Ўгдулмиш хоқонга лашкарбоши – сипоҳсолор қандай бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш жавобан деди: Эй Хоқон,

Дастинг устун бўлсин ёвдан минг чандон.

Зарур лашкарбоши ҳар бир бек учун,

Намоён айласин ёв учун кучин.


Бу ишга бағоят жўмард эр керак,

Жангу жадал кўрган жасур шер юрак.

Жўмард лашкарбоши топар шон-шараф,

Черик тузиб, қилар ёвни бартараф.

Зарур бунда зийрак, ҳушёру азим,

Ғофилликдан йироқ бўлиши лозим.

Қўли очиқ, мерган, кўнгли мулойим,

Нону намаги мўл, феъли соз доим.

Ҳар бир сипоҳсолор сахий бўлса хос,

Минг жўмард эш бўлар мардлигига мос.

Улашса лашкарга топган бор молин,

Дўст-ёри оширар яна камолин.

Абжир от, аслаҳа-анжом давлати,

Жаҳон ичра шуҳрат топса савлати.

Кўнглига ҳеч рўзғор дарди сиғмаса,

Еру сув, боғим деб зар ҳам йиғмаса.

Тилагига етса минг заҳмат тортиб,

Йиғиб, яна берса шуҳрати ортиб.

Едирса, ичирса, кийим кийдирса,

Оту яроғ, чўри-ғуломлар берса.


Ёнидан жой олар минг битта жўмард,

Жон бериб, тоғда ҳам ётар минг бир мард.

Оқилу оташ қалб суръатли керак,

Шижоатли керак, журъатли керак.

Урушда кераксиз юраксиз киши,

Журъат-жасоратсиз заифа эши.

Журъатсиз қўрқоқлар черикни бузар,

Черик бузилса, минг мард жонин узар.

Урушда жасурлар керак довюрак,

Ғаним ҳужум қилса, дафъ этиш керак.

Ҳар банда бошида гарчи ўлим бор,

Вале ажал етмай мард ўлмас зинҳор.

Не дер, эшит, ризқи бутун жўмард эр,

Ўлимдан ҳам сира қўрқмайдиган шер:

Куни битмай ўлмас бирон-бир банда,

Қўрқувга ҳожат йўқ ёвни кўрганда.

Ғанимга ҳужум қил, мардона уруш,

Ўлимдан қўрқиб ҳеч бўлма шарманда.

Ширин жондан кечган ор-номус учун,

Шиддат билан олар душмандан ўчин.


Номусли мард ёвни сув каби сочар,

Душмандан энг аввал беномус қочар.

Орияти билан қўрқоқ ҳам ботир,

Аянч қўрқоқ бошин егай хавотир.

Юракли мардона, номусли бўлар,

Номусли ўлса ҳам урушиб ўлар.

Аъло феъл-атвори, сеҳри зиёда,

Жўмардга элу юрт меҳри зиёда.

Сўзи ширин барча эл кўнглин олар,

Бор жоҳил қавмидан йироқ йўл солар.

Такаббурлик қилса лашкарбоши эр,

Душмандан, шубҳасиз, минг бир зарба ер.

Бенаф кибр билан ғафлатда қолар,

Ғофил эр ё барбод, ё бевақт ўлар.

Серсавлат ботиру ҳам мард хушқомат,

Улус ичра машҳур, ёр бахту омад.

Ёмонлар чўчигай салобатидан,

Яхшилар севингай саховатидан.

Сиёсат юритгай ҳар лашкарбоши,

Сиёсат билан соз лашкарнинг иши.


Сиёсат билан ҳар лашкар бош эгар,

Лашкари бош эгса, эрга ош тегар.

Ҳеч ким қарамаса лашкар ҳолига,

Бузилиб, кўз тикар эл-юрт молига.

Ёмонларга қаттиқ сиёсат керак,

Яхшиларга иззат ҳам ҳурмат керак.

Феъли аъло элни айла ҳимоя,

То кўнглига ташвиш солмагай соя.

Азал эзгуликка элу юрт толиб,

Улус ичра эзгу ниятли ғолиб.

Нелар дер, эшитгил, эй фазли афзун,

Ўқиб бу ашъорни шод бўлгин фузун:

Яхшилик бандаси ҳар озод насл,

Ҳақ йўлида савоб иш қил муттасил.

Чинакам одамга бағри кенглик қил,

Адолатли азал ҳар инсон асил.

Зарур лашкарбоши учун минг омил,

Режа тузгай жангда мукаммал комил.

Урушда шер-арслон юраги керак,

Жанг ичра ҳам қоплон билаги керак.


Тўнғиздек ҳужумкор, бўридек кучи,

Айиқдек шиддати, қўтосдек ўчи.

Ҳийлакор ҳам айёр қизил тулкидек,

Нортуядай узоқ сақлай билсин кек.

Зағизғон сингари ҳам зийрак ўзи,

Ёвқур бургут каби ҳам ўткир кўзи.

Ҳиммати бепоён, шердай жангари,

Узун тунлар бедор укки сингари.

Минг жасорат билан жангчи ҳар жўмард,

Жасур жангчи бўлар ҳам яроғдор мард.

Яроғдор жангчию баҳодир ҳассос,

Ёвин тор-мор этиб, олгай ўч-қасос.

Нону намаги ҳам оши кенг керак,

От, либос, аслаҳа мосу тенг керак.

Ошу нони билан улуғ эр оти,

Ошу нон билан бу тириклик тоти.

Нелар дер, эшитгил, Ила[1] улуғи,

Нону тузинг мўл қил, киши қутлуғи.

Шон-шуҳрат истасанг, едир ошу нон,

Ҳаёт кафолати шулар бегумон.


Сахий нон-намагин қўшқўллаб тутар,

Нону намак билан эр ҳақин ўтар.

Улуғлик истасанг, улаш элга ош,

Оши билан топар киши узун ёш.

Тўдабоши хислат билан бежалар,

Юришиб ишлари, тузгай режалар.

Фақат рост сўзласин, феъли ҳам аъло,

Ёлғончи бўлса, минг дардга мубтало.

Иккинчидан - топар сахийликдан бахт,

Бахил боғи ичра ўсмас ҳеч дарахт.

Учинчидан, бўлсин жасур ҳам ботир,

Юраксизни ёвдай енгар хавотир.

Тўртинчи фазилат бу - ҳийла бўлар,

Ҳийла билан йиртқич арслон ҳам ўлар.

Лашкарни бошласа соҳиб мурувват,

Жанг ичра қалбига бахш этса қувват.

Хислати зиёда ҳар лашкарбоши,

Яксон барча ёви, янчилар боши.

Лашкарга гар жасур сардор бўлса бош,

Ғолиблик ҳар жангда султонга йўлдош.


Юзлашса гар ғаним билан шер саркор,

Кеча-кундуз бедор бўлиши даркор.

Зиёд лашкар эмас, паҳлавон зарур,

Паҳлавонга қилич ҳам қалқон зарур.

Зиёда минг лашкар қув, бебош бўлар,

Бебош черик қўрқоқ, бебардош бўлар.

Синаган жангчи сон билан қизиқмас,

Минг туман лашкарни сира кўп демас.

Мудом ғолиб ботир қилар ҳикоя:

Каминага тўрт минг лашкар кифоя.

Зиёда лашкар тез ичдан бузилар,

Қоида-тартиб чок-чокдан узилар.

Яна билиб айтган машҳур баҳодир,

Бир тўда жўмард минг бир ишга қодир!

Нелар дер шуҳратли жасур зот эшит,

Амал қил пандига, ҳар ишинг пишит:

Минг лашкардан аъло юз марди майдон,

Юз марди майдонга соз қилич-қалқон.

Тартибли қўшин соз минг бир лашкардан,

Бузилар кўп лашкар ичдан бегумон.


Ғанимга ташланиб лашкар бошлар эр,

Юзма-юз жанг қилгай бамисоли шер.

Илғору айғоқчи саф танлаш керак,

Яқин-йироқни ҳам тез англаш керак.

Айғоқчилар илдам, етса илғор саф,

Имкон бўлса ёвни қилиш учун даф,

Лашкарни ташласа, соқчи саф тузиб,

Кечикмаса мардлар, кетмаса ўзиб,

Қароргоҳ танлаб ҳам соқчи сафи соз,

Соқчилар мардона, ўзи мисли боз,

Режасин сир тутса, яловбардор эр,

Четда турмаса ҳеч зарб берар минг шер,

Туширса лашкарин топиб соз ерни,

Ёнига жам қилса жумла мард эрни.

Ғофил бўлмаса ҳеч, ҳамиша ҳушёр,

Ғофил бўлса, офат етказар ағёр.

Яқинлашса ёвга илғорни олиб,

Туширса лашкарин жиддий син солиб.

Лашкарин авайлаб, тил олдирмаса,

Қўшин оз-кўплигин душман билмаса.


Жойлашгандан сўнгра тил олиш керак,

Ғаддор ёв ниятин тез билиш керак.

Сирин билиб, сўнгра гар қилса ишин,

Ғаним бўйнин узиб, келтирса бошин.

Огоҳу ҳушёрга мудом зафар ёр,

Жангу жадал ичра музаффар ҳушёр.

Ҳушёр бек каломи ялов эр учун,

Қилич-қамчи қанот жўмард шер учун.

Ғанимни енгишда икки усул дов,

Икки усул билан мағлуб аксар ёв.

Энг аввал ҳийла ҳам керак мукаммал,

Ҳийла билан айла ёв қисматин ҳал.

Ҳушёрлик, огоҳлик ҳам зарур яна,

Ҳушёр қўли устун, қилар тантана.

Ҳушёрлик бобида беназир аъло,

Ғаним боши узра солар минг бало.

Ёвинг лашкари кўп, сенда бўлса оз,

Ҳужумни ёв томон бошлагани соз.

Ярашиш имкони бор эса, яраш,

Йўқ эса қурол ол, астойдил кураш.


Баногоҳ шахт билан жанг қилсанг тунда,

Қўшин оз-кўплиги билинмас унда.

Агар босқинга ҳеч бўлмаса имкон,

Элчилар юбориб, сирин бил пинҳон.

Гўё сохта дўст бўл, асрагил ўзинг,

Жанг қилишга шошма, камтар қил сўзинг.

Имкон бўлмаса ҳеч ғаним қилса қасд,

Жанг сари чоғланса сира бермай даст,

Лашкарни бошлаю тезда уруш қил

Урушда ҳар онни ҳам ғанимат бил.

Жангни чўзсанг, сиринг ёв билиб олар.

Сиринг билиб бошга минг савдо солар.

Нелар дер, эшитгил, ёвни янчмиш эр,

Бошидан кечирган, кўпни кўрмиш эр:

Синалмаган ғаним сири кўп йироқ,

Синалса, кўрар кўз, эшитар қулоқ.

Ёв ҳолин танг айла, режанг билмагай,

Сир олса, ҳолинг танг, чора топ тезроқ!

Пистирма қўйишга ҳам тезда улгур,

Пиёдалар билан олдинга югур.


Жўмард жангчиларинг соҳиб мурувват,

Олдинги сафга тиз, лашкарга қувват.

Жўмард жангчилардай бўлмас жанговар,

Жасур ҳарбу зарбда довқур, диловар.

Ёш-яланг гар мисли оташ-аланга,

Йўқотар ўзин гоҳ кирганда жангга.

Олдину ортда ҳам содиқ мард қалқон,

Сўлу соғингга ҳам ҳушёр бўл ҳар он.

Қўшинга юзланса ғаним шерлари,

Ўлимдан тап тортмас ёвқур эрлари,

Аввал камон билан тез нишонга ол,

Яқин келса, қилич-найза ишга сол.

Ойболта билан ҳам аямасдан ур,

Тиш-тирноғинг билан кураш, ёвни сур.

Жидду жаҳд айлагин, бўш келма ёвга,

Ёвни янчгин, минг бир жон тикиб довга.

Нелар дер, эшитгил, жўмард акобир:

Сабрли бўл, енгар ҳар ёвни собир.

Маъшуқа завқ-шавқи ишрат тунлари,

Алп ботирлар завқи қирғин кунлари.


От ўйнатиб жўмард ботирлар жасур,

Ғанимни қул қилар ҳам олар асир.

Жўмард жангчи ғаним ҳолин қилиб танг,

Сафдошларин аяб, ёлғиз қилар жанг.

Черик кўрса, жўмард мард арслон бўлар,

От солиб ўлдирар ё ўзи ўлар.

Алп эр жангга кирса, бўлар ёвқур шер,

Ғаним аҳволи танг, қонга ботган ер.

Оту қурол, совут-қалқон қип-қизил,

Қизил, қизғиш ҳатто яноқ ҳам яшил.

Ғаним от ўйнатиб, ҳамла қилганда,

Сир бой берма, ҳужум қил тарқаганда.

Ёв силжиса, сен ҳам ортидан жилгин,

Ҳар он муҳим, изма-из таъқиб қилгин.

Беқарор қочса гар мисоли басир,

Қувиб, қўлга олу бўлма сен асир.

Енгар минг ғанимни мардлар ошиқмай,

Яна минг ғанимни енгар пайдар-пай.

Ғаним қочса, таъқиб қилма ҳеч йироқ,

Ортга қайтсанг тушов пойингга чарчоқ.


Ҳоли танг ёв мисли ярадор арслон,

Ярадор арслон жон бермагай осон.

Ғофил бўлса эр гар йўл узра йитар,

Ғофил бўлмаса эр, муродга етар.

Жанг ичра ўзингни асра, эй ўғлим,

Ўзинг асра, йўқса муқаррар ўлим.

Менга шундай деган синаган киши,

Амал қилган ҳар зот пухта ҳар иши:

Ёв қочса, ортидан ҳеч қилма таъқиб,

Таъқибчини гоҳи савалар рақиб.

Тум-тарақай ғаним жамланмайди ҳеч,

Сув билан ўчган ўт ҳам ёнмайди ҳеч.

Ҳоли танг ўлимга ҳам тайёр бўлар,

Ўлимга тайёр ҳам ўлдириб ўлар.

Жасур мардга инъом ҳам рағбат лозим,

Яйраб рози бўлсин сендан мулозим.

Жасур мардга олқиш ҳам ҳадя керак,

Олқиш-ҳадя билан жўш урар юрак.

Ёмонни мақтасанг, бўлар соз яхши,

Олқиш билан яхши жумла эл нақши.


Мардинг мақтасанг, шер, арслон ҳам тутар,

Отини алқасанг, қушга ҳам етар.

Барча ярадорни давола териб,

Асирларни қутқар кумуш, зар бериб.

Эъзозлаб дафн қил ҳар шаҳидни мард,

Рози қил фарзандин, маҳв этмагай дард.

Токи сарбозларинг мамнун, кўнгли тўқ,

Ҳар ғаним кўксига санчар минг бир ўқ.

Эл ичра топайин десанг эзгу ном,

Ширин сўз, ёруғ юз билан бер инъом.

Эркину озод ҳам содиқ қул бўлар,

Фидо айлаб жонин, шодлигинг тилар.

Бағоят мос бунга бу шеър, эй доно,

Син солиб уқиб ол, кўп унда маъно:

Ёруғ юз, ширин сўз - мол-товар бергин,

Марду майдон борки, сафингга тергин.

Олтин-кумуш билан харид қилма қул,

Уч омил билан шод, кўкрагинг кергин.

Лашкарбоши шундай бўлиши керак,

Ҳар сарбози ўзи каби шерюрак.


Бор-будинг бер, кўргил инъомнинг кучин,

Ширин жонларин ҳам берар сен учун.

Қул қилар башарни ушбу уч омил,

Ҳар бек иши топар бундан такомил.

Беназир сардор бек дардига дармон,

Яйрагай ошиғи олчи, беармон.

Бебаҳо бўлса гар лашкарбоши эр,

Иши равнақ топар, армоним йўқ дер.

Лаёқатли вазир шундай бўлса соз,

Лашкарбоши бундай бўлса, заҳмат оз.

Фақат уларга бек инонса бўлар,

Мурод ҳосил, ғазна зар билан тўлар.

Ўгдулмиш яна дер: Хоқон, бахтиёр,

Буюк икки аъмол билан толе ёр:

Вазир, лашкарбоши - дастида аълам,

Бирида қиличу бирида қалам.

Элу юрт жиловин икковлон тузар,

Бир тану жон бўлса, уни ким узар.

Ғоят ортиқ сара бўлгай бу киши,

Итоат қилмаса, кетар, бас, боши.


Нафи тегса, тўлар ғазна, ҳамёни,

Акси бўлса агар, бисёр зиёни.

Беназир шоҳу бек эл-улус кўрки,

Вазир, лашкарбоши - халқ азиз бўрки.

Булардан эл-улус топар минг фойда,

Бек кўнгли хотиржам наф бисёр жойда.

Нелар дер, эшитгил доно, элга бош,

Доно сўзин есанг бўлар мисли ош:

Қилич билан шитоб юрт олар зобит,

Қалам билан фақат бошқарар собит.

Қилич билан ҳар юрт тез кирар қўлга,

Вале солиб бўлмас қаламсиз йўлга.

Қай бир юрт олинса қилич-куч билан,

Идора қилинмас зулм-ўч билан.

Қай бир диёр қалам билан тутилгай,

Насиб этгай ундан ҳар не кутилгай.


Эй Хоқон, бу асли ўзим билмишим,

Бажо этдим амринг, битирдим ишим.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон дер: Эшитдим, ҳар сўзинг манзур,

Яна бир сўзим бор сенга, эй машҳур.


Баён айла менга тафаккур қилиб,

Улуғ ҳожиб қандай бўлишин билиб.

Ҳожиблар қилгай, бас, унга иқтидо,

Садоқат билан жон ҳам қилса фидо.

Бек ҳам, эл ҳам унга ишонсин мудом,

Дуо қилсин дилдан аъёну авом

Султон деди: Сўзла яна бу сўзни,

Баён эт буни ҳам, равшан қил кўзни.



[1] Ила – чўл, яйлов номи.