Вазир бўлгувчи қандай киши бўлиши кераклигини айтади PDF Босма E-mail

Ўгдулмиш жавобан деди: Эй малик,

Вазир тутар бекка чин дилдан илик.

Бекка зарур вазир таянч ҳамда синч,

Вазири оқил бек тинч ухлайди, тинч!

Бек юкин кўтарар ҳар вазир жўмард,

Доно вазир боис кетар бекдан дард.

Не соз, вазир бўлса сара бағоят,

Фаросатли, оқил, серғайрат ғоят.

Теран заковати, билими уммон,

Ҳар ишни битирса, тикиб минг бир жон.

Омилкору зийрак, тўғридан-тўғри,

Хавотир олмагай бамисли ўғри.

Улуғ иш, бу ишга сара эр зарур,

Феъли беназир ҳам оқил шер зарур.

Заковат, билими бағоят бисёр,

Феъли мулойим ҳам ҳамиша ҳушёр.

Аъло асилзода бўлгай ҳам асли,

Бор нозу неъматдан баҳраманд насли.

Имонли, дилида бўлмаса доғи,

Улус таянч тоғи, ишонган боғи.


Имон билан дўнса замон мардига,

Даво жумла етим-есир дардига.

Ҳар вазмин зот ишда ҳушёрлик қилар,

Ҳар ёмондан йироқ, иш кўзин билар.

Бамисли бек каби узун забардаст дасти,

Калом, аъмол билан ҳар вазир асти.

Таги паст, бетайин наф келтирмас ҳеч,

Нафи йўқ кимсадан тамомила кеч.

Ваъдага вафодор вафо қилади,

Бетайин кимсалар жафо қилади.

Омилкор нелар дер, қулоғинг тут бот,

Бош бўлар эл-юртга омилкор ҳар зот:

Асилзода ҳар зот тўғри ҳам ҳалол,

Вафодор эл юртга, бахш этар иқбол.

Тубан бевафодан етар минг жафо,

Агарчи едиргай фақат шаккар-бол.

Ору номусли ҳам кўзи тўқ керак,

Уятсиз мисоли мевасиз терак.

Кўзи тўқ суқланмас манфаат кутиб,

Кўзи оч тўймас бор дунёни ютиб.


Аҳли эл сараси номусли киши,

Номусли учун бор улус олқиши.

Ору номуслига қучоғинг кенг оч,

Уят-андишасиз касдан бадар қоч.

Уят-андишасиз эл-юртга офат,

Тўғри сўзламас ҳеч манфур касофат.

Нелар дер эшитгил, хислати фузун,

Айтар у сен учун насиҳат сўзин:

Уятсиз кишидан йироқ бўл, йироқ,

Уятсиз назари қоп-қора чироқ.

Беномус рафтори эти йўқ сўнгак,

Беномус мараздан ҳам мараз, тўнгак.

Ору номусли зот юзи нурланар,

Шону шуҳрат билан кўзи нурланар.

Юзин кўрки зебо бўлсин хушчеҳра,

Аъло феъл-хулқидан эл олсин баҳра.

Қилар иши тўғри, феъл-атвори соз,

Саховатли вазир қилинар эъзоз.

Ҳалол бўлмаса гар ишга бош киши,

Барбод бўлса не тонг бекнинг ҳар иши.


Тўғриликни қилса шиор мансабдор,

Ишониб топширар бек унга ҳар кор.

Кўркли киши хулқи ҳам кўркли бўлар,

Шарофати билан эл бағри тўлар.

Латофатли кимнинг юзу рафтори,

Латофатли, гўзал феълу атвори.

Нелар дер, эшитгил, синаган киши,

Яхшию ёмонни ҳам билган киши:

Одам зоҳирига уйғун ботини,

Юзин кўркига мос билгил зотини.

Боқиб рафторига англа атворин,

Топайин десанг бу сўз исботини.

Вазир бўлса хушрўй, сипо, басавлат,

Чиқмас фармонидан ҳеч мулку давлат.

Ҳисобдон бўлса ҳам доною тетик,

Билим билан билса минг турфа битик.

Вазир иши барча ҳисоблаш бўлар,

Ҳисобни билмаса, бор иши қолар.

Муҳим ғоят ҳар иш ҳисоб-китоби,

Ҳисоб билан йил, ой, кун сарҳисоби.


Ҳисоб-китоб билан ишда тўғрилик,

Ҳисоб бор жойда йўқ ҳеч бир ўғрилик.

Зийрак бўлмаса иш қилолмас киши,

Зийраклик билан ҳал минг мушкул иши.

Битик билан барча битар билганин,

Битса гар билар эр ҳар не қилганин.

Зийраклик нишони азал хат-битик,

Битик битгучи эр зийрак ҳам тетик.

Агар билмаса эр битик лисонин,

Нетиб билгай йилу ой ҳам кун сонин.

Донолар пайтида битмаса шитоб,

Қандай қилинарди ҳисобу китоб?

Яратишдан олдин Тангрим оламни,

Яратди Лавҳ, ишга солди Қаламни.

Фаришта битар ҳар зот ҳар қилмишин,

Қиёматда тафтиш айлар ҳар ишин.

Мулойим ширинсўз вазирни асли,

Эъзозлар ҳалойиқ, бор одам насли.

Дили ҳалим бўлса, яйрагай киши,

Армони йўқ кимнинг аъло ҳар иши.


Нелар дегай, эшит, феъли мулойим:

Феъли мулойимга мойил Худойим.

Дили ҳалимга эл бағрин кенг очар,

Дағал-тошбағирдан бутун эл қочар.

Феъли мулойим зот қиммати баланд,

Феъли дағал егай ҳар лаҳза минг панд.

Вазирликка ортиқ бутун эр керак,

Уқувли, ақлли жўмард шер керак.

Тилию дили бир, тўғри ҳар иши,

Меҳрибон, номусли донишманд киши.

Ҳушёр, икки кўзи тўқ ишбилармон,

Яхшию ёмонни фарқлар бегумон.

Фарзу қарз амаллар бобида моҳир,

Имони комил ҳам қалби соф соҳир.

Тугал кимда бўлса минг ҳунар, билик,

Вазир қилиб олса арзигай малик.

Беназир эр бўлса Хоқонга вазир,

Ҳам бек, ҳам улус кун кўрар беназир.

Бағоят жўнашар Хоқон ҳар иши,

Элу юрт ободу маъмур ҳар киши.


Вазир бўлса элга ярамас ёвуз,

Бузиб элни, сепар ярасига туз.

Вазир эзгу бўлса, эл-юрт роҳатда,

Улус хотири жам, шоҳ фароғатда.

Билим билан кўнгил равшан, чароғон,

Нелар дер эшитгил, билими уммон:

Беги эзгу, тили-кўнгли шунга хос,

Сарой аҳли тўғри йўлда унга мос.

Агар беклар бўлса золим ашаддий,

Бузар мансабдорлар ҳар ишни жиддий.

Беги эзгу бўлса, соз ҳар амалдор,

Феъли эзгу, зарар етказмас бекор.

То беклар оғмагай равон йўлидан,

Ёмонни йўлатмас ўнгу сўлидан.

Ёмон берар фақат ҳар ёмонга қўл,

Эй яхши, сен фақат яхши билан бўл!

Яхши ёмон билан кўришмагай ҳеч,

Ҳалол эгри билан курашмагай ҳеч.

Қора тун, ёруғ кун - бир-бирдан йироқ,

Зилол сувга алвон ўт бўлмас қўноқ.


Нотанишни билай десанг, эй инсон,

Билгандан сўрасанг, мушкулинг осон.

Тўпи билан бирга ҳар не, эй оқин,

Ҳалол юр, йўлама эгрига яқин.

Ўқи бу шеърни, эй соҳибмурувват,

Теран фалсафаси қалбингга қувват:

Юрару учар ҳам қара син солиб,

Жамулжам ҳамиша тенг-тўшин олиб.

Ёмон яхши билан қовушмас, қочар,

Жаҳон ичра айни анъана ғолиб.

Вазир муттасил бек билан кенгашар,

Барча кенгашганлар гўё тенглашар.

Бек агар яхшини олса ёнига,

Оро кирар мамнун элнинг жонига.

Ёмонга баногоҳ ёндошгани чоғ,

Яхши ҳам номига туширар минг доғ.

Ёнига олса бек ёмон кишини,

Бадном бўлиб бузар эл-юрт ишини.

Фазилатли вазир топилган ҳамон,

Бек ҳам фароғатда, эл ҳам фаровон.


Бек барча тилаги раво тобора,

Топилар ҳар мушкул ишига чора.

Бадавлат барча халқ ҳам фаровон эл,

Хазина зиёда, баракали йил.

Азиз элда мангу бу янглиғ киши,

Ўзи йитса ҳам ҳеч йитмагай иши.

Насиб икки олам роҳати фузун,

Сурар давру даврон ҳам яшаб узун.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон деди: Сўзинг яйраб тингладим,

Маъно ҳам мазмунин теран англадим.

Гапир: бек хизматин тиласа ногоҳ,

Сипоҳсолор бўлгай нелардан огоҳ?

Қўшинни бошқариб, аъло, бехато,

Бирор ишида ҳам бўлмаса хато.

Ғолиб жангу жадал ичра сурар от,

Лашкарни бошлашга лойиқ қай бир зот?