Ўгдулмиш хоқонга ошбошчи - хонсолар қандай бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш хотиржам деди: Эй Хоқон,

Ишончли эр керак бунда бегумон.

Топиб эл аро чин, тўғри кишини,

Бериш керак унга ош-сув ишини.

Ишонч борасида боз кўнглинг тўлсин,

Садоқатли, ору номусли бўлсин.


Садоқатли ходим ҳатто ичиб қон,

Фидо қилар беги учун тану жон.

Егуликдан етар ҳар бекка хатар,

Баковул қилмишин ким ҳам даф этар?

Бўлайин деса гар ҳар бек бахтиёр,

Обу ош бобида бўлгайлар ҳушёр.

Улус бошлар жўмард душмани бисёр,

Кимнинг ёви бўлса, минг бир дом тайёр.

Ишончли бўлмаса хонсолар киши,

Ортар еб-ичишда ҳар бек ташвиши.

Ишончли бўлгай бас, хонсолар демак,

Хуш тавозе билан узатгай емак.

Холисона қилса азалдан хизмат,

Ишониб, арзигай қилинса иззат.

Нелар дер эшитгил, оқилу доно,

Заковат, ақли ҳам теран ҳамоно:

Минг заҳмат сарфласа не ишга инсон,

Азиз ва мукаррам бўлар бегумон.

Ҳаётин бахш этса не учун ҳар ким,

Ширин жондай азиз дегай ҳар ҳаким.


Ҳаёт эсиз эмас, заҳматинг эсиз,

Берилмас заҳматга тенг умр ҳаргиз.

Умр ўтар шитоб, йўқ бизда чора,

Бенаф заҳмат қилар юрагинг пора.

Кўзи тўқ бўлгай ҳам ғоят қалби бой,

Ҳалолу чеҳраси гўзал мисли ой.

Сермулоҳаза ҳам шариатпарвар,

Эътиқоди бутун мўмин, эй сарвар.

Бағоят инжа феъл бекларнинг ўзи,

Емас дуч келган ҳар нени, эй қўзи.

Покиза ошчи ҳар иши беғубор,

Пешлагай покиза иштаҳа такрор.

Очкўз киши ошга кўзин ҳам сузар,

Қўл уриб ҳаттоки овқатни бузар.

Очкўзу ҳар юҳо бемаъни иши,

Бемаънидай бўлмас баркирдор киши.

Баковул ҳар қанча бўлмасин софдил,

Ўзингдай ишончли бўлмас, эй одил.

Ишончли бил, майли, қарию ёшни,

Лекин эҳтиёт қил бу азиз бошни.


Ўринли шу жойда, қулоқ тут, шу сўз,

Бу сўзни унутма зинҳор, қора кўз:

Ишон элга лекин катта оч кўзинг,

Жонкуяр ўзингга фақат сен кўзинг.

Барчадан азизроқ - бу жонинг азиз,

Азиз жонинг асра, чўзма кўп сўзинг!

Юзи кўрки кўрклик керак, феъли соз,

Тилию дили бир, хушрўй дилнавоз.

Пок чеҳра баковул кўзинг яшнатар,

Таом пок бўлмаса, жонинг қақшатар.

Покизани севар ҳаттоки Худо,

Покизалик билан ҳар зот кадхудо[1].

Улуғ ҳам, кичик ҳам покликни тилар,

Покиза об-ошга барча интилар.

Йироқ тут об-ошдан нопок кишини,

Ҳеч ким пок демагай нопок ишини.

Ҳалолу ҳар икки кўзи, кўнгли тўқ,

Ҳалол бўлмаган эр йўл-йўриғи йўқ.

Агар эгри бўлса ошпаз бошчиси,

Эгри бўлар унинг барча ишчиси.


Қўли эгрилар бир бўлса эрта-кеч,

Султон дастурхони тўкин бўлмас ҳеч.

Ҳалоллик билан ҳар одам кўнгли тинч,

Насиб қилгай токи саодат-севинч.

Нелар дер, эшитгил, атвори соз шер:

Ҳалоллик боис кўп наф кўрар ҳар эр.

Ҳалол қайда бўлса, айём ҳар куни,

Тўғрию ҳар софдил мунаввар туни.

Хиёнат қай сари гар қўйса оёқ,

Даромаду фойда тез қочар йироқ.

Хиёнаткор кўли қай томон етар,

Симирар денгизни, ерни қуритар.

Бегига ихлосманд, жонкуяр асли,

Нафсин жиловлаган вазминлар насли.

Уқувли бўлсин ҳам билимдон бўлсин,

Ширин ош қилишда ҳам чаққон бўлсин.

Қоида бўйича тутгай ўзини,

Тўғри қилгай феъли каби кўзини.

Фаросат билан боз ўзин асрасин,

Теран фикр қилиб кўзин асрасин.


Бегига вафодор, яхши ном олса,

Яхши номи билан то абад қолса.

Заковат аҳли боз яхши ном тилар,

Билимли кишилар ишончли бўлар.

Диёнат-инсофли ҳар закий, оқил,

Одамлар сарасин аҳли илм бил.

Нелар дер, эшитгил, уқувли киши,

Уқувли ҳар киши жумла эл боши:

Фаҳму фаросатли оқил, вафодор,

Эл учун бахш этар бир жонин юз бор.

Нопоку жафокор, ҳар иши тубан,

Сўз бериб, унутар ваъдасин такрор.


Эй хоқон, бор гапни сўзладим мен бот,

Баковуллик учун зарур шундай зот.

Тузаса бош бўлиб ҳалол дастурхон,

Қўлидан еса бек овқат билан нон.


Барча билганим шу менинг, эй Хоқон,

Бор фикру зикрим ҳам айладим баён.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: Раҳмат, уқдим буни ҳам,

Яна бир сўзим бор, айтгин уни ҳам.


Баён айла, қандай одам, эй азим,

Шаробдорлар боши бўлиши лозим.

Хотири жам бекнинг, ишончи ғолиб,

Бемалол симирса қадаҳни олиб.



[1] Кадхудо – кент бошлиғи, қишлоқ-маҳалла оқсоқоли; қадрли-азиз маъносида.