Тилнинг фазилати, фойда-зарарлари ҳақида айтади PDF Босма E-mail

Зеҳн ҳам билимга тилмоч бийрон тил,

Саодатманд этар равон забон, бил.

Тили билан азиз, бахт топар киши,

Тили боис баъзан ёрилар боши.

Забонни ким тутқун арслон ҳам дегай,

Ғофил бўлсанг, ҳатто бошинг ҳам егай.

Тилидан панд еган эр не дер, эшит,

Амал қил, наф кўриб, ҳар ишинг пишит:

Тилим вайрон этар неча бор дилим,

Бошим кесмасидан кесайин тилим.

Ўйлаб сўзла сўзинг, бошинг кетмасин,

Тилинг тийиб юргин, тишинг синмасин.

Бу ҳикматни мудом жо қил дилингга:

“Бошинг омон ҳушёр бўлсанг тилингга”.

Омонлик тиласанг мудом гар ўзинг,

Тилингдан чиқарма ярамас сўзинг.


Ўйлаб сўзламоқлик оқиллар иши,

Нодон сўзи билан кетар ўз боши.

Зиёда сўзлаб ҳеч фойда кўрмадим,

Зиёда сўзлашдан наф ҳам топмадим.

Етарли сўзла сўз, кўп сўзлашдан қоч,

Минг бир сўз маънисин бир сўз билан оч.

Киши сўз туфайли малик мукаррам,

Беҳуда сўз қилар адил қаддинг хам.

Зиёда сўзласанг, эзма дер дарров,

Зинҳор сўзламасанг, дерлар гунг-соқов.

Аъло бил эл билан алоқа тарзин,

Муомала билан пиёда фарзин.

Тилинг тийсанг соғу саломат бошинг,

Ўйлаб айтсанг сўзинг, зиёда ёшинг.

Зиёда тил нафи, бўлсанг бас огоҳ,

Гоҳо тил мақталар ҳам янилар гоҳ.

Ҳамиша ҳар жойда билиб сўзла сўз,

Сўзинг бўлсин басир улус учун кўз.

Билимсиз бамисли сўқир бегумон,

Билим билан очгин кўзинг, эй нодон!


Туғилган ўлар, ҳеч ном-нишон қолмас,

Сўзи эзгу фақат то абад ўлмас.

Ҳулқи эзгу, сўзи бамисли баёт -

Жўмард икки хислат билан барҳаёт.

Сўзи қолар, йитар гар инсон зоти,

Ўзи ўлар, лекин барҳаёт оти.

Тириклик тиласанг мангу безавол,

Феълу сўзинг бўлгай эзгу ҳам ҳалол.

Гоҳи алқаб тилни, қилдим маломат,

Сабоқ бўлсин дедим сенга аломат.

Барча сўзни йиғса, дилга жо бўлмас,

Керак сўзни сўзлар, киши гизламас.

Сўзимни сўзладим: ўғлим, баҳодир,

Нафинг кўзлаб айтай насиҳат нодир.

Сенга сўзладим мен сўзим, эй ўғил,

Сенга ўгит бердим ўзим, эй ўғил!

Кумуш-олтин қолса эртами ё кеч,

Бебаҳо сўзимга тенг билмагин ҳеч.

Кумушни сарфласанг, тугар, сол назар,

Насиҳатим билан зиёд кумуш-зар.


Кишидан кишига мерос панд, сўз, бил,

Оталар каломин нафин юз-юз, бил.

Бу айём ранжима ҳеч мени яниб,

Агар ўз узримни айтсам ийманиб.