Ойтўлди хоқонга ўзининг давлат эканини айтади PDF Босма E-mail

Хоқон бир кун ўзи ёлғиз ўтириб,

Чорлади, Ойтўлди тез келди кириб.

 

Қошида Ойтўлди тек туриб қолди,

Султон имлаб уни яқинроқ олди.

Ойтўлди ёнидан чиқарди бир тўп,

Тўп узра бемалол ўтирди у хўп.

Турфа билимлардан сўради савол,

Ойтўлди ҳам жавоб берди бемалол.

Севинди султон, кўр, яшнатиб юзин,

Ойтўлди ва лекин тез юмди кўзин.

Сўздан тўхтаб, Хоқон ҳеч индамади,

Ойтўлди кўзини юмиб очмади.

Яна маъқуллади султон сўзини,

Ойтўлди тунд қилиб олди юзини.

Султон минг йўл билан кузатди уни,

Тугал билди илми, зако, зеҳнини.

Бағри дарё Хоқон шод этди ўзин,

Ойтўлди баногоҳ ўгирди юзин.

Хоқоннинг Ойтўлдига айтгани

Ғазаб билан деди ниҳоят Хоқон:

Шошган зот барака топмас ҳеч қачон!

Ишониб янглишдим сенга дафъатан,

Хатога йўл қўйдим, несчун бермай тан.


Насиҳат тинглагин доно-оқилдан:

Шошилинч иш доғи кетмас ҳеч дилдан.

Шошилинч иш кўзга тушган гард бўлар,

Шошиб пиширилган таом дард бўлар.

Шошар мудом барча адашган киши,

Эҳтиёт-ҳушёрлик чин оқил иши.

Бироз шошдим, сени яхши билмасдан,

Яқин тутдим, пухта синаб кўрмасдан.

Барча беклар қулин синаши лозим,

Сўнгра қилса бўлар уни мулозим.

Минг синовдан ўтса, не соз, ҳар бир қул,

Фақат кейин азиз бўлгани маъқул.

Ойтўлдининг Хоқонга саволи

Ойтўлди дедики: Султон, бахтиёр,

Нечун қаҳру ғазаб, айт, беихтиёр?

Гуноҳим не ахир, билолмам ўзим,

Аён этсанг, сўнгра тинглагил сўзим.

Гуноҳим бўлса гар раво ҳар жазо,

Бўлмаса, ноўрин ҳар қандай сазо.

Нелар дер, эшитгин, заковат аҳли,

Бу ҳол учун ғоят мос панду нақли:


Хизматкор янглишса, чақириш керак,

Нечун янглишганин тез билиш керак.

Гуноҳкор бўлса гар, раво жазолаш,

Йўқса, инъом билан шод этиш керак.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Хоқон ғазабланди яна басма-бас,

Деди: Эй нодон ҳам эсин еган кас.

Ўзингга бир қара - ким эдинг менга,

Ҳиммату марҳамат қай ёндан сенга?

Хизмат десам, хизмат қилолганинг йўқ,

Наф десам, наф олиб келолганинг йўқ[1].

Хизматсиз эъзозлаб, сийладим сени,

Оёқ ости қилдинг лекин сен мени.

Тўп узра ўтириш учун шайландинг,

Не учун сурбетга ногоҳ айландинг?

Сўзим айтиб, сендан тингладим калом,

Кўзинг юмгач, қотиб қолдим мен тамом.

Кечирдим, яна ҳам сўзладим сенга,

Нечун юз ўгирдинг, айтиб бер менга?

Сира билмайсанми ё доно сўзин:

Бекка яқин ҳар зот асрагай ўзин!


Демаганми ота-онанг бағри кенг,

Эй ўғлим, бегингга ўзинг қилма тенг!

Қасдлашсанг бек билан гар кетар бошинг

Таълим бермаганми оқил элбошинг.

Хоқон азал оташ, йилдирим-чақин,

Бегумон куйдирар гар борсанг яқин.

Ғофил бўлма, беклар мисли аланга,

Яқинлашсанг, офат бу жону танга.

Назар солсанг, беклар аланга буткул,

Гар боссанг куйдирар ҳамда қилар кул.

Важоҳати билан беклар жон олар,

Зуғум-зулми билан даҳшат ҳам солар.



[1] Мазкур байт таниқли олим Фазлиддин Равшанов табдилида берилди.