Кунтуғди хоқон Ойтўлдига адл сифати қандай эканини айтади PDF Босма E-mail

Хоқон айтди: Барча сўзларинг аён,

Важоҳатим шарҳин айлайин баён.

Сени чорлаганда мен дастлабки кун,

Эъзозладим, бердим муносиб ўрин.

Кўз-кўзлаб минг битта бор касбу коринг,

Хафа қилдинг, айтмай сиру асроринг.

Вале қаҳрим кўриб титрадинг ўзинг,

Ғазабимдан ногоҳ тўхтади сўзинг.

Дедингки: Мен қутман, билиб ол мени,

Аён этдим, уқиб олгайсан буни.

Аъмолинг пешма-пеш айладинг баён,

Йўл-йўриқ ҳам бердинг, англадим аён.

Қабул қилиб узринг кечирдим ортиқ,

Хислатинг ардоқлаб ҳам бердим тортиқ.

Ниҳоят мен сенга, эй кўнгли ройиш,

Бор санъат-ҳунарим айлай намойиш.

Гувоҳ бўл, Кунтуғди юксак даргоҳи,

Ҳақ, одил сиёсат холис боргоҳи.


Ғалат дема курси учта пояси,

Теран уч поя ҳам ҳикмат-ғояси.

Барча уч оёқли пухта-мустаҳкам,

Баробар барчаси маҳкамдан-маҳкам.

Оғса гар учтадан бири бир томон,

Йиқилар курси ҳам шу он бегумон.

Барча уч пояли равон-рост, тўғри,

Қайси чорпоянинг бир пойи эгри.

Равону рост бутун борлиги фузун,

Барча фузун минг бир аъмоли афзун.

Қай бир нарса оғса, эгри йўриғи,

Ярамас эгрининг барча уруғи.

Қайси рост оғса гар тез барбод бўлар,

Қайси тўғри бўлса рост - обод бўлар.

Сира оғмас равон феълу рафторим,

Оғмас фармонда ҳам ҳеч иқтидорим.

Шиорим адолат, кўнглинг бўлсин тўқ,

Шоҳ билан гадо мен учун фарқи йўқ.

Қўлимда тутганим сиёсат - пичоқ,

Кесиб-қирқишга шай ҳар лаҳза, ҳар чоқ.


Пичоқ каби кесиб-бичиб ишини,

Ишин чўзмам арзи бор ҳар кишини.

Шакар - қаддин букса кимнинг разолат,

Даргоҳимдан келиб топар адолат.

Шакар-шарбат билан аҳли мазлум шод,

Кушод талай мушкул ҳам кўнгли обод.

Оғудай ичар бу заққумни равон,

Холислик бегона золим-зўравон.

Талаб қилса ногоҳ одил вазият,

Ичар заҳар-заққум, чекар азият.

Қошим чимирганим даҳшат ҳам ваҳм,

Зўравон-золимга ҳеч қилмам раҳм.

Хоҳи ўғлим бўлсин, яқин ё йироқ,

Хоҳи меҳмон бўлсин лаҳзалик чақмоқ,

Адолат бобида мезон ягона,

Демам бу дўсту ёр, бу ёт-бегона.

Беклик пойдевори одил адолат,

Адолат билан бек топар рисолат.

Бағоят мос сўзлар бу оқил киши,

Оқил сўзи билан ҳал ҳар ким иши:


Беклик пойдевори одиллик шоён,

Ҳам теран томири адолат ҳамон.

Одил бўлса агар бек сиёсати,

Барча орзуларин топар беармон.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Яна Ойтўлди дер: Беназир зоти,

Не учун Кунтуғди шоҳаншоҳ оти?

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон айтди: Доно атворим билиб,

Исм берган шундай мажозий қилиб.

Назар сол кун – бағри бутун ҳамиша,

Оламга нур сочиш офтобга пеша.

Феълу атворим ҳам бамисли офтоб,

Пайваста ростликка ҳам тўлган шитоб.

Яна офтоб билан бу олам ёруғ,

Ҳамиша сарбаланд мисли ғолиб туғ.

Қонун-қоидамга эл қилар бовар,

Офтобдай жумла халқ учун баробар.

Учинчидан, офтоб равшан шарофат,

Тафти билан чечак-гулда латофат.

Одил сиёсатим етса қай томон,

Тоғу тош ҳам гуллаб-яшнар бегумон.


Ёмон-яхши демас офтоб дунёда,

Баробар нур сочар, нури зиёда.

Менинг ҳам атворим офтобдай аён,

Баробар баҳраманд бор аҳли инсон.

Яна ҳам кун буржи собитдир - қойим,

Ҳамиша собит ҳам барқарор доим.

Қуёш буржи Арслон – бу буржда тамкин,

Шоён барқарорлик бағрида ёлқин.

Мудом барқарорлик сифатим менинг,

Ҳамиша рўшнолик хислатим менинг.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Ойтўлди дедики: Эй, шоҳи жаҳон,

Шоҳи жаҳон бўлиб яша беармон.

Ўзим ҳам олисдан-олис йўл юриб,

Ҳузурингга келдим толиқиб-ҳориб.

Фазилат, хислатинг бисёр, зиёда,

Дедим, хизмат қилгай сенга дунёда.

Қандай хизмат қилай, талабинг билай,

Кўнглинг не шод этса, мен шуни қилай.

Агар хизмат бекни қилмаса мамнун,

Машаққат чеккандан не наф куну тун?!


Нелар дер Илалик содиқ мулозим,

Хизмат билан топган юксак лавозим:

Бек учун гар хизмат қилиш бўлса қарз,

Мамнун этиш барча йўлин билиш фарз.

Розилигин тилаб бекнинг хизмат қил,

Розилиги билан бахтинг бутун, бил.

Оқил ҳар хизматкор сарбаланд жойи,

Йўқса сўнар ногоҳ юлдузу ойи.

Бегин шод айласа хизматкор қули,

Очилар қул учун саодат йўли.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон айтди: Уқдим мен барча сўзинг,

Севинчим тилаю авайла ўзинг.

Баён айлай нелар бенаф, бетайин,

Яроқсиздан олис бўлгайсан тайин.

Менга сира ёқмас бўҳтону ёлғон,

Яна сира ёқмас золим-зўравон.

Юҳолик касбу кор, муттаҳам ўзи,

Шошқалоқ беҳаё ҳам олчоқ кўзи.

Дарғазаб, баджаҳл, ҳар бир ишда ғўр,

Бенаф, эгри қўл, телба шаробхўр.


Қилар улар нозик таъбим ҳам хира,

Сўзладим барчасин сенга бир сира.

Десанг менга бўлай муносиб холис,

Бундай ҳар иллатдан бўлгайсан олис.

Яқин бўлсанг агар менга кун сайин,

Сенга марҳаматим ортиши тайин.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Ойтўлди айтдики: Эшитдим буни,

Яна бир сўзим бор, айтиб бер уни.

Эзгу одам қандай бўлар, айт, ўзи,

Нечук феъл-атвори, хулқию сўзи?

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон айтди: Эзгу барқарор жойда,

Элу юртга тегар фақат наф-фойда.

Барча халққа фақат етар шарофат,

Эвазига зинҳор кутмас мукофот.

Элу юрт фойдасин кўзлагай холис,

Нафин ҳеч ўйламас, миннатдан олис.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Яна дер Ойтўлди: Ҳар сўзинг даво,

Яна бир тилагим қилгайсан раво.

Ҳалоллик бобида қилсанг ҳикоя,

Саодат топса эл қилиб риоя.


Ҳалол-софдил тарзин қилгайсан аён,

Ҳалоллик асосин қил менга баён.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Султон айтди: Кўргин, софдиллар ўзи,

Тили, дили билан бир бутун сўзи.

Пайваста зоҳири билан ботин ҳам,

Беназир атвори, соф бил зотин ҳам.

Юрагин кафтида гар тутса баланд,

Оҳанрабо каби қилолса пайванд.

Ҳалоллик башарга ғоят ярашар,

Ҳалоллиги билан азиз бор башар.

Одам эмас, балки инсонлик камёб,

Одам ноёб эмас, ҳалоллик ноёб.

Бағоят бунга мос шоир айтган байт,

Такрор айтай сенга бу байтни шу пайт:

Гар беҳад аҳли эл, бисёр бағоят,

Фақат беназир зот табаррук ғоят.

Инсон азиз эмас, азиз поклиги,

Ҳалол-покни алқар оқил ниҳоят.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Яна дер Ойтўлди: Эй Хоқон, зариф,

Яна бир каломга берсанг соз тариф.


Эзгу кишилар ҳам бўларми ёмон,

Яхши ҳам бўларми ёмон қай замон?

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон айтди: Эзгу бўлар икки хил,

Булардан бирининг йўлин равон бил.

Туғма бўлар қай бир соз феъли ортиқ,

Яхшию ёмонга тенги йўқ тортиқ.

Яна бир тоифа омонат бўлар,

Ёмонга қўшилса, ёмонлик қилар.

Ёмонлар қавми ҳам бўлар икки хил,

Сира иккисин бир хил демас оқил.

Азалдан бедаво қай бир нодони,

Ўлмагунча кетмас минг бир нуқсони.

Яна бор ёмонлар ўткинчи феъли,

Феъли яхши бўлса, бас, ҳамроҳ эли.

Зуваласи яхши - яхшилик қилар,

Олам эли ундан минг бир наф олар.

Бедаво дард ҳар сур туғма касофат,

Оламга балою эл-юртга офат.

Исбот айлар буни бир туркий мақол,

Эшитгин буни сен, ундан ибрат ол:


Сут билан кирган ҳар аъло хулқ-атвор,

Ўлим тутмагунча қоим, барқарор.

Аъло хулқ пайваста азалий мутлоқ,

Ўлим бузмагунча бузилмас ҳеч чоқ.

Қоринда қорилган бор одату феъл,

Қора ер қаърида йитар, дейди эл.

Агар яхши бўлса ёмонга улфат,

Ёмондай келтирар минг битта кулфат.

Ёмонга яхши гар билиб берса қўл,

Не тонг, яхшиликка очилса кенг йўл.

Яна бир сабаби - яхшию ёмон,

Ўнгланар яхшилик боис бегумон.

Беги яхши бўлса, бор улус яхши,

Аъмолу рафтори яхшилик нақши.

Яқин тутса беклар яхши кишини,

Ёмонлар ҳам яхши қилар ишини.

Ёмонлар билан бек бўлса гар ҳамроз,

Эл ичра минг ёмон ҳам дасти дароз.

Ёмон бош кўтарса, бор яхши йитар,

Ғолиб бўлса яхши, бор ёмон кетар.


Агар аъло бўлса беклар бахтиёр,

Аълодан ҳам аъло улус ҳам диёр.

Беклар бўлмагунча ўзлари ёмон,

Ёмон дасти дароз бўлмоғи гумон.

Сиёсат юритса гар беклар одил,

Таъқиб домида бор бадбину ботил.

Агар эзгу бўлса эл-юрт сардори,

Барча эзгу ходим ҳам хизматкори.

Эзгу бўлса беклар соҳиби замон,

Юрт обод, улус шод, олам - гулистон.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Яна Ойтўлди дер: Гар қилсак диққат,

Хоқон айтганларин бари ҳақиқат.

Билар яхшиликни яхши, албатта,

Қилар фойдали иш кичигу катта.

Молу мулк истаги ҳар дилда ғолиб,

Нетиб етар унга интизор толиб?

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон дер: Яхшилик асилнинг асли,

Асил талабгори бор асил насли.

Неки бўлса асил, бебаҳо азиз,

Бебаҳо, азиз ҳар зотга зеб лазиз.


Ва лекин ёмонлик тубан умуман,

Ҳосили ҳам фақат тубан минг туман.

Беқадр ҳар ашё ётар ер узра,

Ипак-шойи азиз мудом тўр узра.

Ҳалоллик билан мард қадри сарбаланд,

Ярамас қадамда егай минг бир панд.

Бағоят бунга мос заковат нақли,

Кони фойда элга ҳар закий ақли:

Эзгулик сарбаланд бамисли ҳилол,

Ҳар кимга ҳам насиб этмас бу иқбол.

Тугал эзгуликни комил мард қилар,

Қилолмас бу ишни билимсиз алҳол.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Ойтўлди дедики: Соҳиби жаҳон,

Эзгулик олқишга муносиб чунон.

Унинг ҳам борми ҳеч айбу нуқсони,

Нетиб англар уни эл нуктадони?

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон айтди: Эзгу – азиз ҳикоя,

Қилинар ёмонлар ичра ҳимоя.

Жўмард аҳли учун ҳеч бекаму кўст,

Феъли ёмон сира бўлмас ёру дўст.


Ситамкаш яхшилар бағрида армон,

Барча андишасиз яшар беармон.

Яхшилар яхшилик топар беҳисоб,

Ситаму жабрдан кўрмас ҳеч итоб.

Роҳатин истаб ким иш қилса ёмон,

Охиратда сўзсиз бўлар пушаймон.

Эзгу тилаклилар нелар дер, эшит,

Фақат яхшилик қил, ҳар ишинг пишит:

Қилган яхшилигинг келтирмас зиён,

Охиратда фойда берар бегумон.

Даҳри дунёда топсанг шубҳали барор,

Зиён у дунёда, бўл бунга иқрор.

Ёмон иш - сўл, яхши иш - ўнг беминнат,

Сўлингда - дўзаху ўнгингда - жаннат.

Неча роҳат топса ҳар ёмон бу кун,

Машаққат билан минг пушаймон у кун.

Неча ситам кўрса гар эзгу киши,

Ўкинмас уқбода, раво ҳар иши.

Бундан ортиқ бўлмас, Ойтўлди, инъом,

Қолдирсанг то абад яхши деган ном.


Беназир панд айтмиш атвори рост зот,

Феъли аъло панди сўзга қўш қанот:

Яхшилик қилар ким чекса ҳам озор,

Тиларман висолин зору интизор.

Талъатинг бетимсол, бағри дарё зот,

Кел-эй, бахш айлагин менга ҳам қанот!

Ҳар қанча ситамкаш гар эзгу киши,

Розиман, бўлайин пайваста эши.

Беклик найранг билан келса гар менга,

Керакмас бу беклик, бахш этдим сенга.

Феъли бад кимсалар, гувоҳман минг бор,

Ҳаловати - қаҳат, ўкинчи - бисёр.

Бағоят бунга мос шоир айтган сўз,

Шоир сўзи билан мунаввар ҳар кўз:

Минг бир савоб билан яхши беармон,

Ёмон бағрин ўртар оқибат армон.

Ёмонлик охири пушаймон-ўкинч,

Ёмонга бағринг кенг қилгин, эй инсон!

Нечук алқай бадбин бедавони мен?

Нечук тилай манфур бенавони мен?


Тубанлик, пасткашлик, ишрат бегумон,

Ёмонлар қилмиши, эй фидойи жон.

Бало, меҳнат, заҳмат, ўкинчу кўз ёш,

Ёмонлар қисмати, билгин, эй йўлдош!

Нечун аъло зотни айламай эъзоз,

Нечун алқамайин дўсту ёрим соз.

Саховат ва ҳиммат, эзгу наф-фойда,

Феъли аъло зотдан келар ҳар жойда.

Феъли аъло барча дўст ёрдай азиз,

Дўст-ёрдай азиздан ҳам бўлмас лазиз.

Дўстинг эзгу бўлса, не истаса қил,

Ўзингга эзгу дўст иста, эй оқил.

Роҳат, орзу, неъмат, қувончу овунч,

Яхши дўст ҳиммати саодат, севинч.


Хоқон дер: Ойтўлди, бу барча савоб,

Сўраган сўзингга бердим мен жавоб.

Ойтўлдининг хоқонга жавоби

Таъзим айладию Ойтўлди қалқди,

Деди: Сиёсатинг офтобдай балқди.

Жаҳон ҳукмрони, даврон сур узун,

Олтин бошинг омон, роҳатинг фузун.


Бузулмагай беклар буюклиги ҳеч,

Шоду хандон дарвон сургай эрта-кеч.

Улуғлик билан бўл элларга султон,

Тожу тахтинг қоим, барқарор ҳамон.

Оқиб келгай орзу қуримас бўлиб,

Давлат бағрин очгай қаримас бўлиб.

Севинч барча яхлит келгай безавол,

Алам билан ёвлар топажак завол.

Сенга холис хизмат қилган ҳар инсон,

Бахтиёр ва шодон бўлар бегумон.

Не дер, эшит, хизмат қилган тўкиб тер,

Хизмат билан холис бахтин топган эр:

Хизмат қилма, қилсанг оқил ишин қил,

Хизматкор қадрини билар бек оқил.

Хизмат қилма, қилсанг, сахий ишин қил,

Сахий уйин олтин-кумуш кони бил.

Хасисга инонма, хизматкор киши,

Завол бор умрингга, минг миннат ниши.

Хасис ўзидан ҳам қизғанар болин,

Кишига ҳеч қачон берарми молин?

 

Ойтўлди тугатди сўз мамнун бўлиб,

Уйига отланди севинчга тўлиб.

Мудом бели унинг хизматга баста,

Кечалар посбону кун камарбаста.

Ўтади чин дилдан хизмати ҳақин,

Хоқон тутди мудом ўзига яқин.

Кечириб хизматда кўп ёзу кузин,

Ойтўлди мард қилди ёруғ ўз юзин.