Ойтўлди хоқонга васиятнома ёзиб қолдиришини айтади PDF Босма E-mail

Давоту қоғоз ҳам қўлига олди,

Дилда бор гапларин мактубга солди.

Худо оти билан сурарман қалам,

Яратган, ўстирган, кечирган Эгам.

Яратди туман минг тирик халойиқ,

Берар барчасига ризқу рўз лойиқ.

Тиласа яратар Тангрим ҳувайдо,

Истаги билан бу кенг жаҳон пайдо.

Раббим тилаклари раво беадад,

Керак эмас унга ҳеч ёрдам-мадад.

Олам аҳли топар бирма-бир завол,

Ёлғиз Парвардигор мангу безавол.

Расули Акрамга туман минг салом,

Бандангдан етказгин минг эзгу калом.

Азизу мукаррам икки дунёда,

Чаҳорёрларга ҳам салом зиёда.

Беармон даврон сур, Хоқон бахтиёр,

Насиб этгай яна неча бир диёр.


Отим Ойтўлди, феъл-атворим равон,

Заволга юз тутдим, бағримда армон.

Ажал комидаман, дардга йўқ дармон,

Омонлик йўқ, роҳат-фароғат армон.

Эъзозлаб кўрсатдинг иноят, тортиқ,

Ўларман хизматинг қилолмай ортиқ.

Иноятинг учун панднома битик,

Ёзиб қолдирарман сенга, эй малик.

Бу дунё ишига содиқ пайваста,

Бажардим барчасин холис ораста.

Мана, менга ортиқ марҳамат ҳақи,

Насиҳату пандим сен учун, ўқи.

Нелар дер, эшитгин, меҳрибон киши,

Муруввату меҳр жўмардлар иши:

Меҳрибон ҳар сўзи мисли тулпор от,

Давлат ишида бу пандим қўш қанот.

Меҳрибон чинакам инсон инсони,

Меҳрли сўз минг бир мушкул имкони.

Хоқоним, мана мен, сенга меҳрибон,

Сўзимга амал қил, соҳиби жаҳон!


Ўлимга юзма-юз ўкиндим ўзим,

Вале наф бермас ҳеч ўкинчу сўзим.

Дардга дармон бу кун ҳар савоб ишим,

Вале армон барча ёмон қилмишим.

Савил бор терилган олтину кумуш,

Жавоб бериш бўлди аламли улуш.

Ўларман, фойдасиз минг ўкинч-армон,

Умид уздим жондан, йўқ сира дармон.

Кетарман дунёдан юрак-бағрим хун,

Сенинг ҳам бошингга тушар шундай кун.

Токи омон жонинг ҳушёр бўл, султон,

Чораю тадбиринг қилгайсан ҳамон.

Яхшилик уруғин соч омон палла,

Муҳтожларга инъом улуш баралла.

Зуғум - офат, ҳиммат ҳар Хоқон ҳусни,

Калому амалда шод эт улусни.

Нелар дер, эшитгин, тўғри сўзли эр,

Ёшлигидан ҳушёр, ўткир кўзли эр:

Ажал келмай барча чорасин қилгин,

Худога ёлвориб минг бор эгилгин.


Кейинги пушаймон ўзингга душман,

Бенаф қабр ичра фарёдинг, билгин.

Каминадан кейин шижоат кўрсат,

Беҳуда кетмагай қулай ҳар фурсат.

Дунё-давлат ҳушинг олмай нокоста,

Барча ишлар аро рўй-ростин иста.

Сиёсат-низоминг адолат билан,

Замону давронинг саодат билан.

Ўзинг ўтга отма, мол-дунё - аянч,

Тану жон қутқуси ҳавас-ҳирсинг янч.

Дунё молу мулкин азизга йўйма,

Токи сени қўймас уни ҳам қўйма.

Ғурурланма ортиқ, кўкрагин керма,

Омонат дунёга кўнглинг ҳеч берма.

Яқин ҳар лаҳза ҳар соҳиби имон,

Ёмондан алҳазар, ғаним беомон.

Очкўзу юҳога берма ҳеч ишинг,

Вафосиз бахилга едирма ошинг.

Фориғ минг гуноҳдан, ибодат - одат,

Тоат-ибодатдай йўқ ҳеч саодат.


Ўлимни унутма, ҳамиша тайёр,

Баногоҳ чанг солар ғанимдай айёр.

Неча қочганни ҳам тутар боз ўлим,

Неча чапдастларга етар боз ўлим.

Огоҳу ҳушёр бўл, бўлма бесабр,

Олис яшасанг ҳам жойинг тор қабр.

Қани ким ўлимга бўлмаган тутқун,

Қани ким зиёда кўра олган кун!

Бу пандни ҳар қанча эъзозласанг оз,

Ҳаёт, давру даврон қиёсланган соз:

Башар аҳлин карвон билгайсан холис,

Карвон бир жойда ҳеч қолмайди олис.

Отаси туфайли туғилса ўғлон,

Она бағри аввал осуда макон.

Токи эл қатори заминга инар,

Мусофир, ғариблик отини минар.

Куну тун камина олган ҳар баҳрам,

Заволим чорлаб боз сўндирар чеҳрам.

Очун мисли работ, қабр ҳам работ,

Работдан қўзғалиб, йўл юрарсан бот.


Маҳшарда икки йўл сени кутади,

Икки йўлдан қайси насиб этади?

Йўлинг ўнг келса гар равон ҳар ишинг,

Ногоҳ чап келса гар бисёр ташвишинг.

Экинзор бу дунё, эй бахтга восил,

Экин эккан олар керакли ҳосил.

Не экилса ерга, унар ўша дон,

Олар ҳар берганин қисмат бегумон.

Ўзга молин олма, яна тўкма қон,

Икки гуноҳ боис жафо чекар жон.

Умр бамисли туш кечар бенишон,

Хоҳи қул, хоҳи бек - завол бегумон.

Бамисли туш-сароб ўтган кун-тунинг,

Армонга пайваста қолган ҳар кунинг.

Нелар дер, ҳушёру юкинган киши,

Эсин йиғиб, такрор ўкинган киши:

Бамисли туш каби умринг бенишон,

Қани бирон нафи, кўрсат бир нишон?

Ҳою ҳавас дея совурдинг умринг,

Барбод бор ҳаётинг, насибанг армон!


Ғофил бўлма, пухта ўйлагин ғоят,

Тириклик ўлимга яқин бағоят.

Сахий бўлгин, бахил бўлмагин минбаъд,

Саховатли номинг қолар то абад.

Инонма суворий, лашкар, ганжингга,

Сира фойда бермас азал ранжингга.

Фидо қилма ўзинг ҳар кимга хўрлаб,

Авайла ўзингни, куйдирма зўрлаб.

Даҳри дун аввалги неча беклари,

Қора ер қаърида зор-забун бари.

Сенинг ҳам ортингдан эргашар завол,

Ғанимат ҳар лаҳза, даврон сур ҳалол.

Нелар дер, минг битта сирдан хабардор,

Зеҳн билан сенга сўзловчи сардор:

Дунё молин мисли шўр сув дея бил,

Ичиб қониб бўлмас, намланмагай тил.

Кўланка бу дунё, бўлма ҳеч қойил,

Эргашсанг қочару гар қочсанг мойил.

Бамисоли шарпа бу дунё иши,

Қўлин минг узатиб тутолмас киши.


Ғайрат қил, яхши бўл, эй Хоқон, маҳкам,

Хоқон яхши бўлса, яхши улус ҳам.

Саройда минг битта бўри беомон,

Саройни, эй султон, сақлагин омон.

Улус бамисли қўй, Хоқон қўйчивон,

Қўйчивон сурувга бўлгай меҳрибон.

Барча ишда тийгин ғазаби сахтинг,

Ғазаб билан барбод қилма тож-тахтинг.

Дағал сўзлаб қилма ҳеч ким кўнглин ғаш,

Қўполлик куйдирар аланга-оташ.

Сокину вазмину мулойим малик,

Барча эзгуликка пайваста илик.

Қошингда мунтазир сенга олис йўл,

Бу йўлга захиранг ҳозирлагин мўл.

Саройлар қурма кўп, Хоқон бахтиёр,

Қора ер қаърида бошпана тайёр.

Қолар баланд, кўркам қасру саройлар,

Қоронғу гўрда наф бермас дод-войлар[1].

Не учун йиғарсан олтину кумуш,

Кафанликдан ортиқ тегмас ҳеч улуш.


Ғоят топиб айтган шоир ҳассоси,

Шоир шоҳ байти ҳақ калом асоси:

Ғофил банда бисёр молу мулк терар,

Насиб этарми-йўқ, кўкрагин керар.

Муродига етгач, мўл бойлик ичра,

Баҳраманд бўлолмай, ҳайҳот, жон берар!

Ғурурланма яйраб роҳатда, эй бек,

Ғуруру ишратинг куйдирар ўтдек.

Дунё учун умринг совурмоқ нечун,

Арзимас бу олам минг заҳмат учун.

Шойи оғушида гар жисму жонинг,

Қора ер қаъри то абад маконинг.

Гўзал малакларни қучганинг қолар,

Қора ер қаъридан жисминг жой олар.

Сира толмас йўрға тулпордан инар,

Ҳоли танг, эгарсиз ёғоч от минар.

Буларни ўйла, бас, имкон борида,

Ўкинма сўнг қора замин қаърида.

Барча ишга тавфиқ тила баякбор,

Худо бергай шаксиз сенга куч-мадор.


Нолима тақдирдан, рози бўл ўзинг,

Бўйин бер қазога, тўғри қил сўзинг.

Бўлайин десанг гар азимдан-азим,

Бу беш ишдан йироқ бўлишинг лозим.

Ҳаромдан ҳазар қил, қилма ҳеч зўрлик,

Тўкиб қон, қасдлашиб қилма ўч-ўрлик.

Шароб ичма, фасод ишдан бўл холи,

Бу каби ҳар иллат беклик заволи.

Ўзинг бўлай десанг агар мангу бек,

Одил бўл улусга, зулмга қўй чек.

Улусга раҳбарсан, эй султон, бу кун,

Улусга паноҳу ҳушёр бўл бутун.

Оғир юк олгансан зиммангга,ахир,

Ҳушёр бўл ҳамиша, аввалу охир.

Қора айлар ҳирсу нафсинг ҳам юзинг,

Банди бўлма, бўлсанг тез қутқар ўзинг.

Кечирган бор умринг ел каби йитди,

Беҳуда тириклик то абад кетди.

Совурма ортиқ ҳеч қолган ҳаётинг,

Гуноҳ қилма, савоб бўлсин баётинг.


Вафо қилмагай ҳеч бу дунё сенга,

Вафо қилдими ҳеч, назар сол менга.

Айтар эҳтиёткор, режали киши,

Эҳтиёткор жумла закийлар боши:

Гўё работ дунё, сен мисли карвон,

Работдан карвон тез йўл олар равон.

Сароб бил очунни мол-мулкка замин,

Охиратинг айла аввало таъмин.

Ўзинг кўчмай, кўчинг йўллагил дарҳол,

Кераксиздан кечу кераклигин ол.

Мана мен кетарман – сабоқ бу фурсат,

Номинг эзгу бўлгай, жасорат кўрсат.

Ўлим олди ростин айтарман сенга,

Эй Хоқон, самимий қулоқ тут менга.

Насиҳатим гўё армонли баёт,

Армонли сўзларим мудом қилгин ёд.

Ғафлатда яшама мендай ҳеч қачон,

Ўртамасин токи мангу пушаймон.

Билай десанг собит беклик тадбирин,

Қай ишларни қилгин, қилма қай бирин.


Одил бўл, қўллама ортиқ зулм-куч,

Тоат қил Худога, даргоҳини қуч.

Иккинчидан ғофил бўлма, ҳушёр бўл,

Ёғилмагай заҳмат ногоҳ мисли дўл.

Сира икки пайтда қилма бир ишинг,

Ҳавас-қаҳр билан зиёд ташвишинг.

Эзгу омил билан эл-юртда барор,

Қўлингда салтанат, дунё барқарор.

Эъзозла яхшини келганча қўлдан,

Ёмон қавмин бадар ҳайдагин элдан.

Ҳақ сиёсат билан собит тожу тахт,

Куну тун мунаввар, камарбаста бахт.

Довруқли донишманд не дер, алқисса,

Муносиб олгайсан пандидан ҳисса:

Одил бўлгин мудом, эй соҳибқирон,

Сира йўлга кирмас йўқса бу жаҳон.

Сиёсати эзгу ҳар соҳибқирон,

Қолар эзгу оти мангу бегумон.

Қай бир шоҳ сиёсат юритса ёмон,

Ёмон ном қолади ундан бегумон.


Қай бир шоҳ сиёсат юритса яхши,

Яхши номи бўлар тарихнинг нақши.

Назар сол синчиклаб асил наслингга,

Туширма зинҳор доғ тоза аслингга.

Ёмонга эргашма, эй дасти узун,

То абад қилма ҳеч ҳасратинг фузун.

Шоҳ бўлдинг, тожу тахт қўлдан кетмасин,

Ҳушёр бўл, афсусда умринг ўтмасин.

Омонат даҳри дун ўтди деб билгил,

Обод охиратинг чорасин қилгил.

Ночор ҳолим бўлгай дардингга дармон,

Ғанимат ҳар фурсат, сўнг қилма армон.

Ҳар кимсадан қолар мерос бегумон,

Насиҳатим мерос сен учун, эй хон!

Азизу мукаррам сен эдинг менга,

Кони фойда пандим иноят сенга.

Кони фойда азал ҳикматли калом,

Амал қилсанг фойда берар минг олам.

Сўз гавҳарин тердим мен ўйлаб сени,

Унутма каломим, унутма мени.


Не манзил-макондан ўтмади йўлим,

Оқибат қошимдан чиқди, бас, ўлим.

Охир ўлим бир кун шубҳасиз келар,

Бани башар жонин бирма-бир олар.

Ўлимга ҳамиша бўлгайсан тайёр,

Олис сафарга ҳам тайёр бўл, ҳушёр.

Ўлимдан қутулиш жойи йўқ, билгин,

Ўлимга шай мудом, керагин олгин.

Нелар дер, эшитгин, гўрда ётган эр,

Ўлимин ўлишдан олдин айтган эр:

Бемаҳал келар ҳақ ўлим беомон,

Тайёр бўл ўлимга ҳар он, эй инсон.

Манмансираб олтин камар боғлаган,

Камари узилар ўлим тутган он.

Бурчим адо этдим, эй Хоқон, аён,

Тугал қилдим меҳру ихлосим баён.

Худо бергай тавфиқ эзгу аъмолда,

Сарбаланд мақоминг бахту камолда.

Насиб этгай узоқ умр беармон,

Неча эллар узра хуррам шоҳ-султон.


Оташ меҳрим изҳор этар ҳар сўзим,

Саломат бўлгайсан, эй кўркли юзим.

Ўларман, нетайки тўлар паймонам,

Ортимда қолар бир ўғлим ягонаман.

Худога топширдим уни мен ҳамон,

Тиласа, ўт ичра ҳам сақлар омон.

Ўтинчим, ўзинг ҳам ол уни қўлга,

Токи ҳеч кирмагай бемаъни йўлга.

Барча ишга Тангри яратар сабаб,

Барча яхши-ёмон эмас бесабаб.

Ўғил-қиз сабаби ота ҳам она,

Ёмон-яхшилиги учун баҳона.

Мана, мен отаси ўларман бу кун,

Кичик ёшда етим-сағир бағри хун.

Арзимас хизматим бисёр билгайсан,

Ўзинг ўғлим тўғри йўлга солгайсан.

Илму ҳунар билан ақли ҳам тўлсин,

Илму ҳунар билан элга бош бўлсин.

Феъли аъло, хулқи ҳам салим бўлгай,

Корингга ярагай, оларин олгай.


Талабчанликни боз қилгайсан одат,

Талаб билан топар бола саодат.

Нелар дер, эшитгин, кекса оқсоқол,

Кекса насиҳатин теран уқиб ол:

Кичик эркан, ўргат ўғилга билим,

Билим билан қўли узун ҳам олим.

Ўғил-қизга бўлгин жуда қаттиққўл,

Қаттиққўллик билан бола топар йўл.

Ўғил-қиз ёшликда ўрганса нени,

Ҳеч қачон ёдидан чиқармас уни.


Тугатди мактубин, боғлади тутиб,

Ўғли турар эди мунтазир кутиб.


Деди: Ўғлим, асра, зарур бу нома,

Хоқонга етказ, бу – васиятнома.

Битигим ўқисин ҳам қилгай амал,

Мангулик бахт учун бўлгай бу тамал.


Яна ўғлин кўкси узра қўйиб бош,

Қон қақшаб йиғлади кўздан тўкиб ёш.

Ўғлини қучоқлаб йиғлади яна,

Йиғлай-йиғлай бағрин тиғлади яна.

 

Деди: Ўғлим кўрдинг аҳволим мени,

Не асно ўларман, унутма буни.

Сенинг бошингда ҳам шундай савдо бор,

То тириксан, бўлма ҳеч беэътибор.

Керакли ҳар сўзим мен айтдим сенга,

Уқиб сен сўзимни дуо қил менга.

Агар Хоқон йўқлаб тиласа сени,

Феълингни тузат, қил хизматин уни.

Беҳудаю бебош югурма узун,

Фазилатинг айла баимкон фузун.

Султон кеч ётса, кеч ёт, уйғон барвақт,

Билгин, кам ухлаган бахтиёр ҳар вақт.

Худо фарзин мудом айлагин эъзоз,

Султонга хизмат қил ихлос билан соз.

Ёмонга йўлама, бўл мудом олис,

Фақат яхшилик қил, атворинг холис.

Сўзингга ҳушёру эмин ҳар онинг,

Ўзинг эҳтиёт қил, авайла жонинг.

 

Бироз тўхтаб, ўғлин қучиб йиғлади,

Яна уввос тортиб, бағрин тиғлади.

 

Деди: Эй ишончсиз жаҳон бевафо,

Нечун қилдинг ахир сен менга жафо?!

Нозу неъмат билан маъмур бу ўзим,

Кирар қора ерга, эй кўркли юзим.

Онадан туғилган сингари яна,

Яланг, алам билан ўларман, мана.

Нелар дер, ўлими муқаррар ҳар эр,

Ўлимдан ўкинган зеру забар эр:

Кун келиб ҳамма ҳам кўз юмар, ўлар,

Икки кўз косаси хок билан тўлар.

Эсиз давру даврон, эсиз ҳур ҳаёт,

Ўкинч-армон билан лаҳадга кирар.


Ойтўлди эс-ҳушин жамлаб оҳиста,

Меросни улашди тақсимлаб аста.

Қавму қариндошга дея: Рози бўл,

Солар бўлди жони яшил кўкка йўл.

Кўзин кўкка тикди, айтди: Ё Оллоҳ,

Шаҳодат бирла жон берди чекиб оҳ.

Куни битиб, равшан жони узилди.

Худо зикри билан нафас кесилди.


Покиза руҳ само сари йўл солди,

Жони чиқиб фақат келбати қолди.

Гўё яшамаган каби йитди жон,

Жаҳон ичра қолди бир номи нишон.

Нелар дегай, эшит, кўнгли тоза мард.

Ғофиллик нелигин ҳеч билмас жўмард:

Макон марҳум учун қабр-қабристон,

Тоза руҳга Арши аъло хос макон.

Қуруқ келбат қолди учиб кетди жон,

Худо билар, айлар қай не жойни макон.

Арши аъло бўлса жойи, қут аъло,

Тубан кетса, бўлмас ҳеч бундай бало.

Шу иккидан бири шаксиз қисмати,

Ва лекин то абад мангу исмати.

Не синоат асли бу банда ўзи,

Номи чиқар, сўнгра кесилар сўзи.

Қаёндан келар ҳам қай томон борар,

Қайларда манзили, қайларда юрар?

Билимли биларми, не айтар жоиз,

Заковат аҳли ҳам бу бобда ожиз!


Буни биладиган йўқ ҳеч билимдон,

Сиру асрори бир Худога аён.

Гоҳо егай, ичгай, белгисиз кўчар,

Гоҳо ҳеч кўринмай нишони ўчар.

Ғоят қисқа яшар бу банда ўзи,

Ғами кўп, тил узун, мағрур ҳар сўзи.

Назар солсанг, банда ночордан-ночор,

Ғурур бобида ёт, ажаб, номус-ор.

Жаҳонни забт этгач, ортар гуноҳи,

Нечун кўксин керар бу жаҳон шоҳи?!

Нелар дер, эшитгин, бу бедор киши,

Мўмину ўлимдан хабардор киши:

Бешафқатсан ғоят, эй ўлим ғаддор,

Бисёр аслаҳа ҳам қошингда бекор.

Барча фармонингда, қутулмас бири,

Ёмону яхшига сен мисли бўри.

Доно аҳли мангу омон умуман,

Кошки йитса фақат билимсиз тубан.

Ёмон-яхши қолмас, минг-минглаб ўлар,

Катта-кичик билан қора ер тўлар.


Ўлимдан омонлик йўқ, эй соғ-омон,

Неча яшасанг ҳам етар беомон.

Ғоят яхши сўзлар улус бошлар эр,

Заковат ҳам билим билан ишлар эр:

Не аъло иш сира ўлим бўлмаса,

Не кўркли иш сира киши ўлмаса.

Шоду хуррам эдим ҳаётим обод,

Ўлим барчасини айлади барбод.

Ўлимга чора йўқ, ҳар банда ўлар,

Бор туғилган ўлар, қора ер тўлар.

Одамийлик азиз, азиз эмас кас,

Эсиз минг фазилат йитса мисли хас!

Фармонида азал-абад Ғарбу Шарқ,

Йўриғига юрсанг-юрмасанг бефарқ.



[1] Мазкур байт Эмин Усмон таржимасида берилди.