Кунтуғди хоқон ойтўлдига адолатнинг сифатларини айтади PDF Босма E-mail

Хоқон ёлғиз ўзи бир кун ниҳоят,

Хаёл доми ичра зерикди ғоят.

Чорлаб Ойтўлдига яна берди йўл,

Ойтўлди ҳам кирди, қовуштириб қўл.

Султон қаршисида турар ростлаб қад,

Султон сўзламади неча бир муддат.

Хоқон аста кўзи билан имлади,

Ишорат билан кел, ўтиргин, деди.

Ойтўлди жой олди оҳиста-аста,

Кўзин ерга тикиб, бўлди дилхаста.

Оҳиста подшога берди эътибор,

Қошу қовоғидан ёғар гўё қор.


Кумуш курси узра ўзга сиёғи,

Антиқа курси ҳам учта оёғи.

Қўлда ханжар-пичоқ мисоли барбат,

Сўлда заққум-заҳар, ўнгида шарбат.

Ойтўлди кўрдию ҳасратга ботди,

Чуқур тин олди ҳам ҳайкалдай қотди.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Бироз ўтиб Хоқон гап қотди дарҳол,

Гапир, эй Ойтўлди, бу қандайин ҳол?

Нечун сўзламайсан, ростин айт дилдан,

Мени ёлғиз кўриб қолдингми тилдан?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди деди: Эй Хоқон, бахтиёр,

Гапиргани йўқ ҳеч журъат-ихтиёр.

Феълу атворинг ҳам ўзга бу айём,

Тилимга сира ҳам келмас сўз-калом.

Қилар оми элга насиҳат оқин:

Ғазабланган бекка ҳеч борма яқин.

Яна яхши айтмиш мард донишманд дов:

Дарғазаб бек мисли оғу ҳам олов!

Ногоҳ хон тўлғаса ғазаб билан қўл,

Бошинг керак бўлса, зинҳор олис бўл!.


Ғазабланса агар беклар ногаҳон,

Яқинлашма, йўқса гумон сақлаш жон.

Бағоят бунга мос маънили бу сўз,

Амал қилиб, ўзинг асра, қора кўз:

Яқинлашма бекка ғазабланган он,

Жавр қилма ширин жонингга ҳамон.

Мисли арслон беклар, бўлма ҳеч ғофил,

Ғазабланса, бош ҳам олар бегумон.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон деди: Айла ҳолингдан огоҳ,

Нечун ажабландинг бунчалар ногоҳ?

Ойтўлдининг Хоқонга жавоби

Ойтўлди дер: Ҳайрон қолдирди мени,

Кумуш курси узра кўришим сени.

Тавру тарзингда қай сир-асрор пинҳон,

Маъноси не бунинг, айлаган баён?

Ва сўнгра, не учун қўлингда пичоқ,

Боисин билишни истайман шу чоқ.

Учинчидан, шарбат бор ўнг қўлингда,

О, заҳар не учун даркор сўлингда?

Яна дарғазаб ҳам ўта беором,

Тарзинг боис мендан ҳам кетди ором.


Ҳайратомуз тарзинг бағримга ботди,

Лолу ҳайрон, тилим тош каби қотди.