Ўгдулмиш хоқонга котиб қандай бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш сўзларин айтар: Эй малик,

Бу ишга муносиб зот ургай илик.

Бу сирни ҳам сенга аён айласин,

Ғоят содда қилиб баён айлайин.

Билимдон билса ҳам беклар ўзини,

Битикчилар битар улар сўзини.

Сиру асрорин бек сўзлагай равон,

Котиб ҳам эҳтиёт қилгай баимкон.

Ичсўзин асровчи бутун чин бўлгай,

Имонли мусулмон ҳам мўмин бўлгай.

Котиб сир-асрорни қилса агар фош,

Очилиб бек сири, ўйнар бошда тош.

Сирин яширса ҳам бек каби азим,

Бу икки кишига сўзлаши лозим,

Бириси котибу, бириси вазир,

Буларга сир айтиш зарур, дилпазир.

Хабар топгач сирдан икки мулозим,

Иккисин кўнглини овлашинг лозим.


Зарур иккиси ҳам сақламоғи сир,

Берар панд аксинча бамисли басир.

Ўтукон беги дер: Ўзин оқлагай,

Ваъда қилса ҳар ким, сирни сақлагай.

Эй беклар ишонган, сир сақла сўзни,

Кўрарсан йўқса дор остида ўзни.

Ўрадай оғиз гар ногоҳ очилар,

Сўзинг чиқса, уруғ каби сочилар.

Ёйилар тутундай бўлмас ҳеч тутиб,

Аён-ошкор катта-кичик эшитиб.

Оғиздан гоҳ оташ, гоҳо об чиқар,

Яшнатар қай бири, қай бири йиқар.

Беомон оташ ҳар беҳуда сўзинг,

Оғиздан чиқарма, куярсан ўзинг.

Оқар сув каби сен айтар эзгу сўз,

Унар қайга етса, тўкин ризқу-рўз.

Аё доно, сўзим дема беҳуда,

Дилинг сирин қаттиқ яширгин жуда.

Нелар дер, эшит ҳам бу байтни ўқи:

Кўнгил сирин яшир, эй кўнглим тўқи.


Кўнгил сиррин яшир, айтмагин зинҳор,

Агар фош айласанг, минг афсус бекор.

Қизил тил қора бош учун ғаддор ёв,

Маҳкам тут бу ёвни, етмагай озор.

Котибинг бўлгай, бас, соҳиби идрок,

Хати соз, сўзамол, нияти ҳам пок.

Чиройли хат ҳар бир дилни яйратар,

Оҳанрабо каби тортар, қувнатар.

Баробар гар хуш хат билан фасоҳат,

Бу каби равон хат жон учун роҳат.

Нелар дер Иланинг ҳикматли арзи,

Бағоят эзгу ҳар ёзма нутқ тарзи:

Барча эзгу сўзлар битикда бўлар,

Битилган ҳар калом то абад қолар.

Агар ёзмасалар котиблар битик,

Нетиб билардик биз ҳикмату билик?!

Донолар муҳрлаб, қилмаса баён,

Мозийни ким бизга қиларди аён?

Битик бўлмаса гар тўтиё кўзга,

Ким ҳам ишонар, айт, оғзаки сўзга.


Элларга борар минг нома бегумон,

Ёзувсиз, тил билан етказиш гумон.

Ғоят зарур битик барча эл учун,

Ёзув билан беклар бошқарар очун.

Беклар иши учун наф берар киши,

Уч хил бўлар асли, эй эл-юрт боши:

Бириси – билимли донишманд хотиб,

Яна бир – сўзларни ёзувчи котиб.

Учинчиси қўрқмас ботир, довюрак,

Ғаним ҳам бўрига ботирлар керак.

Уқувли, билимли, тафаккури мўл,

Йиғин-машваратда ғоят келар қўл.

Хат билан улус минг бир иши равон,

Эл даромади ҳам хат билан аён.

Қилич олса жўмард, сермаса-санчса,

Не ажаб, ҳар ёвни бир йўла янчса.

Не жойда жам бўлса бу уч жўмард эр,

Мурод дарахтидан ҳар ким мева ер.

Иборат минг турфа зирвадан башар,

Бу уч тоифага барча эргашар.


Қилич билан фақат забт этилар эл,

Қалам билан вале бошқарилар эл.

Билим, зеҳн билан жўмард эл тузар,

Уч омил туфайли оламни безар.

Билим билан одил қонун-сиёсат,

Заковат ҳар ишда сарвар, раёсат.

Қилич эл тузар ҳам юртлар забт этар,

Қалам эл тузар ҳам йиғар ганжу зар.

Қиличдан қон томса, беги эл олар,

Қалам-қоғоз билан кумуш-зар келар.

Иккиси билан бу олам барқарор,

Аввалу охир бор фойдаю барор.

Аё бек, бу икки фазилат катта,

Доно беклар учун дастур, албатта.

Бағоят мос эрур бу ҳолга бу сўз,

Эшит диққат билан уни, қора кўз:

Ғоят эзгу хислат билим билса эр,

Қилич ҳам сермаса бамисоли шер.

Қилич билан қўлга кирар неча юрт,

Қалам билан тартиб, обод элу ер.


Кўзи тўқ бўлсин ҳам тамадан холи,

Садоқатли-содиқ, самимий фоли.

Суқланмас кўзи тўқ киши ҳар нега,

Ҳасад қилмас молга ким бўлса эга.

Тамагир молу мулк қули, ҳоли вой,

Садақа бер унга, эй сен тўлин ой!

Тамагир забардаст бекни қул дегил,

Тамагир сингари бўлмас тубан-зил.

Суқ котиб туширар забон нархин ҳам,

Тама билан бузар дастхат тарҳин ҳам.

Кумуш-олтин кўрса эси оғар тез,

Хожасин бошига минг тош ёғар тез.

Бағри кенг хизматчи иш қадрин билар,

Тилаганинг ҳамон даргоҳда турар.

Бағри кенг хизматчи бек нафин тилар,

Тану жону молин бахшида қилар.

Ичимлик ичмагай, ҳаё-иболи,

Ярамас ишлардан бўлгай у холи.

Котиб майхўр бўлса, илмига зиён,

Хатоли бўлар у ёзган ҳар баён.


Котибинг эрта-кеч ёнингда бўлсин.

Талаб қилган ҳар бир онингда бўлсин.

Улусдан танлаб бу икки кишини,

Уларга амир эт қилар ишини.

Бирини котиб бил – дастхати равон,

Бирини элчи бил – булбулдай бийрон.

Яқину йироқда, ё ёт эл аро,

Иккиси боис рўй берар можаро.

Иккиси туфайли барбод бўлар иш,

Иккиси туфайли ривожу кўшиш.

Бири хат битишда янглишган замон,

Бири калом билан тузатгай ҳамон.

Битикчи бу янглиғ бўлса, эй малик,

Инониб, самимий узатгил илик.

Бу янглиғ кишига инонса бўлар,

Одамий ҳар хислат ҳам ундан келар.


Эй Хоқон, билганим барча батафсил,

Талаб қилганингдек айладим тафсил.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: Уқдим, аён ҳар тугун,

Яна бир саволга жавоб бер бу кун.

Ғазначи ҳақида сўзлаб бер равон,

Ишониб ганжу зар топширай ҳар он.

Қўлига олса ганж, олтину кумуш,

Аъло адо этса мураккаб юмуш.