Ўгдулмиш хоқонга хизматчиларнинг бек зиммасидаги ҳақи қандай бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш деди: Бек бўйнида зинҳор,

Хизматга яраша ходим ҳақи бор.

Обу ошин аввал тез бериш керак,

Муҳайё шароит яратиш керак.

Ҳар хизмат заҳматли, оғир иш бўлар,

Беклар билса буни, иш қадрин билар.

Тану жонин фидо айлар хизматкор,

Тилар бек фойдасин такрору такрор.


Ёзу қиш, очу тўқ, яланғоч-яёв,

Қилич, болта зарбин егай беаёв.

Гоҳи ўнг, гоҳ сўлда, гоҳ илдам кетар,

Азоб чекиб бекка роҳат бахш этар.

Жанг ичра кўринмай жони кўзига,

Ҳаёт тилар бекка, ўлим - ўзига.

Шаҳаншоҳ топсин деб саодат, раҳмат,

Тунни кунга улаб чекар минг заҳмат.

Холис хизмат учун бек рози этгай,

Бағрикенглик билан қадрига етгай.

Нелар дер, эшитгил, Учўрда[1] хони,

Бебаҳо эл ичра, мардлар султони:

Аё бек, эл аро азиздан-азиз,

Эъзозла, хизматин қулларинг ҳаргиз.

Хизматкор билан бек юлдуз ҳам узар,

Қудратли элу кент-шаҳарлар тузар.

Қанча буюк бўлса бек, улуғ насли,

Содиқ қули билан яна соз асли.

Эй шоҳ, одамийлик мурувват билан,

Мурувватли ҳар зот тариқат билан.


Тариқатдан ҳиммат ҳам қутлуғ қисса,

Хизматкорга бергин сен лойиқ ҳисса.

Хизматкор тер тўкар ҳимматга илҳақ,

Мурувватдан эмас бермаса бек ҳақ.

Билиб боргай беклар хизматчи неча,

Кераги қанчаю нокерак қанча.

Нафи зиёдани сийламоқ лозим,

Мукофотга лойиқ содиқ мулозим.

Кишининг жонзотдан фарқи йўқ, эй бек,

Қиёсласанг, ишинг кўнгилдагидек.

Жонивор ишламас ҳеч қорни тўймай,

Кўрар наф сўнгра ҳар бандаси мўмай.

Инъом берса беклар, ширин сўз сўйлаб,

Жон берар хизматкор бегини ўйлаб.

Содиқ ҳар хизматчи меҳрибон бўлар,

Азоб чекиб бегин севинчин тилар.

Ғоят мос сўзлаган донишманд асти,

Билим билан ҳар зот забардаст дасти:

Яхшилик йўлида жон берар инсон,

Ишончинг минг бора оқлар баимкон.


Фойда топса, ҳар ким ўзин қул қилар,

Ҳимматли хожам деб, тер тўкар ҳар он.

Хизматга муносиб бер инъом-маош,

Яланғочга кийим, очга обу ош.

У қандай бек ахир, айт, эй улуғ зот,

Қашшоқликдан қулин қилмаса озод?

Эшитгил, нуроний айтар ҳикмат-сўз,

Нуроний айтар сўз йигит учун кўз:

Ўзга учун ҳар ким меҳнат қилса сарф,

Ўзига аввало келтирар минг наф.

Киши хизматини билмаган инсон,

Киши деб аталмас, бамисли ҳайвон.

Бўлар икки турли хизматкор нуқул,

Бири озод-эркин, бири муҳтож қул.

Хизматкор эрки йўқ қул, ялангоёқ,

Хизмат қилмаса гар бекдан ер таёқ.

Озод хизмат қилар ўзин қул қилиб,

Жоиз мукофотлаш хизматин билиб.

Озод-эркин киши яхшиликка зор,

Уларга бахт йўлин очгил беозор.


Озод зотни қулдан кўра иззат қил,

Озод - аҳли мўмин, қулингни қул бил.

Зиёда қасрингда, эй бек, бахту қут,

Тиласанг бахту қут, қасрингни тинч тут.

Хизматкор бойиса, бек машҳур бўлар,

Номи дуо билан то абад қолар.

Хизматкор билан бек, эй султон, асли,

Холисона ишлар сотувчи насли.

Сотувчи беради унга дастмоя,

Олувчи учун наф берар сармоя.

Йилу ой, кун ўтиб, у фойда қилар,

Баравар тақсимлаб, фойдасин олар.

Бамисоли шундай хизматкор киши,

Беги билан мудом ҳисобли иши.

Қулга ашё берар беги ширин сўз,

Узоқ хизмат қилар хизматкор дилсўз.

Жонин фидо қилиб урар у қилич,

Элу кент, қишлоқлар забт этар – севинч!

Ёвни тор-мор этар, хазина тўлар,

Тилак, нозу неъмат басма-бас келар.


Сенинг давлатинг бу, яхши бил, бегим,

Нафи текканни ҳам иззат қил, бегим.

Нелар дер, эшитгил, тужжорлар1 боши,

Нафин кўзлаб дунё кезар бу киши:

Фойдали қул ҳатто ўғилдан яқин,

Фойдасиз ўғилни бил офат, чақин.

Барча банда борки, ахтарар фойда,

Қарир овчи уйда, фойда йўқ жойда.

Лашкар азал беклар учқур қаноти.

Қанотсиз учмас қуш, эй эл нажоти.

Лашкар билан беклар кучи намоён,

Лашкар билан беклар мушкули осон.

Қай бир бек ёнида бисёр минг мардон,

Жумла жаҳон ичра шоҳ, соҳибқирон.

Қайси бек минг ҳунар ўрганса тугал,

Минг бир истагига етар мукаммал.

Жаҳонгирга ҳунар керак минг туман,

Жаҳонни забт этиш учун тамоман.

Бенаф дема, ҳунар ўрган, эй ўғил,

Ҳунару минг касбни Ҳумо қуш деб бил.


Ҳумодай минг ҳунар етказар бахтга,

Беармон ҳар бахтли чиққандай тахтга.

Нелар дер, эшитгил, оппоқ бошли эр.

Очун билан тенгдош узун ёшли эр:

Илму ҳунар ўрган, азиз тут уни,

Азиз қилгай билим ҳам ҳунар сени.

Илмли закий бўл, юрма ҳеч бекор,

Кези келса наъфи тегар бир куни.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Эшитиб бирма-бир, Хоқон шод-хуррам,

Деди: Эй ақли бут, элда мукаррам.

Одамийлик илмин олим огоҳи,

Азалдан вафодор жўмардлар роҳи.

Улус тақдирига масъулман ўзим,

Дастим ҳам забардаст, фармон ҳар сўзим.

Қувонмасман ортиқ бек бўла туриб,

Қувонмасман ортиқ даврон ҳам суриб.

Тилагим қошимга ҳар бир келгувчи,

Бойиса мен боис, кучайса кучи.

Беклик хуррамлиги иқболга моя,

Дуою эзгу ном менга кифоя.


Олтину кумуш ҳам зиёда минг ганж,

Фақат лашкар учун йиғдим чекиб ранж.

Улашгум ҳар кимга тилаб шуҳрат-шон,

Дуо қилиб улус, қўллагай Раҳмон.

Тилагим шу - менга хизмат қилгувчи

Бадавлат бўлгай ҳар кейин қолгувчи.

Йитсам ҳам мен ўзим эл бўлгай обод,

Холис дуо билан руҳим этгай шод.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш холисона деди: Эй султон,

Бунга чора билим, ақл бегумон.

Беш кунлик бандага яна не даркор,

Эзгу номи тиллардан тушмаса зинҳор.

Дунё десанг улаш кумуш-зар ортиқ,

Охират учун ҳам кафил шу тортиқ.

Олтину кумушинг улаш басма-бас,

Қўлга кирар қилсанг қай элни ҳавас

Эътибор бер доно бек санъатига,

Асос солган беклик салтанатига:

Мурувват билан бек лашкари бисёр

Истаса, бас, енгар ёвни ҳам ҳушёр.


Бисёр лашкар даркор, ганждан фойда йўқ,

Асил бек фойдаси: улус бўлгай тўқ.

Лашкар бўлса, беклар камаймас эли,

Лашкар бўлмаса, бек букилар бели.

Бекдан рози лашкар жанг қилар шердек,

Қай юртни истаса, эгаллагай бек.

Сахий бўлса беклар забардаст қўли,

Икки олам ичра очиқ бахт йўли.

Нелар дер, эшитгил, билимли тилин:

Хасис бек бошқара олмас ҳеч элин.

Қовушмас ёвлашган, бир-бирдан қочар,

Хасисга бегона, сахийни қучар.

Хасисдан қочар ҳар қўли гул мард шер,

Сахий билан бахтин топар барча эр.

Хасислигу беклик бир-бирига ёв,

Хасисга ҳар ерда хавф солар олов!

Яна эл бошқариш бор икки сири,

Бири - соф олтину, зулфиқор - бири.

Сахийлик билан эл-юртинг маҳкам тут,

Сахийлик келтирар бек учун бахт-қут!


Жўмард эр сермаса қилич беомон,

Не алп паҳлавон ҳам забун бегумон.

Тоза зар билан бек узатса қўлин,

Қиличсиз, тил билан бошқарар элин.

Икки омил билан элинг обод қил,

Икки олам ичра ўзинг ҳам шод қил.

Соф олтин шод қилар хафа кишини,

Соф олтин бажарар чала ишини.

Қилич қайга етса, кумуш бор унда,

Кумуш қайда бўлса, қилич ҳам шунда.

Аё бег, кумуш соч, тўпла жўмард эр,

Кумуш тугаб-битар, топар уни шер.

Қиличли мард-ботир кумуш гарови,

Хазина бор ганжи қиличли дови.

Хасис бек хазина тўплар чекиб ранж,

Қилич билан йиғар сахий бек минг ганж.

Азал-абад очун шу асно қалқар,

Бахилни таҳқирлаб, сахийни алқар.


Хоқонга Ўгдулмиш айлади таъзим,

Самимий ёд этди Тангрини азим.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби


Минг ҳикмат шавқидан севинди малик,

Дуо айта аста кўтарди илик.

Деди: Эй ишонган, меҳрибон Эгам,

Минг битта дардимга ҳам дармон Эгам.

Таянчим йўқ зинҳор сендан бўлак ҳеч,

Ёлвориб сўрайман сендан эрта-кеч.

Қай бир яхшиликлар менга қилмадинг,

Не бир орзуларни менга бермадинг.

Қабул айла тоат, ибодат, сўзим,

Аё, мангу мунгсиз, ҳасратли ўзим.

Ўзингдан тиларман кўмак, куч-қувват,

Равон йўлга бошла, соҳибмурувват.

Барча рўшноликдан юксак неча қат,

Ўгдулмиш туфайли кўнглим тўқ фақат.

Айладинг бу зотни сен менга ато,

Қиларман минг бора шукринг бехато.

Тану жонин фидо айлар ишимга,

Дуо билан қўшар ёш ҳам ёшимга.

Ато айла қувват, ўтайин ҳақин,

Севинсин, то бўлсин кўнглимга яқин.

Яна айтди султон: Аё Ўгдулмиш,

Закий, билимдонлар сени алқамиш!

Закийлик исталса, закийсан тугал,

Комиллик бобида илминг мукаммал.

Ишончли, содиғу ҳиммати ҳам мўл,

Одамийлик билан узатарсан қўл.

Инъомдан зиёда минг хизмат қилдинг,

Минг бир иш адосин шараф деб билдинг.

Холис ҳар хизматинг ўташим лозим,

Рози қилай дилдан, шайлан, мулозим!

Севинди қанчалар сендан бу кўнглим,

Сени ҳам шод этгай Худо, эй ўғлим.

Сўздан тўхтаб Хоқон, ўйланди бир оз,

Хизматчи ҳам таъзим айлади ҳамроз.

Туриб чиқди ундан боз шоду хандон,

Отин минди, келди уйига равон.

Самимий хизматни айлади одат,

Қошида бағрин кенг очди саодат.

Теран ақлу идрок илми ҳам асти,

Кулиб боқди фалак, забардаст дасти.


Нелар дер, эшитгил, давлати аён,

Бадавлат, эл ичра шавкатли аъён:

Ким билан гар давлат ярашса келиб,

Самога етказар, юқори қилиб.

Кела берса қўша давлат киройи,

Дилу жони яйраб, яшнар чиройи.

Ғоят мослаб айтган ёшулли сенга,

Уни яхши англа, қулоқ тут менга:

Давлати бисёр зот - забардаст ўзи,

Раво барча иши, ҳикмат ҳар сўзи.

Беназир файласуф бўлса ҳам чечан,

Тилин тийгай мулксиз, камтар ризқ-рўзи.

Азалдан бу янглиғ жаҳон рафтори,

Бевафо, давлату шавкат хуштори.

Ёвузга қўл берса, обрўйи баланд,

Кичикка йўл берса, буюк, сарбаланд.

Насиб этса кимга бу давлат келиб,

Безар ичу ташин шамолдай елиб.

Агар келса, раво барча орзулар,

Олам ичра машҳур, барча эл билар.


Агар кетса, олар зар не тошни ҳам,

Эгар қаро ерга баланд бошни ҳам.

Аё, эй кўнгли пок, зуккою ҳушёр,

Дунёга дил берма, беомон ағёр.

Не даркор қоронғу, омонат ўрин,

Боқий манзил сари шошилгил бурун.

Омонат бу дунё, ундан кўнгил уз,

Тоат билан боқий саодатинг туз.

Хитобим эшитгин, эй кўнгли тоза,

Ҳар ишда бўлгайсан ўрнак-андоза.

Эй ҳиммат соҳиби, боқий олам соз,

Боқий олам талаб зотга қут ҳамроз.

Кечар дунёни қўй, дорилфанони,

Тила саодатинг - дорилбақони.

Жафокор дунёга фақат жафо қил,

Жафо қилсанг такрор бўлар у мойил.

Аё йўлдан озган, бисёр гуноҳи,

Дунёни севма ҳеч, беомон чоҳи.

Чоҳга тушган банда чекар минг озор,

Чиқа олмас чоҳдан ҳеч мисли мозор.


Сарбаланд қил ўзинг, қутулгин чоҳдан,

Тоат қил, имонинг тила Оллоҳдан.

Мудҳиш бу йўлдан қайт, ният қилгин хуш,

Дилингдан тавба қил, бахт айлар сархуш.

Равон кўнгил билан шоҳ мамнун ғоят,

Сиёсат бобида адолат - оят.

Ғарибга битиб жон, улус бахтиёр,

Дўсту ёр сарбаланд, хору зор - ағёр.

Қувончу севинчга пайваста куни,

Очунга ёйилди шуҳрати уни.

Давру даврон сурди, бутун ризқ-рўзи,

Бўри тўқ, бир йўла омон қўй-қўзи.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Султон сўзга тутиб бу Ўгдулмишни,

Сўради кечар кун ҳам қилар ишни.

Не асно кечар кун, эй Ўгдулмиш, айт,

Ғарибми, бадавлат кўп элда бу пайт?

Улус ичра қанча ярамас, ёвуз,

Очиқ айт халқ ҳолин, яширма ҳеч сўз.

Улус гап-сўзида не тавру равиш,

Сўкиш-қарғишми ё устувор олқиш.


Зиёдми фазилат, камчилик, нуқсон,

Айтиб бер, кўрайин чорасин ҳамон.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш бош эгиб деди: Эй Хоқон,

Қодир фармонингда замину замон.

Султон давлатидан гуллади очун,

Ғаму алам қисқа, севинчлар узун.

Фаровон эл-улус, яйрар бехатар,

Шаҳар-қишлоқ обод, кўнгил яйратар.

Роҳат-фароғатда улус кунлари,

Шоду хуррам кечар бутун тунлари.

Шаънинг алқаб айтар барча минг олқиш,

Дуо қилар катта-кичик ёзу қиш.

Одил тартиб обу зулм - ўт-олов,

Об билан оташни ўчирдинг сен, дов.

Одил сиёсатдан яшнади очун,

Зўравон даф бўлди – маст қилган маъжун.

Эй Хоқон, уч ишдан етар талофат,

Ғофил бек ишрати эл учун офат.

Иккинчи – нотавон улус бошлар эр,

Учинчи – қавми суқ улус бағрин ер.


Феълингда йўқ, шукр, бу учдан бири,

Озор бермас элга зулм қашқири.

Сиёсати одил, эй феъли ҳалим,

Худо берди ҳунар, тафаккур, билим.

Ўзинг бўлдинг барча эзгу ишбоши,

Улус қорни ҳам тўқ, бут эгни-боши.

Минг бор шукр айта, минг бор тоат қил,

Роҳат-фароғатда жаннатга дохил.

Содир бўлса четдан бирон айб, хато,

Назарда тутарман барин бехато.

Шукр қилди ортиқ, севинди малик,

Кўтарди шукрона дуога илик.

Деди: Эй меҳрибон, Эгамсан улуғ,

Ожиз қулинг қилдинг эл ичра қутлуғ.

Насиб этдинг менга барча эзгулик,

Бунинг шукронаси елкам узра юк.

Шукрона айтмоғим тугал даргумон,

Адо қил мен учун ўзинг, эй Раҳмон!

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон дер: Ўгдулмиш, мамнунман ғоят,

Тангри қилди менга сени иноят.


Сен ўзинг сабабсан ҳар эзгу ишга,

Одил тартиб, жабру ситам тийишга.

Худо берди барча эзгуни билиб,

Сени берди ортиқ ўн ҳисса қилиб.

Неча бек зўр бергай ёлғиз бир ўзи,

Аъён қўлламаса, ёришмас рўзи.

Кузатар бек ичдан, зоҳирий кўзи

Садоқатли қули, кўзи ҳам сўзи.

Кўзимсан, сўзимсан, қўлимсан нодир,

Номим ҳам азиз сен боис, баҳодир!

Нелар дер, шаҳаншоҳ, беназир феъли,

Унинг фармонида жаҳон бор эли:

Содиқ аъён топса беклар қўл очиб,

Асрагай бошидан дур-гавҳар сочиб.

Ҳалол ходимни бек этса ихтиёр,

Роҳат-фароғатда яшар бахтиёр.

Содиқ-садоқатли хизматчи сара,

Тилаб топиб бўлмас содиқни, қара!

Бўлмаса садоқат, меҳру номус-ор,

Одамийлик сира бўлмас барқарор.


Ўгдулмиш, яқинсан ғоят юракка,

Афсуски, отангдан қолгансан якка.

Яна бўлганда бир сен каби кабир,

Бўлар эди сенга ҳамроҳ батадбир[2].

Ёлғиз бир ўзингсан, ногаҳон токим,

Гар сени бой берсам, ўрнинг босар ким?

Ёлғизу яккасан, хижолатман боз,

Яна бир ҳамроз топ, эй сен сарафроз!

То озор бермагай дарду ғам бисёр,

Дуосидан мен ҳам шоду бахтиёр.

Тила, борми, кўргил, қардошлар аро,

Изингдан эргашар мўмин фуқаро?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавобан деди: Шоҳаншоҳ,

Омон бўл, очилгай сенга ҳар йўл-роҳ.

Роҳат топгай султон дилхоҳи билан,

Тилак-орзу келар ўз роҳи билан.

Тилак учун эзгу минг карра раҳмат,

Вале ҳазратим ҳеч чекмагай заҳмат.

Етар заҳматга эш роҳат бегумон,

Эгизак заҳмату роҳат жонажон.


Агар эл корига фойдали киши,

Муродинг бўлса гар, эй эл-юрт боши,

Доно пандин эшит, эй эл сарвари,

Султонларни бошлар адолат сари:

Мададкор кўп бўлса бошқаришда эл,

Сурар давру даврон шоҳ ҳеч эгмай бел.

Ишонгани бўлса бисёр ҳар маҳал,

Фароғатда подшо, минг бир мушкул ҳал.

Эл-улус ичра йўқ эмас қардошим,

Билими зиёда азиз йўлдошим.

Барча ҳунари бор, вазмину ҳушёр,

Қай ишни бошласа, бахту омад ёр.

Равон рафторию Ўзғурмиш оти,

Ҳунар эзгу минг бир олмос қаноти.

Во дариғ, дунёдан юз буриб бу мард,

Макони тоғ ичра, кўнглида йўқ гард.

Зикр билан ўзин қистовга олар,

Тоат билан гуноҳ захмин даволар.

Зиёда хислати мендан юз чандон,

Ундан етук элда топилмас, инон.


Ҳамдам бўлса агар менга у қардош,

Барча ишга бўлгай унинг илми бош.

Султон ҳазратлари тинчу осуда,

Олам хони бўлиб, яшар маъсуда.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: кўнглим тилаги у зот,

Топиб, қадду бастим тиклайин азот.

Чора топ, сен мени айла бахтиёр,

Ҳузуримга чорла уни, эй ҳушёр.

Не асно чорлаймиз, айт, уни бу ён,

Юборгаймиз кимни чорлашга у ён?

Номами кераги ё таклиф афзал?

Маъқулин сен ўзинг танла, эй акмал.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Янгради Ўгдулмиш шу он хитоби:

Савол ичра тайин савол жавоби.

Қардошим борлигин айладим баён,

Келиш-келмаслиги бироқ ноаён.

Агар келса, кетар барча армонинг,

Келмаса қадрсиз амру фармонинг.

Султон ҳазратлари пушаймон, яна

Куни келиб менга қилмасми таъна?

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби


Хоқон деди: Сўзим, бас, айтдим сенга,

Ўзинг ҳам билганинг сўзладинг менга.

Чақир, келса келгай, агар келмаса,

Нечун таъна қилай, сўзим олмаса.

Минг фазлу ҳикматин қилдинг сен хитоб,

Фазилат соҳибин чорларман шитоб.

Билимли ҳам зукко деганинг учун,

Орзу қилмай ширин суҳбатин нечун?

Илму заковатли асил чин киши,

Бошқа барча нодон махлуқ тенг-туши.

Илму заковатли билар билса иш,

Илму заковатли қилар қилса иш.

Бағоят мос бунга ушбу сўз нодир,

Эшитгил буни сен, эй мард баҳодир:

Билим билан осон ҳар мушкул, тугун,

Илму заковатга талпин куну тун.

Билиминг ишга сол, қанча билсанг ҳам,

Яна ҳам билим ол, ғанимат ҳар кун.

Неки мен учун минг фойдаси тайёр,

Қардошинг сенга ҳам ҳиммати бисёр.


Беармон ҳар содиқ қариндоши бор,

Қардошинг бўлмаса дўст тутиш даркор.

Ғоят яхши айтмиш, сардорлик иши:

Ғолиб олам ичра қардошли киши.

Қардоши ҳар бисёр шуҳрати баланд,

Дўсти кўп қадри ҳам ҳурмати баланд.

Қардошинг йўқ бўлса, тутин қариндош,

Қариндошдай содиқ дўст ҳам кўзу қош.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш деди: Эй, Хоқон бахтинг ёр,

Чорасин топай гар берсанг ихтиёр.

Султон буюрса гар борайин ўзим,

Даъват қилиб, баён айлай ҳар сўзим.

Не ажаб, кўндирсам у қора кўзни,

Билим-ақл билан йўғириб сўзни.

Хоқон ҳам бир мактуб унга йўлласа,

Не тонг, рози бўлиб, амринг қўлласа.

Ишонгин менга, йўқ кўнглимда ғубор,

Фармонга бермаса, не тонг, эътибор.

Камина қанча зўр бермай ҳар сўзга,

Султон ёрлиғининг салмоғи ўзга.


Эшит бу ҳикматни, эй тоза насли:

Бек фармони овлар эл кўнглин асли.

Яна аъло айтмиш донишманд ўзи,

Хижил ҳар кўнгилни ёзар бек сўзи.

Илиқ сўзласа гар беклар қулга, бил,

Унутмас уни қул яшаб неча йил.

Қай бек тили ширин, чучукдан-чучук,

Севар уни барча каттаю кичик.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Агар шу бўлса чора,

Битайин мактубим, наф берса зора.

Борар бўлсанг агар, ҳозирлан йўлга,

Оларсан мактубим ҳам тезда қўлга.



[1] Уч ўрда – қорлуқ қабилалари яшаган шаҳарлардан бири. Маҳмуд Кошғарий уни Андижон билан Самарқанд оралиғидаги Сайхун (Сирдарё) қирғоғида деб кўрсатади.

[2] Батадбир - тадбирли.