Ойтўлди кунтуғди хоқоннинг хизматига киришини айтади PDF Босма E-mail

Ойтўлди исмли жўмард мўътабар,

Хоқон довруғидан эшитди хабар:

Жавонмард, бағоят феъли ҳам ҳалим,

Билимдон, зуккою вазмину салим.

Қамаштирар кўзни қошида иқбол,

Тилидан ҳар сўзда томар асал-бол.

Барча турли касбу ҳунар ўрганиб,

Юрар эрди яна минг бир кор таниб.


Ўз-ўзига деди: Менманми бу кун,

Турфа касбу корда халқ ичра устун?

Не учун юрарман бундай бетайин,

Хоқон ҳузурида хизмат қилайин.

Хоқонга наф бергай бор касбу корим,

Хоқон ҳам шод, кетгай дилдан ғуборим.

Закий ҳам билимдон бек эмиш комил,

Тилаб юрар эрмиш жўмардни шомил.

Ақлнинг қимматин ақлли билар,

Олим илмин сотса, ақлли олар.


Шиорнинг шеъри ҳам ҳамоҳанг бунга,

Забону лафзин ҳам мослаган шунга:

Билимнинг қадрини билимли билар,

Ақлу идрок азал билимдан келар.

Қайдан билсин нодон билим қадрини,

Билимни ҳамиша билимли олар.


Ойтўлди ҳозирлаб от, тўну яроқ,

Деди: Хизмат сари бошла, йўлим оқ!

Зарур ашёларин олдию ҳамон,

Йўл олди шаҳаншоҳ даргоҳи томон.


Яна айтди: Бундан борарман аста,

Хоқон хизматига бўлсам пайваста.

Мусофир бўлганда не бўлмас даркор,

Зориқиб ҳар нега то бўлмай абгор.

Аччиқдан ҳам аччиқ мусофир оши,

Ёт элларда қотар мусулмон боши.

Зарур сўзсиз бисёр олтину кумуш,

Бегона жойда минг ташвишу юмуш.

Нелар дер, эшитгин, билими денгиз,

Хотиржам, ҳар сўзин сир сақлар ҳаргиз:


Сарой хизматини ким орзу қилгай,

Бунинг учун зарур икки шарт билгай:

Аввало, бардаму соғ бўлгай ўзи,

Холис хизмат билан ёришгай юзи.

Яна ёмби олтин керак бир талай,

Зар билан ҳар мушкул осон ҳарқалай.

Мансаб туғи балқиб бахтли бошида,

Очилар бор эшик-дарча қошида.

Кумушу соф олтин олди, товар-мол,

Зарур пайтда сарфлаш учун бемалол.

 

Уйидан чиқдию йўл юрди анча,

Йўлида ҳордиқ ҳам чиқарди қанча.

Хоқон ўрдасига етди ниҳоят,

Насиб этди орзу муқаддас ғоят.

Шаҳар ичра топа олмай қўнимгоҳ,

Равшан-ёруғ кўнгли сал бўлди сиёҳ.

Мусофирхонадан жой топди холис,

Амаллаб ўтказди кечани олис.

Нелар дер, эшитгин, олим очиб лаб,

Каломин айтган у сени мўлжаллаб:


Мусофир кимсанинг бисёр ташвиши,

Бегоналар ичра хору зор киши.

Ҳолин сўрамаса бирон-бир жўмард,

Мусофир бошидан аримагай дард.

Яқин қадрдонсиз мусофир кўрдай,

Сўқир гар адашса, айтгин, ким сўргай?

Киши ёт элларда гоҳ бечораҳол,

Келиндай тортинчоқ, тил-забони лол.

Мусофир қавмида бисёр каму кўст,

Боринг дариғ тутма ундан, аё дўст.

Азиз тутса ётни равшан эр кўзи,

Тутар бор оламни довруғи, сўзи.

Керак ҳар жойда ҳам минг таниш-билиш,

Таниш-билиш билан битар минг бир иш.

Ойтўлди неча қур сарсон-саргардон,

Ғариблик ранг-рўйин қилди заъфарон.

Билишди кишилар билан, кўришди,

Бошпана топилди, сўнгра иш пишди.

Яна дўсту ёр ҳам топди ўзига,

Катта-кичик мафтун ширин сўзига.


Ниҳоят бир одам билан дўст бўлди,

Ҳар ишни кенгашиб кўнгли ҳам тўлди.


Биродари бўлди бу яхши киши,

Кусамиш отию савоб ҳар иши.

Сўзлади Ойтўлди дилда бор сўзин,

Тилагин ҳам айтиб, танитди ўзин.

Олисдан бу ерга қай кун келмиши,

Ривояти барча ўзин билмиши.


Хоқонга яқин Хос Ҳожиб эди бир,

Оти Эрсиг, Хоқон мисоли кабир.

Кусамиш бир куни қошига бориб,

Сўзлади Ҳожибга сўзин ёлвориб.

Ҳожиб барчасини сўраб оҳиста,

Тилагу муродин англади аста.

Кусамиш сўзлади унинг дил сўзин,

Таърифин келтирди тилагин-ўзин.

Кусамишга ҳожибнинг жавоби

Ҳожиб айтди: Аввал қошимга келсин,

Кўрайин мен уни, мени ҳам кўрсин.

Яна уқтирайин Хоқонга ҳам сўз,

Келишин аниқлай қайси кун - қай рўз.

Кусамишнинг Ойтўлдига айтгани


Кусамиш ортига келдию қайтиб,

Суюнчи ҳам олди хушхабар айтиб.

Ҳожиб ҳузурига борармиз бундан,

Тилагинг не бўлса, сўрайсан ундан.

Сени кўрсин, билсин, эшитсин сўзинг,

Тилагинг не бўлса, айтгайсан ўзинг.

Баён қилдим барча сўзу каломинг,

Баён айла ўзинг ҳам орзу-коминг.

Тили ҳам, дили ҳам беғубор, тоза,

Сўзидан арзигай олсанг андоза:

Киши сўзин ўзга такрорлар холос,

Ишига кишида ўзгача ихлос.

Яқинлар ҳар қанча бўлмасин бисёр,

Ўзингдай меҳрибон бўлмагай зинҳор.

Меҳрибон тиласанг гар ўзингга ўзинг,

Ўзингдай меҳрибон йўқ, бас, қил сўзинг!


Кийиниб Ойтўлди чоғланди ҳамон,

Кусамиш - икковлон отланди равон.

Саройга келдилар бироз юриб йўл,

Ҳожиб чопарига ҳам бердилар қўл.

 

Кўсамиш ияртиб йўл йўлдошига,

Равон бошлаб кирди Ҳожиб қошига.


Тўридан жой берди Ҳожиб каби зот,

Ширин сўзлар билан қилди илтифот.

Ҳожибнинг Ойтўлдига саволи

Ҳожиб деди: Кўнглинг, аҳволинг нечук,

Келиб қайга тушдинг, жой-фолинг нечук?

Таниш-билиш борми, дўсту қариндош,

Муаммо эмасми таом - обу ош?

Яна ҳам сўради: Тилагинг недир,

Не ишлар қиларсан, керагинг недир?

Ойтўлдининг ҳожибга жавоби

Ойтўлди дедики: Бахтиёр Ҳожиб,

Кунтуғди отин ҳам эшитдим вожиб.

Эшитдим йироқдан шуҳрат-шонин ҳам,

Билими, закоси, кенг имконин ҳам.

Хизмат учун келдим кўзлаб даргоҳин,

Ўзим орзуладим юксак боргоҳин.

Хоқонни кўриш мен учун бахт-иқбол,

Раво кўрса Ҳожиб, қилсам арзи ҳол.


Ҳожиб Ойтўлдини тинглади обдон,

Ёқтириб алқади самимий шодон.


Гўзал сувратига сийрати ҳам мос,

Бисёр фазилатлар атворига хос.

Ойтўлди ҳожибни маҳлиё қилди,

Шоҳ хизмати учун лойиқ деб билди.

Нелар дер, эшитгин, манзур кўз-қоши:

Севимли айби ҳам фазилат боши.

Севимли айби ҳам фазилат бўлар,

Севилмаса хислат ҳам иллат бўлар.

Буни исботлагай беназир бу сўз,

Қалбингга жойла бу сўзни, қаро кўз:

Севимли нуқсони ҳам айлагай ром,

Беғубор оққушдай қилганда хиром.

Бетимсол азиз ёр бошдан-оёғи,

Васлин шавқи билан жон олар ором.

Ҳожибнинг Ойтўлдига жавоби

Ҳожиб Ойтўлдига қайтарди жавоб:

Шошилмай сўзимга қулоқ тут шу тоб.

Хоқонгга мен аввал айтиб кўрайин,

Қачон келишинг ҳам қилайин тайин.

Сени билсин, сўнгра кўрсин ўзингни,

Баланд тутгай қадрин ҳар бир сўзингни.


Унут бундан буён барча ташвишни.

Қиларман сен учун мен барча ишни.


Каломни гавҳардай шодага терди,

Ишинг ҳал қиларман деб ваъда берди.

Азал беназир ҳар улус аълоси,

Лутфи билан раво эл муаммоси.

Нелар дер, эшитгин, улус бошлар эр,

Барча ишни бағоят соз ишлар эр:

Кимни давлат туғи этса бахтиёр,

Ҳалол сиёсатни қилгай ихтиёр.

Улус узра қай бир зот дасти узун,

Феълию атвори хўб бўлгай фузун.

Аён бўлса кимнинг халқига сири,

Ширин сўзлаб, бўлгай барча асири.

Очун-давлат обод ҳам барбод этар,

Гоҳи топса қарор, гоҳида йитар.

Омонат бу бахту омад, ҳушёр бўл,

Азалдан омаду бахт ҳам қўлма-қўл.

Қувонма сира, эй соҳиб саодат,

Омонат дунёда бахт ҳам омонат.


Азалдан бу давлат, соҳиби давлат,

Сени айлар ҳалол бўлсанг басавлат.

Улуғлигу беклик гар қолса мерос,

Коринг бўлгай камтар жўмардларга хос.


Ҳожиб яна деди: Келди давронинг,

Саодатли кечгай ҳар лаҳза-онинг.

Хотиржаму пухта қилгайсан хизмат,

Ҳар эшик очилар келганда фурсат.

Ғоят билиб айтмиш минг сир огоҳи,

Билимдонлар сўзи каломлар шоҳи:

Шошилган дардига ҳеч топмас дармон,

Шошилиб қилинган иш сўнгги - армон.

Шошилмай иш кўзин кўзламоқ лозим,

Битар иш вақтида майда ё азим.

Ойтўлдининг ҳожибга жавоби

Ойтўлди эшитди бу барча сўзни,

Деди: Сабр билан тутай мен ўзни.

Мени кўрди Ҳожиб, бор дардим билар,

Қулай фурсатни ҳам ўзи ҳал қилар.

Қай бир фурсат Ҳожиб тиласа алҳол,

Ўша фурсат етиб келарман дарҳол.

 

Жўнади Ойтўлди у ердан равон,

Уйига йўл олди, тун чўкди ҳамон.


Ҳожибга Ойтўлди хулқу рафтори

Бағоят манзур ҳам ширин гуфтори.

Деди: Кўрмаганман бу янглиғ асил,

Билимли, уқувли, тадбирли насил.

Билимли ҳар оқил Хоқонга керак,

Хоқону элу юрт ҳар жонга керак.

Феъли аъло ҳар зот бағоят ноёб,

Нодиру ноёб зот ҳамиша камёб.

Ноёбу камёб зот ғоят қимматли,

Қимматли толиби ҳар зот ҳимматли.

Ҳунар аҳли билан бахтиёр диёр,

Қўли гул соҳиби ҳунар бахтиёр.


Хоқоннинг қулай бир фурсатин топиб,

Барча фазилатин арз этди Ҳожиб.

Ойтўлди хуш хулқин деди ажойиб,

Заковат, хислатин ғоят ғаройиб.

Хоқоннинг ҳожибга жавоби

Тинглаб шаҳаншоҳ дер: Келтир-чи қани,

Кўрай заковатда бўлса гар ғани.


Тиларман камина бундай кишини,

Осон қилса зора давлат ишини.

Тилакларим топдим, бир армон сўзим,

Муштоқман беназир сиймога ўзим.

Олиб келгин зудлик билан сен алҳол,

Қошимда ҳозир қил, баимкон дарҳол.


Ҳожиб ҳам дарвоза томонга келиб,

Бир йигит йўллади тез чопар қилиб.

Саройдан хушхабар келгани ҳамон,

Шитоб ҳозирланди Ойтўлди хандон.

Отин минди, сарой томон йўл солди,

Сарой ичра Ҳожиб қаршилаб олди.

Эъзозлади Ҳожиб, фазилатга бой,

Одоб билан олди Ойтўлди ҳам жой.


Хоқон ҳузурига шошилди мезбон,

Ойтўлди келганин арз этди шу он.

Хоқоннинг ҳожибга жавоби

Хоқон айтди: Чорла, қошимга кирсин,

Кўрайин мен уни, у мени кўрсин.


Ҳожиб дер: Ойтўлди ростла қоматинг,

Султон чорлар, келди бахту омадинг!