Етти сайёра ва ўн икки бурж ҳақида айтади PDF Босма E-mail

Тангри оти билан сўзим бошладим,

Яратган, яшнатган, бағри кенг, қадим.

Оламга бахш этиб тенгсиз чиройни,

Яратди бир йўла офтобу ойни.

Фалакни яратди ўн саккиз минг тарҳ,

Фалакка басма-бас айланарди чарх.

Яшил кўк яратди юлдузи билан,

Қора тунни ёруғ кундузи билан.

Кўкдаги юлдузлар безак нечаси,

Нечаси раҳнамо, сайёр қанчаси.

Нечаси халойиқ учун бегумон,

Йўлин йўқотганга раҳнамо, сарбон.


Қай бири сарбаланд, бири қуйироқ,

Бири хира бўлса, қай бири чақноқ.

Булар энг устида Секантир - Зуҳал,

Икки йил, саккиз ой бурж ичра маҳал.

Сўнг Ўнгай - Муштарий кўкдан жой олар,

Бир буржда ўн ҳамда икки ой қолар.

Учинчиси Мирих – соҳибэҳтиром,

Қўригай қай томон қилса гар хиром.

Қуёш тўртинчиси – мунаввар чироқ,

Нури билан равшан яқину йироқ.

Бешинчи сайёра Зуҳалдир - Савит,

Севиб назар солса, сен ўзинг овут.

Уторуд сарбаланд тилак-орзулар,

Нега ёвуқ келса, ўзини улар.

Булардан энг пастда Ой - Ялчиқ юрар,

Офтобга юзланса, бас, тўлиб турар.

Ўн икки бу Буржнинг ўзга сирлари,

Бири жуфт хонали, тоқ қай бирлари.

Ҳамал баҳоргию сўнгра Савр келар,

Жавзою Саратон ёндошиб юрар.


Жасур Асадга-чи қўшни Сунбула,

Кейин Мезон, Чаён, қайсар Қавс улар.

Яна келар Жадий, Далву ҳам Балиқ[1],

Улар лутфи билан ёришар борлиқ.

Учи баҳорию, учи ёзги, бил,

Кузу қишки ойлар - учта, фикр қил.

Учи ўт, учи сув, учи ҳаво-ел,

Учи хок – яралган очун-олам, эл.

Ғанимдай бир-бирин йўлларин тўсган,

Ёғийга ёв бўлиб, қудратин кесган.

Қоришмас ҳеч ёвлар қўлга бериб қўл,

Берар бир-бирига кенглик билан йўл.

Тангри ўзи суриб минг тана тошин,

Бириктирар яхши-ёмонлар бошин.

Башар мадҳи - сўзим даромади бу,

Билим, ақлу идрок каромати бу.



[1] Балиқ – Ҳут буржи.