Ойтўлди хоқонга сўзламоқми ёки сукутми афзаллигини айтади PDF Босма E-mail

Султон Ойтўлдини бир кун чорлади,

Ўрин берди, ўтир, дея имлади.

Ойтўлди ўлтирди оҳиста хуштаъб,

Кўзин ерга тикди, сўзга очмай лаб.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон дер: Ойтўлди сўзлагин сўзинг,

Нечун жимсан, айтгин сабабин ўзинг?

Ойтўлдининг хоқонга жавоби

Ойтўлди бошлади: Соҳиби даврон,

Қул ҳоли танг бекка дуч келгани он.

Султон буюрмаса, йўқ асло журъат,

Фармон билан қулда жасорат-суръат.

Донишманд каломин эшит бир ўзинг:

Сўрамасдан аввал сўзлама сўзинг.


Кимнидир чорласа агар бир одам,

Аввало сўзлагай ўзи дамо-дам.

Сўрамасдан олдин ногоҳ сўз десанг,

Не ажаб, эшитиб дакки, панд есанг.

Маломат лойига телбадай ботар,

Бегига бесабаб кимки сўз қотар.

Қисқа қилар умринг қизил тил сени,

Омонлик истасанг, қаттиқ тут уни.

Нелар дер, эшитгил, вазмин-оғир бот,

Соғу омон яйрар ўзин босган зот:

Қизил тил қора бош ёви беомон,

Неча бош еди бу, ҳам егай ҳамон.


Омонлик истасанг, тилинг тий мудом,

Бошинг егай тилинг истаган ҳар он.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон айтди: Уқдим сўзларинг ҳалол,

Тирик жон сўзламай турмоғи маҳол.

Икки турли бўлса бор аҳли инсон,

Бири лол-соқову бириси - нодон.

Соқов тили азал-абад сўзламас,

Нодон тили ҳеч бир сўзин гизламас.


Нодон тил-забони ёпиқ-берк бўлсин,

Билимдон тилига фақат эрк бўлсин.

Билимли каломин бил оби ҳаёт,

Оби ҳаёт билан боғу роғ, баёт.

Билимдон донғию хитоби бисёр,

Қайнар чашма-булоқ сув-оби бисёр.

Хосиятли замин билимли огоҳ,

Оёқ қўйсанг қайга, сув чиқар ногоҳ.

Нодон кўнгли мисли биёбону чўл,

Бир дарё сув билан бўлмас ҳатто ҳўл.

Ойтўлдининг хоқонга жавоби

Яна дер Ойтўлди: Эй оқил малик,

Бу тил касри билан тугар тириклик.

Тирик бўлса одам нечун сўзламас,

Керакли ҳар сўзни киши гизламас.

Сўраш даркор токи киши сўзлагай,

Сўралмаса, сўзин қаттиқ гизлагай.

Савол мисли эркак гар назар қилсанг,

Жавобин ўринли гар аёл билсанг.

Ҳар аёлга бўлар якка эркак эр,

Худо берса, туғар икки ўғлон шер[1].

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи


Хоқон айтди: Уқдим, барча сўзинг ҳақ,

Вале бир сўзингга мен яна илҳақ.

Бу тил касрин айтдинг, эшитдим буни,

Унинг нафи борми, айтиб бер шуни.

Забон зараридан қўрқсанг гар ўзинг,

Бекор кетар барча фойдали сўзинг.

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди айтдики: Сўз нафи талай,

Таърифлай баимкон сенга ҳар қалай.

Бенаф сўз билимсиз тилидан чиқар,

Билимсиз гўл элда йилқи саналар.

Жоҳиллар жоҳили бенаф минг сўз дер,

Бенаф сафсата ҳар оми бошин ер.

Беҳуда сафсата бисёр зиёни,

Билиб сўзлаган мард тўлар ҳамёни.

Жоҳил қорни тўйса, ястанар безбет,

Беҳуда сўзга ғарқ, молдай олар эт.

Еса, тўйса, ётса молдан қилмас фарқ,

Юҳо нафси билан жаҳолатга ғарқ.

Билимли ҳар доно бедор, беором,

Билимга андармон жон олар ором.


Вужуд бор қуввати томоқдан кирар,

Жон озиғи чин сўз – қулоқдан кирар.

Билимли белгиси, бил, икки омил,

Омил билан эзгу топар такомил:

Бири тил-забону, биттаси бўғиз,

Ҳар иккисин тийсанг, фойдаси чексиз.

Нафсу тил бобида ҳам доно собит,

Нафсу тилин тияр донишманд, обид.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон деди: Аён минг калом сафи,

Калому сўз нима, не фойда-нафи?

Қаёндан чиқар сўз, қайга йўл олар,

Буни ҳам айтиб бер менга, эй билар.

Сўзлашу сукут ҳам борми мезони,

Не дер бу борада эл билимдони?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди айтдики: Калом ўрни сир,

Ўн сўздан маъқули қилинар таъбир.

Бири тилда, вале дилда тўққизи,

Дилдаги ҳар калом - ором негизи.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Яна айтди султон: Каломдан фойда,

Зиён бобида ҳам борми қоида?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби


Ойтўлди айтдики: Сўз нафи улуғ,

Ўрнига қўйса гар, қул азиз, қутлуғ.

Калом билан неки пайваста ерга,

Самога юксалиб, чиқар тез тўрга.

Агар қоидасин ким билмас сўзни,

Самодан паст иниб, хор этар ўзни.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон деди: Калом ортиғи қанча,

Ози қанча бўлар, бергин тушунча.

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди сўзлади: Зиёда калом,

Ноўрин айтилган ҳар сўз, вассалом!

Беназир ўринли ҳар бир калом оз,

Савол каби лўнда жавоби ҳам соз.

Шоир шоҳ байти мос райҳондай хушбўй,

Беназир байт билан бийрону хушрўй:

Сўзинг минг бор ўйлаб, гавҳар каби тер,

Сўраганга гапир, бўлма эзма эр.

Зиёда тинглаю ҳеч кўп сўзлама,

Ҳар сўзингга ақл билан сайқал бер.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон айтди: Уқдим, бас, барча сўзинг,

Яна бир саволдан қочмагин ўзинг.


Кимдан тинглаш афзал рост сўзни ҳалол,

Кимга айтса бўлар сўзни бемалол?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди дер: Сўзни донодан тинглаб,

Нодонга айтилар теранроқ англаб.

Улуғдан эшитиш керак ҳар сўзни,

Кичикка сўзла сўнг гар тутса ўзни.

Кўпроқ тинглаб, озроқ сўзлаган яхши,

Сабоқ берган шундай донишманд бахши:

Кўп сўзлаб ҳеч доно бўлмагай киши,

Доно тинглаб талай, бўлар эл боши.

Камгап оқил кирар билим йўлига,

Билим насиб этмас эзма қўлига.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Яна айтди Хоқон: Ҳар сўзинг савоб,

Яна бир саволга бер пухта жавоб.

Сукутми афзали ё афзал сўзлаш,

Очиқ сўз маъқулми ё маъқул гизлаш?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди дедики: Эшит, эй Хоқон,

Баён айламасанг, билим ноаён.

Маломат нораво, хислати бисёр,

Бироқ сўзнинг яхши ҳам ёмони бор.


Барча аҳли башар кичик ҳам катта,

Худога минг такбир айтар, албатта.

Яратган беадад туман халойиқ,

Халойиқ минг ҳамди Тангрига лойиқ.

Бани башар учун муборак бу ном,

Бири кўнгил, бири тил билан калом.

Дилу тил яратди, калом учун дил,

Куяр ўтда сўзи эгри ҳар ботил.

Каломи соз омад ёру саломат,

Ёлғончи бошида минг бир маломат.

Каломинг соз эса равон сўзлагил,

Сўзинг эгри бўлса, фақат гизлагил.

Гапирмасанг, соқов деб лақаб қўяр,

Бироз кўп сўзласанг, эзмага йўяр.

Аҳли эл ёмони - эзма бемаъни,

Аҳли эл яхшиси - Ҳотамдай ғани.


Маънили ҳар сўздан севинди малик,

Кўзин кўкка тикиб, кўтарди илик.

Яратганга айтиб минг ҳамду сано,

Дедики: Меҳрибон, акрам Раббано!


Бисёр минг рўшнолик айладинг ато,

Гуноҳкор бандангман, кўп ишим хато.

Айладинг минг орзу, тилагим раво,

Роҳат, дунё, давлат – минг дардга даво.

Ожизман шукрона учун мен гадо,

Ўзинг банданг учун қилгайсан адо.


Сўз тугаб, ғазнасин подшоҳ кенг очди,

Барча муҳтожларга эҳсонлар сочди.

Эъзозлаб Ойтўлди оқилни ортиқ,

Алқаб-алқаб қилди дур-гавҳар тортиқ.

Берди вазирлигу не бўлса лозим,

Туғу муҳри билан юксак лавозим.

Қўлин ҳам эл узра айлади узун,

Бўйин эгди душман, чеклади ўзин.

Ойтўлди каттаю кичик ишга бош,

Давру даврон сурар беармон йўлдош.

Қудратли давлати, эл-юрт фаровон,

Дуо қилар шоҳни халойиқ равон.

Эллар машаққатсиз шодон хотиржам,

Омон қўй-қўзию, тўқ бор бўри ҳам.


Одил ҳар қонуну элу юрт обод,

Хоқон давлати ҳам зиёддан-зиёд.

Дориломон неча муддат беармон,

Халойиқ топди ҳар дардига дармон.

Янги шаҳар-қишлоқ ростладилар қад,

Ғазна зар-кумушга лим тўлди беҳад.

Хоқон шодон, топди ҳаловат ўзи,

Жаҳон ичра машҳур довруғу сўзи.



[1] Сатр маъноси: Савол битта, жавоби эса аёл каби болалайди.