Кунтуғди хоқон ўзғурмишга мактуб ёзиб йўллашини айтади PDF Босма E-mail

Давот-қоғоз сўраб, хат ёзди ҳассос,

Мактуб билан қўйди иш учун асос.

Худо номи билан сўзин бошлади,

Яратган, яйратган, кечирган деди.

Деди: Хатга солдим Худойим отин,

Номи билан нурли зоҳиру ботин.

Беадад минг ҳамду яна минг сано,

Қиларман Худога, йўқ унга фано.


Истади, яратди барча жонзотни,

Ризқу рўзи тайин бор жумла зотни.

Бор олам, мавжудот, одам дармони,

Раво бани башар учун фармони.

Яшил кўк яратди, яратди кун-ой,

Қаро тун, ёруғ кун, ҳисобли йил, ой.

Яратди бу даврон, доим айланар,

Худо фармонидан чиқмас, шайланар.

Яратмай жонзотни яратди қазо,

Қазога рози бўл, олма бас, жазо!

Не истаса қилди, яна ҳам қилар,

Раво ҳар айтгани, не айтса бўлар.

Султондан самимий етказгил салом,

Омонлик тилаб хат ёздим, вассалом.

Эсон-омонмисан, тану жонинг соғ,

Замон эгмаганми қаддинг мисли тоғ?

Эшитдим сенинг феъл-атворинг гўзал,

Замон ичра йўқ сен каби мукаммал.

Худо ато этмиш сенга кўп ҳунар,

Зиёда тафаккур-илминг, эй унар.


Беназир атворинг эшитдим ўзим,

Сени орзуладим, эй кўркли юзим.

Қардошинг – Ўгдулмиш, қошингга борар

Каломим етказиб, арзин ёлворар.

Қавму қариндошдан юмибсану кўз,

Овул-кент аҳлидан ҳам бурибсан юз.

Сарбаланд тоғ ичра хилватда ёлғиз,

Тоат-ибодатда кечаю кундуз.

Қавму қариндошинг не қилди сенга,

Нечун юз ўгирдинг, очиқ айт менга?

Бағринг жабру жафо қилган бўлса қон,

Қошимга келиб айт бор дардинг равон.

Мадад берай сенга адолат билан,

Даврон сур бу ёнда ҳаловат билан.

Қардошдан қардошга наф етар фақат,

Нафи билан банда топар фароғат.

Иноқлик керак ҳар қариндош билан,

Яқин ҳамнафаслик қари-ёш билан.

Қайда ҳамжиҳатлик ва иноқлик бор,

Яқин ҳамжиҳатлик фойдаси бисёр.


Нелар дер, эшитгил, бу айтувчи шеър,

Ғолиб мудом бўлса дўст гар икки эр:

Қора ер, зилол сув пайваста бўлар,

Турфа гулу ғунча очилиб, кулар.

Пайваста дўст-ёрдан ягона аҳди,

Элу улус барча намуна олар.

Ибодат қиларман десанг муттасил,

Шаҳар ичра қилгин - диндорлик асил.

Улус ичра тоат савоби бисёр,

Зоҳид бўларми ҳеч ёлғиз бахтиёр?

Билим ўрган аввал, тоатга қувват,

Билимсиз ибодат - азоб-уқубат.

Ҳамон икки турли инсон кабири,

Бири ўргатса гар, ўрганар - бири.

Кечар ҳайвон каби ғофиллар куни,

Тиласанг уни де, тиласанг буни.

Хоқоннинг Ўзғурмишга насиҳати

Сен қай тоифадан, менга айт очиб,

Беназир инсон бўл, нодондан қочиб.

Билим олгандан сўнг тугал ўрганиб,

Ишга солгил уни, тер тўкиб ёниб.


Агар билмасанг ҳеч, ўрган билим - қўр,

Ибодатга сўнгра, майли, бергин зўр.

Нелар дер, эшитгил, билим берар зот,

Билим билан билиб тоат қилар зот:

Билим билан қилгин тоат-ибодат,

Ҳар гўшада билим боис саодат.

Билимли ибодат бисёр савоби,

Бенаф ҳар билимсиз нодон тавоби.

Билимсиз ибодат-тоатдан кўра,

Мудраган билимли фойдали, жўра.

Шаҳар-қишлоқ ичра тоат саодат,

Тоат ғор ичра, айт, бу қандай одат?

Тоат-ибодатинг саждаю номоз,

Рўза яна бири, соҳиби эъзоз.

Бундан зиёд яна не тоатинг бор,

Эшитай бор бўлса, айлагил изҳор!

Зоҳидлик қиларсан, йўқ шарофати,

Зоҳидлик қисматинг гаров офати.

Зоҳидман деб кўкрак керсанг гар ўзинг,

Тоатинг беҳуда, бас қил ҳар сўзинг!


Оқил ибодатин тутар сир-роздай,

Тоатин ҳам минг бир билар кам-оздай.

Доно қилса дилдан тоат-ибодат,

Элу юртдан пинҳон бу эзгу одат.

Ҳикмат моҳиятин теран қил идрок,

Амал қил ҳикматга, эй нияти пок:

Жўмард эр эл ичра камтарлик қилар,

Юз йиллик тоатин ҳам оз деб билар.

Ибодат қил пинҳон, ҳеч ким кўрмасин,

Ғурурга берилма, мағрур қоқилар.

Шаҳру қишлоқ ичра қилгин ибодат,

Насиб этгай барча бахту саодат.

Улусга наф бериб, корига яра,

Қардошга кўнгил қўй, бўл элда сара.

Етиму есир, тул-бевалар муштоқ,

Мададга зор неча басир, шол, чўлоқ.

Жамоат билан қил фарз номозини,

Жумаи муборак қарз номозини.

Ҳалол дунё топиб, улаш хор-зорга,

Кучу қувват бўлгин мададга зорга.


Бундан аъло тоат-ибодат бўлмас,

Зиёда иқболу саодат бўлмас.

Эл ичра минг бир иш савоби фузун,

Номоз-рўза ишинг, эй фазли афзун.

Худбинлик эш тоат сеҳрсиз бўлар,

Азал қавми худбин меҳрсиз бўлар.

Ғоят аъло айтмиш каломи лазиз,

Эл-юртга меҳрибон, азиздан-азиз:

Жўмард эр эл ичра кўзламай фойда,

Ўйлар эл фойдасин ҳар ер, ҳар жойда.

Меҳрибон эр бўлар элда муҳтарам,

Ёмону яхшига кўрсатгай карам.

Нафи зиёд ҳар зот элга ярашар,

Нафи йўқ ҳар касдан безор бор башар.

Ярар эл корига нияти пок зот,

Нияти покдан эл минг наф топар бот.

Тоатга инониб бирорта ҳам қул,

Топа олмас Тангри даргоҳига йўл.

Худо розилигин тиласанг ўзинг,

Мўминлар бахтин ҳам тила, бас, сўзинг.


Тоатингга муҳтож эмас қодир Зот,

Ўзинг қуллигинг қил, топгил эзгу от.

Оти қул ҳар банда тоат бор иши,

Одам саналмас ҳеч тоатсиз киши.

Тоат қил, бергайсан аҳли динга қўл,

Тоатга назар сол, муқаддас бу йўл.

Ғоят яхши айтмиш доно илми кенг,

Амал қилгин бунга сен ҳам, бағри кенг:

Тоатим бисёр деб қувонма ҳаргиз,

Тоат қил Худога, тоатли азиз.

Тоат қил Худога – банда аъмоли,

Илм олишни ҳам унутма ҳаргиз.

Зиёда чорларман, Ўзғурмиш, сени,

Ўз нафин кўзлар деб ўйлама мени.

Агар келсанг, нафи зиёда сенга,

Ногоҳ келмасанг ҳам зарар йўқ менга.

Сени чорлагайман эл нафи учун,

Элга билиб зиён етказмоқ нечун?

Беҳуда эмас ҳеч мен қилган хитоб,

Маъқул десанг, етиб келгайсан шитоб.


Мен билан бирга бўл, қил ёрдам-мадад,

Карам қил жумла хор-зорга беадад.

Ўзингга савоб ол, менга эзгу от,

Икки олам бахтин бергай қодир Зот.

Мени азиз қил ҳам ўзинг азиз бўл,

Ҳар ким ҳар жўмарддан ўрганар рост йўл.

Бахтиёр айласанг эъзозлаб мени,

Не тонг, бандам деса Худо ҳам сени!

Тожик донишманди, эшит, берар панд,

Тожик доноларин шуҳрати баланд:

Ишончли бек элин дардига дармон,

Улус файзу лутфи билан беармон.

Бутун бўлса, не бахт, ҳар бек имони,

Имонли бек боис бутун эл нони.

Ҳар ким эзгу бўлса, бир ўзи учун,

Беги эзгу бўлса, улус кўрар кун.

Киши деб аташга лойиқ ҳар киши,

Элига наф берса қилар ҳар иши.

Башар аҳли кўнгли тозани севар,

Азиз мен учун ҳам ҳар моҳир чевар.


Аъло зот Хоқонга келтирар фойда,

Улус мушкули ҳал яхши бор жойда.

Зиёда улусга ҳар яхши меҳри,

Азиз айлар бизни меҳрнинг сеҳри.

Узун мактуб битдим тебратиб қалам,

Тугатдим ниҳоят мен чекиб алам.

Ўзга сўзларим ҳам бир-бир айтайин,

Қардошинг барчасин етказар тайин.


Номани ўради, тамға ҳам солди,

Узатди, Ўгдулмиш оҳиста олди.


Хоқон айтди: Боргил, яна қай бир сўз,

Зарур бўлса ўзинг айт, эй қаро кўз.

Ғайрат қил, етказиб кел уни менга,

Амру фармоним шу ягона сенга.

Донишманд нелар дер, эшитгил ўзинг:

Оқил элчи юбор, уқтирма сўзинг.

Яна қандай сенга уқдирай калом,

Барча сўз ўзингда, хулласи калом.

Не сўз даркор бўлса, сўзлагил билиб,

Адо эт армоним чорасин қилиб.

 

Ҳа, деб қошидан чиқди Ўгдулмиш,

Не бахт, ҳулқи аъло бўлиб етилмиш.

Отин минди, уйга томон йўл солди,

Келиб тушди, кирди, енгил тин олди.

Қуёш инди замин қаърига аста,

Ёруғ дунё зулмат ичра пайваста.

Қора тун қоп-қора зулфин кенг ёйди,

Қорайган кенг жаҳон ғордай торайди.

Ўқиди покланиб намози хуфтон,

Тўшак сўраб, ётди дилида Раҳмон.

Чўчиб уйғонди у яна саҳарда,

Қора занжи тортмиш юзига парда.

Намози бомдодда тилади нажот,

Яна тасбеҳ айта қилди муножот.

Яна заррин баркаш кўкда намоён,

Мунаввар чеҳрадай ёришди жаҳон.