Қутадғу билиг (кириш) PDF Босма E-mail

БИСМИЛЛАҲИ-Р-РАҲМАНИ-Р-РАҲИМ

Энг азиз ва энг улуғ Тангрига ҳамду сано, шукрона ва мақтовлар бўлсин. У улуғлик соҳиби, тугал қудратли подшоҳ, ерни, кўкни яратган, ҳамма нафас олувчиларга ризқ бергандир. У нимаики истаса қилгандир, шунингдек, нимани истаса қилгусидур, нимага қасд қилса, қилгай ва нимага ихтиёр қилса, ҳукм юритгай.
Шунингдек, одамлар орасида сараси бўлмиш Тангрининг расулига сонсиз саломлар бўлсин, расулнинг сафдошлари бўлмиш азиз ва қимматли саҳобалар узра, уларнинг барчаси узра Тангрининг раҳмати ёғилгай.
Бу китоб жуда азиздир. Чин донишмандларининг ҳикматлари билан яратилган, Мочин донишмандларининг ашъорлари билан тартиб берилган бу китобни ўқигувчи, бу байтларнинг маъносини чақувчи киши китобдан ҳам яхши азизроқ бўлади. Мочин олимлари, донишмандлари бир қарорга келдиларки, Машриқ вилоятида, Туркистон элларида Буғрахон тилида бирор кимса ҳаргиз бу китобдан яхшироқ (китоб) ёзган эмас.
Бу китоб қайси подшоҳликка ёки қайси иқлимга етса, ғоят яхшилигидан, ниҳоятидан ортиқ даражада жозибалилигидан ўша элларнинг донишмандлари, олимлари қабул қилиб, ҳар бирлари бир турли ном бердилар. Чинликлар “Адаб ул-мулук” (“Подшоҳлар одоби”) деб от бердилар, Мочин маликининг надимлари “Ойин ул-мамолик” (“Мамлакатлар тартиблари”) деб атадилар, машриқликлар “Зийнат ул-умаро” (“Амирлар зийнати”) деб атадилар, эронликлар “Шоҳномаи туркий” дедилар, шунингдек баъзилар “Пандномаи мулук” (“Подшолар пандномаси”) дебдилар, туронликлар “Қутадғу билиг” деб айтибдилар.    
Бу китобни тартиб берувчи Баласоғунда туғилган, парҳез соҳиби, яъни тийилган, сабр-қаноатли кишидир. Аммо бу китобни Кошғарда тугал қилиб, Машриқ малики Тавғачхон даргоҳига келтирибдир. Малик уни ёрлақаб, улуғлаб, ўз саройида Хос Ҳожиблик лавозимини унга берибди. Шунинг учун Юсуф Улуғ Хос Ҳожиб деб машҳур номи тарқалибди.
Бу китоб шулар билан қадрлидир: бири – адолат, иккинчиси – давлат, учинчиси – ақл, тўртинчиси – қаноат. Адолатга Кунтуғди Хоқон номини бериб, подшо лавозимида тутибди, давлатга Ойтўлди номини бериб, вазир лавозимига қўйибди, ақлга эса Ўгдулмиш номини бериб, вазирнинг ўғли ўрнида тутибди, қаноатга Ўзғурмиш номини бериб, Ўгдулмишнинг қариндоши деб айтибди. Шунингдек, улар орасида мунозара савол-жавоби бўлиб ўтгани тарзида ҳикоя қилибди. Ўқувчи кўнгли очилиб, муаллифни эзгу дуолар билан ёд қилсин, иншоллоҳу таоло.