақ калом нақши,

Эшит ҳам амал қил, эй феъли яхши:

Жўмард аҳли бошлаб ишин астойдил,

Ғайрат билан қилгай ҳар ишин дадил.

Атагин сен уни мард ичра жўмард,

Етиб минг орзуга бўлса соф, одил!

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби


Ўзғурмиш безгандай деди: Айт менга,

Каминадан асли не керак сенга?

Оғиз очганим он бўларсан сўзим,

Жавобин қиларсан тўхтатиб ўзим.

Очиғин айт менга, қилма овора,

Ҳар не истасанг ҳам сўра ошкора.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш салмоқлаб деди: Мен ўзим

Умид билан келдим, айтсам ҳақ сўзим.

Шоҳаншоҳ Кунтуғри эшитди сени,

Ҳузурига чорлаб юборди мени.

Ғоят орзулади сени кўришни,

Буюрди қошига олиб боришни.

Оғир бўлса ҳамки тез бориш керак,

Султонга етишиб, бир кўриш керак.

Подшо ғоят эзгу хон-султон ахир,

Улусга жонкуяр, меҳрибон ахир.

Хоқон юзин кўрган зот қутлуғ бўлар,

Ғолиб каби қўйни-қўнжи ҳам тўлар.

Нелар дер, эшитгил, элу юрт хони,

Беназир каломи минг дард дармони:


Адолатли, тўғри бек аъло тийнат,

Қути билан берар барчага зийнат.

Қаёнда янграса одил бек оти,

Топар бахт қошига борган эр зоти.

Асосу негизи адлу адолат,

Адолатсиз ерда қўпар разолат.

Адолатли шоҳлар бўлмаса, ҳамон

Вайрон айлар эди фалакни Раҳмон.

Азиз - одил шоҳга ким ҳамдам бўлар,

Муродига етиб, айби ювилар.

Биларсан, бу кун мен бўлганим одам,

Саодатим топдим шоҳ билан ҳамдам.

Худо берди, шукр, тафаккур-билим,

Эзгулик бобида забардаст қўлим.

Эзгу ишлар сари Худо очди йўл,

Улус юки енгил, наф ҳам топди мўл.

Сени ҳам чорлагай қошига Хоқон,

Ҳамжиҳатлик билан минг мушкул осон.

“Ола кел!” деб жадал юборди сенга,

Раво кўрма ёлғиз жўнашни менга.


Мактуб ҳам йўллади самимий тўқиб,

Нелар битган, аё, ўзинг кўр ўқиб.


Мактубни чиқариб ҳам узатди аста,

Ўзғурмиш авайлаб олди ораста.

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга саволи

Узоқ ўқиб, толди хаёлга узун,

Аъло таълим, деди сўнг султон сўзин.

Ҳузурига чорлаб мени шоҳ кабир,

Барча эзгуликни атамиш бир-бир.

Бағоят мураккаб иш бу мен учун,

Насиҳат бер, нелар қилай, инчунун?

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш жавобан деди: Шоҳаншоҳ,

Сени сўзлар сира тинмай, бўл огоҳ.

Тилидан эрта-кеч бир отинг чиқар,

Йўлингга эрта-кеч интизор боқар.

Кимни севса шайдо кўнгил орзулаб,

Отин тилдан қўймас сўзга сўз улаб.

Биларсан ошиғи содиқ недан шод:

“Ёр жамоли билан зор кўнглим обод!”

Кўнгил кимни севса, кўрар кўзда ёр,

Висоли айлар маст, учар юзда ёр.


Кўнгилда не бўлса гар тилак-орзу,

Такаллум қилса, бор калом-сўзда ёр!

Ўзғурмишнинг Ўгдулмишга жавоби

Ўзғурмиш оҳиста дер: Айла баён,

Бирон-бир чорасин қилгайсан аён.

Ғамхўр қариндошим ўзингсан яқин,

Насиҳат қил, ўта қардошлик ҳақин.

Бу ишда сўрайман сендан маслаҳат,

Минг мушкул ҳам осон бўлсак ҳамжиҳат.

Қардошсан истасанг бўл жўра ҳам дўст,

Биродар, қариндош мисли мағиз-пўст.

Меҳрибон фақат сен бу кун чин менга,

Не десанг қиларман, ишондим сенга.

Ўгдулмишнинг Ўзғурмишга жавоби

Ўгдулмиш самимий айтди: Бундай сўз

Мендан сўрамагин зинҳор, қора кўз!

Мени қилди султон бир элчи сенга,

Равоми кенгашиш сен билан менга.

Борайлик, демакдан ўзга йўқ сўзим,

Қай асно айтарман борма деб ўзим.

Бирга бўлсак бизлар фойдаси бисёр,

Ўз нафинг кўзлама дер ақлим такрор.


Нелар дер, эшитгил, билимли чигил[1],

Билимсиз, эшит сен, бўйин бер, эгил:

Ўз нафин тилар ким, маслаҳат солма,

Нафи йўқ сенга ҳеч беҳуда толма.

Холис киши билан кенгаш, эй қардош,

Токи кўзламагай ўз нафин ҳар бош.

Ўз нафин кўзлаган ўз нафи учун,

Нафин кўзлаб ишга солар бор кучин.

Ҳар битта юмушни кенгашиш керак,

Агар кўнгил чопса, киришиш керак.

Ўзингга меҳрибон фақат сен ўзинг,

Ҳар кимдан сўрама, ортиқ ҳар сўзинг.

Билиб қил ишингни, ўтинчим сендан,

Бу ишда маслаҳат тилама мендан.

Умид билан келдим юриб қанча йўл,

Маслаҳатим бирга юргин бериб қўл.

Улус бағридаги ҳар эзгу аъмол,

Топилмас бу жойдан гар айтсам ҳалол.

Шаҳар-қишлоқ ичра рўшнолик тайин,

Аниқ сўзлаб бердим сенга атайин.


Биларсан, ҳар сўзни дилдан сўзладим,

Худойимга аён, нафинг кўзладим.

Улусдан қочарми ҳеч оқил киши?

Улусга қўшил, бу - кишилар иши.

Корига яра, қил мўминлар ишин,

Худо жаннат ичра қилгай ҳамнишин.

Тилу дилинг тўғри, тоат қил ҳамон,

Қаёнда истасанг, яша беармон.

Ҳар кимга тош отмай, қадрингни билиб,

Ёлғиз яшамагин элдан айрилиб.

Ғоят бунга монанд бу байт, эй оқил,

Ўқигин, ҳар ишда мудом амал қил:

Қаёнда юрсанг ҳам созу яхши бўл,

Азилзода дема, яхшига тут қўл.

Оқил равон йўлдан чиқмагай сира,

Юрар роҳинг бўлсин фақат тўғри йўл.

Ҳар ким яхшиликни қилса ихтиёр,

Ҳамиша ҳар жойда бўлар бахтиёр.

Яхши ҳамма жойда ҳам яхши бўлар,

Саодат ёр, қўйни-қўнжи ҳам тўлар.


Феълинг аъло айла, бадбин бўлмагил,

Қаёнда юрсанг ҳам сира қўрқмагил.



[1] Чигил – туркий халқлар оиласига мансуб қабилалардан бири, шу қабилага мансуб шахс.