Ўгдулмишнинг хоқон хизматига киришини айтади PDF Босма E-mail

Хоқон айтди: Ўғлим, сен бундан буён,

Хизматим қилгайсан шодумон-хандон.

Отанг хизмат билан топган эътибор,

Ўтолмадим, менда ҳамон ҳақи бор.

Ўтай энди мен бу ҳақларни сенга,

То ҳеч ким қилмагай маломат менга.

Маънодор Учўрду бегининг бонги,

Топиб айтган сўзин баркамол онги:

“Хизматинг қилиб ким, айласа мамнун,

Унутма меҳнатин, бағрин қилма хун.

Одамийлик дастур-шиоринг бўлсин,

Одамийлик номус ҳам оринг бўлсин.

Сенинг коринг кимки қилса ҳам бир оз,

Зиёда қайтариб, айлагин эъзоз.

Ўзгалар хизматин билмаган инсон,

Эл ичра аталар ичра ношукр нодон.

Нодон номин олма, ном олгин оқил,

Одамга одам бўл, одамийлик қил.

Одамийлик сари интилар одам,

Одамийлик билан танилар одам”.


Ўгдулмиш бош эгиб деди: Аввало

Хоқон ҳиммат қилса, мартаба аъло.

Қулингман хизматкор, бегимсан улуғ,

Эъзозлар хизматкор қулин бек қутлуғ.

Хоҳи рад айлагин, хоҳ айла эъзоз,

Фидо этдим сенга мен ўзим ҳамроз.


Аста чиқиб юрди дарвоза томон,

Юра-юра етди уйига ҳамон.

Шу асно Ўгдулмиш хизматга етди,

Саҳардан оғишмай хизматин этди.

Кеча-кундуз заҳмат чекди демай: “Йўқ!”,

Кечалар посбон ҳам кўнгли- қорни тўқ.

Манзур бўлса султон учун гар хизмат,

Хизматори топар давлату иззат.

Нелар дер, эшитгин, чин хизмат қилар,

Хизмат билан давлат отин ҳам минар:

Эй, беклар севинчин тилар хизматкор,

Барча бек кўнглига мос хизмат даркор.

Қай бир ношуд бегин норози қилгай,

Жазо олса, ўзин гуноҳкор билгай.


Беги хоҳлагандай қилмаса гар иш,

Қон қилар юрагин минг битта ташвиш.

Яқин тутди Хоқон бу Ўгдулмишни,

Пухта баён этди ҳар битта ишни.


Хоқон ғамга ботди яна қайси кун,

Эслаб Ойтўлдини юрак-бағри хун.

Саройда қулларим қатор тортган саф,

Муносиб хизматкор йўқ бергудай наф.

Ҳар ишим у каби пухта билар йўқ,

Юмушларим жону дилдан қилар йўқ.

Нелар дер, эшитгил, синамиш киши,

Яхшию ёмонни ҳам билмиш киши:

Ҳар мард киши айлар адо ишини,

Вале топиб бўлмас эзгу кишини.

Зиёда оламда аҳли одамзот,

Ва лекин топилмас асил мўмин зот.

Одам ора зарур, чин даркори йўқ,

Минг битта наф берар жўмард нори йўқ.

Шоир байтин эшит мисли гулдаста,

Шеъри минг бир ҳикмат билан пайваста:


Мард - қаҳат гар аҳли эл адоғи йўқ,

Мард ҳам зарур ишга аксар чоғи йўқ.

Зиёда хизматкор, қул ҳам чўрилар,

Вале нафи бисёр оқил, соғи йўқ!

Яна Хоқон деди: Мақол бор асли,

Асил киши ўлса қолади насли.

Нима эксанг шуни оларсан ердан,

Азал шер туғилар ҳақиқий шердан.

Ойтўлди фарзанди наҳот бегона,

Ахир Ойтўлдидай у ҳам мардона.

Ота ўлди, ўрни бўш ҳали ҳамон,

Бўш ўринга ўғли лойиқ бегумон.

Тарбия қилайин, у бўлсин киши,

Фойда берсин одам бўлиб ҳар иши.

Бўлимли кўрарман бағоят буни,

Ёшликдан ўзга ҳеч айби йўқ уни.

Яхши айтмиш улус эъзозлар ғоят,

Элда афзал, бахти бутун бағоят:

Қўл узатиб беклар кўрсатса ҳиммат,

Ҳиммат билан топар минг қадр-қиммат.


Беклар тутса ғоят ўзига яқин,

Не ажаб, топса бор тилагу ҳақин.

Беклар кимга боқса ҳимматга тўлиб,

Ўзгалар қўллайди жамулжам бўлиб.

Хоқон айтар: Топиб тадбиру омил,

Тарбия қилайин жўмард эр қилиб.

Ўтайин отасин ҳақини бу он,

Ўғлига бўлай мен ғоят меҳрибон.

Ойтўлди бор холис хизматин билай,

Эвазига мен ҳам яхшилик қилай.

Оқибат сингари меҳр бебаҳо,

Бағрикенглик каби сеҳр бебаҳо.

Жўмардлар шавкатин унутиб бўлмас,

Одамзотнинг кўнгли сира ҳам тўлмас.

Бағоят ҳикматли қария сўзи,

Унутма, амал қил унга, эй қўзи:

Ҳамиша яхшилик қил, яхши киши,

Барҳаёт ҳар яхши бор эзгу иши.

Яхшилик барҳаёт, мангу кетмагай,

Шони икки олам ичра йитмагай.

 

Эъзозлади Хоқон боз Ўгдулмишни,

Синаб кўрди бериб минг битта ишни.

Иззат қилар султон ҳам яқин билиб,

Саодату иқбол ҳам боқар кулиб.

Равон сиёсату низомда ҳар иш,

Қошида очилар минг сир пешма-пеш.

Раво оқилона айтган ҳар бир сўз,

Хоқонга беназир бу қулоғу кўз.

Султон деди: Шукр, раво ҳар ишим,

Сиёсат бобида йўқ ҳеч ташвишим.

Неча тадбир-чора ҳам ишга солдим,

Барча оғирлигин зиммага олдим.

Не бахтки, тополдим ахтарган кишим,

Улғайса яна ҳам соз этар ишин.

Бўладиган бола ёхуд фил катта,

Кичикликдан нишон берар, албатта.

Бағоят мувофиқ бу байт сержаранг,

Теран уқсанг, минг бир маъно ранг-баранг.

Бўладиган бола бошидан аён,

Хислати улғайгач бўлар намоён.


Дарахт меваси ҳам гулидан маълум

Бу ҳаёт ҳикмати азал бегумон.


Хизматда Ўгдулмиш беармон бунда,

Улгурмаган ишин бажарди тунда.

Яхшиликка мудом у қилиб амал,

Нафи тегди барча ишда мукаммал.

Хоқон халос топди, заҳмати кетиб,

Улус бағри бутун минг фойда етиб.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Чорлади султон бир кун Ўгдулмишин,

Сўради батафсил ҳар не билмишин.

Хоқон дер: Сўзларим эшит, эй ўғлон,

Жавоб бергин ҳар бир саволга равон.

Бефойда қайсию, қай бири фойда,

Баён айлагайсан менга шу жойда.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш дер: Беклар ичида яхши,

Билим қўрғонию эл-улус нақши.

Одам учун икки оламда даркор,

Гўзал хулқ-атвору одоб беғубор.

Ҳаё – иккинчидан, ростлик - учинчи,

Булар билан ҳар зот бахту севинчи.

 

Хулқи гўзал бўлса, барча халқ севар,

Феъли тўғри бўлса, тўрдан жой олар.

Ҳар иллатдан айлар ҳаё ҳимоя,

Уятсизлик солар шаънингга соя.

Ҳаё, ростлик, гўзал хулқ, эзгу одат,

Учаласи билан бахту саодат.

Озода, софликни қилса ихтиёр,

Икки олам ичра одам бахтиёр.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон яна деди: Эшитдим сўзинг,

Кишига бефойда не, айтгин ўзинг.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш бирма-бир дер: Тингла сўзим,

Баён айлагайман бирма-бир ўзим.

Кишига асло наф бермас уч иллат,

Cўзим эшит, сенда бисёр фазилат.

Бири феъл-атвори ўжару ёмон,

Яна бири айтса тап тортмай ёлғон.

Бахиллик ҳам айни шу жумлага хос,

Бу уч иллат уч хил нодон учун мос.

Тубан бўлса феъли атвори чандон,

Омад келиб-келмай юз бурар ундан.


Макон қилган бўҳтон, ёлғон кўйини,

Улус ичра тўкар бор обрўйини.

Зиқна ҳам ёмон ном олар бегумон,

Бор-буди бировга қолар бегумон.

Нелар дер, эшитгин, билими ҳазрат,

Кўзида ёш билан, чекар ғам-ҳасрат:

Нима бор очкўзлик каби бетайин,

Терару молу мулк, ордона тайин.

Тера билдинг олтин, насиб этмади,

Нечун савил қилдинг, элга бермайин?

Йиғар молу давлат ҳеч баҳра олмас,

Зиёда талабгор, йиққанинг қолмас.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон яна айтди: Эшитдим буни,

Яна айтиб бергин менга сен шуни.

Онадан дономи туғилар киши,

Ўзи ўрганарми етилса ёши?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш айтар: Эй, ғоят беназир,

Илму ҳунар каби йўқ оқил вазир.

Билимсиз туғилиб, ўрганар низом,

Билим олса, раво минг бир орзу-ком.


Онадан ҳар ким ҳам оми туғилар,

Билим ўрганиб сўнг сарбаланд бўлар.

Вале уқув-идрок нозик бағоят,

Худо суйганига айлар иноят.

Уқувдан ўзгасин ўрганиш осон,

Бажарар ҳар ишни ўрганиб инсон.


Севинди эшитиб Хоқон бағоят,

Деди: Тилаганим топдим ниҳоят.

Отасин йўқотдим, ўғли берди қўл,

Ота ўрнин босди танлаб тўғри йўл.

Худога шукрона айтди неча бор,

Улусга адолат қилишим даркор.

Бағоят бағри кенг бу Ўгдулмишни,

Маромга етказар ҳар битта ишни.

Эъзозлаб муносиб айлайин жавоб,

Эъзозлаб яхшини топай мен савоб.

Нелар дер, эшитгин, кишилар сози,

Кишилар сози ҳам улус ҳамрози:

Мурувват қил кимки муруввати мўл,

Мурувват билан бер сен ҳам унга қўл.


Вафодорга вафо одамзод бурчи,

Вафо қил, улуғла номинг, тўғри бўл.

 

Эъзозлади султон келиб даврони,

Оламга ёйилди шавкати-шони.

Улус ичра ғоят баланд мақоми,

Раво дуо билан ҳар эзгу коми.

Дўсту ёри ичра улуғдан-улуғ,

Беку бекзодалар ичра ҳам қутлуғ.

Ҳалол феъл-атворин барча мафтуни,

Адолат билан ҳар кундузу туни.

Зиёд айлаб ширин каломин сеҳрин,

Қозонди каттаю кичик эл меҳрин.

Дўсту ёр танишлар берди худойим,

Дўсту ёр инсонга қўш қанот доим.

Содиқ дўсту ёри бисёр, зиёда,

Маъмур дўст-ёр билан ҳар ким дунёда.

Дўсту ёрлар билан давлату барор,

Дўсту ёрлар билан бахт ҳам барқарор.

Очиқ кўнгил билан давлат чиройи,

Камтарин олимдай йўқ ҳеч киройи.


Ғоят яхши айтмиш бу оқил киши,

Оқил сўзин тутган - раво ҳар иши.

Омаду бахт кимга боқса гар кулиб,

Очиқ кўнгил бўлгай камтарлик қилиб.

Ёғилса давлат гар сенга ўнг-сўлдан,

Сиполик билан ҳеч чиқарма қўлдан.

Кўчат каби давлат ҳам бор илдизи,

Сиполик, камтарлик асос-негизи.

Не чоғли бебаҳо мулойим киши,

Мунаввар рафтори, раво ҳар иши.

Кибрли, гердайган каби йўқ тубан,

Бой берса, не ажаб, борин умуман.

Барча элга ғоят ярашар давлат,

Оқилга бахш этар ўзгача савлат.

Бағоят бунга мос бу байт мазмуни,

Маъносин, эй сахий, англагил уни:

Билимсизга савлат бахш этса барор,

Билимлига бу қут нуроний шарор.

Билимсизга ногоҳ насиб этса қут,

Пайваста билимли билан барқарор.


Билимсизни азиз айласа давлат,

Билимли қут билан буюк, басавлат.

Билимсизга давлат насиб этса гар,

Қошида қолмагай узоқ муқаррар.

Сўзимга бу ҳикмат исботу далил,

Тушунгин сен уни, ҳалолу ҳалил:

Раво айлар давлат инсон ҳар комин,

Хотиржам сипқорар саодат жомин.

Нокасга гар насиб этса бахт-давлат,

Бой берар, йўқотар яна оромин.


Синади шоҳаншоҳ, кўр, Ўглумишни,

Равон адо айлар ҳар аъмол-ишни.

Бағоят қадрлаб айлади эъзоз,

Баъзан эътиборсиз қолдирди бир оз.

Эъзозласа, зинҳор керилмади ҳам,

Бефарқ бўлса, ранжиб-серилмади ҳам.

Хизматидан султон бағоят қониб,

Хазинани берди унга инониб.

Омонат юклади бўйнига катта,

Диёнат аҳлига таъзим, албатта!


Маъқуллаб Ўгдулмиш доно ишини,

Яқин тутди бундай эзгу кишини.

Адо этди пухта ҳар бир юмушни,

Ҳисоблаб ҳар дона олтин-кумушни.

Бегин авайлади ўзин ҳам тутиб,

Хато қилмади ҳеч ўзидан кетиб.

Нелар дер, эшитгил, етилмиш ёши,

Ғоят эҳтиёткор, бутун, чин киши:

Нодир бағоят зар, олтину кумуш,

Кумушдай аъло ким соз қилар юмуш.

Кимни асир этмас молу мулк, давлат,

Чинакам бахтиёр бўлар басавлат.

Билиб айтар бахши булбулигўё:

Ҳақиқий зотни қил кўзга тўтиё!

Тафаккур таърифи зиёд бундан ҳам:

Меҳрибонга жонинг фидо қилсанг кам.

Сўрасангиз айтай - соҳиб диёнат

Омонатга зинҳор қилмас хиёнат.

Омма ичра жўмард шери мард билгин,

Ҳалолни мард ичра ҳам жўмард билгин.


Аҳли одам учун азалдан ҳунар:

Бахил лаънатлар, мард олқишланар.

Аламангиз дейми ё аҳли башар,

Тинимсиз тер тўкиб хору зор яшар.

Қай бир сарсонга бир қадам Ғарбу Шарқ,

Жондан кечиб кимлар денгиз ичра ғарқ.

Кимлар тоғу тошни ҳам қазир ларзон,

Кимлар ер қулочлаб, пиёда сарсон.

Кимлар довон ошиб, дарёлар кечар,

Кимлар қудуқ қазиб сувини ичар.

Кимлар жангда қилич-болтага дучор,

Кимлар ширин жондан ҳам кечар ночор.

Кимлар фирибгару қароқчи, баттол,

Кимлар босмачию, қотилу қаттол.

Минг заҳмат, машаққат ризқу рўз учун,

Одам - одам каби иш тутмас нечун?

Барчаси билимсиз киши хулқидир,

Билимсиз кишилар тугал йилқи[1]дир.

Худога ишонар билимли киши,

Қисмат буюргани емиш-ичиши.


Нелар дер, эшитгил, соҳиби идрок,

Ҳалол ошу нони, ўй-нияти пок:

Ётсанг ҳам чексанг ҳам минг бир машаққат,

Қисматингда борин топарсан фақат.

Тилу дилинг равон қил, эй билимдон,

Тилу дили равон - ризқи фаровон.

Таъриф берай десанг тугал чиройлик,

Мукаррам мурувват билан қут-бойлик.

Жаҳон забтин қай бир зот орзу этар,

Адолат билан у муродга етар.

Билиб айтган ақли ғоят тўлган зот,

Жаҳонни адолат билан олган зот:

Дунё қут-бойлигин тиласанг ўзинг,

Ҳалол бўл, рост бўлгай ҳар айтар сўзинг.

Олай десанг қўлга жумла жаҳонни,

Равону рост айла тилу дил, ўзинг.

Мунаввар, эй Хоқон, ҳар одам куни,

Ростлик билан ҳалол кечирса уни.

Равону рост бўлгай ҳар қийлу қолинг,

Одамийлик билан қил ҳар аъмолинг.

 

Зиёда Ўгдулмиш бахти тобора,

Шогирду устози жумла фуқаро.

Хоқон Ўгдулмишга ишонди комил,

Барча ишларида холислик омил.

Ҳар бир соҳа ичра қилди имтиҳон,

Яқин тутиб ҳатто бўлди меҳрибон.

Нелар дер, эшитгин, доно билимдон,

Насиҳатин теран англа, эй нодон:

Қулин беклар синаб кўриши лозим,

Синагач, раво ҳар хизмат, лавозим.

Бегига яроқли кўринса ҳар қул,

Баимкон қадрини топгани маъқул.

Унар иш, хизматкор бўлмас асло кам,

Бегин шон-шавкати ортар яна ҳам.

Яғмо беги яхши гапирган жуда,

Доно пандин зинҳор дема беҳуда:

Аё бек, ҳар ишинг билимлига бер,

Равон йўлдан чиқмас илмлига бер.

Ярамасга берса қай бир бек ишин,

Зиёд айлар яна минг бир ташвишин.


Давлат ато этса гар Парвардигор,

Ато айлар зукко, оқил хизматкор.

Ҳар улуғ обрўйин тўкаман деса,

Рўбарў айлагай бадкирдор кимса.

Совурар бадкирдор бор-будин бутун,

Хонумони барбод, қолар кул, тутун.


Эъзозлади Хоқон, кўр, Ўгдулмишни,

Вазирлигу берди унга бор ишни.

Қўлин қилди элу юрт узра узун,

Эътибор топди ҳар каломи фузун.

Рутбаю муҳр, от барин қилди тахт,

Ато этди иззат-икром билан бахт.

Шаънига чиқарди ёрлиғу фармон,

Ўзига ҳамроз ҳам қилди беармон.

Сарой мулозими кичик ҳам катта,

Жонин ҳам айлади фидо, албатта.

Каттаю кичик ҳам кўринди келиб,

Таъзим билан турли тортиқлар қилиб.

Адолат Ўгдулмиш ишида асос,

Эъзозлади барча кишисин ҳассос.


Улус минг ситаму жабрдан холи,

Зиёда кун сайин ўзин камоли.

Адолат барқарор, эл-юрт фаровон,

Фаровон эл ичра шоҳ ҳам беармон.

Хотиржам Хоқон ҳам кўнглида ором,

Роҳат-фароғатда раво минг бир ком.

Бу янглиғ минг фойда билимдан келар,

Заковати теран олимдан келар.

Нечун ҳамду сано айтмай оқилга,

Нечун дашном бермай қавми жоҳилга.

Заковатли киши берар минг фойда,

Барбод битар иш ҳам жоҳил бор жойда.

Ярашар бор аҳли заковатга қут,

Билим билан аҳли фозил бағри бут.

Эшитгин сен Ила бегининг сўзин,

Маъноси очар ҳар нотавон кўзин.

Шоирлар шоири, беназир диди,

Маъноси ранг-баранг, ифордай ҳиди:

“Бек бўлса илми йўқ бирор бетайин,

Элда нифоқ, офат кучаяр тайин.


Ақлли одам бек бўлса муҳтарам,

Юрт аҳли хотиржам яшар шод-хуррам”.

 

Хоқон шоду хуррам, мунаввар рўзи,

Худога беадад шукрона сўзи.


Кўзин кўкка тикди деди: Раббано,

Мурувватинг чексиз, минг ҳамду сано.

Билиму қудрату куч бердинг қўлга,

Садоқатли айла ҳақ-равон йўлга.

Савоб ҳар аъмолим қўлла, эй Раҳмон,

Элу юрт мушкулин то айлай осон.


Ғарибларга бериб талай мол-товар,

Худога юзланди дилдан диловар.

Шодон давру даврон сурди басавлат,

Элу улус жумласи бою бадавлат.

Эл ичра беназир бу янглиғ бўлар,

Эсизки, бу янглиғ кишилар ўлар.

Беармон эл оқил, доно беги бор,

Беармон бек элин кўнгли беғубор.

Яхши гар кўз юмиб хок-тупроқ бўлар,

Яхши номи лекин то абад қолар.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

 

Хоқон бир кун қўйиб барча ташвишни,

Чорлади қошига тез Ўгдулмишни.

Деди: Эй Ўгдулмиш, қулоқ тут менга,

Отанг меҳнати кўп сингмади сенга.

Отанг ўлганда ёш эдинг ниҳоят,

Кичикка улуғдан ҳиммат- ҳидоят.

Отанг ўргатмади ҳунару билим,

Насиб этмади ҳеч сабоғу илм.

Қайдан бу хислатлар, менга ноаён,

Барчасин батафсил қилгайсан баён.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш бош эгиб дер: Улуғ Хоқон,

Насиб этгай сенга беармон даврон.

Худо кимга қилса иноят, ҳиммат,

Тилагандек топар қадр ҳам қиммат.

Бағоят мос бунга бу туркий мақол,

Бу мақолни айтган оқил оқсоқол:

Худо фазли билан сарбаланд киши,

Топар тилаганин, раво минг иши.

Худо берганин эл ола билмас ҳеч,

Замину само ҳам қайраб минг қилич.


Барчага Худодан зарур ҳидоят,

Ҳидоят каби ҳеч бўлмас иноят.

Яна ҳам, эй Хоқон, ота олқиши

Билан раво ўғил ҳар мушкул иши.

Отам дуо қилган мени ҳам такрор,

Дуо боис топдим юксак эътибор.

Тангри Хоқонни ҳам қўш қанот қилди,

Саодат эшиги менга очилди.

Султон ҳиммат билан тутди қўлини,

Каминага очди толе йўлини.

Кулиб боқиб шоҳлар, кимни қилар шод,

Беармон, минг битта мушкули кушод.

Киши кўнгли боғдай, яшнатар оби

Хону бек самимий эзгу хитоби.

Бу оби равон қай боғ сари етар,

Боғи жинон каби чаманзор этар.

Шоҳаншоҳ самимий амру фармони -

Билан қулин кетар барча армони.

Баногоҳ фармон гар бўлса беомон,

Очилган чечаклар хазон бегумон.


Яратган эгамни рози қилсанг гар,

Қошингда очилар йўллар муқаррар.

Бир ҳикмат сўзлаган шоир барчага,

Асли ҳам бу ҳикмат доир барчага:

Тангри рози бўлса, беармон қули,

Билим нури билан мунаввар йўли.

Билим билан бахту саодат тайин,

Билим билан узун ҳар кичик қўли”.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон яна айтди: Сўзла Ўгдулмиш,

Билимни донолар қай асно билмиш?

Киши ўрганибми бўлар донишманд,

Ё азал аслига бўларми пайванд?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш дафъатан дер: Эй бахтиёр,

Саволингга равон жавобим тайёр:

Тафаккур азалдан бўлса пайваста,

Билимга пайваста ҳар бола раста.

Кун сайин илму фан ичра йўл солар,

Нени истаса, тез ўрганиб олар.

Билими туфайли доно, билимдон,

Элу юртга нафи тегар бегумон.


Азалдан бермаса фаҳму фаросат,

Нодон-ношуд учун қисмат аросат.

Яна бир - истаса бола илм мўл,

Кичикликдан солгай билим сари йўл.

Кичик ўғлон экан билим олгай боз,

Фақат ақлу идрок бўлса бас ҳамроз.

Билиму касбу кор, ҳам эзгу атвор,

Киши ўрганиб сўнг бўлар барқарор.

Билиму касб этган минг бир касбу кор,

Оқили замона эл учун даркор.

Ғоят бунга монанд бу туркий нақл,

Ўқигил сен уни, чархланар ақл:

Зиёда ўрганиб ҳар зот билими,

Мушкул лекин ақлу тафаккур илми.

Тафаккур берар бир Қодири соҳир,

Қодир Худо берса, тафаккур зоҳир.

Худодан иноят тафаккур-идрок,

Сарбаланд тафаккур билан оқил пок.

Улус ичра азиз уқувли киши,

Уқув-идрок минг бир касбу кор боши.


Уқувсиз кишини киши дема ҳеч,

Неча сўзласа ҳам ишонмагин, кеч.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Яна айтди Хоқон: Эшитдим сўзинг,

Яна бир саволга жавоб бер ўзинг.

Уқувнинг билимдан қандай фақри бор,

Иккисин турфа хил наҳот барқи бор?

Уқув-идрок жойин айлагин баён,

Қайдан қўпар? Қўпса ҳам борар қаён?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш донодай деди: Эй малик,

Бағоят бебаҳо кишига билик.

Одам боши ичра тафаккур ўрни,

Раво қадрин билиш бебаҳо қўрни.

Уқув-идрок билан инсон камоли,

Феълу атвори соз, аъло аъмоли.

Раҳиму Раҳмон ҳар суйган қулини,

Феълин аъло, бийрон қилар тилини.

Уқувли барҳаёт, уқувсиз мурда.

Уқувсиз, уқувдан ол улуш-бурда!

Ҳар кўнгил уқувсиз зим-зиё зиндон,

Уқув машъаласи билан чароғон.


Уқув билан топар саодат одам,

Билим билан ҳар ким машҳури олам.

Икки омил билан одамзот улуғ,

Адолату ростлик ҳам ғолиб қутлуғ.

Инсон билим билан ҳайвондан ортиқ,

Билим одамзотга илоҳий тортиқ!

Бағоят мос бунга уқув хитоби,

Уқув билан идрок беҳад савоби.

Одам билим билан мўътабар, билинг,

Билим билан ғолиб, музаффар қўлинг.

Инсонсан, соҳиби идрок бўл фақат,

Билим билан бийрон айлагин тилинг.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Султон савол берди: яна бир сўзим,

Баён эт сен менга, эй кўркли юзим!

Баён айла уқув-идрок сувратин,

Таркибу тартиби тугал сийратин.

Юзин кўрки, феълу атворидан айт,

Ёшини, негизи хуморидан айт.

XXVII

ЎГДУЛМИШ ХОҚОНГА АҚЛНИНГ

ТАЪРИФИНИ АЙТАДИ

Ўгдулмиш жавобан дер: Уқув асли,

Феълу атвори соз, саодат насли.

 

Юзи кўрки кўркам ҳам кичик ёши,

Барча эзгу аъмол аввали, боши.

Нурафшон ҳам гўзал, мулойим сеҳри,

Барча жонзотларга зиёда меҳри.

Қаён етса дасти бўстону обод,

Қаён етса сўзи хуррам ҳамда шод.

Жозибадор гўзал юзин мусҳафи,

Кишиларга тегар фойдаю нафи.

Олис иқболини ҳам кўра билар,

Ҳар ишни пухтаю мустаҳкам қилар.

Равон йўлга солар бемаъни ишни,

Ҳал қилар муракакаб минг бир ташвишни.

Синчиклаб ҳар битта ёндан солар син,

Барча аъмол маврид-пайтин билар чин.

Етар қочганларга, учганни тутар,

Бузуқни тузатиб, синиқни бутар.

Уқувсиз ўкинар дунёда азал,

Уқувсиз ҳасрати зиёда азал.

Насиб этмади дер ҳеч менга ҳисса,

Тирик мурда сенсиз киши, алқисса.


Мисоли машъалсан, басир учун кўз,

Ўлик танга жону соқов тилга сўз.

Уқувли уқувга айтар, эй эшим,

Сенинг лутфинг билан равон ҳар ишим.

Феълу атвори соз, сўли йўқ уқув,

Рўйи-росту эгри қўли йўқ уқув.

Уқув кимда бўлса, белгиси бўлар,

Бу белги билан у уқувни билар.

Закий гўзал, равон бийрон тил-сўзи,

Тугал ҳар аъмоли ҳам оқил ўзи.

Заковат атвори гўзал бегумон,

Йўлию йўриғи равондан-равон.

Нурафшону сабр билан пайваста,

Пухта кўриб ишни киришар аста.

Аъмоли кексадай, асли навқирон,

Талабгори жўмард ҳам соҳибқирон.

Англасанг бу байтни, эй азим эран,

Аён бўлар ҳикмат яна ҳам теран:

Зако – ёшдек, идрок – кексадек оқил,

Закою идрокни қалбингга жо қил.


Кексалиги – савлат, гўзал – ёшлиги,

Аъло, афзал ўзи, нафи ҳам сархил.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Эшитиб буларни севинди малик,

Деди: Эй донишманд, сўзи панд-билик!

Худо минг эзгулик айлади ато,

Худо инояти сен ҳам бехато.

Машаққат залвори тоғдай оғир юк,

Оғир юкка масъул сарбаланд буюк.

Гарчи эзгуликнинг заҳмати бисёр,

Заҳматкашга элнинг раҳмати бисёр.

Барча юким олиб, ҳамроҳ тилагинг,

Сира ҳам толмасин қодир билагинг.

Худо бергай тавфиқ ҳам қуввату куч,

Ҳақинг адо этай қилиб бирга уч.

Биларман бу янглиғ хизмат қилишинг,

Мени меҳр билан иззат қилишинг.

Содиқ ҳар хизматчи бекка интилар,

Тиламас ўз нафин, бек нафин тилар.

Нелар дер, эшитгин, хизматкор тили:

Бегин боз ардоқлар содиқ бу қули.


Беармон унутгай ҳар бек ташвишин,

Садоқатли қули қилса ҳар ишин.

Хизматкор билан бек ростлагай қомат,

Садоқатли ҳар қул қелтирар омад.

Холи этса барча ташвишдан қули,

Бегига очилгай минг орзу йўли.

Қайси бек топса гар бу каби қулни,

Худо марҳамати деб билгай уни.

Аввал ўтган дунё беклари талай,

Хизматкор истаган шундай ҳар қалай.


Жаҳон эли хуррам саодат билан,

Шоҳни дуо қилар ибодат билан.

Хориж кишилари эшитди буни,

Юзин бир кўришни истади уни.

Холис ният билан кечирди даврон,

Элу юрт ободу сиёсат равон.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Ўгдулмишни чорлаб дер бир кун Хоқон:

Илмимиз қилайлик иккимиз баён.

Етти андомга гар жон боқса кўрар,

Ширину барчаси ҳиссасин сўрар.


Дилу дийда шод ҳам недан нурафшон,

Ҳар икки роҳатдан нелар тилар жон?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш айтади: Бундан бир мурод

Оташи ишқ ичра ёнса одамзод.

Дилдор васли билан кўзинг мунаввар,

Саодат ёр бўлса, рўзинг мунаввар.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон яна деди: Яширма мендан,

Муҳаббат нишони иборат недан?

Севаман деб такрор ким даъво қилар,

Даъвосин маъниси не асно бўлар?

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш завқланиб дер: Ёр ҳамнишин,

Севимлига боқса, билар севишин.

Топилар минг тўсиқ қайга боқса кўз,

Вале кўнгил учун ҳеч ғов йўқ дилсўз.

Бўлай десанг сири ишқидан огоҳ,

Кифоя қалбига гар солсанг нигоҳ.

Ошиқлар юзида сирри ишқ аён,

Кўзи кўзга тушса, ошкор намоён.

Ғоят мос шеър битган шоири замон,

Уқиб, дилга жо эт, шоҳ байтин ҳамон:


Шавқи ишқ севимли юзидан аён,

Мастона калому сўзидан аён.

Севиш-севмаслигин билайин десанг,

Нозланиб боқиши, кўзидан аён.

Хоқоннинг Ўгдулмишга саволи

Хоқон айтди: Уқдим, эшитдим сўзинг,

Яна бир саволга жавоб бер ўзинг.

Зарур бир саволни берарман сенга,

Батафсил, бирма-бир жавоб бер менга.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавоб дер: Эй, эл султони,

Билим билан беклар сарбаланд шони.

Билим шаҳристони бу беклар ўзи,

Билимсиз бўлса қул, не даркор сўзи.

Жавоб бериш қийин гар сўраш осон,

Қодир бунга доно, эй оқил султон.

Осони сизгаю қийини бизга,

Ситам қилманг ортиқ бу қулингизга.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон дер: Ҳожатманд берар минг савол,

Ўзи билмаганин сўрайди ҳалол.

Зеро, фақат мамнун бўлишинг керак,

Сўраган сўзларим айтишинг керак.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби


Жавоб бериб деди: Эй одил тўра,

Эшитмак шарофат сўзлашдан кўра.

Сўзин сўзлагувчи койитар жонин,

Тингловчи яйратар руҳи равонин[2].

Нелар дер, эшитгил, синаган оқил,

Сўзлашдан тинглашни атаган маъқул:

Сидқидилдан тинглар оқил ҳар киши,

Нодон бенаф сўзлаб кетади боши.

Эшитса, бўлар у қулоқ роҳати,

Зиёда вайсақи - йўқ фароғати.

Дилингдаги ҳар сўз олтин нархида,

Тилингдаги чақа - ҳисоб чархида.

Хоқоннинг Ўгдулмишга жавоби

Хоқон дер: Каломинг ювар дил доғин,

Белингга боғладинг давлат белбоғин.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш жавобан дер: Соҳиби тахт,

Холис хизматингни қилиш менга бахт.

Беги яйраса, бас, ҳар он, ҳар қачон,

Керак бўлса қули берар ҳатто жон.

Эшитгин, айтарман не билсам ўзим,

Хоқон ҳам кечиргай гар хато сўзим.



[1] Йилқи – ҳайвон.

[2] Бу байт филология фанлари доктори, профессор Боқижон Тўхлиев табдилида берилди.