Ойтўлди ўғли Ўгдулмишга насиҳат қилишини айтади PDF Босма E-mail

Ойтўлди ўғлони якка-ягона,

Кичик ёшда гулга кирмаган шона.

Ўгдулмиш исмли асилзода, ёш,

Феъли аъло, мисли ғилмон қаламқош.

Фарзандин яқинроқ чорлаб ўзига,

Кўнгли бўшаб тўлди ёшлар кўзига.

 

Деди: Оҳ фарзандим, кетарман бадар,

Қолар сенга ердан самога қадар.

Ўзинг ёлғиз фарзанд, эй кўзим нури,

Насиб этгай сенга ҳаёт сурури.

Турк саркорин сўзи аъло шубҳасиз:

Кўзнинг оқ-қораси ўғил билан қиз.

Ўғил-қиз ташвиши туби йўқ уммон,

Қаддинг эгиб, қилар ранг-рўйинг сомон.

Қаю зот ўғил-қиз ҳам хотини бор,

Не ажаб, тунларни ўтказса бедор.

Ота ўғил-қизи - ўйлар зотини,

Ўғил-қиз атамас ота отини.

Ойтўлди деди: Эй ўғлим, қулоқ тут,

Унутма сўзларим, бағринг бўлгай бут.

Ҳолимни кўр, ахир, отаман сенга,

Отим Ойтўлди, боқ, назар сол менга.

Тўлар паймонаси Ойтўлдининг ҳам,

Ўлар армон билан, нажот йўқ, болам!

Ҳаёт бол бўлса гар, оғу, оҳ, ўлим,

Ўлимдан қочайин десам йўқ йўлим.

 

Дил бердим дунёга бағрим кенг очиб,

Вафо қилмади ҳеч боз мендан қочиб.

Ёри бевафодай чорлаб қошига,

Оғу солди охир ёрин ошига.

Жафо қилди дунё, қариди бу қут,

Сени ҳам алдар у, пандим маҳкам тут.

Зарур аъмолларим бир ёнда қолиб,

Бемаъни минг ишга бўлдим мен толиб.

Шамолдай югурар беному нишон,

Ўларман наф кўрмай бағримда армон.

Пора-тортиқ билан ҳал бўлмас ишим,

Во дариғ, коримга йўқ ярар кишим.

Нелар дер, эшитгил, бедор мавлоно,

Мамот мантиғин ҳам англаган доно:

Ажал бу - доно ҳам ҳасратга ботар,

Закий ҳам бор эсу ҳушин йўқотар.

Қутилиб бўлмас ҳеч таъқиб қасдидан,

Омон чиқмас ҳеч ким ўлим дастидан.

Емирар бўлса ҳам тоғдай савлатинг,

Совурар елга бор молу давлатинг.


Шоир ҳар байтида минг ҳикмат-маъни,

Ўқиб ҳам, уқиб ҳам бўл яна ғани:

Кўҳна олам ичра ҳийласиз йўқ иш,

Чораси ҳам бисёр, қилма ҳеч ташвиш.

Тайин минг бир мушкул минг бир чораси,

Ажал жумбоғига вале ўтмас тиш.

Ўгдулмишнинг Ойтўлдига саволи

Эшитди ўғил, кўр, отаси сўзин,

Падарига томон ўгирди юзин.

Деди: Эй отажон, сўзим бор сенга,

Ўтинчим жавобин айтарсан менга.

Бу дунё ичида яйрадинг бисёр,

Билиму касбу кор билан бахтиёр.

Сўрадинг, эшитдинг илминг тузатиб,

Синаб, даврон сурдинг минг сир кузатиб.

Ўлимга бир тадбир бўлса гар зора,

Нетар қилсанг уни дардингга чора.

Бирон бир чораси бўлмаса ортиқ,

Молу мулкинг барин қилгайсан тортиқ.

Бошинг учун гаров бўлса бас улуш,

Омон бўлсанг, бисёр олтину кумуш.


Нелар дер, эшитгил, кўзи тўқ киши,

Тузу нон соҳиби, сахий, эл боши:

Бор-будинг улусга айлагин инъом,

Молу мулк сингари бўлмас кишан-дом.

Жони омон ошу нони зиёда,

Омон ҳар парранда дони зиёда.

Тирик бўлса одам равшан тилаги,

Етар минг орзуга бутун билаги.

Ойтўлдининг Ўгдулмишга жавоби

Ойтўлди ўртаниб деди: Оҳ, болам,

Умид уз бу ишдан, эшитгин нолам.

Ўлимга бефойда олтин, кумуш, зар,

Ўлимга бас келмас на билим, ҳунар.

Ўлимни даф этса зару ганж кони,

Сира ўлмас эди жаҳон султони.

Ҳакимларга ҳикмат фойда қилмади,

Донога илмидан ҳам наф бўлмади.

Ўлимга бас келса гар дори-дармон,

Табиблар яшарди мангу беармон.

Билса андишани агар бу завол,

Набийлар билмасди нелигин завол.


Олам аҳли барча ўлимга маҳкум,

Ўлим чангалидан омон чиққан ким?

Олам карвонсарой, аҳли эл меҳмон,

Қора ер тўймаган, тўймас ҳеч қачон!

Ўгдулмишнинг Ойтўлдига жавоби

Эшитиб Ўгдулмиш хомуш дер: Ота,

Ўлимни англадинг теран, бехато.

Нечун умринг хазон ғафлатда қолиб,

Нечун айблайсан ўзинг дод солиб?

Нечун тердинг ахир зиёда бисот,

Нечун улашмадинг ортиқчасин бот?

Агар қолса банда ғафлат домида,

Ўзидан ўкингай умрин шомида.

Афсус-надоматдан не наф, отажон,

Бошинг ерга уриб, бағринг қилма қон.

Ойтўлдининг Ўгдулмишга жавоби

Ойтўлди дедики: Эй ўғлим, эшит,

Ҳолим кўр, аввалдан ҳар ишинг пишит.

Ғофиллик дастидан хароб мен ўзим,

Ғофил бўлма зинҳор, эй кўркли юзим.

Барча банда ўлим учун туғилар,

Неча зўр берса ҳам охир бўғилар.


Осий банда тутқун ўлимга бутун,

Тушовлар пайт келса қўл, оёқ-путин.

Билиб айтган аҳли ашъор доноси,

Назар солсанг, ғоят теран маъноси:

Ҳар иш ўз пайти бор, ҳар он ҳисобли,

Нафас, дам олишда имкон ҳисобли.

Йилу ой, кун билан ўтар умр ҳам,

Сенинг ҳам умринг, эй инсон, ҳисобли.

Ойтўлди дер: Ўғлим, хароб аҳволим,

Ибрат бўлсин сенга менинг бу ҳолим.

Ўларман мен сени ўйлаб бағрим хун,

Кичикликда етим қоларсан бу кун.

Не кечар аҳволинг, оҳ, мендан кейин,

Зиёда ҳасратим ўйлаган сайин.

Тарбия берса гар ҳар ота моҳир,

Бола атворида сўнг бўлар зоҳир.

Назорат билан ҳар бола баркамол,

Ёруғ ота-она юзи ҳам ҳалол.

Назоратсиз етса вояга бола,

Умидинг уз, бўлар бошга минг бало.


Болам бўлсин деган доно, мулозим,

Назоратин қаттиқ қилиши лозим.

Нелар дер, эшитгил, фарзандли киши,

Бошидан кечирмиш, етилмиш ёши:

Кимнинг эрка бўлса ўғлию қизи,

Жафо тортиб минг бор йиғлайди ўзи.

Бола бўлса бошдан бебошу абгор,

Болада йўқ гуноҳ, ота - айбдор.

Боланинг феъли гар бўлса ярамас,

Гуноҳкори ёлғиз отасидир, бас.

Ёшликдан хулқига агар берса зеб,

Ёши етгач, яйрар: “Ўғил-қизим!” деб!

Болага тарбия берсанг бетайин,

Ҳолингга кун келиб эл кулар тайин.

Ўғил-қизга ўргат билим ва ҳунар,

Билим-ҳунар билан бахт гули унар.

Ўгдулмишнинг Ойтўлдига жавоби

Ўгдулмиш қайғуриб деди: Оҳ, ота,

Ўғлинг ҳасратингда ғоят безовта.

Тирик қолмай сендан кейин мен зинҳор,

Доғи ҳасратинг ҳам кўрмайин зинҳор.


Сенинг ўрнингни бир меҳрибон Раҳмон,

Бериб менга, бағрим қилмагай ҳеч қон.

Агар бермасаю етса ҳам ажал,

На чора, бу ахир армони азал.

Худо фармонига безак дод-фарёд,

Ажал келди, чорла дод-фарёдни бот.

Молу мулким қолди демагин зинҳор,

Беҳуда дарду ҳам емагин зинҳор.

Омонат мол-мулкка сира ачинма,
Кўз ёшга арзимас, сира ғам ема.

Бурун ҳам неча бир соҳиби олам,

Тарк этган дунёни бағрида алам.

Билардинг бу гардун жафоси фузун,

Вале ғафлатзада кун кўрдинг узун.

Агар жамланса ҳам дунё бебақо,

Кафанликдан ўзга тегмас ҳеч вақо.

Тириклик учун боз қайғурсанг ўзинг,

Ўкин, боз беармон йиғлагай кўзинг.

Яна қайтиб келмас ўтган бирор кун,

Қошингда бағрин кенг очган зулмат тун.


Менинг ташвишимни қилиш бефойда,

Ким фойда топар айт, алам бор жойда?!

Яратилган борки, кун келиб ўлар,

Яратилган ўлар, Яратган қолар.

Отам эдинг меҳру шафқати зиёд,

Зиёда меҳрибон Эгам барҳаёт.

Сени у яратди, берди қут-давлат,

Не ажаб, мени ҳам қилса басавлат.

Топар лутфи билан қадрсиз қадр,

Улуғу кичик ҳам сарбаланд бадр.

Бағоят бунга мос донишманд сўзи,

Донишманд каломи ҳар басир кўзи.

Азиздан ҳам азиз, азизга эъзоз,

Ўшандай буюргай, азиз ўзи оз.

Кичикка - улуғлик, ҳақирга - қадр,

Хатога - ҳидоят, буюкка – у соз[1].


Ойтўлди эшитди фарзандин сўзин,

Қўлин очиб, тикди самога кўзин.

Худога минг бора айтди ташаккур,

Ўғлига бергани учун тафаккур.

Ойтўлдининг Ўгдулмишга жавоби


Деди: Ўғлим, шукр, тайин бахтинг бор,

Худо фазли билан яша бахтиёр.

Жуда билиб айтган билимдон сўзни,

Маъноси мунаввар айлар ҳар кўзни:

Худо кимга берса билим ҳам ақл,

Барча орзуларга етар мустақил.

Кимнинг феъли аъло, ҳулқи ҳам равон,

Тилаги ёр, даврон сурар беармон.

Гаров эзгуликка эзгу хулқ атвор,

Феълу атвори соз хуррам баякбор.

Ойтўлди дуога қўл очди яна,

Худога минг бора айтди шукрона.

Деди: Бор мавжудот асоси сўзинг,

Обу ошимиз ҳам мўл қилган ўзинг.

Яратдинг, бахт-давлат бердинг минг туман,

Қулингман гуноҳкор, осий ҳам тубан.

Эъзозладинг мени токи ушбу он,

Орзу-тилакларим шай қилдинг ҳамон.

Барча орзу-неъмат билан этдинг шод,

Бағоят мамнунман, Тангрим, умрбод.


Кетарман гар бу кун бошимни олиб,

Босар ўрним ўғлим ортимда қолиб.

Борарман қошингга соҳиб ихтиёр,

Ўтинчим фарзандим айла бахтиёр.

Ўзинг асраб, бошла равон роҳингга,

У дунё, бу дунё ол паноҳингга.

Ёмонлардан йироқ, яхшига яқин,

Зиёда айла ризқ, маошу ҳақин.

Жону дилдан қилди эзгу дуолар,

Бахти бутун абад ким дуо олар.

Нелар дер, эшитгил, беназир доно,

Каломи беназир зотдан нишона:

Худо кимни қўллаб, қилса иноят,

У дунё, бу дунё соҳиб ҳидоят.

Қай бир қулнинг Тангри бўлса дармони,

Аввал-охир сира қолмас армони.

Худойим лутфидан баҳраманд ҳар зот,

Етар минг тилакка чиқариб қанот.

Ғоят соз сўзлаган донишманд киши,

Унга амал қилган раво ҳар иши:


Соғу омон ҳамон соҳиби имон,

Давру даврон суриб, яшар беармон.

Қай банда инонса Худога дилдан,

Бор бало-офатдан омон бегумон.


Яна дер Ойтўлди: Аё, Худо ёр,

Ўлимни унутма, мудом бўл ҳушёр.

Инонма ҳаётга ел каби кечар,

Очун ҳам, давлат ҳам булутдек кўчар.

Худога топширдим айтиб саловат,

Паноҳида асраб, бергай ҳаловат.

Эвоҳ, айриларман сендан ушбу кун,

Кўзимда шашқатор ёш, юрагим хун.

Баён айлай, қулоқ тутгил пандимга,

Васияту пандим сен фарзандимга.



[1] Бу тўртлик филология фанлари номзоди Қаюм Каримов таржимасида берилди.