Бекликка лойиқ бек қандай бўлишини сўрайди PDF Босма E-mail

Султон деди: Сенга берарман савол,

Саволимга жавоб бергайсан ҳалол.

Яратди башарни беназир у Зот,

Улуғу кичигу яхши-ёмон от.

Билимли, билимсиз, ғарибу бор бой,

Уқувли, уқувсиз, гадо ҳоли вой.

Не асно бу элни беги бошлагай,

Шуҳрати юксалиб, хуррам ишлагай?

Эли фаровону улус бадавлат,

Шаъни беғубору юрт ҳам басавлат.

Кумуш-олтин билан хазина тўла,

Ёғий-ғанимларин янчса бир йўла.

Беҳисоб лашкари, забардаст илик,

Сиёсати одил, дастури - билик.

Жаҳон ичра машҳур басавлат зобит,

Зиёда давлати барқарор собит.

Беармон шаҳаншоҳ неча минг замон,

Насиб этса боғи жинон ҳам ҳамон.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавобан деди: Эй малик,

Мураккаб ғоят сен сўраган билик.


Беклик ишин фақат бек аҳли билар,

Сиёсату низом улардан келар.

Онадан туғилар улар бўлиб бек,

Кўриб эзгу ишни ўрганарлар тек.

Худо кимга кўрса бекликни раво,

Берар кўнгил, идрок соҳиби маъво.

Тиласа кимни бек танлашни ул Зот,

Бахш этар уқув ҳам олмос қўш қанот.

Беклик иши беку бекзода иши,

Беклар ишин билар бек каби киши.

Бу ишни Хоқон ҳам ғоят соз билар,

Отаси каби у ҳам беклик қилар.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон айтди: Уқдим, сўзинг, забардаст,

Ҳалол сўзинг билан қилдинг мени маст.

Ишин адо айлар қилар ўз ишин,

Холис зот баҳолар ишу қилмишин.

Камина иш қилар, кузатувчи сен,

Хато қилсам ногоҳ, тузатувчи сен.

Сийлаган тафаккур ҳам илм билан,

Етилдинг заковат ҳам билим билан.


Кичикликдан холис хизмат қиларсан,

Адолат нелигин яхши биларсан.

Ҳар иш моҳиятин англарсан теран,

Сен каби йўқ менга ҳеч содиқ эран.

Ҳар ким содиқ зотга нидо айлагай,

Содиқ ҳатто ўзин фидо айлагай.

Сўзларман сенга, эй, содиқ муҳтарам,

Садоқат билан айт сўзларинг сен ҳам.

Қулоқ тут, нелар дер ҳар содиқ жўмард,

Одамийлик боши - садоқат, эй мард:

Оқил наздида ҳар меҳрибон азиз,

Меҳрибон сингари бўлмас ҳеч лазиз.

Меҳрибон содиқни қадрла ортиқ -

Тафаккур даъвати юксак, шубҳасиз!

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавоб дер: Эй, фазли фузун,

Соғу саломат бўл, эй дасти узун!

Беклик учун зарур асилзода зўр,

Ботиру мергану шер қалбида қўр.

Азал бек бўлади бекнинг боласи,

Асилзода ичра бўлмас оласи.


Заковатли, оқил, теран билимли,

Саховатли, сахий, улуғ илмли.

Билим билан беклар улус бошлагай,

Тафаккур билан юрт учун ишлагай.

Билик билан боғлиқ ҳар бир бек зоти,

Билик ломи кетса, қолар бек оти[1].

Заковат соҳиби, оқил, бамаъни,

Азал билим аҳлин бисёр душмани.

Қалбин кўзин очган даҳри дун иши,

Эшитгил, нелар дер, билимли киши:

Бек билимли бўлгай, зийрак ҳам аъло,

Бўлмагай балога зинҳор мубтало.

Беғубор атвори, минг касбу корли,

Вазмину улуғвор, аълодан-аъло.

Инсонлар барчаси бирдай тирик жон,

Фақат илми билан фарқланар инсон.

Оқиллар фарзанди минг хислатга бой,

Оқил, аъло мудом тўрдан олар жой.

Муқаддас беклик боз тилагай софлик,

Ҳалолу зийрагу бўлгай инсофлик.


Элга керак сарвар абжир, баҳодир,

Буюк аъмолга қўл уришга қодир.

Ўтукoн[2] бегининг ҳикматин тингла,

Оқил бўл, мазмунин сен теран англа:

Улус беги сара бўлгани не соз,

Тилию дили бир, хулқи хуш шоввоз.

Билимли, уқувли, мардларнинг марди,

Кўзию кўнгли тўқ, дилда йўқ гарди.

Барча эзгу амал орзу, нияти,

Имонли, хушрўй ҳам пок ҳамияти.

Бек бўлар бундай зот улусга улуғ,

Мерос қолар авлод - шавкатли уруғ.

Билим билан ҳар бир иш кушойиши,

Уқув-идрок билан юришар иши.

Билим билан қойим ҳокимлик нақли,

Билимсиз ҳеч ишга етмагай ақли.

Хону бек янглишса, эй элда азим,

Қолар кучдан беклик, даволаш лозим.

Бу дарднинг давоси ақл ҳам билим,

Давола қунт билан, соҳиби илм!


Билимли, зеҳнли, эпчилу чаққон,

Оқил бек давосин топар бегумон.

Билимли закий ҳам доно бек собир,

Икки олам ичра азиз акобир.

Икки олам чиқмас фармонидан ҳеч,

Ному нишон қолмас армонидан ҳеч.

Шоир топиб айтган шоҳона бу сўз,

Маъниси билимсиз оми учун кўз:

Соҳиби фароғат қай зот, сўзла бот,

Элу улус ичра бахти бутун зот?

Ўзию, ўзгани айлар бахтиёр

Топар боқий олам ичра ҳам нажот.

Беназир бек ахлоқ-одоб бобида,

Беармон, ҳаловат ўнгу хобида.

Аъло ахлоқ берса кимга пешма-пеш,

Йўриғу йўл берса унга қувват эш,

Жаҳон ноз-неъматин беармон терар,

Тиласа еб-ичар, тиласа берар.

Худо берса қулга фазилатдан қут,

Бўлар хулқи эзгу, барча иши бут.


Аъло хулқ, ҳунар ҳам бўлса минг туман,

Эли шод, йитар бор зулмат умуман.

Донолар эзгу феъл бебаҳо демиш,

Аъло феъл - инсонга кийим ҳам емиш.

Худо кимни қасддан қилса гар итфеъл,

Бошига минг бало ёғар мисли сел.

Бек бўлса қопоғон итдан ҳам баттар,

Омад юз ўгириб, қайғуга ботар.

Назокатли бўлгай ҳар бек озода,

Ҳалоллик толиби ҳар асилзода.

Назокатли инсон қўрқувни билар,

Андишали ҳар бек ишин соз қилар.

Беандиша бўлса, бўлмаса софдил,

Нопок бемаъни бек ҳар бир иши, бил.

Қарор, сабру тоқат бек учун зийнат,

Таянч беклик иши учун бу тийнат.

Бекка идрок зарур бошлаш учун иш,

Билиб иш бошласа, йўқ ҳеч бир ташвиш.

Фақат зийрак ишни аъло юритар,

Жоҳилни ҳар ишдан тез нари итар.


Дил бўлмаса икки кўздан йўқ фойда,

Идрок нетар ақл бўлмаган жойда.

Қулоқ тут, нелар дер эл-юрт сарвари,

Дили чашмадай соф улуспарвари:

Кимда бўлса ақлу, заковат, тадбир,

Алқаб, тугал эр деб қилгайсан таъбир.

Илму, зеҳну ақли бўлса гар етук,

Ёмонни яхши де, кичикни кабир.

Тафаккури билан азиз бор башар,

Ақллини доно десанг ярашар.

Жаҳон учун азал шошқалоқлик ёв,

Қора қилар ҳар бек юзин бу олов.

Феъли тез, шошқалоқ, енгилтак киши,

Қилар иши қавми нодон қилмиши.

Шитоб битган ишдан кўнгил бўлмас тўқ,

Шошиб еб-ичиш ҳам хосияти йўқ.

Барча иш гаровин бил сабру тоқат,

Фақат ибодатга жўшқин садоқат.

Кўзи тўқ, андиша ёр бўлсин доим,

Амал-сўзда бўлсин рафтор мулойим.


Ғоят тўймас бўлар кўзи суқ киши,

Кўзи суққа етмас дунё емиши.

Бу дард каби бўлмас ҳеч бедаво дард,

Даволай олмагай табиблар ҳам мард.

Барча оч қолганлар еб-ичса тўяр,

Кўзи оч очлигин ўлганда қўяр.

Кўзи суқ мол-дунё билан бўлмас бой,

Бисёр мулк билан ҳам очкўз ҳоли вой.

Азиз ақли билан элда бек киши,

Заковат аҳлининг безавол иши.

Назокатли бўлса ҳам хулқи аъло,

Ножўя ҳар ишга бўлмас мубтало.

Худо кимга берса андиша-уят,

Зиёда давлати, алқар жамият.

Нолойиқ ишлардан асрар андиша,

Савобли ҳар ишга йўллар ҳамиша.

Андиша ва ҳаё жўмард чиройи,

Барча эзгуликка негиз киройи.

Ҳалоллик билан мўл ҳар даромади,

Элга нафи тегиб чопар омади.


Хиёнаткор бўлса бу беклар агар,

Элга нафи тегмас, офат муқаррар.

Тилу дилу феъли бўлмаса тўғри,

Қақшатар эл-юртни бамисли ўғри.

Ваъдага бевафо бекдан умид уз,

Янгилар дил дардинг сепиб аччиқ туз.

Ғоят ҳушёр, зийрак бўлгай бек аъло,

Ғофил бек бошига ёғар минг бало,

Зарур элга икки шу жиҳат ҳассос,

Сиёсат, ҳушёрлик – бахт учун асос.

Ҳушёр бек улуси бир жону бир тан,

Ғаним бошин янчиб, енгар дафъатан.

Сиёсати одил бек бахтли эли,

Яшнатар диёрин саодат ели.

Бек олтин белбоғи шу икки жиҳат

Бўлса бас, беармон улус ҳамжиҳат.

Ғанимин дафъатан маҳв этар ҳушёр,

Қулоқ тут, нелар дер ботир бахтиёр:

Десангиз чиқмасин тартибот йўлдан,

Огоҳликни зинҳор бермангиз қўлдан.


Огоҳ ҳар бек элу юрти тузилар,

Ғафлатдан муқаррар негиз бузилар.

Ҳушёрлик билан бор ёв бошин узгин,

Элинг учун толе низомин тузгин.

Икки йўл билан бек ўз ишин бузар,

Кириб эгри йўлга, ҳақ йўлдан озар:

Бири зўравонлик, ғофиллик бири,

Барбод офатидан бек ҳар тадбири.

Ғаним бошин янчай десанг забардаст,

Огоҳ бўлгин, ғафлат қилмагай ҳеч маст.

Огоҳ бек ғолиб, бор армони кетар,

Ғофил бек салтанат бошига етар.

Ғофил беклар ҳеч иш битказа олмас,

Эл-юртга амрин ҳам ўтказа олмас.

Узар ҳушёр юксак минг юлдуз-нужум,

Фақат ҳушёр беклар қилар тез ҳужум.

Беги ҳушёр элга ким кўтарар қўл?!

Чора топар минг бир мушкулга ҳам мўл.

Юксак мартабага золим нолойиқ,

Чидамас зулмига зинҳор халойиқ.


Донишманд пандида минг бир ҳикмат бор:

Золим бек қилар тез ўзин шармисор!

Ҳўлу қуруқ куяр золим тобидан,

Унар минг бир неъмат одил обидан.

Одил сиёсати минг дардга дармон,

Умрбод бошқарар элин беармон.

Адолат билан эл шод, олам обод,

Зулмдан эл йитар, мамлакат барбод.

Золим зулми билан бузар минг шаҳар,

Қусиб қон, жон берар ичгандай заҳар.

Сиёсати одил ҳар бек баркамол,

Барқарор беклик ҳам топар боз камол.

Чиқарса эл ичра ёлғончи деб от,

Гумон ўнгланиши бундай тубан зот.

Адолатли бўлса соҳиби диёр

Хотиржам халқи ҳам яшар бахтиёр.

Ёлғонга зўр берар вафосиз бўлар,

Вафосиз Хоқонга минг жафо келар.

Нелар дер, эшитгил, вафоли киши,

Вафо азал имон-эътиқод боши:


Ёлғон сўзлар эрнинг жафо қилмиши,

Жафо қавмин йиртқич каби ҳар иши.

Ёлғончи кимсадан кутма ҳеч вафо,

Офат азал-абад ёлғончи киши.

Ҳар кишида бўлгай жасорат-журъат,

Жасоратли жангда кўрсатар суръат.

Лашкарбоши жўмард бўлса ҳам ботир,

Қўшин-лашкар билмас хавфу хавотир.

Журъатсизлар узра бўлса бош жўмард,

Журъатсиз ҳам жўмард каби ботир, мард.

Исбот айлар мазкур байтни билиб ол,

Дилу ақлинг кўзи билан назар сол:

Агар арслон бўлса итлар узра бош,

Арслондай кемирар бари ҳатто тош.

Арслонлар сарвари агар бўлса ит,

Барча арслон итдай бетайин, бебош.

Саховат, хушфеъллик бек учун лозим,

Мулойимлик билан азиз ҳам азим.

Саховати билан дурдай турланар,

Шону шуҳратидан олам нурланар.


Саховатли ҳоким лашкари тайёр,

Қўшин-лашкар билан минг бир зафар ёр.

Не дер йиғар, инъом берар сахий эр:

Молу мулкинг, эй мард, жўмардларга бер.

Сахий бўл, инъом қил, эл ичиб-егай,

Сени эл Ҳотамлар Ҳотами дегай.

Жўмард ризқи бутун, ош-нони бисёр,

Назар солгин: ҳар бир қуш дони бисёр.

Яроғи бўлса бас, ҳар арслон юрак,

Молу мулк бобида ташвиш нокерак.

Жаҳонгир, доно бек, қара, чекмай ранж,

Йиғар лашкар билан беармон минг ганж.

Жаҳон қўлга кирмас лашкар бўлса оз,

Зиёд лашкар учун неъмат зарур соз.

Зиёд неъмат чиқар элдан бадавлат,

Адолат билан эл бой ҳам басавлат.

Тўрт жиҳат азалдан беклик устуни,

Битар, бас, буларсиз ҳар беклик куни.

Сўнгра, беш иллатдан бўлса гар йироқ,

Шуҳрат осмонида мунаввар чироқ.


Бири шошқалоқлик, очкўзлик бири,

Учинчи - жаҳолат бўлма асири.

Тўртинчидан, бузуқ топмас саодат,

Бешинчиси- ёлғон-яшиқ бад одат.

Булардан сақланса гар бек дер, Ҳожиб,

Номи элда азиз, ҳар амри вожиб.

Яширмай бор гапни сенга айтайин,

Феъли бузуқ каби бўлмас бетайин.

Қулоқ тутган оқил шоир сўзига,

Гард ҳам юқтирмаса, не тонг, ўзига:

Феъли бад қилмагай кимлар кўнглин хит,

Талагай беомон баъзан мисли ит.

Ғаним қилмас ишни феълидан топар,

Егай ўз бошин ҳам кушанда тахлит.

Зиёда салтанат топсин такомил,

Десанг зарур, эй бек, муҳим уч омил:

Қилич ўнг дастингдан тушмагай ғолиб,

Чап қўл билан элга ганж улаш олиб.

Тилингдан ҳамиша томса шакар-бол,

Бўйин эгар барча, ёр бахту иқбол.


Аъло хислат билан, Хоқон, ўзинг кўр,

Улус ичра азиз, жойинг бўлар тўр.

Ширин сўз, очиқ юз, феъли мулойим,

Латиф атвори ҳам мос шунга доим.

Кўнгли очиқ, ундан наф кўрса ҳар жон,

Буларга яраша мунис-меҳрибон.

Минг бир касбу корни ҳам билса тугал,

Нафи йўқ ҳар недан йироқ ҳар маҳал.

Фақат шундай сиймо эл баркамоли,

Ўзи каби комил ҳар иш, аъмоли.

Комил бекка эл ҳам фидо айлар жон,

Комил бек амридан чиқмас бор жаҳон.

Такаббуру бадрўй, баджаҳл, манман,

Йўқотар йўлин ҳам ҳатто умуман.

Тубану бесабр, ҳовлиқма бадном,

Бедаводан ўзинг йироқ тут мудом.

Жоҳиллар қилмиши зиён бек учун,

Касофати тезда кўрсатар кучин.

Жоҳиллик - қора куч, беклик - бокира,

Зиё билан зулмат қовушмас сира.


Бек бўлайин десанг комил, албатта,

Фозиллик касб айла, эй элда катта!

Беклар қилар иши гар бўлса қаро,

Қора авомдан ҳам тубан эл аро.

Беназир суврату сийрати ҳар бек,

Бўйи ўрта, шону шуҳрати ҳам нек.

Мойил бўлса ҳар ким юзини кўриб,

Элу улус боқса, қувонса туриб.

Ёвин ер тишлатса мардлиги билан,

Элин ром айласа фардлиги билан.

Бўйи дарозга ҳам билим бермас тан,

Пакана ҳам сира бўлмагай, зотан.

Бинобарин, фақат ўрта бўй яхши,

Бўйи ўртача бек бор беклар нақши.

Нелар дер, қулоқ тут синамиш киши,

Бошидан кечириб яшамиш киши:

Пакана кимсанинг фасод қилмиши,

Жаҳолат-жанжалга сабаб ҳар иши.

Бўйи ўрта, қурол-яроғ муносиб,

Ишинг ўртача тут, эй доно киши!


Фасод қилмагай бек, ичмагай шароб,

Бу икки иллатдан давлат-қут хароб.

Маишат билан не беклар хўр бўлар,

Хор улус манглайи шўрдан-шўр бўлар.

Жаҳонгир маҳлиё ишрат ишига,

Бузиб элин, дўнар гадо кишига.

Бажарар ишин бек қилса фаромуш,

Тутқич бермас имкон сира мисли қуш.

Нелар дер, эшитгин, соҳиби таълим,

Шароб ичмагин деб айтар муаллим:

Шароб ичма зинҳор, оч нафсин қули,

Очилар май билан гадолик йўли.

Авом майхўр бўлса, бор-буди барбод,

Беги майхўр улус сира бўлмас шод.

Шаробу май ғаним, гар бол каби хуш,

Мастнинг иши жанжал, қилмиши уруш.

Телбадан фарқи йўқ кимки маст бўлар,

Бадмаст иши фақат тубан, паст бўлар.

Қулоқ тут, нелар дер, андишапараст,

Амал қил бу пандга, аё майпараст:


Неча қилар ишинг қолар маст бўлсанг,

Неча ножўя иш қилар ҳолинг танг.

Маишат ярашмас ҳеч бек кишига,

Бадмаст бек ярамас эл-юрт ишига.

Неча бемаънилик май билан бўлар,

Неча эзгу ишлар қилинмай қолар.

Фасод ҳоким жойда бахтдан йўқ нишон,

Фасодчи бузар тинч бекликни, ишон!

Покиза бу беклик, поклик матлаби,

Мусаффо қут-давлат, ҳалоллик таъби.

Беги шаробпараст бўлса гар тубан,

Эли ҳам майпараст бўлар умуман.

Эл бемаъни ишин тузатар ҳар бек,

Бек қилса номаъқул иш ким қўяр чек?

Нопокни сув билан эл пок айлагай,

Нопок бўлса сув ҳам, эвоҳ, найлагай?

Табиб даво топар кимга етса дард,

Табиб хасталанса, даволар қай мард?

Зарур ҳар бек учун феъл-рафтор тоза,

Улус бек йўлидан олар андоза.


Беги тузса қандай сиёсат, низом,

Ҳоким эли ичра шундай интизом.

Мазкур калом буни айлагай исбот,

Маънисин англарсан қулоқ тутсанг бот:

Бек қилса қайси бир йўлни ихтиёр,

Эргашар ортидан қул беихтиёр

Беги бўлса аъло, йўриғи раво,

Содиқлик билан қул айлар бахтиёр.

Зиён кибру ҳаво билан гердайиш,

Оғдирар рост йўлдан кибр-кеккайиш.

Улуғдан ҳам улуғ, мўл даромади,

Босиқ-камтарин бек чопар омади.

Нелар дер, эшитгил, заковатли эр,

Улусда пешқадам, билими зўр, шер:

Кибрга берилса беклар гар норғул,

Муқаррар йўқотар қадрин, эй ўғил.

Ғурур билан кўкка юксалмас киши,

Агар камтар бўлса, бузилмас иши.

Ғурурдан фойда йўқ, кўнгил совутар,

Босиқ-камтарини улуғлик кутар.


Не аъло, мулойим бек ҳам феъли туз,

Вале тубан бекдан зинҳор кўнглинг уз.

Мулойим ҳам очиқ кўнгил бек, не соз,

Гуноҳкор айбидан ҳам кечса мумтоз.

Садоқатли бундай бекка хосу ом,

Хизматга садоқат билан шай мудом.

Бек учун улусга боз ҳиммат керак,

Ҳимматга пайваста мурувват керак.

Ҳиммату мурувват билан топса шон,

Толе қуши қўлдан чиқмас ҳеч қачон.

Ҳиммат-мурувватсиз мисли мурда у,

Икки олам ичра ҳам озурда у.

Ҳиммат билан одил сиёсат зарур,

Сиёсатга пухта раёсат зарур.

Сиёсат – қонуну қоида, низом,

Сиёсат билан эл ичра интизом.

Каломим исботлар бу байт, эй оқил,

Исботни шубҳасиз ҳужжат дея бил:

Сиёсат билан бек бахту иқболи,

Сиёсат билан бир бутун аҳоли.


Бедаволар учун сиёсат даркор,

Сиёсат билан эл иллатдан холи.

Улус бошқаришу беклик мояси,

Қойим барқарорлик ҳам жуфт қояси:

Бири – эл-юрт учун адолатли йўл,

Бири – лашкар учун сахий, очиқ қўл!

Адолатдан улус кўнгли боғ бўлсин,

Кумуш билан лашкар кўкси тоғ бўлсин!

Ҳар икки тоифа бекдан бўлса шод,

Элу юрти обод, мушкули кушод.

Қай бир бек улусга қилмай адолат,

Эл молин таласа қавми разолат,

Улус орасига рахна солар бот,

Негизи беклигин нураб қолар бот.

Қай бек лашкар кўнглин соз овламаса,

Не тонг, лашкар қўлга қилич олмаса.

Қилич билан беклар забардаст дасти,

Қиличсиз бек ҳеч юрт ололмас асти.

Қиличу ойболта эл-юрт посбони,

Қилич билан ҳар бек улус султони.


Жаҳонгир нелар дер, эшит, сўзин ҳам,

Ўяр яроғ билан ғаним кўзин ҳам:

Оламгир ҳам элни асровчи омон,

Ғафлат оғуси ҳам ғаним беомон.

Омонлик истасанг, яроғ тут маҳкам,

Қилич-қалқон посбон ҳар бек хотиржам.

Қиличинг сермасанг, ёв карахт-гаранг,

Қилич қинга кирса, ҳар бек ҳоли танг.

Қилич соҳиблари шод бўлса, эй бек,

Барча ишинг раво кўнгилдагидек.

 

Яна Ўгдулмиш дер: Эй бахтиёр шоҳ,

Мураккаб эл иши, бўлгайсан огоҳ!

Улус – буюк, заҳмат раҳбарлик иши,

Зиёд лаҳза сайин минг бир ташвиши.

Севинчи бир пайса, қайғуси бисёр,

Қаҳат мамнун, аксар бамисли ағёр.

Қаён боқма фақат даҳшат-қиёмат,

Қувончи ёнида минг бир маломат.

Зиёда бағритош, аҳли вафо оз,

Қаҳат фароғату минг ғавғо дароз.


Дилинг ҳар жойда ҳам ишончсиз бўлар,

Ишончсиз кўнгил минг ташвишга тўлар.

Назар сол, ҳар ишда минг битта хатар,

Хатарни кўриб бор роҳатинг кетар.

Фозил аҳли сўзлар чекиб минг бир ранж,

Фозил сўзи каби топилмас ҳеч ганж:

Хоқон бўйни қилдай, қовоқдай боши,

Ишонмас аксари ҳар фозил киши.


Боши узра мудом беадад ташвиш,

Минг хатар ҳар куни қилар минг иши.

Азал-абад шундай беклик аъмоли,

Ким роҳат топар, ким тайин заволи.

Гар дунё тагига етсин десанг бош,

Симир сувни, кемир гар дуч келса тош.

Тилу дилинг тўғри, чин ибодат қил,

Фарзу қарз аъмолни тарзу одат қил.

Қабул қил Тангридан ҳар не келганда,

Розилик, ризолик қисматинг, банда!

Туғишгандай элу юртга меҳрибон,

Аъмол билан эзгу омон бўл ҳамон.


Элингга наф келтир, етказма зиён,

Ҳаддидан ошмасин ҳеч битта ёмон.

Роҳату ганж насиб этгай бегумон,

Давру даврон сургин мангу беармон.

Узилса нақд жонинг, умид кут улуғ,

Савобинг ажрини берар Ҳақ қутлуғ.

 

Буларни мен айтдим, эшитди малик,

Бекка керак шундай минг ҳунар, билик.

Қай бир зот минг ҳунар билан гар азим,

Бек атаб, эл-юртга бош қилиш лозим.

Бўлар бош айни зот эл учун лойиқ,

Топар ундан минг наф жумла халойиқ.

Нелар дер, эшитгил, гўзал тийнати,

Тийнати гўзал зот эл-юрт зийнати.

Билимли бек, закий, тўғри дилпазир,

Фаросат-ақли ҳам бўлгай беназир.

Заковати теран, сахий, саришта,

Элин авайласа мисли фаришта.

Кўнгли оқ, кўзи тўқ, дилда андиша,

Вазмин ҳам бағри кенг бўлса ҳамиша.


Нодир фазли билан элда ягона,

Сиёсат юритса соз одилона.

Қай эл беги бўлса бу янглиғ жўмард,

Бахт-иқболи бутун, йитар барча дард.

Ярақлаб манглайи, кўнгли ҳам тўлар,

Дариғо, бу янглиғ кишилар ўлар.

Бу асли, эй Хоқон, билган билимим,

Баён қилдим сенга мен барча илмим.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Султон деди: Уқдим, аъло ҳар сўзинг,

Зарур сабоқ бердинг адашмай ўзинг.

Яна битта айтар сўзим бор сенга,

Уни ҳам батафсил баён эт менга.

Бек учун бу янглиғ ғоят дилпазир,

Керак бўлар, айтгин, қандайин вазир?

Хазинада бисёр олтину кумуш,

Эли яшнаб, ортса кендлардан улуш.

Обод этиб юртин одил қонуни,

Лашкар ҳам миннатдор қўлласа уни.

Улус фароғатда, зулмдан ҳоли,

Қуёшдай порласа бекнинг иқболи.



[1] Бу ўринда шоир шеърий муаммо санъатидан фойдаланган. Арабча билик сўзидан “лом” ҳарфи (л) олинса, бек ўқилади.

[2] Ўрхун дарёси қирғоғидаги тоғли манзил. Хитой манбаларига кўра, у Шимолий Муғулистондаги Ту-Кин тоғларининг туркий номи. Ҳозир Хангай чўққиси деб юритилади.