Ўгдулмиш хоқонга улуғ ҳожиб қандай киши бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш тин олгач, боз сайратиб тил,

Деди: Даврон сургай Хоқон минг бир йил!

Улуғ ҳожиб ортиқ бутун-чин керак,

Ҳаққоний ҳалолу бутун дин керак.

Асилзода асли, бағоят хуш феъл,

Топиб наф, фаровон кун кечиргай эл.

Асилзода борки ҳар иши комил,

Улус фароғати бобида омил.

Ҳаққоний, ҳалолдан келар эзгулик,

Егулик, ичгулик, улов, кийгулик.

Сўзинг тинглар фақат чин ҳалол киши,

Амал қилса сўзга, аъло ҳар иши.


Кўзи тўқ керак ҳам номусли олим,

Ҳушёр бўлгай яна соҳиби билим.

Кўзи тўқ ҳеч қачон олмагай пора,

Пора олса ҳожиб, бек юзи қора.

Пора билан ортга кетар ҳар бир иш,

Пора билан барбод битар ҳар бир иш.

Уят-андишали феъли бўлса соз,

Аъмоли, сўзидан фойда келар боз.

Ножўя иш қилмас бундай ягона,

Қаҳру ғазаб ёмон, элга бегона.

Оқил эр насиби бор молу давлат,

Оқил бўлса, бахт ҳам топар басавлат.

Доно бўлса, давлат кетидан тушмас,

Билим бўлса, ишда сира янглишмас.

Жуда яхши айтмиш саховатпеша,

Билимли яхшилик топар ҳамиша:

Билимли билан соз беклар ҳар иши,

Ярамас ҳеч нега билимсиз киши.

Билимдан қай бир кас олмаса ҳисса,

Тирик мурда билгин уни, алқисса.


Билим билан буюк, шавкатли киши,

Азиз улус ичра, унар ҳар иши.

Билимсиз сувратдан фарқи йўқ, аммо

Билимли мақоми сарбаланд само.

Уқув керак ишда заковат, ақл,

Закий хато қилмас ишда, дер нақл.

Уқув бўлса, нафи бағоят бисёр,

Заковат аҳлига бахту омад ёр.

Уқувсиз зот гўё мевасиз ёғоч,

Мевасиз ёғочдан не наф кўрар оч?

Уқувли ҳар икки оламда азиз,

Уқувли оти ҳам, ёди ҳам лазиз.

Уқувли, билимли ҳақиқий инсон,

Одамзот сарвари, эл ичра султон.

Истараси иссиқ, ғоят мардона,

Шавкатли лочину, сўзи дурдона.

Ёқар рангу рўйин бегардлиги ҳам,

Кириб-чиққанида жўмардлиги ҳам.

Басавлату, хушрўй, мард бўлгани соз,

Савлат билан топар ҳар инсон эъзоз.


Соҳиби диёнат, феъл-хаёли пок,

Феълу хаёли пок ҳар аъмоли пок.

Ориятли егай барча ғамин тенг,

Ориятли каби бўлмас бағри кенг.

Диндору тақводор ва ғоят софдил,

Барчанинг хизматин қилар астойдил.

Ҳожибларга тушар жумла эл кўзи,

Офтобу ой каби мунаввар юзи.

Кўрку чирой билан кўз равшанлашар,

Очилиб ҳар кўнгил, жон топар башар.

Ғоят билиб сўзлар олим муаллим,

Билимли сўзидан олгин минг таълим:

Мисли боғи жинон ҳар чиройли юз,

Зиёсидан баҳра олар икки кўз.

Гўзаллар ҳуснига боқиб қил ҳузур,

Ишинг эзгу бўлгай, ортиқча ҳар сўз!

Эсли-ҳушли керак, заковат нақши,

Феъли вазмин бўлса яна ҳам яхши.

Оқил берар ҳар бир сўзга эътибор,

Нодон каби бўлмас ҳеч беэътибор.


Ҳуши бўлмаса эр, билолмас ишни,

Оқил бўлмаса эр, қилолмас ишни.

Тафаккурсиз киши бошга минг ташвиш,

Қилинар тафаккур билан минг бир иш.

Бағоят эс-ҳушли, басавлат сорбон,

Ғариб, тул, етимга ғамхўр, меҳрибон.

Қонун-қоидани билгай киройи,

Оқил, зийрак билан олам чиройи.

Тавозели камтар, феъли ҳам кичик,

Тили ҳам юмшоғу шакардай чучук.

Очиқ тутса юзин кишига кулиб,

Хулқи аъло, қилса ҳар ишин билиб.

Эшитгил, аҳли эл аълоси не дер:

Тилу дилинг камтар тут, эй қипчоқ эр.

Тавозели каби бўлмас бахтиёр,

Кулар юз, ширин сўз зотга барча ёр.

Кулар юз, ширин сўз ичра минг бир сир,

Башарни ром этиб, қилар қул-асир.

Тоқатли-сабрли тутгай ўзин ҳам,

Кўзин эҳтиётлаб, тийгай сўзин ҳам.


Ҳамиша ҳушёру билими ҳам кенг,

Йўриғи соз бўлса, тилу дили тенг.

Соҳиби касбу кор, китоб ҳам битса,

Барча бобда билим билан иш тутса.

Ҳунару билимдай бўлмас давлат-қут,

Ҳунар-билим билан Ҳожиб бағри бут.

Хизматлар ичида нозик бағоят,

Ҳожиблик сингари иш йўқ ниҳоят.

Минг бир хислат зарур ким бўлса ҳожиб,

Ҳожиб учун элни бошламоқ вожиб.

Муқаррар мувофиқ бу шоир сўзи,

Бу шоир сўзи ҳар билимсиз кўзи:

Ҳожибликка аввал ўн омил керак,

Лочин кўз, соғ қулоқ, кенг кўнгил керак.

Чирой, бўй, тил, зеҳн, идроку билим,

Ҳар бир аъмоли ҳам соз комил керак.

Беармон яшагай шоҳаншоҳ ўзи,

Улуғ ҳожиб азал бек кўрар кўзи.

Сиёсат, қонуну низом нозик иш,

Улуғ ҳожиб қилса, осон минг ташвиш.

 

Ғоят ўхшар бунга донишманд сўзи,

Эшитган зот ибрат олгай, бас, ўзи:

Ҳожиблик мансаби азимдан-азим,

Адо айлар фақат аъло мулозим.

Ҳожиблар ишин қил ё беклар ишин,

Воситачи кабир ё кичик лозим.

Хазиначи, котиб, ё ўзга аъён,

Этикчи, тўнчи, мулк бошқарар боён,

Мусофир элчилар иззатин ҳам қил,

Иноқлик-аҳиллик инъом билан, бил.

Қароргоҳ, об-ошдан бўлмасин ҳеч кам,

Ёдингдан чиқарма тақдирлашни ҳам.

Йўл бошида бўлса сарбон ҳар маҳал,

Қонун-қоидага қилгай, бас, амал.

Қашшоқ, тул, етимлар қилса арзи ҳол,

Султонга барчасин етказгай дарҳол.

Ноҳақликдан қай зот қилса агар арз,

Зудлик билан чора кўрилмоғи фарз.

Кўриб ички-ташқи ножўя ишни,

Тийиб, тергаб олса элдан олқишни.


Қўшса ҳам минг ишга бир пайса ҳисса,

Улуғ ҳожиб нафи тегар, алқисса.

Ҳар бир ишга мадад, бас, ундан келар,

Қай бир иш бузилса, сабабчи бўлар.

Ҳожибга, эй Хоқон, ҳушёрлик лозим,

Ўзин тийгани ҳам маъқул бу азим.

Бири бек ҳар сўзин сир сақлагай, сир,

Ниҳоят, ҳавасга бўлмагай асир.

Учинчи, эл аро тутса соз ўзин,

Айтмаса оғзига келган ҳар сўзин.

Пора олмай қилса барча ишини,

Бекка яқин қилса олис кишини.

Икки иллат бўлса кишида, малик,

Буюрма унга иш, узатма илик.

Бири тилда ёлғон айтса ҳар сўзин,

Бири эгриликка солса гар ўзин.

Мазкур икки иллат бор бўлса тайин,

Ўзингдан йироқ тут, эй шоҳ, атайин.

Яна ҳар хизматчи айтай уч ишин,

Тийилмаса ундан, егай ўз бошин.


Аввало билганин қилмасин ошкор,

Сўнгра ёмон ишга боқмасин зинҳор.

Учинчидан бўлсин вазмин, мулойим,

Хуррам ўтар шунда кунлари доим.

Нелар дер, эшитгил, доно бек катта,

Амал қил, фойдаси катта, албатта:

Соғ бўлай десанг, бек сўзин сўзлама,

Яна элга ёйма, ўз бошинг ема.

Авом элга ёйса, егай ўз бошин,

Тили янглишса гар, синдирар тишин.

Талай кўрганим бор, ландовур киши,

Очиб беклар сирин, кесилди боши.

Ҳам бисёр эшиттим, бу тил сўзламиш,

Дилин сирин очиб, оғзи қонамиш.

Яна айтди: Оқил доно сўзлади,

Ўзин тутолмас кас бошин ер, деди.

Ҳожиблар асрагай зиёда ўзин,

Кўрарда кўзию сўзларда сўзин.

Ҳузурига бекнинг ногоҳ кирмаса,

Сўрамасдан аввал ҳисоб бермаса.


Зеҳнли каломин тингла ораста,

Ҳикмату тафаккур билан пайваста:

Султонга фурсати билан кўрсат юз,

Сендан сўрагандан сўнгра сўзла сўз.

Барча ишу аъмол ўз фурсати бор,

Замони келган он кўрар икки кўз.

Астойдил ўрганиб юз илму ҳунар,

Раво Улуғ Ҳожиб ҳар иши, унар.


Эй Хоқон, бу асли ўзим билмишим,

Бажо этдим амринг, битирдим ишим.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Султон деди: Уқдим, эшитдим сўзинг,

Яна саволим бор, айтиб бер ўзинг.

Дарвозабон боши бўлса агар ким,

Не асно бўлиши даркор, эй ҳаким.