Эзгу кишиларга аралашиш эзгуликларини айтади PDF Босма E-mail

Улус ичра бўлсанг улуғ, эл нақши,

Ҳар калом, аъмолинг қилгайсан яхши.

Йигитлик кечару тириклик ўчар,

Туш янглиғ оламдан ҳар ким тез кўчар.

Ҳар онинг ғанимат, эзгулик қил боз,

То имкон бор, айла охиратинг соз.

Нелар дер, эшитгил, киши тоҳири[1]:

Нафас олар ҳар зот ўлар охири.

Оламда не янглиғ эр туғилди, кўр,

Куни битгач, мангу ётар жойи гўр.

Хоҳи бек, хоҳи қул, яхшию ямон,

Завол топди, оти қолган бу замон.

Насиб этди бу гал сенга орзу-ком,

Фақат эзгулик қил, олгин яхши ном.

Бошин олиб кетар ҳар инсон зоти,

Бироқ тилдан тушмас ҳеч яхши оти.

Эл тилидан икки таъбир жой олар,

Кимдан яхши, кимдан ёмон ном қолар!

Ёмонга - маломат, яхши учун - шон,

Қай бири муносиб, танла, эй инсон!


Яхши бўлсанг ўзинг, отинг ҳам аъло,

Ёмон боши узра - таҳқир, минг бало.

Маломатга дучор, айт, Заҳҳок[2] нечун,

Нечун Фаридун[3]ни эъзозлар очун?

Бири аъло, номи тилларда достон,

Бири бало, дучор таънага ҳамон.

Маъқул сен учун, айт, қайси бир тараф,

Маломатми зарур ва ё шон-шараф?

Қай бирин тиласанг, бирисин танла,

Вале кейин афсус қилма ҳеч, англа!

Ғоят билиб сўзлар синамиш киши,

Синамиш кишига аён эл иши:

Шараф топар ҳар зот эзгу ном билан,

Маломату қарғиш - ҳар бадном билан.

Неча бор синадим, ҳар феъли ёмон,

Заволга юз тутар ҳар лаҳза, ҳар он.

Неча кузатмайин, ҳар бадном иши

Сира ҳам жўнашмас, эй оқил киши.

Ёмонлик куйдирар олов мисоли,

Йўлида минг бир чоҳ, аниқ заволи.


Назар сол, азалдан бизларгача то,

Авому жаҳонгир беклар ҳам ҳатто,

Билимдон бўлса гар қай бири асти,

Бани башар ичра забардаст дасти.

Билими зиёда ҳар султону бек,

Қонунлар яратмиш ғоят аъло-нек.

Яхши деб аталса бу кун қай киши,

Улар жумла аъло эзгулар боши.

Донолар сўзига содиқ ҳар қачон,

Ёру биродари билимдон инсон.

Қўли билан холис пухта ишлагай,

Илми билан элу юртин бошлагай.

Элин йўлга солар - бадавлат авом,

Авом саодатин билар эзгу ком.

Оти эзгу ғоят, сахий унвони,

Куни битса ҳамки безавол шони.

Элу юрт учун сарф этган бор кучин,

Номин битар мангу авлодлар учун.

Ким ўқиб-ўрганар, барчасин билар,

Безавол руҳидан куч-мадад тилар.


Не бор билимдан ҳам ортиқ аломат,

Билимсиз, деса эр учун маломат.

Нелар дер, эшитгил, билимли киши,

Етилган ёши ҳам пухта ҳар иши:

Билимсизга тўрдан ўрин тегса, кўр,

Бу тўр пойгак ҳисоб, пойгак эса тўр.

Донога пойгакдан гар тегса ўрин,

Ҳисоблагин пойгак бу даргоҳ тўрин.

Тўрдами-пойгакда эшик қай сари,

Билим боис иззат-эҳтиром бари.

Азал икки турли беназир киши.

Бири – бек, бириси доно – элбоши.

Моҳият-мазмунсиз хор авом куни,

Тиласанг уни де, тиласанг буни.

Сен мансуб қайсига, ростин айтгин-чи,

Иккидан бири бўл, бўлма учинчи.

Қилич-қалқон билан эл-юрт боши бир,

Қалам билан қонун, низому тадбир.

Эзгу қоидалар улардан мерос,

Мерос билан маъмур ҳам улус, ҳам хос.


Боболардан мерос муқаддас калом,

Амал қилган минг наф кўрар, вассалом.

Билимсиз кўр-басир, қисмати тахир,

Эй басир, билимдан улуш ол, ахир.

Одамзот кўрки сўз, сўз эса бисёр,

Калом аҳлин, шоир, куйла бахтиёр!

Баногоҳ эсладим туркий мақолни,

Минг бора тасдиқлар бу нажиб ҳолни:

Заковат кўрки - сўз, забон кўрки - сўз,

Ҳар инсон кўрки – юз, ҳар юз кўрки - кўз!

Забон билан инсон сўзин сўзлагай,

Ширин калом билан обрў кўзлагай.

Назар солсанг бу турк беклари яхши,

Топилар яхшилар ичра ҳам нақши.

Бу турк бекларидан оти зиёда,

Жўмард Тўнга Алп Эр[4], қути зиёда.

Билими талай ҳам ҳунари бисёр,

Билимли, закий ҳам эл боши ҳушёр.

У каби бўлмаган ботир паҳлавон,

Шавкатин унутмас ҳеч аҳли жаҳон.


Тожиклар наздида Афросиёб мард,

Зобитлик бобида ҳам ягона-фард.

Зиёда бўлса бас фазилат билик,

Бахти бут сермаса зобитдек илик.

Тожиклар ёзмишлар буни китобда,

Йўқса ким ҳам уни билар шу тобда?!

Ғоят яхши айтмиш жўмарду ботир,

Қилар ҳар мушкулни ҳал бехавотир:

Ҳунар билан минг бир жаҳон олинар,

Фақат шер домига қулон илинар.

Зарур минг фазилат жаҳонгир учун,

Элин бахти учун сарф этгай кучин.

Қилич билан душман бошин ҳам чопгай,

Адолат билан эл кўнглин ҳам топгай.



[1] Тоҳир – пок.

[2] Заҳҳок – ситамкорлиги, қаттиққўл ва золимлиги билан шуҳрат қозонган афсонавий ҳукмдор. Афсоналарга кўра, унинг елкасига жойлашиб олган икки илон (аждар) одамнинг мияси билан озиқланган.

[3] Фаридун – Эроннинг мифологик ҳукмдорларидан бўлиб, Жамшид авлодларидан саналади, у Заҳҳокни енгиб, қоронғи бир ғорга тиқиб қўяди ва бутун инсониятни унинг зулмидан озод қилади.

[4] Тўнга Алп Эр – Алп Эр Тўнга, туркий халқларнинг афсонавий қаҳрамони, Афросиёбнинг асл исми.