Китобга ном берилиши ва ўз қарилигини айтади PDF Босма E-mail

Атадим “Қутадғу билиг” китобим,

Саодат бахш этгай назмий хитобим.

Сўзларим сўзладим, хосияти мўл,

Икки жаҳон сари очгай равон йўл.

Икки жаҳон бахтин топса гар инсон,

Армони қолмас ҳеч, сўзим бегумон.

Кунтуғди хон-Хоқон сўзим аввали,

Сабабин айтарман келганда гали.

Таърифин битарман Ойтўлдини ҳам,

Шарофати билан мунаввар олам.

Кунтуғди шаҳаншоҳ - холис адолат,

Ойтўлди вазири - бахту саодат.

Битганман васфини Ўгдулмишни ҳам,

Заковат билан ҳар одам муҳтарам.

Ўзғурмиш ҳақида ҳам бор ақида,

Офият, хотири жамлик ҳақида.

Тўрт омил бобида равон айтдим сўз,

Англасанг, бахтинг бут, бисёр ризқу рўз.

Севинчи барқарор, эй эзгу йигит,

Бор вужудинг билан каломим эшит.


Ғайрат қил, адашма ҳеч равон йўлдан,

Ғанимат ҳар онинг, чиқарма қўлдан.

Йигитлик қадрин бил, албатта, кетар,

Ҳаётинг кўз очиб-юмгунча ўтар.

Белингда то бисёр раста куч-қувват,

Бахш эт эзгуликка соҳибмурувват.

Хотирлаб ёшлигим пушаймон ўзим,

Ва лекин ҳеч қандай наф бермас сўзим.

Ёши қирқ довондан ўтган ҳар киши,

Йигитликка видо айтиш, бас, иши.

Ниҳоят менинг ҳам элликда ёшим,

Қор каби оқарди қоп-қора бошим.

Олтмиш сари мен ҳам ташладим қадам,

Ўлим панд бермаса етарман илдам.

Ёши олтмишдаги бошида ташвиш,

Армон бор ҳаловат, ёзи мисли қиш.

Ўттиз ёш оташин эллик қилди кул,

Олтмиш ёшда ҳолим не кечар буткул?

Не қилдим, эй эллик ёшим, мен сенга,

Не боис қасдлашдинг бунча ҳам менга.


Йигитликда завқли-тотли ҳар ишим,

Энди эса оғу ичар об-ошим.


Қаддим ўқдай равон, қалбим ёйдай шай,

Эвоҳ, кўнглим ўқдай, қадду бастим - ёй.


Йигитлик неники бахш этди менга,

Қарилик маҳв этди, у келгай сенга.


Аё олампаноҳ, паноҳингга ол,

Асирман қисматга, оҳ, бечораҳол.


Кишансиз чалишар, оғир оёғим,

Хира тортган нурсиз кўзим-қароғим.


Армон бор фароғат, сўнди қалб ўти,

Йироқ, во дариғки, йигитлик оти.


Бедор бўл, қария, заволинг кутгин,

Бесамар кунларинг азасин тутгин.


Беҳуда совурдинг давру давронинг,

Тоат қил, ғанимат ҳар лаҳза-онинг.


Беармон Раҳмоним, то абад тирик,

Заволдан холимас кичигу йирик.


Муножотим аччиқ фузундан-фузун,

Ғариб бу бандангга умр бер узун.


Сендан қувват тилаб бошладим достон,

Ё Раб, ниятимни қилгайсан равон.


Саною ҳамд айтгум сенга тинмасдан,

Омонлик бергайсан ҳар тубан касдан.


Саралаб яратди, қалбим чароғон,

Эъзозлаб бошлади йўл узра равон.


Зулматдан қутқариб, ёритди туним,

Саодат-толега пайваста куним.


Адашган бандага кўрсатди У йўл,

Завол топар эдим гар бермаса қўл.


Саралаб эъзозлаб, кўтарди, не бахт,

Хатолар йўлидан чиқарди, не бахт!


Кўнгил ва кўз берди, ақл ва билим,

Унинг лутфи билан бийрондир тилим.


Юрагим безади саодат билан,

Тилим ҳам безади шаҳодат билан.


Ҳабиб Расул йўли бахту камолим,

Шафоати билан азиз аъмолим.


Бахту саодатим Эгам фазлидан,

Азиз қилди мендай қулин азмидан.


Шукрин чин кўнгилдан самимий ўтай,

Беадад шукрона басма-бас айтай.


Илоҳо, ожизман, раҳм қил менга,

Алам-ҳасратларим айтарман сенга.


Ўзинг қўлламасанг мени, эй Раҳмон,

Ибодатим раво бўлмоғи гумон.


Равон йўлингдан ҳеч чиқарма мени,

Сира ечма мендан имон тўнини.


Танимдан чиқарда ширин бу жоним,

Имонга ёр айла энг сўнгги оним.


Қора ер қаъридан жой олсам танҳо,

Раҳматинг бошимга ёғдир бебаҳо.


Ибодатсиз қулман бисёр гуноҳим,

Ўзинг фазлинг билан кечир, Илоҳим.


Барча мўминларни “Бандам!” деб Раҳмон,

Боқий фароғатдан бу кун бер нишон.