Ўгдулмиш хоқонга шаробдорлар бошлиғи қандай бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдилмиш ўй суриб деди: Эй султон,

У ҳам билим билан ишлагай ҳар он

Моҳир Эгдиш[1] даркор, йиллаб синалган,

Босиғу йўлин ҳам тўғрилаб олган.

Ишончли, жонкуяр, кўзи, кўнгли тўқ,

Феълу атвори ҳам равон мисли ўқ.

Бекаму кўст бўлса қадаҳ тутгучи,

Ишни бажаришга етади кучи.

Шаробдор сақлар бор турли дорини,

Гувориш[2], маъжуну чурни[3] борини.

Талай дори-дармон қўлида бўлар,

Сўрасанг, барчасин муҳайё қилар.

Қуруқ-ҳўл меваю шарбати ширин,

Булар бари бўлар унда яширин.

Султон обу ошдан гоҳ топар зарар,

Обу ошни ошпаз, шаробдор берар.


Шаробдору ошпаз бўлмаса бутун,

Хатару хавф ортар бекка куну тун.

Нелар дер, эшитгил, билимли Тегин[4]:

Шошилмай овқатинг оҳиста егин.

Жиловласанг нафсинг, омон олтин бош,

Шириндан ҳам ширин оз ейилган ош.

Бемаврид жон берган кўрдим кўп эрни,

Балойи нафс енгар ҳаттоки шерни.

Оғиздан кирар дард аста ва аста,

Дори-дармон билан тузалар хаста.

Заковатли бўлсин, кўп билим билар,

Одамийлик ишин закийлар қилар.

Ёмонга қўшилмас ҳар закий киши,

Пухта ҳам ишончли билимли иши.

Ўтда куйиб-ёнгай ҳар эгри, ўтин,

Ҳалол бўлмаса эр асиру тутқун.

Ҳалол бўл, эй жўмард бегим, эрта-кеч,

Ҳалолликдан бўлак ниятим йўқ ҳеч.

Шаробдорлик учун оқил эр керак,

Кўнгли тоза, ақли расо, пок юрак.


Садоқат билан бор қилиб ишини,

Яқин йўлатмагай пасткаш кишини.

Ҳозирласа шароб-май ичиб кўриб,

Ўзи беркитса ҳам тамғалар уриб.

Ўт-ўлан шифобахш дориворни бор,

Ўзи тайёрласа, тутса беғубор.

Қуруқ-ҳўл меваю шарбату гулоб,

Ҳозирлаб, сақласа хилма хил шароб.

Ром айлаб очиқ юз билан кишини,

Қадаҳларни асраб қилса ишини.

Этар мамнун бекни самимий заҳмат,

Топар заҳмат билан фойдаю раҳмат.

Киши заҳмат билан ишга бўлса банд,

Бўлар жон риштаси у билан пайванд.

Бу ҳолга ғоят мос сўзлаган олим,

Олимлар сўзига пайваста билим:

Заҳмат билан одам ишга бўлса банд,

Ҳосили шириндан-ширин жон монанд.

Минг машаққат билан топилган неъмат,

Ҳар инсон учун ҳам эъзозли ҳарчанд.


Бўлса гар бу янглиғ шаробдор боши,

Ярашар бағоят шаробдор иши.

Барча шогирди ҳам ўзидай ўктам,

Чиройи ой мисол бўлгай, бас, кўркам.

Ғоят чаққон-чапдаст, хушфеъл эр керак,

То хизмат фазлидан яйрагай юрак.

Хушсуврат ўғлон ҳам тўлин ой юзи,

Қора соч, алп қомат, ғилмондай ўзи.

Бели хипча, яна яғриндор аъло,

Жамоли сутдай оқ, яноғи лола.

Яшил, кўк, сариқ, ол шойилар кийиб,

Таом улашса гар ярашгай юриб.

Шаробдор соқолсиз бўлгай, ҳаттоки

Ичимликка қил ҳам тушмагай токи.

Тозаю покиза, гўзал чиройи,

Қўлидан май ичсанг арзир киройи.

Бежиз айтмас ахир таълим берувчи,

Соқолсиз бўлгай деб қадаҳ тутувчи.

Соқий покизаю ҳам кўркли юзи,

Қўлидан май ичсанг, не бахт, эй қўзи.


Не тутса хушсуврат, хулқи соз ғоят,

Ярашгай, сархуш ҳам қилгай ниҳоят.

Нелар дер, эшитгил, бу байт айтувчи,

Эшитгил буни сен, аё билгувчи:

Юзидан нур ёғар, атвори ҳам хуш,

Неники узатса, айлагай сархуш.

Қорин оч бўлса гар гўзал чеҳра - ош,

Ташна боқиб тўймас кўрган каби туш.

Соқийлар сардори, бас, шундоқ керак,

Соғар тутувчилар ҳам мундоқ керак.

Инонса уларга сўнг бек хотиржам,

Яқин тутса бўлгай ҳар лаҳза, ҳар дам.


Султон, бу ишларга топгин сара эр,

Содиғу кўзи тўқ, ор-номусли шер.

Бири элчи, бири котиб билимдон,

Бири соқий, бири ошпаз бегумон.

Буларни танлагин ҳар бирин жуда,

Номаъқул иш бўлса, афсус беҳуда.

Элчию котиб ҳам бўлса бемаъни,

Улар касри элга урар, эй ғани.


Соқий ёхуд ошпаз бўлса гар ёмон,

Зиёни ширин жон ўртар беомон.

Эй малик, қаттиқ тут бу уч кишини,

Айириб ҳам танлаб буюр ишини.

Яна дер Ўгдулмиш, эй султон суюк,

Мақоми каби бек аъмоли буюк.

Буюк ишда кўплаб бош оғриқ бўлар,

Давосиз бу беклик бор иши қолар.

Нелар дер, эшитгил, донишманд-доно,

Ҳар сўзида минг бир мазмун ҳам маъно:

Роҳат дема, эй бек, заҳмат чек аён,

Роҳат билан заҳмат ҳамон ёнма-ён.

Бек минг ранжи билан улус бадавлат,

Бадавлат эл билан бек ҳам басавлат.

Зиёда бўлма маст мисли паст киши,

Бенаф айшу ишрат, бисёр минг ниши.

Содиқ бўлса ҳам гар ошпазу соқий,

Зиёда ишонма, эй умри боқий.

Барчадан меҳрибон ўзингга ўзинг,

Бўлак топиб бўлмас, ортиқ ҳар сўзинг.


Нелар дер, эшитгил, доно хитоби,

Унутма, ёзиб ол, умринг китоби:

Жонимга вафодор, тўтиё кўзга,

Ўзимдай топмадим, ҳожат йўқ сўзга.

Авайла бамисли кўз қорасидай,

Агар зое кетса, даво йўқ ўзга.


Барча сўзим айтдим, султони аъён,

Илож-чорасин ҳам айладим баён.

Оқил зотлар билан шоҳаншоҳ улуғ,

Ёвин бўйнин янчар, ғолиб тутар туғ.

Барчасин сўзладим сенга, албатта,

Яна бир сўзим бор, фойдаси катта.


Султон тингласа гар уни сўзлайин,

Йўқ эса қалбимда пинҳон гизлайин.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Султон жавоб берди: Эй доно, сўзла,

Зиёд ҳикмат билан зафарим кўзла.

Сендан сўз тингламоқ жоиз, эй эран,

Билиминг денгизу идрокинг теран.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш хотиржам деди: Аввало

Улусга шоҳ берар илмни аъло.


Шоҳ учун сўзладим хизматкор тарзин,

Адо этгай қандай хизмати фарзин.

Яна билгай беклар хизматчи қулин,

Ҳам қуруқ қўймагай хизматчи қўлин.

Қулин бекдан бўлса ҳар қанча қарзи,

Бисёр қул олдида бекнинг ҳам фарзи.

Бажарса бурчин бек олдида ҳар қул,

Қул қадрин беклар ҳам билгани маъқул.

Тер тўкса мол-дунё тилаб хизматкор,

Агар қуруқ қолса, зор қақшар ночор.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Султон айтди: Менга сўзлагин аён,

Хизмат ҳақи не у, қилгайсан баён.



[1] Эгдиш – Ўзгандда турувчи туркий қабилалардан бири, бу ўринда соқий боши шу қабиладан бўлиши афзаллигига ишора бор.

[2] Гувориш – овқат ҳазм қиладиган дори.

[3] Чурни – сурги дори.

[4] Тегин – Хоқония шаҳзодаларининг лақаби.