Ойтўлдининг кунтуғди хоқонга кўринишини айтади PDF Босма E-mail

Ойтўлди кирдию дилдан юкинди,

Султон юзига ҳам табассум инди.

Таъзим билан айтиб ҳар ширин сўзин,

Манзур қила билди султонга ўзин.

Хоқоннинг Ойтўлдига саволи

Хоқон деди: Кимсан, не дерлар отинг,

Қайдан келдинг, недир орзу-муродинг?


Тавозе Ойтўлди таврида аён,

Арзин оқилона айлади баён.

Ҳалимлик, вазминлик закий хулқидир,

Заковатсиз нодон ҳайвон-йилқидир.

Бағоят бунга мос шоир айтган байт:

Ҳар ишинг шошилмай бажаргин ҳар пайт.

Шошилма, ҳеч ишда сабр қил, сабр,

Шошилинч иш охир жон учун жабр.

Сабр-бардошли бўл ҳар иш, жабҳада,

Сабрли қулни бек айлагай давр.

Ойтўлдининг хоқонга жавоби

Ойтўлди деди: Эй, соҳиби диёр,

Хизмат билан барча қулинг бахтиёр.

Жойим пойгак, отим - қул ҳам хизматкор,

Шиор - одамийлик, хизмат – касбу кор.


Келдим олислардан сенга инониб,

Етишдим ниҳоят тилагим қониб.

Тилагим сен ўзинг раво қилгайсан,

Ўтинчим, хизматга мени олгайсан.


Мамнун этди бу сўз Хоқондай шерни,

Топди охир кўпдан ахтарган эрни.

Хоқоннинг Ойтўлдига жавоби

Султон дер: Ойтўлди, хуш кўрдим сени,

Ҳулқу рафторинг ҳам ром этди мени.

Жону дилинг билан хизмат қилгайсан,

Қошимда сен менга яқин бўлгайсан.

Холис хизмат сендан, мендан-чи ҳиммат,

Хизмат билан топар ҳар инсон қиммат.

Хизмат қил бу кундан сен менга яқин,

Хизматга мос ўтар бек маош-ҳақин.

Ойтўлдининг хоқонга жавоби

Ойтўлди бош эгиб деди: Гар султон,

Хайрихоҳ бўлса, бас, давлат бегумон.

Хизмат учун келдим уйимдан туриб,

Олис йўл ҳам юрдим сенга юз уриб.

Хизмат учун бергай куч-қувват Эгам,

Асраб холис хизмат учун жонни ҳам.


Ойтўлди шод-хуррам ортига қайтди,

Яратганга минг бор шукрона айтди.

Нелар дер, эшитгин, бахти бутун эр,

Барча тилагига етган жўмард шер:

Кулиб боқса беклар кишига кўзи,

Боши кўкка етиб, яйрагай ўзи.

Мойил бўлса беклар кишига юзи,

Кўзи равшан, вожиб ҳар ният, сўзи.

Кимни тутса беклар ўзига яқин,

Бекаму кўст топар насиба ҳақин.

Қут билан давлат - бек, ҳар яқин киши,

Топар бор тилагин, раво ҳар иши.


Енгини шимариб Ойтўлди ҳамон,

Саҳару кеч демай хизматда ҳар он.

Куни бўйи посбон, соқчи кечаси,

Кечди шу тариқа кун-тун нечаси.

Хоқон ҳузурида ҳозир неча бор,

Нозик наздида ҳам топди эътибор.

Зиёда кун сайин хизмат ҳам ортди,

Султон диққатин ҳам кун сайин тортди.


Хизмат боис қулин қадрлар ҳар бек,

Хизмат боис қул ҳам азиз беклардек.

Хизмат қил, заҳматкаш қул ҳам бек бўлар,

Хизмат қилмасанг, айт, бахт қайдан келар?!

Эшитгин доно сўз, эй жўмард йигит,

Сўзимга пайваста теран бу ўгит:

Хизмат билан ғариб армони кетар,

Хизматга муносиб мақом касб этар.

Холисона хизмат билан хизматкор,

Эзгу муродига, шубҳасиз, етар!

Хизматин Ойтўлди раво айлади,

Хоқон ҳам дардига даво айлади.

Саришта, сарбаланд иши кун сайин,

Аламлари ариб, қувончи тайин.

Ойтўлди хизматда ҳозир басавлат,

Султон лутфи билан зиёда давлат.

Минг битта иш билан синади олис,

Тилагандек топди хизматкор холис.