Ўгдулмиш хоқонга элчи қилиб юборишга қандай киши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш оҳиста айтди: Эй малик,

Бу иш учун зарур шубҳасиз билик.

Ялавоч аълою, тетик ҳам бўлсин,

Заковат, илмда етук ҳам бўлсин.

Худо қулларининг энг сайлангани,

Эл ичра элчидай бўлмас бамаъни.

Адо этар турфа ишни элчилар,

Неча савоб ишни бажарар улар.

Закий ҳам хотиржам, вазмин бағоят,

Билимли, сўзамол, тадбирли ғоят.


Калом ҳар маъносин англагай теран,

Бузилган ишни ҳам ҳал қилар эран.

Нелар дер, эшитгил, жаҳонгир, мард шер,

Элу юрт сардори, билимли бек эр:

Заковат аҳлин эл ичра етук бил,

Элу юртга сарвар билимлини қил.

Заковат қай ишда бўлса гар баланд,

Юришар ўша иш, синадим ҳарчанд.

Қай бир ишда доно қўлласа билик,

Зафар қучар, сўзсиз, ғолиб бу илик.

Заковат ҳам билим йўлга бошласа,

Неча ишлар бажо киши ишласа.

Садоқатли, икки кўзу кўнгли тўқ,

Ишончли, атвори равон мисли ўқ.

Садоқатли элчи бек нафин тилар,

Бек нафин тилаган, бегин чин севар.

Бегига фойдали мардни содиқ бил,

Садоқатли топсанг, жон ичра жон қил.

Меҳрибон мансабдор тан ичра жондек,

Жонингга пайваста, қалбингда қондек.


Кўзи суқда субут йўқ дер халойиқ,

Очкўзлар элчилик учун нолойиқ.

Кўзи тўқ қашшоқни бадавлат билгин,

Топай десанг фойда, бас, сабр қилгин.

Таъмагир ҳар очкўз тубан-паст зоти,

Таъмагир гадою тиланчи оти.

Нелар дер, эшитгил, кўзи тўқ киши,

Кўзи тўқ киши бой-бадавлат боши:

Қашшоқ қилса кимни кўзи суқлиги,

Бойитмас уни бу дунё тўқлиги.

Қай бир кас таъмагир ҳунарин қилар,

Бу дарддан у фақат ўлиб қутилар.

Яна яхши айтмиш билим берар зот,

Очкўзга насиҳат, таълим берар зот:

Тугал бой бўлайин десанг агар мард,

Дилинг маъмур айла, аё жавонмард.

Ғариб бўлса ҳамки кўзи тўқ - султон,

Очкўз бекдан гадо аъло минг чандон.

Кўзи оч шаҳаншоҳ қашшоқ, ҳоли вой,

Кўзи тўқ қашшоқ-чи? Шаҳаншоҳдай бой!


Номусли бўлгай ҳам вазмину ҳалим,

Ўрганар аксари вазмин минг илм.

Номус бўлмаса эр тубан-паст бўлар,

Номусли мард фақат адолат қилар.

Қарору аҳди ҳам аталар яхши,

Аъло феъли билан бўлар эл нақши.

Зийракликка бўлса пайваста билик,

Қилар турфа ишни билимли илик.

Ўқигин бу байтни, нелар дер, эшит,

Билим билан бошлаб, тадбиқ қил, пишит:

Зеҳн билан уқ иш, билим билан бил,

Кунинг қутли, бахтга пайваста ой-йил.

Заковат билан эр ҳар тилаги ёр,

Илму идрок билан дадил ишинг қил.

Зийраклик билан гар билса минг битик,

Битик билса, сўнгра бўлар эр тетик.

Ўқиса ва ёзса, эшитса сўзни,

Доно қилар ҳар ким шу зайил ўзни.

Кўплаб ҳунарлар билса гар тугал,

Кўплаб ҳунар билан йигит мукаммал.


Китоблар ўқиса, англаб ҳар сўзин,

Назм бобида ҳам кўрсатса ўзин.

Мунажжим, табибу, туш қилса таъбир,

Таъбирласа тўғри ҳар тушни кабир.

Риёзиёту яна илми ҳандаса,

Қийналмай ҳар сондан илдиз чиқарса.

Яна нарду шатранж-шахмат устаси,

Рақиблар тан берса бари, қисқаси.

Моҳир чавгончию, мерган - отар ўқ,

Ғолиб лочиндору овчи тенги йўқ.

Барча тилни билиб сўзласа бу зот,

Барча хатни билса ҳам нодир хаттот.

Қолмаса сира ҳам билмаган ҳунар,

Ҳунар-санъат билан ҳар иши унар.

Оқилу ҳам доно элчи бор жойда,

Минг офат даф бўлиб, бек топар фойда.

Элчи ёмон бўлса, ҳар душманга қул,

Хоқоннинг қадрини қилади бир пул.

Мураккаб элчилик, яхши зот керак,

Хилма-хил ишларда жасур, довюрак.


Неча турли ҳунар ўргатса ҳар ким,

Ўрганган ҳар зотни дегайлар ҳаким.

Қай бир кимса турфа сўзни сўзласа,

Уни уқса, билса, яна гизласа.

Элчи билса минг бир касбу кор қутлуғ,

Султон шони элда улуғдан-улуғ.

Нелар дер, эшитгил, кекса оқсоқол,

Оқсоқол ҳар нақли бамисли мақол:

Минг битта ҳунари бор машҳур оти,

Касбу кори йўқ кас қуригай зоти.

Касбу кори билан эр зафар қучар,

Зафар қучиб ҳатто қуш каби учар.

Минг ҳунар соҳиби азимдан-азим,

Қошида тоғлар ҳам айлагай таъзим.

Калом уқар, чечан ҳам ҳозиржавоб,

Тўғри жавоб берса саволга шу тоб.

Шароб ичмаса ҳеч ўзин тутгувчи,

Ўзин тутгувчи эр бўлар қут кучи.

Билимли май ичса - иззатин билмас.

Билимсиз маст бўлса, ё Раб, не қилмас?!


Шароб-май билим ҳам зеҳн учун ёв,

Бамисли жанг-жадал, адоват, олов!

Ҳар қанча билимли, зеҳнли киши,

Шаробга зўр берса, бузилар иши.

Номусли ҳар қанча, зариф, феъли хуш,

Тубанлик қилар боз гар бўлса сархуш.

Нопоклар номус-ор, ақлу илмини,

Сотарлар май учун, эвоҳ, бил буни!

Май ичма, май ичса, кетар эр қути,

Май ичса телбадир ё тентак оти.

Ичингга май киргач, фош этар сўзинг,

Куйдирар бу оташ уйинг ва ўзинг.

Нелар дер, эшитгил, бу байт айтувчи,

Ўқигин, очилгай таши ҳам ичи:

Шаробу май қилар ҳар бир жонни маст,

Бор сиру асрорин фош этар сарбаст.

Билимли май ичса, билимсиз бўлар,

Билимсиз май ичса, бўлар тубан-паст.

Тили ширин ҳамда кўнгилли бўлсин,

Сўзи латиф ҳамда ақлли бўлсин.


Фариштали бўлар ширинсўз киши,

Сўзи ширин киши манзур ҳар иши.

Шеъру ашъор ёддан билгандай бахши,

Хотираси бўлгай бағоят яхши.

Юзин кўрки кўркам ҳам қадди адил,

Бағоят басавлат, алпқомат, дадил.

Бағри кенг, мардона, буюк ҳиммати,

Саховат билан ҳар киши қиммати.

Мулойим ҳар сўзи, шакардай чучук,

Ширин сўз гадоси каттаю кичик.

Маъноли бўлгай, бас, элчи ҳар сўзи,

Сўзамол ҳар элчи бутун ризқ-рўзи.

Топилса шундай зот беҳад қувониб,

Элчилик мансабин топшир ишониб.

Элчи деб юборса бўлар, бас, уни,

Олисга ёт, яқин юртга яқинни.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: Уқдим, эшитдим буни,

Яна саволим бор, айтиб бер шуни.

Ўтагайсан менга калом фарзин ҳам,

Ўтарман камина калом қарзин ҳам.


Котиб қандай бўлар, сўзла, эй тетик,

Инонса бек унга, ёзса ҳар битик.