Бахтнинг бебақолиги ва давлатнинг бевафолигини айтади PDF Босма E-mail

Барча тилагига Ойтўлди етди,

Гўё бахт қариди, таянчи йитди.

Ғоят яхши айтмиш доно билимдон,

Тугал неъмат насиб этмоғи гумон.

Зако кашф айлаган ҳақиқат баёт:

Давлат топганингда, тугар бу ҳаёт.

Ғоят дилга манзур оқил айтган сўз,

Билимдон ҳар сўзи нодон учун кўз:

Ҳар қуйи юксалар, юксак ҳам ингай,

Ёруғ кун бўлгай тун, ҳар юрган тингай.

Қилинган ҳар ишни айла эҳтиёт,

Даври ўтса, завол қаърига синггай.


Ойтўлди бахтидан минг насиб олди,

Азиз умри тугаб, мулку мол қолди.

Тўлин ой камайиб, шам каби сўнар,

Иссиқ ёзи совуқ қиш каби тўнар.

Мизожи бузилиб, тўзиди толиб,

Беомон хасталик музаффар-ғолиб.

Еган-ичганлари минг бир дард бўлди,

Беморлик дастидан ранги зард бўлди.

Қувват-қувонч армон, ғамхона уйи,

Барваста бўй-басти эгилди қуйи.

Хасталик зарбидан охир йиқилди,

Касаллик дастидан қақшаб сиқилди.

Табиблар йиғилиб томир кўрдилар,

Касалига турфа таъриф бердилар.

Ошган қон босими, деди қай бири,

Касалдан қон олиш - яхши тадбири.

Бири деди: Сурги ичириш даркор,

Ичини юмшатиб ҳам суриш даркор.

Совуққа солиб ким боз гулоб берди,

Бири ширин шарбат ҳам шароб берди.

 

Дори-дармонларни қилиб кўрдилар,

Неки лозим бўлса, бир-бир бердилар.

Бирон-бир наф бермай барчаси қолди,

Эс-ҳушдан айрилиб, тамоман толди.

Нелар дер, эшитгил, омилкор киши,

Омилкор киши бор эл-улус боши:

Хоҳи шалисо[1] ва ё тарёқ[2] дегин,

Укиту[3] Митридус[4], чурни[5] ҳам егин.

Ожиз ҳатто ҳозиқ табиб, дуохон,

Куни битганлар жон берар бегумон.

То тириксан бўлма сира ҳам ғофил,

Ўлим ҳақ, ҳар қанча қилма тағофил.

Ойтўлди ҳолини эшитти малик,

Бедаво дард урган бешафқат илик.

Ҳукмдор сўради Ойтўлди ҳолин,

Келиб кўрди унинг ночор ахволин.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон дер: Ойтўлди, бу қандай аҳвол,

Хасталик шунчалар қилдими беҳол?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди дедики: Султон бахтиёр,

Оғир дардим, қўлдан кетди ихтиёр!

 

Саришта аъмолим ғоят ҳоли танг,

Беназир атворим ҳам йитар, аттанг!

Порлаб балқар эди ҳар бир куним,

Куним ботар бўлди, зим-зиё туним.

Олиб қочди шодон ҳаёт ҳам ўзин,

Бевафо гардун ҳам эвурди юзин.

Севинч, орзу, неъмат савил қолар, воҳ,

Қучоғига қора қайғу олар, воҳ!

Айриларман, эвоҳ, мен сендан бугун,

Ўларман, дилда минг армонли тугун.

Нелар дер, эшитгин, доно бек рози,

Улус сарварларин аълою сози:

Бағоят соз бўлар бу давлат келиб,

Яна кетмаса ҳеч ел каби елиб!

Не қадар беназир бу беклик иши,

Ўлим панд бермаса, соғ юрса киши!

Йигитлик каби йўқ ҳеч давру даврон,

Эгмаса қарилик бўй-бастин равон.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон дер: Кўнглимни қилма ҳеч хира,

Хасталикка таслим бўлмагин сира.

 

Киши тоби қочиб-тузалар охир,

Касаллик ҳам кўпга келган тўй ахир.

Нечун бунча афсус-армонли сўзинг,

Не учун бузарсан ўз кўнглинг ўзинг?

Давру даврон сурдим сен билан мен заб,

Ниятинг яхши қил, бу қандайин гап!

Шифо бергай, зинҳор сўзлама ёмон,

Менинг юрагим ҳам ортиқ қилма қон.

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди зор айтар: Эй бахтиёр зот,

Дардим давоси йўқ, тилама нажот.

Туғилган ҳар банда ўлмоғи даркор,

Очилган гул-чечак сўлмоғи даркор.

Ёнма-ён юксаклик ҳам тубсиз завол,

Қувонч алам билан, оғу билан бол.

Яна айтган эдим мен сенга ўзим,

Бевафо атворим, бебақо сўзим.

Баён қилдим тавру тарзим ҳам сенга,

Эвоҳ, кўнгил бердинг беҳуда менга.

Заволим муқаррар, қилма ҳеч гумон,

“Безавол бандаси!” деган гап ёлғон.


Ишончсиз дея ҳеч койима мени,

Бевафо даҳри дун тарк этар сени.

Жафокор дея ҳеч тош отма менга,

Мендан ҳам даҳри дун сержафо сенга.

Ғофил бўлма, сен ҳам ўларсан бир кун,

Инониб дунёга бағринг қилма хун.

Эъзозладинг ҳатто хизматсиз ҳар он,

Рози қилолмадим кечир, эй Хоқон!

Тиламасман гарчи зинҳор ўлишим,

Ибрат элга зору забун бўлишим.

Ташна гар ҳаётга бағоят аслим,

Чора йўқ, нетайин бўлмасдан таслим.

Яратди, минг шукр улуғ дояга,

Кичик ўғлон эдим, етдим вояга.

Яноғим безади мўрт билан соқол,

Лочиндай йигитни қилди кекса чол.

Адил қаддим камон каби дол этди,

Тириклик тугади, фурсатим етди.

Билимдон донишманд панди киройи,

Эшит уни сен, эй ойдай чиройи:

 

Қай бир бош оққушдан олса андоза,

Оққуш каби тутгай дилин ҳам тоза.

Ўқ каби қомати ногоҳ бўлса дол,

Беғубор айлагай дилин ҳам ҳалол.

Оқарса гар сочу соқол ҳам қаро,

Ўлимга шай бўлгай ҳар бир фуқаро.

Бағоят бунга мос шоир шоҳ байти,

Эшит буни ҳам сен, келди мос пайти:

Қаро сочнинг оқи ўлимдан хабар,

Ҳаётни қилар ҳар жонга мўътабар.

Едим-ичдим дема, единг ўз умринг,

Ўлим бошинг егай, бўлма бехабар.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон дер: Ойтўлди, не ҳожат оҳга,

Дардлар охиратда гаров гуноҳга.

Завол топса ҳар ким хаста бўлган дам,

Қолмас эди сира ҳам тирик одам.

Худо бергай ўзи дардингга даво,

Хаёлларга борма зинҳор нораво.

 

Дуо қилди дилдан ёлвориб малик,

Шифо тилаб кўкка кўтарди илик.

 

Ҳасратидан сиғмай бирон-бир жойга,

Хоқон алам билан кирди саройга.

Берди ғарибларга инъому эҳсон,

Зора раҳм қилса деб унга Раҳмон.

Тилло зар ўлимни гар даф қилганда,

Жонин сақлар эди зар билан банда.

Эҳсон билан топса ўлимдан омон,

Шоҳу султон ўлмас эди ҳеч қачон.


Кучайди ногаҳон Ойтўлди дарди,

Умид узиб жондан, ранги оқарди.

Деди афсус билан: Умрим, во дариғ,

Беҳуда совурдим, ранг-рўйим сариғ.

Ғафлатда бой бердим бор ҳаётим ҳам,

Совурдим йигитлик – шоҳ баётим ҳам.

Ям-яшил япроқдай эдим мен ўзим,

Ажал тутиб элтар, наф бермас сўзим.

Жаҳон молин тердим мен қилиб суқлик,

Қолар бари, олар бағрига йўқлик.

На дароз дастим бор ва на бийрон тил -

Бошим узра ажал чарх урар ботил.

 

Ўкиниб бу янглиғ, бисёр йиғлади,

Ўкинчи ўлимга таъсир қилмади.

Чеки йўқ бандаси фарёду унин,

Тилагандек топмас тириклик кунин.

Тилак топса, бўлмас ҳаёт шароби,

Тирик бўлса, армон тилак сароби.

Тутам давлат билан унутар ўзин,

Самодан сарбаланд сезар ҳар сўзин.

Лавозимга минса, такаббур бўлар,

Минг бир армон билан кун келиб ўлар.

Тўйганин сира ҳам билмас муттаҳам,

Ямламай ютар оч қолса, оғу ҳам.

Аламга бетоқат, фароғат - бузар,

Севганин топару тез кўнглин узар.

 

Ўкинди Ойтўлди: Ҳасратга ботдим,

Во дариғ, ҳақиқат йўлин йўқотдим.

Нечун тердим бисёр олтину кумуш,

Нечун ғарибларга бермадим улуш?!

Нечун қилмадим ҳақ Худо ишини,

Ранжитдим бегуноҳ қанча кишини.


Бурун адо этсам эзгу иш барча,

Очарди қошимда саодат дарча.

Не фойда-наф берар ўкинчим бу кун,

Ўлим кесди калом-хитобим бутун.

Нелар дер, эшитгил, равшан кўзли эр,

Кишига меҳрибон, равон сўзли эр:

Олам аҳли учун ўлим бир дарча,

Кирар бу дарчага эл-улус барча.

Таваллуд не асрор, не тилсим ўлим?

Қаёндан келарман, қай томон йўлим?

Наҳот туғилганман қайта ўлгали?

Наҳот яйрадим боз қайғу кўргали?

Жаҳонда ўлимдан қайғули не бор,

Туғилган киши жон берар йиғлаб зор.

Бағоят бунга мос шоир байт-сўзи,

Маънисин англаган очилар кўзи:

Ўлим каби бўлмас беомон жафо,

Ўйласанг, татимас ҳеч кайфу сафо.

Ҳадсиз уммон ўлим, соҳил-туби йўқ,

Беомон туби йўқ ўпқон сержафо.

 

Тутқун ғафлат ичра узундан-узун,

Не наф фарёд чекса сўнг дафъа фузун.

Роҳат билан сармаст ҳам эртаю кеч,

Ўлим тутгач, чора топа олмас ҳеч.

Олам моли билан тўймас суқ киши,

Ўкинар сўнгги он, бенаф ҳар иши.

Омонат қут билан гердаяр қай эр,

Ҳоли танг баногоҳ ютса қаро ер.

Севинчлар билан маст, лабингда ханда

Ўлим зарбига шай бўлгин, эй банда!

Донишманд пандида сира кам бўлмас,

Амал қилгандай мард ҳам ўктам бўлмас:

Тиласанг, башарти, эзгу омонлик,

Қила кўрма аввал-охир ёмонлик.

Ёмонлик қилма ҳеч, эй ҳаёт нақши,

Сўзинг ширин бўлсин, ҳар ишинг яхши.


Ойтўлди ўкиниб йиғлади жуда,

Вале оҳу зори кетди беҳуда.

Ғарибларга берди олтину кумуш,

Қавму қариндошга ҳам мерос-улуш.

 

Кўзин кўкка тикди деди: Илоҳим,

Ўзингсан ягона-якка Оллоҳим!

Яратдинг, яйратдинг, яшнатдинг мени,

Иноят, лутфинг ҳам беадад Сени.

Ихлос билан такрор сиғиндим ўзим,

Ажал тиғи билан кесилди сўзим.

Не алам, бўлса гар ўлим беомон,

Умидим лутфингдан, ё Раб, бегумон.

Не ишлар қилмадим, бисёр гуноҳим,

Кечир осий банданг, Пушти паноҳим.

Эсиз елга учган ҳаётим неклик,

Эсиз давру даврон, беҳуда беклик.

Ногоҳ ўйга толиб тутилди сўзи,

Ўғлин кўриб тўлди ёш билан кўзи.



[1] Шалисо – ҳар жиҳатдан фойдали бир хил дори.

[2] Тарёқ - заҳарларга қарши мураккаб таркибли дори.

[3] Укит – заъфаронга бир неча аралашма қўшиб тайёрланадиган дори.

[4] Митридус – муракаб таркибли дори, ясовчисининг номи билан аталган.

[5] Чурни – сурги дори.