Билим, уқув-идрок фарқини, нафини айтади PDF Босма E-mail

Не даркор бизга, эй доно, ақида,

Ривоятим уқув, идрок ҳақида.

Билим нури билан мунаввар ҳар тун,

Билим нури билан рўшнолик бутун.

Улуғ айлар илму идрок боҳиммат,

Иккиси туфайли бор қадру қиммат.


Ишонмасанг агар, кўр, Нўширавон

Заковати билан равшан бор жаҳон.

Юрт обод, одил ҳар тартиб-интизом,

Қозонди адолат билан яхши ном.

Илму ҳикмат дегай, донишманди хос,

Дўзахийни айлар дўзахдан халос.

Бола ақли етти ёшгача хира,

Зотан айби гуноҳ саналмас сира.

Ўта кексалар ҳам бўлар аломат,

Уларни ҳам қилиб бўлмас маломат.

Гар телба бировни ўлдирса ногоҳ,

Унга ўлим йўқ ҳеч, саналмас гуноҳ.

Аросатда уқув-идроксиз иши,

Бебаҳра ҳар недан билимсиз киши.

Билим билан қадру қиммат, зарофат,

Билимсизга насиб этмас шарофат.

Бу ҳикмат маъноси мисли бир жаҳон:

Қадр топмас сира билимсиз нодон.

Давлат топилмас ҳеч билимдан яхши,

Зуккою билимдон эл-улус нақши.


Ақлли ҳар зотнинг насли ҳам нодир,

Тахт узра султонлик қилишга қодир.

Уқув-идроки бор эл ичра асил,

Билими зиёда бекзода насл.

Замин узра азим эр ўғли илик

Кўтаргай, ҳар ишда восита - билик.

Зеҳни билан асил аталар киши,

Билим билан беклар қилар эл ишин.

Ғаройиб минг ишинг мақтовга лойиқ,

Гарови уқув ҳам идрок, халойиқ.

Уқув ози ҳам наф-фойда берар бот,

Оз билим ҳам ҳар бир эр учун нажот.

Тўрт омил озин ҳам дема зинҳор оз,

Доно ҳар каломин айлагин эъзоз:

Бири – олов-оташ, сўнг душман яна,

Учинчи офатни хасталик сана.

Булардан бошқаси илму ҳикмат, панд,

Тўрт омил туфайли қадринг сарбаланд.

Қай биттаси фойда, қай бири малол,

Бири чиқим, бири даромад ҳалол.


Билим мисли кимё мудом жамулжам,

Заковат қалъаси - юксак, мустаҳкам.

Билим ҳам бамисли муаттар ифор,

Беихтиёр тортар диққат-эътибор.

Ифорни беркитсанг фош этар ҳиди,

Феълин ошкор этар билимли диди.

Билимли бадавлат ҳеч қашшоқ бўлмас,

Қароқчи, айёр ҳам ҳатто ололмас.

Зарур кишану дом уқув ҳам билиг,

Кишанли урмагай ҳар ишга илиг.

Кишанли тутар эр севимли отин,

Авайлар тулпорин – олмос қанотин.

Кишанли от кўздан ҳеч нари кетмас,

Эгасин тушовли оти тарк этмас.

Заковат сенга ёр қиёматли дўст,

Билиму сен бўлгин гўё эту пўст.

Билимсиз билгани, қилгани офат,

Бошига бало бу икки касофат.

Бағоят мос бунга туркона нақл,

Қуввату куч олар кўнгил ҳам ақл:


Заковат аҳлига заковат қанот,

Билимсиз нодонга лаънат ёғар бот.

Билимлига илми - кийим-кечак, ош,

Билимсизга ёвуз қилмиши йўлдош.

Заковат аҳли, сен, ғазабланма ҳеч,

Билимли жўмард, сен ҳам жаҳлдан кеч.

Улар амри билан шошиб қилма иш,

Бошинг узра ёғар йўқса минг ташвиш.

Дарғазаб ҳамиша пушаймон иши,

Адашар ҳар ишда баджаҳл киши.

Оқил киши вазмин ҳам тўғри бўлгай,

Бахту иқбол билан кўнгли ҳам тўлгай.

Мулойимлик керак, хушфеъллик керак,

Фазилатлар керак, билимли керак.

Заковати билан танлагай билиг,

Билим билан қодир ҳар ишга илик

Яроқли-яроқсиз тарҳин ҳам билгай,

Керакли-кераксиз шарҳин ҳам қилгай.

Сола билгай фарқлаб ҳар нени йўлга,

Барча ишда ўзин ҳам олгай қўлга.


Сўнгра ишлар бўлар бус-бутун фақат,

Билимли кишилар пишиқ ер овқат.

Ҳар муродга етар бу янглиғ киши,

У дунё, бу дунё саранжом иши.

Ёвуз ғаним - қаҳру ғазаб, бадният,

Иккиси боис жон чекар азият.

Эшитгил, нелар дер, ҳар бек билимдон,

Амал қил сўзига, эй гули хандон:

Қаҳр билан банда билимсиз бўлар,

Ғазаб билан қаттиқ заковат ўлар.

Жаҳолат рост йўлдан чиқарар чандон,

Дарғазаб оқил ҳам баайни нодон.

Нозик ҳикмат айтар биликлик таъби,

Билимли ҳикмати азиз жон каби:

Неча бир иллат ҳам душман-ёв асли,

Бузилар касб этган ҳар банда насли.

Бири ёлғон калом ҳар жонга жафо,

Яна бир - ваъдага қилмаслик вафо.

Учинчи иллат бу шаробпарастлик,

Шаробпарастликдай бўлмас ҳеч пастлик.


Яна бир – зўр бериб, ҳаддидан ошиш,

Ҳовлиқма бошидан аримас ташвиш.

Тубану пастлик ҳам ярамас иллат,

Тубанликдан зада улус, эл, миллат.

Яна бир дарғазаб жаҳлию қаҳри,

Ғазабланган қаҳри - илоннинг заҳри.

Холи бўлмаса гар булардан банда,

Толедан мосуво, элда шарманда.

Замон ёт, куч-қувват кетар тиздан боз,

Феълу атвори ҳам чиқар издан боз.

Фақат яхшилик қил, эй эзгу киши,

Ҳамиша саришта ҳар яхши иши.

Нелар дер, эшитгил, фазилати мўл,

Минг иштибоҳ билан элга берган қўл:

Қаримас эзгулик ҳар қанча яшаб,

Ёмонлик ҳеч қадр топмагай қақшаб.

Ёмон умри қисқа, тезда қаригай,

Безавол эзгу, бор дарди аригай.

Етар минг тилакка яхши, алқисса,

Ёмон ғами кунда ортар юз ҳисса.