Хоқон Ўгдулмишга насиҳат қилишини айтади PDF Босма E-mail

Азадор Ойтўлди учун шоҳ-малик,

Эъзозлаб ўғлига ҳам тутди илик.

Деди: Қайғурма кўп, кўнглинг қилгин тинч,

Ахир келар алам ортидан севинч.

Сенинг ёлғиз дардинг эмас бу алам,

Беомон ўртанар кўнглим менинг ҳам.


Зиёда ўртанма, эшит, эй ўғлон,

Хизматим қиларсан сен бундан буён.

Отанг ўлган бўлса отаман сенга,

Оталик қилайин, ўғил бўл менга.

Ўгдулмишнинг Хоқонга жавоби

Ўгдулмиш айтар: Эй соҳиби жаҳон,

Давру даврон сургин мангу беармон.

Содиқ хизматкору қулингман сенинг,

Султон учун фидо бу жоним менинг.

Отам жони бўлди шоҳ учун фидо,

Менинг кўнглимда ҳам айни муддао.


Чиқарди отаси битигин ўғлон,

Хоқонга оҳиста узатди шу он.

Султон олди, очди, ўқиди битик,

Сўзин уқди деди: Эсиз, эй тетик!

Деди: Эй меҳрибон пешқадам, эсиз!

Даргоҳим ҳувиллар, бугун кимсасиз.

Хизматим ўзингга шараф деб билдинг,

Ўлар чоғингда ҳам ташвишим қилдинг.

Рози қилолмадим сени, эй оқил,

Худо қилсин жаннат боғига дохил.


Не чоғ қилган бўлсанг кўнглимни обод,

Минг карра айласин Худо сени шод.


Сўзларин тугатиб, дилида армон,

Хоқон қайғу билан чиқди бедармон.

Уйга келиб кирди кўнглида алам,

Хилват ичра тутди кун бўйи мотам.


Ота учун аза очдию ўғлон,

Ғарибларга берди инъому эҳсон.

Дарду ҳасратларин аста унутди,

Яхшиларни фақат у яқин тутди.

Ота панди билан феъл-атвор равон.

Давлати зиёда, ҳаёт фаровон.

Нелар дер, эшитгин, ақлли киши,

Бошидан кечирган, аён эл иши:

Бўлайин десанг гар бахтли-бахтиёр,

Отанг пандин айла дастуру дастёр.

Отанг-онанг доим айлагин хушнуд,

Топарсан минг савоб, фойда ҳам бисёр.

 

Ишга тушди Хоқон ҳам ғайрат қилиб,

Одил сиёсатин юритди билиб.


Бадавлат улус ҳам фаровон эли,

Хонни дуо қилар бор улус тили.

Хоқон бир кун ёлғиз сездию ўзин,

Чорасиз қадади самога кўзин.

Безовта кўнглига таскин бўлмади,

Тилагандек киши ҳеч топилмади.

Ойтўлди ёдига тушди беназир,

Деди: Эвоҳ, қайда, тадбиркор вазир!

Сарой зийнати ҳам дўсту қадрдон,

Эл ҳам наф кўрарди ундан беармон.

Қуруқ қолди ўрни барбод ҳар ишим,

Азиз ўрнин босар қай содиқ кишим?

Яна ўйлаб деди: Ҳа, Ўгдулмиш бор,

Қадрдон бу зотни унутмам зинҳор.

Ўлар чоғ Ойтўлди бағоят ҳориб,

Ишонди ўғлонин менга ёлвориб.

Ота ўлган бўлса, ўғли бор тайин,

Бири ўлган бўлса, бирин тутайин.

 

Султон Ўгдулмишни чорлади шитоб,

Ўзига улфат ҳам айлади шу тоб.