Ўгдулмиш хоқонга хазиначи қандай киши бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдилмиш сўзлайди: Эй шоҳ-султон,

Олтин-кумуш азал минг дардга дармон.

Ғоят софдиллигин батафсил билиб,

Бўлар ишга олса ғазначи қилиб.

Тужжорлар сардори сўзлар басавлат,

Олам кезиб, топган мўл молу давлат.

Жон ширин гар айтай даҳри дун сирин,

Кумушу олтин-зар жондан ҳам ширин.

Тошдай кўнгилни ҳам юмшатар кумуш,

Эгилмас ҳар бошни ҳам эгар кумуш.

Маҳлиё бўлмаса кумуш кўрганда,

Бамисли фаришта, дема ҳеч банда.

Олтин кўргач, ҳар зот ўзи мулойим,

Дағал сўзлининг қўрс сўзи мулойим.

Кўзи тўқ бўлсин ҳам имони бутун,

Улуғлик касб этса ўтган сайин кун.


Молу мулки бисёр, тўқ икки кўзи,

Яна Худодан ҳам қўрқсин, бас, ўзи.

Ҳалолу ҳаромда андиша қилгай,

Яроқли-яроқсиз фарқин ҳам билгай.

Кўзи тўқ кишилар орзу қилмас ганж,

Имон-эътиқодин ўйлар чекиб ранж.

Олтин-кумуш ичра улғайса толиб,

Не ажаб, бўлмаса суқлиги ғолиб.

Эъзозлаган дилдан қодир Оллоҳин,

Ғоят азиз билар ҳақиқат роҳин.

Ҳалоллик-покликдай йўқ кони фойда,

Ҳаловат барқарор поклик бор жойда.

Ҳалолу пок оқил роҳат ҳаёти,

Ҳаёти роҳат зот боқий баёти.

Нелар дер, эшитгил, мунис-меҳрибон,

Амал қил бу сўзга, беназир инсон:

Тилу дилинг, феълу аъмолинг рост тут,

Насиб этгай иқбол, саодат ҳам қут.

Ҳалол бўлсанг, умринг кечар беармон,

Беармон даврон сур, бағринг бўлгай бут.


Мурувватли бўлгай тетик ҳам ҳушёр,

Тетик ҳам ҳушёрга мудом омад ёр.

Уқувли бўлгай ҳам оқил, кўнгли оқ,

Беномус, бебурддан йироқ бўл мутлоқ.

Орият бемаъни иш олдин олар,

Орият бадфеълни рост йўлга солар.

Шароб-май ичмагай тутгай ўзини,

Топар вазмин мўл-кўл ризқу рўзини.

Шароб ичса, дур-зар ҳар кимга тутар,

Ўрнин тўлдиришни лекин унутар.

Тежамкору бироз ҳам бўлгай бахил,

Авайлаш зарур ганж-зарни хилма-хил.

Содиқ ҳар хизматкор жонсарак бўлар,

Жонсарак қул бегин бадавлат қилар.

Содиқ каби сира бўлмас беназир,

Содиқ бамисли бек, эй сен дилпазир.

Шуурли ғазначи бузилмас иши,

Ҳисоби пухтаю ортмас ташвиши.

Фаросат-фаҳмли ўзига маҳкам,

Ўйлаб иш юритар, янглишмайди ҳам.


Унутар кўрганин бефаҳм киши,

Бефаҳм ғазначи бетайин иши.

Ҳушёрлик керак ҳар ҳисоб-китобда,

Аксинча минг хато қилар ҳисобда.

Котибдай ҳар турли хатларни билгай,

Ҳисобу китобин ёзиб, қайд қилгай.

Жойида ҳам кирим, ҳам чиқим иши,

Барча турли ишни даркор ёзиши.

Аниқ ёзгай йили, ой, кун-санасин,

Ҳисобин ҳам очиқ ёзиб, фарқласин.

Ҳисобу китобга хат қўяр нуқта,

Ҳисоб қайд этилса, ҳар иши пухта.

Нелар дер, эшитгил, меҳрибон киши:

Қоим ҳисоб билан ҳар ходим иши.

Ёзмасанг ҳар ишинг сақланмас ёдда,

Ёзиб қўй ҳар ишни, бўлма ҳеч содда.

Ёзилган сўз қолар, йўқса йўқолар,

Ҳисоб пайти ғоят қийналиб толар.

Хилма-хил ёзув ҳам билгани, не соз,

Кейин қилса раво тадбирин оғоз.

 

Ҳисобда янглишса қай бир ҳисобдон,

Ҳисоб пайти бошлиқ қийналар обдон.

Ҳисоб ишин пухта қилиб эрта-кеч,

Хотира, кўнглидан чиқармагай ҳеч.

Иш орасида ҳам фурсат топа бил,

Ҳандаса бобида ҳам бўлгин қобил.

Бағоят беназир илми ҳандаса,

Бўлар еру кўкни ҳам ҳисобласа.

Нелар дер донишманд, эшит билимдон,

Билимли ҳикмати тотли ошу нон:

Теран бу ҳандаса илмин ҳисоби,

Ҳакимлар фикрин банд этган ҳар боби.

Етти қават кўкни жаладай бўйлар,

Амали бир, талай ҳисоб-китоби.

Билимли, уқувли, феъл-атвори соз,

Соҳиби идрок соз ҳар ишда дамсоз.

Билимли кишилар алифдай равон,

Равону тўғрига толе ёр ҳар он.

Ақли бўлмаса гар аслин билолмас,

Билими бўлмаса ҳеч иш қилолмас.


Сарой ичра кечар ғазначи иши,

Ўзин авайлагай бу янглиғ киши.

Тилу дили тоза, имони бутун,

То дахл қилмагай оташу тутун.

Кўзин асраса ҳам очмаса ҳеч сир,

Тафаккур-ақлига нафси ҳам асир.

Кўзи кўргач, ногоҳ кўнгил тилагай,

Кўнгил тилагин, айт, ким ҳам қилмагай?!

Жами етти андом кўнгил бек-хони,

Жами қул чопар бек чорлаган они.

Ғоят яхши айтмиш билимли сўзни,

Аё жўмард, тийгин кўнгил ва кўзни:

Тану жон, бор вужуд кўнгилга қарам,

Кўнгил боис заҳмат чекар ҳар одам.

Мисли чала суврат кўнгилсиз киши,

Доно исмин булғар кўнгилсиз ҳар дам.

Қўли очиқ эмас, зарур тежамкор,

Совурмай ҳар ганжни тежаши даркор.

Сахийлик каби гар йўқ ҳеч фазилат,

Ўзга молин ҳадя қилмоқлик иллат.


Савдо-сотиқда ҳам бўлгай саромад,

Сотувни билмаган қилмас даромад.

Барча мол-товарни билмоғи керак,

Не қиммат, арзон фарқ қилмоғи керак.

Баҳо-нарх билсаю ҳеч алданмаса,

Сотувда хамёнин ғамин емаса.

Олишда-беришда дилафрўз бўлса,

Улуғу кичикка ширин сўз бўлса.

Неки сўраб олса, қайтарса дарҳол,

Не сўраса кимдан, берар бемалол.

Сотувда ҳалол-рост бўлса гар феъли,

Зарур пайтда берар ҳар нени эли.

Агар берса беклар лашкарга инъом,

Барчасин улашгай, олмай ёмон ном.

Аксинча бор лашкар кўнглин синдирар,

Элни бекка қарши отга миндирар.

Нелар дер, эшитгил, сахийлар боши,

Жо айла дилингга, эй ночор киши:

Дўсту ёрин қилай деган ёв-душман,

Бермасин не ваъда қилса умуман.


Беҳуда ҳеч кимга ваъда бермас эр,

Ваъда қилганин ҳеч қизғанмайин бер.

Ишончсиз ваъдабоз бек бисёр ранжи,

Зиёда ранжию камаяр ганжи.

Даркор ҳушёру мард, не даркор дудмол,

Дудмол ходим чўзар ишни бемалол.

Беклар хизматида сафарбар барча,

Умид билан тутар дарвоза-дарча.

Ҳожатманд хизматкор бўлса беором,

Беги ёрлиқ билан юборса инъом.

Хазиначи уни бермаса чўзиб,

Ҳожатманд ҳоли танг умидин узиб.

Лозим пайтда ҳар ким олса агар хас,

Хазина топгандай яйрар басма-бас!

Кекса сўзин эшит бағоят нодир,

Ҳожатманд ҳожатин чиқар, баҳодир:

Тилаганда топса одам ҳар нени,

Азиз билиб жондан алқагай сени.

Тиллога тенг зарур пайтда дона дон,

Ҳаётий фалсафам шу, билсанг, мени.


Агар топса бундай сиймони султон,

Ору номусли ҳам закий, билимдон,

Ишониб хазина топширилса соз,

Не соз, гар ўзи ҳам қилинса эъзоз.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: Уқдим, қилдинг хабардор,

Яна айт, эй ҳикмат аҳлига сардор!

Дастурхон ходими, неъматга саркор,

Баковул, айт, қандай бўлиши даркор?

Шубҳасиз еса бек берган ошин ҳам,

Ишониб сақласа олтин бошин ҳам.

Хатарли обу ош, билар, бас, ҳар ким,

Олинса шубҳали қўлдан, эй ҳаким!

Мени сен бундан ҳам ўзинг огоҳ қил,

Билайин, уқайин, эй жўмард оқил!