Азиз ва улуғ тангрига мадҳ айтади PDF Босма E-mail

Бисмиллаҳи-р-раҳмани-р-раҳим

I

Оллоҳ, номи билан бошладим сўзим,

Яратган, авф этгай – кафил ҳар сўзим

Шаънингга минг ҳамду туман минг сано,

Қодиру воҳидга йўқ асло фано.

Бўз замин, яшил кўк, кун, ой, тунларни,

Яратди халойиқ, даврон, кунларни.

Олий истак билан яратди Ўзи,

Бор олам негизи бир оғиз сўзи.

5

Бироқ барча эмас аламдан холи,

Ягона Яратган порлоқ иқболи.

Азиму муаззам, эй эркли, қодир,

Ярашмас ўзгага, бу нисбат нодир.

Улуғлардан улуғ, буюкдан буюк,

Холиқи аъзамсан, меҳрибон, суюк.

Ҳозирсан ҳар жойда, ботину зоҳир,

Ўзингсан ибтидо, интиҳо-охир.

Беадад хислатинг йўқ ҳеч ҳисоби,

Паноҳ аҳли башар узра нисоби.

10

Таърифинг ҳеч бир сўз қилолмас баён,

Олам аҳли учун аёнсан, аён.

Соҳиби сир-асрор, эй ҳаққул яқин,

Нигоҳимдан ниҳон, қалбимга яқин.

Бамисли офтоб-ой нурга пайваста,

Синоат-сирингга тафаккур хаста.

Оламинг минг битта ичра таносуб,

Ҳаммаси ягона ўзингга мансуб.

Оламлар яратдинг кичик ҳам йирик,

Йитар, ёлғиз ўзинг то абад тирик.

15

Яратган борлиги учун минг нишон,

Яратган ҳар неда муҳри бегумон.

Қиёсинг йўқ асло нодир бетакрор,

Ҳеч кимса қилолмас сирларин ошкор.

На юрар, на ётар, ҳамиша бедор,

Топилмас тимсоли, қидирма бекор.

На аввал, на охир, огоҳ бўл инсон,

Соҳиби макону вале ломакон.

Оламлар Тангриси гар йўқ ҳеч ўрни,

Усиз орзу қилма на пойгак-тўрни.

20

Эй, сирга яқину қалбимга азиз,

Олам ичра сендан минг бир нишон, из.

Яратдинг беадад аёлу эрни,

Тоғлару уммонлар, қир-адир ерни.

Самони безадинг минг юлдуз билан,

Қора тун алмашар оқ кундуз билан.

Учару юрару мавжудотки бор

Нозу неъмат, ризқин айладинг бисёр.

Олий Аршдан тортиб, то замин қадар,

Барчаси умидвор Сенга кўз қадар.

Эй мўмин, ҳунару билими шомил,

Баимкон айлагин имонинг комил.

Сўрама асрорин бамисли синчи,

Қаноат қилгину ўзинг тут, тинчи.

Қаёну қандай? деб қийнама ўзинг,

Эътироф айлаю чўзма ҳеч сўзинг.

Яхшилар сафида, эй Раҳмон эгам,

Ўзинг ёрлақагин ушбу қулни ҳам.

Умидим ўзингдан, сиғиндим сенга,

Зиёда армоним, лутф айла менга.

30

Ноил қил Ҳабибинг мукофотига,

Қиёматда олий шафоатига.

Чаҳорёрларга ҳам минг бир саломим,

Ҳамон етказгайсан эзгу каломим.

Қиёматда ўзинг кўрсатгил юзин,

Паноҳ айлагайсан ҳар азиз сўзин.

Муносиб санога ожизман ўзим,

Ўзинг мадҳ қил ўзинг, илтижо сўзим.